Рамазон-2020

Рўзанинг ҳикматлари

Кўз очиб юмгунча умримизнинг яна бир йили ўтиб, раҳмат ва мағфират, баракот ойи бўлган Рамазон кириб келди. Бу кунни муштоқ кутган, бу ойнинг ташрифидан умидвор қанчадан-қанча инсонлар ичида бизни ҳам омонлик ва сиҳатликда ушбу янги Рамазон билан сийлаган Аллоҳга чексиз ҳамдларимиз бўлсин.

Бу ойнинг фазилатлари, таърифларга сиғмас хислатлари ва меҳрибончиликларини ўз умматларига илинган Пайғамбаримизга с.а.в. саловот ва саломларимиз бўлсин.

Ушбу муборак ойнинг имкониятларидан оқилона фойдаланиб, бу ойни “мўминнинг мавсуми” дея ғанимат билган, олти ой Аллоҳдан Рамазонга етказишини сўраб йиғлаган, яна олти ой эса Рамазонда тутилган рўзаларини қабул бўлишлигини сўраб илтижолар қилганча ушбу ойдан гуноҳлари мағфират қилинган ҳолатда чиққан саҳобалар ва Аллоҳнинг жамики суюкли бандаларига Роббимизнинг раҳматлари ёғилсин.

Бу ойнинг фазилатлари ва хосиятлари, биз билган ва билмаган тухфаларининг саноғи беҳисоб. Бир бугун уларга урғу бермоқчи ёки рўзанинг фарзлиги ҳақида эслатмоқчи ғам эмасмиз. Чунки ҳар йили Рамазон яқинлашиши билан бу маълумотлар такрор ва такрор айтилганидан кўпчилигимиз Рамазон ҳақида, рўза ҳақида анчагина маълумотларга эгамиз. Бугун биз йил бўйи эътибор бермаганимиз, айнан Рамазон ойининг рўзаси туфайлигина бизнинг жасадимизда содир бўладиган ОЧЛИК деган ҳолатнинг дунё ва охиратимиз учун нечоғлик фойдали эканлигини эслатиб қўймоқчимиз холос.

Аввало Аллоҳ учун бўлган очликда Аллоҳнинг розилиги бор. Имом Ғаззолий “Иҳёи улумид-дин” китобларида ушбу ҳадисни келтирадилар. Росулуллоҳ с.а.в.:   “Нафсларингизга қарши очлик ва чанқоқлик билан курашинглар. Албатта бу иккисининг ажри Аллоҳ йўлида жиҳод қилувчининг ажри кабидир ”, дедилар.

 Қиёмат кунининг   шиддати ва қўрқинчларидан омонда бўлади. Абу Ҳурайра р.а. айтадилар: Бир куни Росулуллоҳнинг с.а.в. хузурларига кирдим ва у зотни ўтириб намоз ўқиётган ҳолатларида топдим. Бас, у кишидан бунинг сабабини сўрадим. У зот: “Очлик сабабли, туриб намоз ўқишга холим йўқлигидан ўтириб намоз ўқияпман”, дедилар. Буни эшитиб мен йиғладим. Шунда Росулуллоҳ с.а.в.: “Йиғлама, эй Абу Ҳурайра! Албатта қиёмат кунининг шиддати Аллоҳдан савоб умидида оч юрувчи кишига етмайди”, дедилар.  (Мансур ривояти)

Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги манзилларнинг афзалида бўлади.  “Аллоҳ таолонинг ҳузурида манзил жиҳатидан энг афзалингиз очлиги ва тафаккури узунроқ бўлганингиздир. Аллоҳ ёмон кўрадиган кишилар эса ҳар бир кўп ухловчи ва кўп еб-ичувчилардир” (Ғаззолий)    

Қалбнинг мунаввар бўлишига ва шайтоннинг йўлларини торайтиришга сабаб бўлади. Набий с.а.в. айтадилар: “ Қалбларингизни очлик ва дағал либос кийишлик билан мунаввар қилинглар. Албатта шайтон инсоннинг қон томирларида юради. Унинг йўлиниочлик билан торайтиринглар”. 

Яҳё ибн Муъоз ар-Розий айтадилар: “Васваса шайтоннинг уруғидир. Агар унга ер ва сув берилса ўсади, агар бу иккиси топилмаса қуриб кетади. Айтилди: “Ер нимаю, сув нима?”. Айтдилар: “Тўқлик васваса учун ер, уйқу эса у учун сувдир”.

 Айтиладики : “ Дунёда очликни ихтиёр қилганлар, охиратда тўқ бўладилар. Бу дунёда тўқ бўлган инсонларнинг кўплари охиратда оч бўладилар”.

Имом Ғаззолий (р.а.) ўзларининг “Иҳёу улумид-дин” китобларида шундай дейдилар: “ Тўқ қорин устига овқатланиш мохов касалини келтириб чиқаради”.

Имом Байҳақийдан ривоят қилинган бир ҳадисда айтилади: “ Бир кунда икки маҳал овқатланиш исрофдир. Ва Аллоҳ исроф қилувчиларни суймас”.

Саҳл ибн Абдуллоҳ айтадилар: “ Охират талабида юрган киши учун тўқликдан кўра зарарлироқ нарсани билмайман”.

Боязид Бистомий ҳазратларидан: “ Бу улкан даражаларга нима сабабидан етдингиз?”, деб сўрашди. Шунда у зот: “ Оч қорин ва яланғоч бадан билан”, дея жавоб беришди.

Демак , очликнинг инсон учун дунё ва охиратда фойдалари катта экан. Айтишадики: “ Агар Фиръавн оч бўлганда, худоликни даъво қилмаган бўларди”.

Хулоса ўрнида шуни айтмоқчимизки, рамазон ойи келиши билан баъзи бир инсонлар арзимаган баҳоналар ва беморликларини рўкач қилиб рўза тутишдан ўзларини “озод” қилиб олишади. Агар шундай кишилар ҳам ихлос билан, озгина сабр-тоқат билан, Аллоҳ таолодан савоб умидида бир ой рамазон рўзасини тутсалар, ва мана шу одатни тарк қилмаган ҳолда йил бўйи маълум бир кунларда рўза тутиб очлик ҳиссини туйиб юрсалар, ҳам охиратлари учун, ҳам бу дунёдаги хожатларининг рўёби учун, соғлиқлари учун ҳам фойдали бўлади. Энг асосийси эса, Росулуллоҳ с.а.в. айтганларидек: “Бир банда Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутса, ўша кунги рўзаси сабабли Аллоҳ унинг юзини дўзахдан етмиш йиллик масофага узоқ қилади”. (Муттафақун алайҳ)

 

Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом-ноиби:    Ёрбек Исломов

 

1708 марта ўқилди

Мақолалар

Top