Рамазон-2020

“Саҳарлик қилинглар! Саҳарликда барака бордир”

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳарлик қилинглар! Албатта, саҳарлик қилишда барака бордир”, дедилар (Имом Насоий ривояти).

Ушбу ҳадисда рўзадор саҳарлик қилишга тарғиб қилинади. Чунки саҳарлик қилишда кўплаб яхшиликлар ҳамда диний ва дунёвий буюк баракалар бор. Демак, саҳарлик қилиш фазилат, вожиб эмас. Агар вожиб бўлганида эди Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва баъзи саҳобалар ўтар рўза тутмаган бўлар эдилар.

Энди қуйида юқоридаги ҳадисдан келиб чиқиб, саҳарликдаги фойдаларнинг бир нечтасини келтириб ўтамиз:

  1. Саҳарлик қилиш билан ибодатни тақво ила адо қилиш бор. Чуник гўё саҳарлик қилиш ила кундузги Қуръон қироати, намозлар ва зикрларни адо қилиш учун Аллоҳ таолодан ёрдам сўрашлик бор. Зеро, қорни оч инсон ибодатларни қилиш учун кучи етмай, дангасаликка йўл қўйиши мумкин.
  2. Саҳарлик қилиш билан очлик сабабли содир бўладиган гуноҳ ишлардан ўзини сақлаб қолади.
  3. Саҳарлик қилиш билан рўза тутишни енгил санаб ҳатто, яна кўпроқ рўза тутиш рағбати пайдо бўлади. Натижада рўза тутиш киши учун осон ишга айланади.
  4. Саҳарлик қилиш билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашиш бор. Агар суннат дея ният қилиб, саҳарлик қилса, ажрга ҳам эга бўлади. Бироқ, қорнини тўйдириш ва қувватга эга бўлиш мақсадида бўлса, ўша мақсадига эришади.
  5. Саҳарлик сабабли таҳажжуд намозини ҳамда дуо ва зикр қилиш учун энг хайрли вақт бўлмиш кечанинг охирида уйқудан уйғонади.
  6. Саҳарлик қилиш билан аҳли китобларга хилоф қилиш бор. Зотан, динимизда уларга ўхшашдан қайтарилганмиз. Ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Биз билан аҳли китобларнинг рўзасидаги фарқ, саҳарлик ейишдадир”, дедилар.
  7. Саҳарликка туриш билан бомдод намозини жамоат бўлиб ўқишга муяссар бўлади. Шунинг учун ҳам рамазон ойида бошқа ойларга нисбатан бомдод намозида одамлар кўпаядилар.

Шунингдек, саҳарлик қилишда бир қанча манфаатлар бор. Баъзилари ошкор бўлган ва баъзилари ҳали ошкор бўлмаган. Нима бўлганда ҳам ҳақиқий мўмин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан муҳаббати бор экан, у зотнинг айтганларидан манфаат топадими ёки йўқми, эргашишда давом этаверади. Аллоҳ таоло барчамизни севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашишни осон қилсин.

Яҳё АБДУРАҲМАНОВ,

“Шайх Зайниддин” жоме масжиди имом-хатиби.

2387 марта ўқилди

Мақолалар

Top