Рамазон-2020

“Рамазонни қандай ўтказяпсиз? Шифокордан хат”

Қалбларимизни қувончга тўлдираётган моҳи рамазоннинг ҳам бир неча куни ортда қолди.

Биз эса ватандошлармизнинг ушбу муборак ойни қандай ўтказаётганликлари билан қизиқиб навбатдаги суҳбатдошимиз билан боғландик.

Улуғбек Рустамов, шифокор. Тошкент шаҳри.

“Айни кунларда карантин сабаб, биз шифокорларнинг масъулиятимиз янада кучайган. Аммо, рўза бунга мутлақо ҳалақит қилаётгани йўқ. Саҳарликдан сўнг бироз китобга ошно бўламан. Адабиётга қизиқишим азбаройи кучлилигидан уйимда шахсий кутубхона қилганман. Рамазон бошлангандан бери китоб жавоним олдидан кетмай қолдим. “Руҳий тарбия”, “Кифоя”, “Одоблар хазинаси” ва бошқа китоблардан мунтазам ўқиб боряпман.

Бир зумда ишга кетиш вақтим бўлиб қолади. Шифоҳонага отланаман. Тушгача беморлар кўпроқ бўлади. Тушдан сўнг интернет орқали тиббиётга оид янгиликлар ва тадқиқотлар билан танишиб, касбимга оидларини ўрганиб чиқаман. Ишдан сўнг маҳалламиздаги баъзи кекса, қаровчиси йўқ, ижтимоий кўмакка мухтожлар ҳонадонлардан ҳабар оламан (айниқса рамазон бошланганидан бери ҳар куни хабар оляпман. Чунки бу суннат!).

Уйга қайтгач фарзандларим билан динимиз буюрган, ҳар бир мусулмон билиши ва қилиши лозим бўлган фарз, вожиб, суннат ва бошқа амалларни яхшилаб ўрганишга вақт ажратамиз. Шунингдек, Қуръондан суралар, зарур дуолар ва зикрларни ёдлаймиз.

Ифторликдан сўнг Таровеҳ намозига қадар телевизорда тақдим этилаётган рамазонга оид дастурларларни томоша қиламиз. Айниқса ITV орқали диний, маърифий, исломий мавзудаги МУСЛИМ ТВ канали кўрсатув ва намойишларини бутун оиламиз билан берилиб кўрамиз.

Шу ўринда шифокор сифатида рўзадор юртдошларимизга саҳарлик ва ифторликда вақтида, ортиқча таомланишдан тийилишларини илтимос қилиб қолардим. Кун давомида чанқаб, кучсиз бўлиб қолишдан қўрқиб саҳарликда ортиқча овқатланиш меда-ичак ва ошқозон хасталикларини келтириб чиқаради. Яна бир жиҳати, ортиқча овқат инсонни ҳолсиз, кучсиз қилиб қўяди.

Ҳурматли ватандошлар, азиз биродарлар рамазон ойидан унумли фойдаланайлик. Рўза дастурхонини оддий кунлардагидек қилиш мақсадга мувофиқдир. Шифокор сифатида рўзанинг саломатликка фойдаси ниҳоятда катта эканлигини эътироф этаман. Фақат саҳарлик ва ифторликда ортиқча таом ейиш ва сув ичишдан тийилиш мақсадга мувофиқдир.

 

Саидаброр Умаров ёзиб олди

 

1760 марта ўқилди

Мақолалар

Top