Рамазон-2020

Рамазондаги энг афзал амаллар

Рамазон ойи

Муборак Рамазон ойи Аллоҳ таолонинг наздида йилнинг энг афзал ойидир. Бу ой мусулмонлар учун ҳасанотларини, савобларини кўпайтириш мавсумидир. Рамазоннинг рўзаси балоғатга етган, ақлли мусулмоннинг зиммасида фарздир. Ушбу рўзани тутмаслик Аллоҳ таоло рухсат берган кишиларгагина мумкиндир. Улар бемор билан мусофирдир. Уларнинг рўза тутмаслигига рухсат бўлиши учун беморнинг касали кучайиши, тузалиши ортга сурилиши ёки ўлим хавфи юзага келиши керак. Мусофирга эса агар рўза тутса, сафар асносида машаққат бўлиб, сафари оғирлашиши керак. Агар мазкур ҳолатлар бўлмаса, бемор ҳам, мусофир ҳам рўза тутади.

Аллоҳ таоло Карим Зотдир. Рўза учун берадиган савоби улкан бўлиб, миқдори қанчалигини Ўзидан бошқа ҳеч ким билмайди.

Шундай улуғ ойда қилинадиган буюк амалларни қуйида келтириб ўтамиз:

Рўза

Саҳиҳ рўза мусулмоннинг бу ойда адо этадиган энг афзал амалларидан биридир. Рўза – ният билан таом, ичимлик ва жимоъдан тийилишдир. Бундан ташқари ёлғон гапиришдан, ғийбатдан, чақимчиликдан, ҳаромга назар солишдан, ҳаром нарсаларга қулоқ солишдан ва барча ёмон иллатлардан тийилиш ҳам киради. Рўзадор одам кўзини ва қулоғини, тилини, умуман, барча аъзоларини ҳаромдан тийиш шартдир. Ҳадисларда рўзадор одам гуноҳлардан тийилмаса, аъзоларини ҳаромдан тиймаса, унга фақат оч қолиш ва чанқашгина қолиши айтилган.

Қуръони Карим қироати

Мусулмон киши Рамазон ойида Қуръони Карим тиловати билан вақтини ўтказиши энг афзал амаллардандир. Қори ўқиган ҳар бир ҳарф учун ҳасана олади. Бир ҳасана ўнтага кўпайтириб берилади. Рўзадор киши ухлаб, телевизор кўриб, беҳуда гап-сўзлар билан вақтини ўтказиш ўрнига Қуръон қироатига берилиши, уни ёдлаш, маъноларини тадаббур қилиш билан вақтини ўтказиши лозимдир. Зеро, Рамазон Қуръон нозил бўлган ойдир.

Садақа

Оддий кунларда садақа қилиш Аллоҳ таолога маҳбуб амаллардан биридир. Рамазонда эса бу амалнинг савоби янада кўпаяди. Садақанинг турлари кўп. Масалан, фақирларга таом бериш, мол билан садақа қилиш, либос садақа қилиш ёки кимнинг нимага эҳтиёжи бўлса, ўша нарсани садақа қилиш. Айниқса, саҳарлик ва ифторликда егулик топишга қийналадиган камбағалларга таом ва бошқа егуликлар садақа қилиш ёки шунинг пулини бериш айни муддаодир.

Қиёмул лайл

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойида таҳажжуд намозини асло қолдирмас эдилар. Чунки бу ойда қилинган нафл ибодатга бошқа ойлардаги фарз ибодатнинг савоби берилади. Масжидларда таровеҳ намозини имом билан бирга жамоат бўлиб адо этган киши ҳам кечани бедор ўтказган ҳисобланади. У зот алайҳиссалом бу ойнинг охирги ўн кунларида масжидда эътикоф ўтирардилар. Чунки, охирги ўн кунликда минг ойдан яхшироқ бўлган қадр кечаси бордир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларини бу ойнинг кечаларини ибодат ила бедор ўтказишга тарғиб қилганлар.

Умра

Рамазон ойида умра қилиш ҳаж қилганлик савобига тенг дейилади. Ким бу ойда умра қилишга имкони бўлса, умра қилсин, зеро бунда катта ажр бордир.

Аллоҳнинг зикри

Аллоҳни зикр қилиш улуғ амалдир. Зикр деганда Аллоҳни “Субҳаналлоҳ”, “Алҳамдулиллаҳ”, “Лаа илааҳа иллаллоҳ”, “Аллоҳу акбар”, “Астағфируллоҳ” каби лафзлар билан ёки намоз ўқиб, Қуръон тиловат қилиб зикр қилишга айтилади. Шу амалларни Рамазон ойида қилиш эса савобнинг кўпайишига сабаб бўлади. Оғиз очиш пайтида кўп дуо қилишга уриниш керак. Бу пайтда қилинган дуо ижобат бўлиши хабарларда айтилган.

Силаи раҳм

Силаи раҳм – қариндошлар билан алоқани боғлашдир. Бу амал оддий кунларда ҳам жуда савобли, инсоннинг умри, ризқи баракали бўлиши сабаб бўлади. Аммо шу амални Рамазон ойида бажарилса, савоби ҳам, умрга, ризққа келадиган барака ҳам зиёда бўлади.

  

Манба:  mawdoo3.com

1865 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Тақво аҳлидан бўлинг Рамазон ва ҳалол таом »

Мақолалар

Top