Рамазон-2020

ДОЛЗАРБ САВОЛГА АНИҚ ЖАВОБ: Рўзадор одам тиш пастасидан фойдаланиши мумкинми?
САВОЛ: Саҳарлик вақтида ухлаб қолган киши қандай йўл тутиши керак?
 
ЖАВОБ: У одам уйғонгач оз бўлса ҳам бирор нарса еб-ичиб, рўзани ният қиламан, деса нияти ҳам, ўша куни тутадиган рўзаси ҳам тўғри бўлмайди. Уйқудан тургач рўзани бузадиган (яъни, еб-ичиш, эр-хотинлик алоқаси каби) ишларни қилмасдан, шу кунги рўзани тутишни ният қилади. Бундай ниятни токи қуёш тиккага келгунгача қилиш мумкин. 
 
Демак, Рамазон ойи саҳарлик вақтида ухлаб қолган киши, уйғонгач, ҳеч нарса емай-ичмай рўза тутишни ният қилиши лозим бўлади. Валлоҳу аълам.
 
САВОЛ: Рўзадор одам тиш пастасидан фойдаланиши мумкинми?
 
ЖАВОБ: Рўзадор киши тишларини тозалашда тиш пасталаридан фойдаланиши макруҳ саналади. Агар пастадан ҳосил бўлган кўпикларни ютиб юборса, рўзаси очилади. Чунки паста билан тиш тозалаш бирор нарсани татиб кўришга ўхшайди.
 
САВОЛ: Рўза тутган одам намоз ўқимаса, динимизда бунга қандай қаралади?
 
ЖАВОБ: Комил мусулмон – Исломнинг фарзларига тўлиқ амал қилувчи кишидир. Зеро динимиз бешта асос устига бино қилинган. Бу ҳақда Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
 
“Ислом беш нарса устига қурилгандир: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлиги ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси эканига гувоҳлик бериш, намозни қоим қилиш, закот бериш, Байтуллоҳни ҳаж қилиш, Рамазон рўзасини тутиш” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
 
Ушбу ҳадиси шарифда намоз ва Рамазон рўзаси бир қаторда зикр қилинмоқда.
 
Умуман олганда намоз ва рўза алоҳида-алоҳида ибодатлар бўлганидан намоз ўқимаган киши ҳам рўза тутиши мумкин. Лекин ўрни келганда намозни қадри жуда юксак эканини, уни тарк қилиш катта гуноҳлигини эслатиб ўтамиз. Намоз ҳар бир балоғатга етган, ақлли кишига фарзи айндир. Қиёматда ҳам биринчи сўраладиган амалдир. Ҳар куни беш марта такрорлангани сабабли, намозни тарк қилган киши бир кунда беш марта катта гуноҳ иш қилган бўлади.
 
Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими етакчи мутахассиси Ғуломиддин Холбоев жавоб берди.
 

Ғуломиддин ХОЛБОЕВ

ЎМИ Фатво бўлими ходими

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

 

Муҳайё Тошқораева тайёрлади, ЎзА
 
Манба: http://uza.uz
1855 марта ўқилди

Мақолалар

Top