muslim.uz

muslim.uz

Четверг, 16 Февраль 2017 00:00

Саломлашиш ва унинг одоблари

Инсонлар бир-бирлари билан саломлашишларининг тарихи жуда қадим замонларга етиб боради, хусусан унинг “Салом” сўзи билан бўлган ифодаси кўҳнадир.

Аллоҳ таоло салом сўзини биринчи бўлиб, башарият отаси Одам (а.с.) ҳаёт тарзларига киритган эди. Бу ҳақда Имом Бухорий ва Имом Муслим (рҳ.)лар Пайғамбар (а.с.) ривоят қилган ҳадисларида, Расулуллоҳ (сав) марҳамат қилиб айтдилар:

 خلق اللهُ عَزَّ وَ جَلَّ آدَمَ عَلىَ صُورَتِهِ ، طُولُهُ سِتُّونَ ذِرَاعًا ، فَلَمَّا خَلَقَهُ قَالَ : إِذْهَبْ فَسَلِّمْ عَلىَ اُولَئِكَ ، نَفَرٍ مِنَ الْمَلاَئِكَةِ ذُرِّيَّتِكَ : فَقَالَ : اَلسَّلاَمُ عَلَيْكُمْ ، فَقَالُوا : اَلسَّلاَمُ عَلَيْكَ وَ رَحْمَةُ اللهِ ، فَزَادُوا : وَرَحْمَةُ الله فَكُلُّ مَنْ يَدْخُلِ الْجَنَّةَ عَلىَ صُورَةِ آدَمَ فَلَمْ يَزَلِ الْخَلْقُ يَنْقُصُ بَعْدُ حَتىَّ الْآنْ 

яъни: “Расулуллоҳ (сав): Аллоҳ таоло Одам (а.с.)ни ўз суратида (яъни, унга ўзида бор бўлган “тирик, билувчи, эшитувчи, кўрувчи, сўзлашовчи” каби сифатларни ато этиб яратди ва бўйларини олтмиш зироъ (газ) қилди. Яратиб бўлгач, у кишига “Анави ўтирган бир нафар фаришталарнинг олдига боргинда, салом бергин, сўнг уларнинг сенга берадиган алигини яхшилаб эшитиб олгин, чунки бу сенга ва сендан тарқаладиган зурриётларингга йўлланган салом бўлади!” – деди. Одам (а.с.) бориб, “Ассалому алайкум (Сизларга салом!)” – дедилар. Фаришталар: “Ассалому алайка ва раҳматуллоҳи! (Сенга ҳам салом ва Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!” – деб алик айтишди, сўнг яна “Ва раҳматуллоҳи факуллу ман ядхулул жанната ала сурати Одам! (Жаннатга Одам суратида кирадиган барча инсонларга ҳам Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!)” – деб қўшиб қўйишди. Шу вақтдан бошлаб ҳозиргача инсонларнинг хилқати (табиати, қиёфаси, бўй-басти) камайиб бормоқда”.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб айтади:

 فَإِذَا دَخَلْتُمْ بُيُوتًا فَسَلِّمُوا عَلَى أَنْفُسِكُمْ تَحِيَّةً مِنْ عِنْدِ اللَّهِ مُبَارَكَةً طَيِّبَةً كَذَلِكَ يُبَيِّنُ اللَّهُ لَكُمُ الْآَيَاتِ لَعَلَّكُمْ تَعْقِلُونَ  

سورة نور/61

яъни:... Бас, қачонки, уйларга кирсангиз, бир-бирларингизга Аллоҳ ҳузуридан бўлган муборак, покиза саломни айтингиз (яъни Ассалому алайкум денг!) Сизлар ақл юргизишларингиз учун Аллоҳ ўз оятларини сизларга мана шундай баён қилур.

Бу ояти карима Ислом шариатида Салом сўзи билан саломлашиш жорий бўлганига далолат қилади.

