Рамазон-2018

Рўзани бузадиган ва бузмайдиган ҳолатлар

Рўзани бузувчи ҳолатлар:

Банда қуйидаги ишларни ўз хоҳиши билан амалга оширса, унинг рўзаси бузилади ва унга рўзанинг қазосини тутиб, каффоратни ўташ вожиб бўлади:

– озуқа ёки дармон бўлувчи бирор нарса ейиш ёки ичиш. ғийбат қилгандан кейин ёки қон олдиргач, рўзам очилди, деб бирор нарса ейиш ҳам шунга киради;

– жинсий алоқа қилиш. Яъни, бундай ҳолатда маний тўкилиши ёки тўкилмаслигининг фарқи йўқ. Эркак жинсий аъзосининг бош қисми иккинчи тарафнинг олд ёки орқа йўлига кирса иккисига ҳам қазо ва каффорат вожиб бўлади. Гарчи аёл эркак тарафидан мажбурланса ҳам, унга каффорат вожиб бўлади;

– хотинини шаҳват билан ушлагандан, қон олдиргандан, бировни ғийбат қилгандан ёки мўйлабига ёғ суртганидан кейин, “рўзам очилиб кетди”, деган хаёлга бориб, бирор нарса ейиш ёки ичиш (агар бир олим одам унга: “Рўзанг очилибди”, деб фатво берса, у фақат рўзанинг қазосини тутади, каффорат вожиб бўлмайди);

– оғзига тушган ёмғир томчисини ютиш;

– хом гўшт бўлса ҳам ейиш. Илло озуқалик белгиси йўқолган айниган гўштни еган банданинг рўзаси бузилади, аммо унга каффорат вожиб бўлмайди;

– мол чарвиси ёғини ейиш;

– қовурилган гўшт ейиш;

– бўғдой донини чайнаб ютиш. Аммо бир дона бўғдой эриб кетгунича чайналса ва томоқдан эриган ҳолда ўтса, рўза бузилмайди, каффорат ҳам вожиб бўлмайди;

– бўғдой ва кунжут кабиларни бир неча донадан ейиш;

– арманий тупроқ, оддий тупроқ ёки кесак ейиш;

– туз ейиш;

– хотини ёки бошқа бир одамнинг тупугини ютиш.

Шу ерда бир муҳим нарсани эслатиб ўтамиз. Каффорат фақат Рамазон рўзасини узрсиз очганлар учун тайин қилинган. Бошқа турдаги рўзаларни очиб юборганлар фақат рўзанинг қазосини тутадилар, каффорат уларга вожиб бўлмайди. Каффорат Рамазон ойи рўзасининг ҳурматидан шариъатга жорий қилинган. Сабаби бу улуғ ойда тутиладиган рўзанинг қадри ва ўрни буюк.

Қуйидаги ҳолатларда банданинг рўзаси очилиб, Рамазон рўзасининг қазосини тутиш вожиб бўлади, каффорат унинг зиммасидан соқит бўлади:

– озиқ саналмайдиган ва одам одатда уни емайдиган нарсаларни тановул қилиш. Масалан, хом гуруч, хамир, кўп миқдорда туз ейиш, пишмаган мева ейиш, тишлар орасида қолган нўхатдан катта нарсани ейиш, пахта, қоғоз, тери, тош, танга каби нарсаларни еса;

– овқат ёки дори-дармоннинг шаръий узр – беморлик, сафар ёки мажбурлаш, хато, эътиборсизлик ҳамда шубҳа сабабидан тановул қилса,

– ўз ихтиёри билан ичига тутун киргизса;

– орқа тешикдан, бурун ёки аёлнинг олдидан ичига сув киритилса;

– бир одам мажбурлаш ёки алдов йўли билан рўзани очириб юборса;

– “саҳарлик вақти ҳали чиққани йўқ”, деган гумон билан еб-ичишда давом этса ва бориб қараганда саҳарлик вақти чиққан бўлса, шунингдек, “ифтор вақти бўлди”, деб ўйлаб, оғзини очганидан кейин ҳали ифтор вақти бўлмагани маълум қилинса;

– қасддан оғзи тўла қусса ҳам қазо тутади. Агар рўзадорлиги эсидан чиқиб, оғзи тўлмасдан таом эмас балғам қусса, рўза очилмайди;

– таҳоратда оғиз чаяётганида хато билан сув ютиб юборса,

– бир киши кечаси саҳарликдан олдин ният қилолмади, кундузи ният қилди. Кейин “рўзам тўғри бўлармикан”, деган шубҳа билан таом еса, ёки ичимлик ичса, қазосини тутиб беради.

Қуйидаги ҳолатларда банданинг рўзаси бузилмайди:
– рўзадор эканини унутиб, таом ейиш ёки ичимлик ичиш. Банда рўза тутгани эсидан чиқиб, бирон нарса еса ёки ичса, эслаган заҳоти чайнашдан тўхтаб, оғзидаги луқмани чиқариб ташлаши лозим. Агар рўзадорлиги эсига тушганда ҳам чайнашда давом этса ёки луқмани ютиб юборса, унга каффорат вожиб бўлади. Рўзадорлигини унутиб жинсий алоқа қилишнинг ҳукми ҳам шундай;
– эркак ёки аёлнинг шаҳват қўзғайдиган жойига тикилиб қараш сабабли шаҳват суви чиқиши;
– шаҳват қўзғайдиган нарсаларни ўйлаш натижасида шаҳват суви чиқиши (юқорида саналган ишлар рўза пайтида ножоиз бўлса-да, рўза очилмайди);
– рўзани бузишга ният қилиб бузмаслик;
– сочга ёғ суртиш;
– сурма қўйиш ёки кўзга ранг суртиш (суртилган нарсанинг таъми билинса ҳам зарари йўқ);
– қон олдириш;
– мисвок ишлатиш;
– оғиз ва бурунниг таҳорат ва ғуслда оҳиста чайиш (агар қаттиқ чайиш оқибатида ичга сув кетиб қолса, рўзанинг қазоси тутилади);
– ғийбат қилиш;
– беихтиёр тутун ютиш (аммо рўзадорлигини била туриб, хушбўй нарсаларни ҳидласа, рўза очилади);
– тегирмонда ишлайдиган кишининг томоғидан ун чанг ҳолида ўтиши;
– томоқдан пашша ёки чивин кабилар ўтиши;
– эрталаб эҳтилом ҳолида туриш. Бунда эҳтиёткорлик билан ғусл қилиб олинади.

Аслида бундай ҳолатда шомгача жунуб ҳолда юриш рўзага халал бермайди;
– қулоқдан сув кириши;
– бурун сувини ичга ютиш;
– тишлар орасидаги нўхатдан кичик нарсани ютиш;
– тиш олдирирганда ичга қон ёки дори кетиб қолмаса рўза очилмайди.
– оғизга седана ва кунжут каби майда нарсаларни солиб, мазаси кетгунича ютмасдан чайнаганда ҳам рўза очилмайди.

 

 

Кўкалдош ўрта махсус ислом

билим юрти мударриси

Турғунов Асадуллоҳ

50723 марта ўқилди

Мақолалар

Top