Рамазон-2020

Рўзанинг фойдалари

Рўза - фойдалари энг кўп ибодатдир. Унда руҳий фойдалар билан бирга бошқа фойдалар ҳам бор. Қуйида қисқача тарзда у фойдалар ёзилади:

Нафс устидан ақл ғолиб ва назоратчи бўлади. У жуда катта фойдадир. Дарҳақиқат бутун Қуръон ва Ҳадис айни шу нарсага чорлайдики, инсон ақли пок бўлсин ва нафс мағлуб бўлсин. Рўзада бу нарса энг мукаммал даражада топилади. Чунки, рўза шаҳват ва ғазаб устидан ғолиб келади. У иккиси кўп еб-ичишлик ва хурофотлардан пайдо бўлади.

Инсон табиатида яхшилик ва фазилат пайдо бўлади. Малакутият сифати яъни, фаришталарнинг сифатлари унда намоён бўлади. Аллоҳ таъолога хос қурбат ҳосил бўлади. Чунки, инсон Аллоҳнинг муҳаббатида ўзининг еб-ичиши ва аслида жойиз бўлган нафсоний хоҳишлари яьни, ўзининг аёли ила жинсий яқинликни ҳам тарк қилади. Аввалдан манъ қилинган ва ҳаром бўлган хоҳишларга эса яқин ҳам келмайди.

Ақл қувватида зиёдалик бўлади. Қачонки, шаҳват ва ғазаб қуввати мағлуб бўлса, ақл қуввати зиёда бўлиши аниқ ва ақл ўз ишини мукаммал қилади. Яъни, инсон нажоти унга боғлиқ бўлган ишлар, намозга ғайрат, таровеҳга ғайрат, тиловатга ғайрат, Аллоҳнинг зикрига ғайрат, закот ва Аллоҳнинг йўлида инфоқ қилишга ғайрат, ўзгаларга хайрхоҳлик ва ҳамдардлик қайғуси пайдо бўлади. Шунингдек, ҳадиси шарифларда ишора қилинган бошқа яхши хаёллар унинг табиатида пайдо бўлади. Масалан, бу сабр ойидир, ғамхўрлик ойидир. Айни мана шу солиҳ амаллар ва ҳасанотлар сабабидан баракалар нозил бўлади, зоҳирий баракалар ҳам нозил бўлади ва ботиний баракалар ҳам. Мана шу, бу ойда мўминнинг ризқи зиёда бўлади дейилганидир.

 

"Садойе ҳақ"- журналидан. 2019-йил, апрел-май сони.

Абдулқайюм Комил таржимаси.

2654 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top