Ҳақ таоло Салом бериш ва саломга қайтариладиган алик чиройли суратда бўлиши ҳақида марҳамат қилиб айтади:

وَإِذَا حُيِّيتُمْ بِتَحِيَّةٍ فَحَيُّوا بِأَحْسَنَ مِنْهَا أَوْ رُدُّوهَا

سورة النساء/86

яъни: “Қачон сизларга бирор саломлашиш (ибораси) билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олингиз ёки ўша (ибора)ни қайтарингиз...”.

Аллоҳ таборака ва таоло Пайғамбарлар отаси Иброҳим (а.с.)га фаришталар берган саломдаги қайтарган аликлари ҳақида хабар бериб айтади:

هَلْ أَتَاكَ حَدِيثُ ضَيْفِ إِبْرَاهِيمَ الْمُكْرَمِينَ  إِذْ دَخَلُوا عَلَيْهِ فَقَالُوا سَلَامًا قَالَ سَلَامٌ

سورة الذاريات/24-25

яъни: “(Эй, Муҳаммад!) Сизга Иброҳимнинг азиз меҳмонлари ҳақидаги хабар келдими? Ўшанда улар (Иброҳим) ҳузурига кириб: “Салом!” – дейишганда, у ҳам: “Салом!” – деди...”.

Мазкур ояти карималарда Аллоҳ таоло инсонлар ҳаёти доимо тинчлик ва осойишталикда кечиши муҳим эканлиги ва улар бунга эришишда ўзаро саломлашиш нақадар катта аҳамиятга молик эканлигини таъкидламоқда.

Саломлашиш инсонлар ўртасида ўзаро тотувлик, дўстлик, бирдамлик ва муҳаббат ришталарини мустаҳкамлашини ҳар бир оқил инсон яхши билади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло жанннат аҳли ўрталаридаги ва малоикалар билан бўладиган сўрашишлари салом билан бошланишини ихтиёр қилган. Қуръони каримда воридким:

تَحِيَّتُهُمْ يَوْمَ يَلْقَوْنَهُ سَلَامٌ وَأَعَدَّ لَهُمْ أَجْرًا كَرِيمًا

 سورة الأحزاب/44

яъни:Унга (Аллоҳга) рўбарў бўладиган кундаги уларга (Аллоҳнинг) истиқбол сўзи саломдир. Улар учун (У) ёқимли мукофот (жаннат)ни тайёрлаб қўйгандир.

Бошқа бир ояти каримда эса:

وَالْمَلَائِكَةُ يَدْخُلُونَ عَلَيْهِمْ مِنْ كُلِّ بَابٍ  سَلَامٌ عَلَيْكُمْ بِمَا صَبَرْتُمْ فَنِعْمَ عُقْبَى الدَّارِ

سورة الرّعد/23-24

яъни: “(У) абадийлик боғлари бўлиб, (улар) у жойларга ота-боболари, жуфти ҳалоллари ва зурриётларидан иборат солиҳ (банда)лар билан бирга кирурлар. Сўнгра уларнинг ҳузурларига ҳар (бир) эшикдан фаришталар кириб (дерлар): (Аллоҳ йўлида турли машаққатларга) сабр қилиб ўтганларингиз сабабли (энди бу ерда) сизларга тинчлик бўлгай. Дунё оқибати (жаннат) нақадар яхши!”.

