muslim.uz
Расулуллоҳ с.а.в.нинг дуолари
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳ таолонинг қабул этишига ишонган ҳолда дуо қилинглар. Чунки У ғафлатдаги қалб дуосини қабул этмайди”
(Термизий, Ҳоким ривояти).
“Ё Аллоҳ, Сендан фойдасиз илм, қабулсиз амал ва ижобатсиз дуодан паноҳ тилайман”
(Имом Аҳмад, Байҳақий ривояти).
“Ё Аллоҳ, жисмимни қандай чиройли яратган бўлсанг, хулқимни ҳам шундай чиройли қилгин”
(Имом Аҳмад ривояти)
“Ё Аллоҳ, Сендан қашшоқликдан, етишмовчиликдан, хорликдан, бировга зулм қилишдан ёки зулм қилинишдан паноҳ тилайман”
(Абу Довуд, Насаий, Ибн Можа ривояти).
“Ё Аллоҳ, Сендан ғам-ташвишдан, хафаликдан, ожизликдан, дангасаликдан, бахилликдан, қўрқоқликдан, қарздорликдан ва хорликдан паноҳ тилайман”
(Бухорий, Муслим, Насаий ривояти).
“Ё Аллоҳ, мени илм билан бойит, ҳилм билан безат, тақво билан мукаррам эт, хотиржамлик билан гўзал қил!”
(Ибн Нажжор ривояти).
Тошкент вилоятида яна бир масжид қайта фаолият бошлади
Мамлакатимизда ислом дини равнақи йўлида амалга оширилаётган ишлар таҳсинга сазовор. Ана шундай қувончли ишлардан яна бири жорий йилнинг 16 декабрь куни Чирчиқ шаҳридаги “Ўрта маҳалла” жоме масжидини намозхонлар учун барча шарт-шароитларга эга бўлган янги манзилда фаолият бошлагани бўлди. Бундан бир неча йиллар олдин биноси яроқсиз ҳолга келиб қолган ва унинг фаолияти тўхтатилган эди.
Ушбу хайрли иш ўз манзилида вилоят бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов бошчилигида жамоа бўлиб пешин намозини адо этилиши, тиловати Қуръон ва хайрли дуолар билан бошланган.
Жоме масжиднинг юридик манзилини шаҳарнинг “Маърифат” маҳалласида жойлашган янги бинога кўчирилиши ва фаолиятини қайта бошлаши, шунингдек, унга иқтидорли имом Шавкатжон Алибоевни имом-хатиб вазифасига тайинланиши маҳаллий аҳоли томонидан катта хурсандчилик билан қарши олинган.
Ўзбекистон Республикасининг Япония ва Грузиядаги элчилари тайинланди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг Япония ва Грузидаги Фавқулодда ва мухтор элчилариини тайинлашга оид масала кўриб чиқилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси томонидан тақдим этилган ушбу масала бўйича Ўзбекистон Республикасининг Ташқи ишлар вазири ўринбосари бўлиб ишлаган Ғайрат Фозилов Ўзбекистон Республикасининг Япониядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси лавозимига, Ўзбекистон Республикасининг Озарбойжон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси сифатида фаолият юритиб келган Шерзод Файзиев Ўзбекистоннинг Грузиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси лавозимига тавсия этилган.
Масалани атрофлича кўриб чиққан сенаторлар томонидан Ғайрат Фозиловни Ўзбекистон Республикасининг Япониядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси ҳамда Шерзод Файзиевни Ўзбекистон Республикасининг Грузиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинлаш бўйича Сенат қарори қабул қилинди.
Меҳмон – атойи Худо
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
هَلْ أَتَاكَ حَدِيثُ ضَيْفِ إِبْرَاهِيمَ الْمُكْرَمِينَ * إِذْ دَخَلُوا عَلَيْهِ فَقَالُوا سَلَامًا قَالَ سَلَامٌ قَوْمٌ مُنْكَرُونَ *فَرَاغَ إِلَى أَهْلِهِ فَجَاءَ بِعِجْلٍ سَمِينٍ * َ قَرَّبَهُ إِلَيْهِمْ قَالَ أَلَا تَأْكُلُونَ *
“(Эй, Муҳаммад!) Сизга Иброҳимнинг азиз меҳмонлари ҳақидаги хабар келдими? Ўшанда улар (Иброҳим) ҳузурига кириб: “Салом!” – дейишганда, у ҳам: “Салом! (Булар) нотаниш қавм-ку!” – деди. Сўнгра у аста оиласи олдига чиқиб, бир семиз бузоқни (сўйиб, пишириб) келтирди. Уни уларга яқин қилиб, “(Таомдан) емайсизми?” – деди”.
Иброҳим алайҳиссалом ва у кишининг меҳмонлари ҳақидаги қиссадан меҳмондорчилик одобларини кўриш мумкин. -فما لبث сўзидаги ” ف” дарҳол овқат тайёрлаганини билдиради ва бундан меҳмон келганда унга тайёрлаган нарсасини тезроқ олиб келиш зарурлиги тушунилса, -بعجل سمين сўзидан ҳузуридаги нарсаларнинг энг яхшисини тақдим қилишни, - أَلاَ تَأْكُلُون сўзидан эса меҳмонга чиройли лутф ила гапириш керак экани маълум бўлади.
