muslim.uz

muslim.uz

Бугун, 27 сентябрь куни юртимиздаги бир гуруҳ таниқли уламоларнинг Сирдарё вилоятига ташрифлари бошланди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси маслаҳатчиси Салоҳиддин домла Шарипов Сайхунобод туманидаги “Иттифоқ” масжидида жамоатга гўзал маъруза қилиб берди. Сўнгра намозхонларни қизиқтирган саволларга жавоб берди. Бундан намозхонлар миннатдор бўлди.

Суҳбат сўнгида Ҳақ таолодан юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлигини сўраб хайрли дуолар қилди.

Шунингдек, Боёвут туманидаги “Ҳазрати Хизр” масжидига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Иброҳим домла Иномов пешин намозини жамоат билан адо этиш, намозхонларга маърифий суҳбат қилиб бериш учун ташриф буюрди. Сафар давомида Ислом динининг моҳияти, мусулмонларнинг хулқ-атвори қандай бўлиши кераклиги, мусулмонларни зиёрат қилишнинг ажру савоби, бугунги кунда жамиятда учраётган муаммолар ҳақида таъсирли маъруза қилиб берди.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳар “Хўжа Аламбардор” масжиди имом-хатиби Раҳимберди домла Раҳмонов Гулистон шаҳри “Гулистон” жоме масжидига ташриф буюриб, пешин намозидан сўнг намозхонларга Ислом динининг асл моҳияти, мусулмон киши фақат яккаю ягона Ҳақ таолога ибодат қилиши, ширк, бидъат амаллардан сақланиш кераклиги, бунда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиб, у кишининг суннатларига қатъий амал қилиш энг тўғри йўл экани тўғрисида гўзал маъруза қилиб берди.

ЎМИнинг Сирдарё вилоятидаги
вакиллиги матбуот хизмати

Бугун АОКАда ўтказилган брифингда «Вақф» хайрия жамоат фонди ахборот хизмати раҳбари Саидаброр Умаров фонд томонидан 2018-2021 йилларда мамлакатимиздаги диний таълим муассасаларини моддий қўллаб-қувватлаш йўналишида амалга оширилган ишлар ва хайрия тадбирлари ҳақида маълумот берди:

Вақф фонди 2018 йил 16 апрелда Президент фармони асосида ташкил этилган вақтда, диний таълим муассасаларининг биноларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш, ободонлаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда диний таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари фаолиятини молиялаштириш, уларнинг профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари, мутахассислари ва ўқувчи-талабаларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш фонднинг асосий вазифаларидан қилиб белгиланган эди.

Ўтган уч йилдан зиёд вақт мобайнида Фонд томонидан мазкур вазифаларни бажариш учун салмоқли ишлар амалга оширилди.

Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги 3 та олий: Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти, Мир Араб олий мадрасаси ва Ҳадис илми мактаби ҳамда 10 та ўрта махсус Ислом билим юртлари фаолиятини молиялаштириш, уларнинг профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари, мутахассислари ва ўқувчи-талабаларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун

– 2018 йилда          723 533 386 сўм;

– 2019 йилда          2 222 700 000 сўм;

– 2020 йилда          1 410 634 244 сўм;

– 2021 йилда          2 272 795 617 сўм.

Шунингдек, пандемия даврида ҳукуматимиз томонидан фондга ажратилган хайрия маблағлари ҳисобидан 3 133 000 000 сўм диний таълим муассасаларига хайрия сифатида йўналтирилди.

Умумий ҳисобда фонд ўз фаолиятини бошлагандан бугунга қадар жами 9 762 663 247 сўм диний таълим соҳасига хайрия сифатида йўналтирилган.

Таъкидлаш жоизки, фонд томонидан ушбу хайрли ишларни амалга оширишда хорижий ҳамкорлар Саудия Арабистони, Германия ва Туркия қироллиги каби давлатларнинг ҳам салмоқли ҳиссалари бор.

“Вақф” фонди она-Ватанимизда илм-фан ва диний таълим ривожланишига ҳисса қўшишда давом этади ва бу хайрли ишда барча ҳамюртларимизни ҳамкорликка чорлаб қолади.

