Рамазон-2020

Қадр кечаси фазилатлари

Қадр кечасининг ўзига хос бир қанча фазилатлари мавжуд бўлиб улар Қуқъони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда зикр қилинган. Қуйида шу ҳақида сўз юритамиз.

  • Қуръони карим шу кечада нозил қилинган. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, Биз у (Қуръон)ни Лайлатул Қадрда нозил қилдик» (Қадр, 1).
  • У минг ойдан кўра яхшироқ кечадир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Лайлатул Қадр минг ойдан яхшироқдир» (Қадр, 3). Имом Табарий ушбу оят тафсиридаги энг тўғри гап Қадр кечасидаги амал ушбу кеча бўлмаган минг ойда қилинган амалдан яхшироқ эканини айтганлар.
  • У муборак кечадир. Алоҳ таоло Духон сураси 3-оятида шундай марҳамат қилади: «Албатта, Биз у (Қуръон)ни муборак кечада нозил қилдик». Демак, ушбу кеча кунлар орасидаги энг муборак кеча экан.
  • Ушбу кечада жуда кўп фаришталар ерга тушади. Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай марҳамат қилади: «Унда фаришталар ва Руҳ Роббилари изни билан барча ишлар учун тушади» (Қадр, 4). Муфассир уламоларимиз ояти каримада зикр қилинган Руҳ Жаброил алайҳиссалом эканликларини айтишган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: «Албатта, фаришталар ўша кечада ерда майда тошлардан ҳам кўп бўлади».
  • Кейинги йилгача бўладиган ишларнинг ёзилиши. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Ўша (кеча)да ҳар бир ҳикматли иш ажратилиб, ҳал қилинур». Кўплаб муфассир уламолар фаришталар Аллоҳнинг амри билан кейинги йилгача бўладиган барча ишларни ёзиб қўйишини айтишган. Бу маънони Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтганликлари ривоят қилинади.
  • Уни ибодат биланбедор ўтказиш ўтган гуноҳлар кечирилишига сабаб бўлиши. Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Ким Қадр кечасида (чин) иймон ва (риё қилмасдан) савоб умидида қойим бўлса унинг ўтган гуноҳлари кечирилади».
  • Дуолар ижобат бўлиши. Имом Термизий Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда У зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Ё Расулуллоҳ, қайси кеча лайлатул қадр эканини билсам унда нима дейман?», деб сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Аллоҳумма иннака аъвуффун, туҳиббул аъфва фаъфу аънний» (Маъноси: Аллоҳим, Cен марҳаматли Зотсан, афв этишни суясан, мени кечиргин!) дегин», дедилар. Оиша онамиз Қадр кечасида дуолар ижобат бўлишини билганлари учун ҳам ушбу кечада қандай дуо қилишни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраб ўрганиб олмоқдалар.
  • Ушбу кеча ибодатидан маҳрум бўлиш катта жудолик экани. Ибн Можа Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Албатта, сизларга ушбу (Рамазон) ой ҳозир бўлди. Унда минг ойдан яхшироқ кеча бор. Ким ундан (яхшилиги ва ибодат қилиш) маҳрум бўлса барча яхшиликдан маҳрум бўлибди. Унинг яхшилигидан фақат маҳрум (бахтсиз, ибодат лаззатидан бебаҳра) инсонгина маҳрум бўлади». Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қадр кечасини топишга тарғиб қилар ва ўзлари ҳам охирги ўн кунликни ибодат билан ўтказар эдилар.

Демак, Қадр кечаси жуда кўплаб фазилатларга эга ва энг муборак кеча экан. Шунинг учун ҳам бу кечани бедор ўтказишга, ундаги фазилатларга эга бўлиб қолишга интилиш лозим. Аллоҳ таоло барчамизга ушбу кечанинг фазилатига эришишни насиб қилсин! 

 

Манбалар асосида

Ийсохон Яҳё тайёрлади

2939 марта ўқилди

Мақолалар

Top