Ҳадиси шарифда ҳам меҳмонга иззат кўрсатиш ибодат даражасига кўтарилганини кўрамиз.
“Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин! Ва ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини икром қилсин! Ва ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши сўзни гапирсин ёки жим турсин!” (Имом Бухорий, Муслим ва Термизий ривояти).
Юқоридаги ояти карима ва ҳадиси шарифдан меҳмонни икром қилиш нечоғлик қадрли амал экани маълум бўлади. Қуйида динимиз таълимотларида келган меҳмондорчилик одобларни ўрганиб кўрамиз:
Таклифни қабул қилиш:
Авваламбор, агар узрли сабаб бўлмаса, бирор бир жойга таклиф қилинса бориш лозим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмоннинг мусулмондаги ҳаққи бештадир: саломга алик олмоқ, бетоб бўлса зиёрат қилмоқ, жанозага қатнашмоқ, чақирса ижобат қилмоқ ва аксирганда тилак айтмоқ”, деб марҳамат қилганлар. (Олти саҳиҳ манба соҳиблари ривоят қилган).
Рўзадор бўлиш чақириққа ижобат қилишдан тўсадими?
Кимда ким бирор зиёфатга таклиф қилинган бўлса унга жавоб қилиши лозим. Агар таклиф қилинган киши рўзадор бўлса у ҳам чақириққа жавоб бериши керак. Рўзадор ҳолатида меҳмондорчиликка таклиф қилинган кишининг ҳукми қуйидагича бўлади:
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун дастурхон ёзилди. Таом келган вақтда бир киши мен рўзадорман, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Биродаринг сени (зиёфатга) чақириб, сенга такаллуф қилди. Шундай экан, рўзангни оч! Унинг ўрнига кейинроқ рўза тутиб берасан”, дедилар”.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг одати рўзадорлик бўлса-да чақирилган жойдан қолмас эди.
Уламоларимиз рўзадорлик чақирилган ерга бормасликка узр бўлмайди. Аксинча, бориб мезмоннинг ҳаққига мағфират ва барака тилаб дуолар қилиши бор деганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингиз меҳмонга чақирилса ижобат қилсин! Агар рўзадор бўлса давом эттираверади. Агар оғзи очиқ бўлса таомланади”, деган эканлар (Имом Муслим ривояти).
Рўзадор хоҳ фарз, хоҳ нафл рўзасида бўлсин, чақириққа жавоб бериши керак. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича марҳамат қиладилар: “Агар сизлардан бирортангиз (зиёфатга) чақирилса чақириққа, албатта, жавоб берсин. Агар рўзадор бўлса (зиёфат эгаси ҳаққига) дуо қилади. Агар рўзадор бўлмаса таомланади” (Имом Муслим ривояти).
Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинган ҳадиси шарифда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар рўзадор бўлса давом эттираверади, яъни дуо қилади”, деб тафсири билан келтирилган экан.
Имом Нававий мазкур ҳолатларни ўрганиб қуйидаги хулоса билан масалага якун ясаган: “Рўзадор киши зиёфатга борса ўша ердан таомланиши мажбурий эмаслигида ҳеч қандай хилоф йўқ. Агар рўзаси нафл бўлса уни очмаслиги ёки кейин тутиб бериш эвазига очиши ҳам мумкин. Лекин рўзаси фарз рўзаси бўлса ундан чиқиши мумкин эмас. Шу боисдан рўзасини бузмайди-ю, лекин зиёфат соҳиби ҳаққига дуо қилиши лозим бўлади. Рўзаси нафл бўлса, унинг рўзаси туфайли дастурхон соҳиби озорланса, меҳмонлар орасида ноқулайликлар туғдирса рўзасини очиб, жамоатга қўшилгани афзалдир” (Имом Муслим шарҳи, 197-198 бет).
Меҳмонларни иззат-икром қилиш қандай амал?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган ҳадисларга таянган ҳолда айтиш мумкинки, меҳмонларни ҳурмат қилиш, уларга лутф кўрсатиш лозим. Шу ўринда ҳадисларга бир назар солсак:
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Биз Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васалламга: “Ё Расулуллоҳ, Сиз бизларни бирор ерга элчи қилиб жўнатганингизда биз баъзи қавмларнинг ҳузурига борсак, улар бизга меҳмондўстлик қилмайдилар. Сиз бунга нима дейсиз?” деб савол қилдик”. Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар бирор қавмнинг ҳузурига борсангиз, улар сизларга меҳмонга кўрсатиши лозим бўлган нарсаларни таклиф қилсалар қабул қилинглар. Бўлмаса, (улар сизларга таклиф қилмасалар) улардан меҳмонга берилиши керак бўлган ҳақни олаверинглар”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Бошқа бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Зиёфат уч кундир. Уни жоиз қилувчиси эса бир-кеча кундуз (лик масофани босиб ўтиш)дир. Мусулмон кишига биродарининг ҳузурида қолиб уни гуноҳкор қилиши мумкин эмас”. Саҳобаи киромлар: “Ё, Расулуллоҳ, мусулмон киши қандай қилиб ўз биродарини гуноҳкор қилиши мумкин”, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Биродарининг ҳузурида (узоқ муддат) туриб қолади. Натижада, биродарининг ҳеч вақоси қолмагани сабаб уни меҳмон қила олмай (гуноҳкор бўлиб қола)ди”, дедилар.