Буюк мутафаккир аждодимиз, мотуридийлик таълимоти асосчиси имом Абу Мансур Мотуридийнинг издоши, мотуридийлик таълимотининг кенг ёйилишига улкан ҳисса қўшган Абу Муин Насафий меросини чуқур ўрганиш, унинг ақида ва калом илми ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини тадқиқ этиш ва кенг тарғиб қилиш, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, ривожлантириш, шу асосда ёш авлодни эзгу умуминсоний ғоялар руҳида тарбиялаш, уларда маънавий ва маърифий қарашларимизга ёт бўлган зарарли таъсирларга қарши мафкуравий иммунитетни кучайтириш долзарб вазифа саналади.

Бугун 27 сентябрь куни ушбу муҳим вазифанинг амалдаги ижроси сифатида калом илмининг машҳур алломаси, мутафаккир Абу Муъин Насафийнинг илмий ва маърифий меросини ўрганиш, унинг мотуридийлик таълимотини янада ривожлантириб, кенг тарқалишида кўрсатган беқиёс хизматини кенг жамоатчиликка етказиш, бу борадаги халқаро илмий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларига бағишланган “Абу Муин Насафий илмий меросининг бугунги кундаги аҳамияти” мавзусида халқаро онлайн конференция ташкил этилди. Унда Россия Федерацияси, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистондан 44га яқин таниқли исломшунос олимлар, мутахассислар, тадқиқотчилар ҳамда диний соҳа вакиллари иштирок этди.

Анжуманни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков очиб берди. Ҳомиджон домла ўз нутқида Абу Муин Насафийнинг тўлиқ исми, устозлари, асарлари, шогирдлари, олимнинг шаклланишида илмий муҳитнинг ўрни, Абул Муин Насафий ҳақида Абдулқодир Қуройшийнинг «Жавоҳирул музийя фий табақотул ҳанафийя» деган китобида, Абдулҳай Лакнавийнинг «Фавоидул баҳийя фий тарожибил ҳанафийя» асарида, Ибн Қутлуғбуғо «Тожут-тарожим»да, Кафавий «Катоибу аъломул аҳёр мин фуқаҳойи мазҳабун Нўъмонул муҳтор» асарида, Ҳожи Халифа «Кашфуз-зунун» асарларида зикр қилиб ўтганлари ҳақида тўхталиб ўтди.

Шунингдек, Абу Муин Насафий аҳли сунна вал жамоага мухолиф бўлган, тарихда фаолият юритган ақидапараст оқимларнинг келиб чиқиш сабаблари, ақлга ҳаддан ташқари суянишнинг салбий оқибатлари тўғрисида ҳам атрофлича сўзлаб берди. Олимнинг "Табсиратул адилла" асарида юртимиз олимлари томонидан нашр этилгани анжуман иштирокчиларига маълум қилинди.

Шундан сўнг, сўз Россия мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Дамир Муҳиддинга берилди. Ҳазрат Дамир нутқининг аввалида Ўзбекистон халқига муфтий ҳазратларининг вафотлари билан ҳамдардлик билдирди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳот, ўзгаришлар ва эришилган ютуқларни юқори эътироф этиб, ташкил этилган илмий-тадқиқот муассасаларининг фаолиятига ижобий баҳо берди.

Дамир Муҳиддин Абу Муин Насафийнинг илмий мероси ҳақида тўхталиб бундай деди: "Ақида масалалари ҳар қандай даврда ҳам, ҳар қандай жамиятда ҳам алоҳида аҳамият касб этган. Шу боисдан бу ҳаётий муҳим масала ҳар доим ҳам илм аҳлининг диққат эътиборида бўлиб келган. Абул Муин Насафий ҳам шу йўналишда бир нечта асарлар яратган. Муаллифнинг, айниқса, “Тавсиратул адилла”, “Баҳрул калом”, “Ат тамҳид ли қавоиди тавҳид” каби асарлари дунё олимлари томонидан юқори баҳоланган".

