Рамазон

Рамазон айтиб келдик...

Исамат ота кейинги вақтларда оиласига тўя олмай қолди. Бир сабаб топади-ю, уйларини алоҳида қилиб чиқариб юборган фарзандларини уйига чақиради. Ош устида болалари билан гаплашиб ўтиришни, кейин аччиқ-аччиқ чойни ҳўплаганича чуғурлашиб ҳовлини бошига кўтараётган набираларини кузатишни яхши кўради.

Бугун ҳам Рамазоннинг илк кунидаги ифторликни ана шундай файзли ўтказишни истади. Тонгда, ҳали қуёш нурлари атрофни қиздириб улгурмасидан бозорга йўл олди. Ифторлик учун энг сара меваларни, салқин ичимликларни харид қилди. Уйга келиб бозорликларни машинадан тушираётганида кампирига ва келинига  кечга тайёргарлик кўришларини, ҳамма ифторликка келишини айтди.

 Ота аср намозини адо этиб масжиддан қайтганида аллақачон келинлари, набиралари келиб бўлган, ҳовли ғала-ғовур эди. Келинлар эса енг шимариб ишга киришиб кетганди. Ифтор вақти яқинлашгани сайин ҳамманинг ҳам интиқлиги, ҳам ҳаяжони ошди. Дастурхон ёзилиб, нозу неъматлар тортила бошланди. Ота жимгина дуо қилиб ўтираркан, тез-тез соатга қараб қўяётган набираси Азизбекнинг қорни очганини сезиб келинларини тезлатди:

– Ҳамма биргаликда овқатланганга нима етсин! Оилада қут-барака, бирдамлик бўлади. Аммо болаларни бир оз эртароқ овқатлантиринглар. Рўзадорларга қўшилиб оч қолмасин!

– Йўқ. – шошганидан бақириб юборди, Азизбек. Кейин эса ўз овозидан чўчиб, паст овозда қўшиб қўйди: – Мен ҳам сизлар билан...

Отанинг набирасидаги бу саросимадан ҳайрон қолганини кўриб, келини изоҳ берди:

– Бобожониси, бугун Азизбегингиз ҳам биринчи марта рўза тутди. Ахир 12 га тўлди-ку!  Отанинг кўзларидан ёш оқиб кетди. Кўзларидаги ёшни қадоқ қўллари билан артганча олис ўтмишга хаёли кетди.

...Ўшанда еттинчи синфда ўқирди. Рамазоннинг илк куни у ҳам катталар билан туриб саҳарлик қилди. Бу жуда ажойиб туйғу экан. Кўнгли хотиржам, руҳи тетик. Бунинг устида савоб ва раҳматдан умидворлик унинг оёқларини ердан кўтариб юборгандек эди. Фақат бу фараҳбахш онлар узоққа чўзилмади. Учинчи соат тугаши билан кириб келган синф раҳбари ҳаммаларининг оғзига мажбурлаб нон солди. Кейин эса ўзига ғазаб билан қараб ўтирган ўқувчиларига ўсаётган организмнинг овқатсиз юриши яхши эмаслиги, бу дарсларни ўзлаштиришга халал бериши ҳақида ваъз ўқиди.

Уйга елкаси ерга тушиб кириб келган ўғлини кўриб ҳол сўраган онаизор кап-катта боланинг пиқиллаб йиғлаётганидан қўрқиб кетди. Юзларидаги ёшларни артиб, бағрига босганча тинчлантирди. Бир оз ўзига келган Исамат:

– Мен рўзамни қасддан очиб юбордим. Ўқитувчим мажбурлаб нон едирди...

Ўшанда онаси уни аранг тинчлантирган, бунинг учун у гуноҳкор бўлмаслигини тушунтирган эди.

Отанинг узоқ вақт жим қолгани оила аъзоларини ташвишга солди. Исамат ота уларнинг хавотирга тушганини сезиб тинчлантирди:

– Мен яхшиман. Шундай кунда яхши бўлмай бўладими? Ахир бугун Азизбек биринчи марта рўза тутибди. Кейин туриб китоб жавонидан яқинларига совға қилиш учун олиб қўйган Қуръони каримлардан бирини олиб набирасига берди:

– Доим ҳамроҳинг бўлсин, болам. Ҳаётингни шу китобга кўра кечир, кам бўлмайсан!

Олисдан элас-элас азон эшитилди. Барча шошганича дастурхон атрофига ўтирди. Ота кўзларида ёш билан дуо қилди. Фарзандалари билан бирга ифторлик қиларкан, кўнглида фақат шукроналик, истиғфор янграрди. Шу орада отанинг қулоғига рамазон айтиб келган болаларнинг беғубор овози эштилди. Дарвоза томон шошилаётган кенжа келинини Исамат ота тўхтатди, бир дунё ширинлик, кўтарганича ўзи болаларнинг олдига чиқди. Рўмолнинг тўрт бурчагидан тутганча турган болалардан рамазон айтишларини сўради.

Ортиқча илтифотни кутмай улар ҳам куйлаб юборишди:

– Рамазон айтиб келдик, эшигингизга,

Худойим ўғил берсин, бешигингизга...

 Ота кўзларини юмганича уларни узоқ тинглади. Болалигида айтиб, эшикма-эшик юришни хоҳлаганди. Онаси рухсат бермади, ўқитувчинг билиб қолса, бошимиз балога қолади, парткомга айтиб беради, деди.

Чиройли қўшиқни мароқ билан тинглаган кишидек Исамат отанинг руҳи енгил тортди. Болаларга ширинлик ва совға саломлар улашгач, уларни ортидан ҳавас билан кузатиб турди:

– Аллоҳим, ўзингга беадад шукр. Шу кунларни етказганингга минг қатла шукр!

Нигора МИРЗАЕВА

74614 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top