Имом Нававий меҳмонни зиёфат қилиш муқаддас динимиз буюрган амал эканига уламоларнинг ижмоъ қилганини зикр қилиб, сўнгра уларнинг зиёфат вожиб ё суннат экани борасидаги фикрларини қуйидагича баён қиладилар: “Имом Абу Ҳанифа, Имом Молик ва Имом Шофеъий роҳимаҳумуллоҳлар меҳмонни зиёфат ила эҳтиром қилиш вожиб эмас, балки суннат деб билган. Бу борада келган ҳадисларни ўзларига ўхшаш ҳадислар ила таъвил қилиб шу фикрга келганлар. Имом Аҳмад ва Лайс роҳимаҳумаллоҳлар меҳмон учун бир кеча кундузгача меҳмондорчилик қилиш вожиб деб айтганлар. Имом Аҳмад меҳмондорчилик шаҳар аҳлларига эмас, узоқ ердан келганларга деб қайдлаган эканлар”.
Имом Хаттобий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Меҳмон киши мезбоннинг уйида мезбоннинг чақириғисиз уч кундан ортиқ қолиб кетиб, мезбонни танг аҳволда қолдириши жоиз эмас. Чунки шу сабаб мезбон меҳмонга бирор сўз айтиши ёки уни ҳурматини жойига қўймаслиги натижасида гуноҳкор бўлиб қолиши мумкин”.
Баъзи уламоларимиз ҳадисдаги “гуноҳкор қилиб қўймасин” деган ибора борасида шундай дейишган: “Мезбоннинг гуноҳкор бўлиши меҳмон ортиқча вақт тургани учун қўпол муомала қилгани ёки унга таом топиб беролмагани туфайли ғазабланганидан бўлиши мумкин. Гоҳида ўша меҳмонга таом едириш учун гуноҳ йўл билан таом топишидан келиб чиқиши ҳам мумкин. Бироқ мезбоннинг ўзи меҳмонга таклиф қилса ёки меҳмон ўзининг кўпроқ туриши мезбонга малол келмаётганини билса меҳмоннинг уч кундан ортиқ қолишида ҳеч қандай тақиқлар йўқ”.
(Давоми бор)
Жалолиддин ҲАМРОҚУЛОВ,
Тошкент ислом институти “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири,
Тошкент шаҳар “Новза” жоме масжиди имом-хатиби
Ўзбекистон Президенти Қирғизистон Жогорку Кенеши спикерини қабул қилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 21 декабрь куни мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши спикери Достонбек Жумабековни қабул қилди.
Давлатимиз раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, Қирғизистон парламенти нуфузли делегациясининг мазкур ташрифи жорий йил Тошкент ва Бишкек шаҳарларида бўлиб ўтган олий даражадаги самарали учрашувларнинг мантиқий давоми эканини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, бу давлатларимиз ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари мустаҳкамланиб бораётганининг яққол тасдиғидир.
Томонларнинг амалий ҳамкорликни ривожлантиришга бўлган қатъий сиёсий иродаси, турли даражадаги алоқалар ва ташрифлар фаоллашгани қисқа муддатларда салмоқли натижаларга эришиш ва ўзаро муносабатларни аниқ амалий мазмун билан бойитиш имконини бергани алоҳида қайд этилди.
Мамлакатларимиз биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан халқларимизнинг бир-бирига бориб-келишлари учун қулай шароитлар яратилмоқда. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми жадал ортмоқда, ҳудудлар ва саноат корхоналари ўртасида кооперация алоқалари мустаҳкамланмоқда, транспорт-коммуникация соҳасидаги ҳамкорлик ривожланмоқда. Бизнес ва маданий тадбирлар мунтазам ўтказилмоқда.
Учрашувда Ўзбекистон ва Қирғизистон парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Олий даражадаги ташрифлар чоғида эришилган келишувлар ва имзоланган битимлар, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши ўртасида имзоланган Меморандумнинг амалий ижроси доирасида қўшма тадбирлар ўтказилаётгани чуқур мамнуният билан қайд этилди.
Парламентлараро ҳамкорликнинг амалдаги механизмлари салоҳиятидан фойдаланган ҳолда, мунтазам ва тизимли алоқаларни кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши спикери Достонбек Жумабеков Президентимиз Шавкат Мирзиёевга самимий қабул ва мазмунли суҳбат учун миннатдорлик билдирди.
Меҳмон Ўзбекистонда барча соҳалар, жумладан, парламент ва фуқаролик жамияти ўрнини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган таркибий ўзгариш ва ислоҳотларнинг янги босқичини юксак баҳолади.
Қирғизистон Ўзбекистон билан дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш йўлидаги ҳамкорликка тайёр экани таъкидланди, деб хабар беради ЎзА.