Ҳазрат Дамир Муҳиддин олимнинг ҳаёти ва ижодини янада кенг тарғиб ва тадқиқ қилиш, бошқа тилларга таржима қилиш бўйича ҳамкорлик қилишга тайёр эканини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Кейин Тожикистон Ислом маркази раиси, муфтий Саидмукаррам Абдулқодирзода Абул Муин Насафий ақида илмида жуда машҳур бўлганини, Мотуридий мазҳабининг кенг ёйилишига катта ҳисса қўшганини, ўша вақтда чиққан мўътазилия, жаҳмия, карромия, ботилийя каби оқимларнинг даъволарига қарши илмий раддиялар асосида курашгани ҳақида тўхталиб ўтди.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси Исломшунослик кафедраси доценти, т.ф.н Саидмухтор Оқилов "Абу Муин Насафий илмий меросининг бугунги кундаги аҳамияти" ҳақида маъруза қилди. Абу Муин Насафийнинг илмий мероси, унинг асарларининг дунё фондларида сақланаётган нусхалари ҳақида сўзлаб берди. Мотуридийлик таълимотини Абу Муин Насафийсиз тасаввур қилиб бўлмаслигини алоҳида таъкидлади. Олимнинг "Табсиратул адилла" китобида нафақат ақидавий масалалар баён этилгани, балки унда мовароуннаҳрлик 100дан уламолари ҳақида маълумотлар ҳам берилгани айтиб ўтди.

“Баҳрул калом” асарида хорижий, муржиъий, мўътазилий каби оқимларнинг бузуқ даъволарига берилган раддиялар билан бирга, динимизда ҳалол меҳнатга бўлган муносабатга оид оят ва ҳадислардан намуналар келтирди.

Шунингдек, Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Хабибулла Кадырбердиев, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шукрулло Умаров, Қозоғистон мусулмонлари бошқармаси бўлим мудири Ҳасан домла Аманқулов маърузасида Абу Муин Насафий меросининг ўзига хос-хусусиятлари, афзалликлари ва мўътадиллиги, олимнинг илмий мероси, унинг Ислом оламида тутган ўрни беқиёслигини, ушбу мероснинг мотуридийлик таълимотини сақлашдаги роли ҳамда адашган тоифаларга қарши курашдаги аҳамияти улкан эканлигига урғу бердилар.

Булгар ислом академияси катта ўқитувчиси Али Муҳаммад Сайф ал-Асрий, Ўзбекистон буюк алломлар юрти эканини, бу диёрдан Ислом илмларининг барча соҳалари бўйича етук олимлар етишиб чиққанини, улар дунёнинг барча бурчакларига илм тарқатишганини эътироф этди. Айниқса, Абу Муин Насафий, Абул Баракот Насафий, Нажмиддин Насафий каби насафлик уламоларнинг ақида илмига қўшган ҳиссалари улканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Ақида илми барча илмларнинг асоси эканини таъкидлаб, бу борада юртимиз алломалари пешқадам бўлишганини айтди.

Имом Мотуридий илмий-тадқиқот маркази директори Даврон Мақсудов аждодларимиз меросини кенг жамоатчиликка етказиш, хусусан, уни ёш авлодга етказишда замонавий услублардан фойдаланиш лозимлигини таъкидлаб ўтди. Хусусан, соф ақида таълимотларини ижтимоий тармоқ орқали аудио, видео шаклда осон ва равон тилда тарқатиш муҳимлигини таклиф қилди.

Анжуманда қуйидаги мавзулар муҳокама қилинди:

  • Қашқадарёдаги Ақида илми мактабини Абу Муин Насафий илмий меросини тадқиқ этиш билан шуғулланувчи халқаро илмий тадқиқот марказига айлантириш;
  • Абу Муин Насафий қаламига оид дунё фондларида сақланаётган қўлёзмаларни жамлаш, уларни ҳамкорликда таржима қилиш, илмий изланишлар олиб бориш, халқаро илмий лойиҳалар ишлаб чиқиш;
  • Абу Муин Насафий илмий меросига бағишланган махсус сайт ташкил этиш, олимнинг асарларини электрон шаклда жойлаштириш, уларни турли тилларга таржима қилиш ва ижтимоий тармоқларда кенг тарқатиш;
  • турли диний ақидапараст оқимларнинг даъволарига Абу Муин Насафийнинг асарлари асосида раддиялар бериш;

Тадбир сўнгида билдирилган маърузалар ва фикр-мулоҳазалардан келиб чиққан ҳолда ўзаро савол-жавоб тарзида илмий хулосалар алмашилди ҳамда келгусида шу каби тадбирларни ҳамкорликда ўтказишга келишиб олинди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Страница 6 из 1729

Мақолалар

Top