Макаримул ахлоқ соҳиби бўлган Пайғамбаримиз (а.с.) ҳам кўплаб ҳадиси шарифларида умматларини ўзаро бир-бирларига салом беришга ва саломни очиқ-равшан айтишга тарғиб ва ташвиқ этганлар. Ул зот марҳамат қилиб айтдилар:

 لاَ تَدْخُلُوا الْجَنَّةَ حَتىَّ تُؤْمِنُوا ، وَ لاَ تُؤْمِنُوا حَتَّى تَحَابُّوا ، أَوَلاَ اَدُلُّكُمْ عَلىَ شَيْءٍ إِذَا فَعَلْتُمُوهُ تَحَابَبْتُمْ ، اَفْشُوا السَّلاَمَ بَيْنَكُمْ

 رواه ﻣﺴﻠﻢ

яъни: “Имонга келмагунингизга қадар жаннатга кира олмайсизлар ва бир-бирларингизни дўст тутмагунингизга қадар имонли бўла олмайсизлар. Сизларни, агар билсаларингиз, ўзаро дўст бўлишингизга боис бўладиган нарсага далолат қилайми? Ўрталарингизда саломни равшан эшиттиринглар ва ўрталарингизда ошкора айтинглар!”

Салом беришдаги энг чиройли ва мукаммал лафз бу – Ассалому алайкум, деб айтишлик ва унга жавобан Ваалайкумуссалому ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу деб зиёда салом бериш суннатдир. Шунингдек, от-уловдаги киши пиёдага, озчилик кўпчиликка, юриб бораётган киши ўтирган ёки ўрнида тик турганларга, кичик каттага салом беришга тавсия қилинади.

Уламои киромлар салом бериш суннатга мувофиқ савобли амаллардан бўлиб ҳисобланади ва унга жавоб қилиш фарз бўлади, саломга алик қайтарилмаса, тарки фарз қилинган бўлиб, гуноҳкор бўлади, деб айтишади.

Бир неча ўрин ва ҳолатларда салом бериш ва алик қайтариш жоиз бўлмайди:

  1. Салом берилган киши қазойи ҳожатда бўлса, унга салом бериш ҳам ва саломга алик қайтариш ҳам макруҳ;
  2. Шу каби Салом берилган киши намоз ўқиётган ёки азон айтаётган бўлса, унга ҳам салом бериш жоиз эмас. Намоз ўқиётган киши “алайкум” деб жавоб қилса, намози бузилади;
  3. Уйқуда ёки мудроқда бўлган кишига ҳам салом берилмайди;
  4. Салом берилган киши таом танавул қилаётган бўлса ва таом оғзида бўлса унга ҳам салом берилмайди ва жавоб ҳам қилмайди. Агар луқма оғзида бўлмаса, салом бериш мумкин ва саломга жавоб қилиш фарз бўлади;
  5. Қуръони карим тиловат қилаётган кишига ҳам салом бериш жоиз эмас, агар салом берилса, унга жавоб қилиб, сўнгра Қуръонни ўқишда давом қилади. Дуо қилаётган , эҳромда талбия “Лаббайкаллоҳумма” айтаётган кишига ҳам салом бериш ножоиздир.

Салом бериш одоблардан яна бири, инсон ҳеч ким бўлмаган хона ёки уйга кирса ҳам “Ассалому алайкум Аҳлал байти ва раҳматулллоҳи ва барокатуҳу” деб салом бериб кириши мақсадга мувофиқдир. Бу ҳақда Жаноби Расуллуллоҳ (сав) Анас (рз.)га айтган ҳадисларида марҳамат қилиб айтганлар:

 ياَ بُنِىَ إِذاَ دَخَلْتَ عَلىَ اَهْلِكَ فَسَلِّمْ تَكُنُ بَرَكَةً عَلَيْكَ وَ عَلىَ بَيْتِكَ

 رواه الترمذى

яъни: “Эй ўғилчам! Аҳли-аёлинг ҳузурига кирадиган бўлсанг, салом бергил! Саломинг шарофати билан сенга ва оила аъзаларинга Алллоҳнинг баракоти нозил бўлади”.

Аллоҳ таоло барчаларимизга Исломнинг макоримул аҳлоқ борасидаги беназр бебаҳо йўл-юриқларига, гўзал одоб-ахлоқларга амал қилишимизда ва азиз фарзандларимизни ҳам юксак маънавият соҳиби этиб тарбиялашимизда улкан муваффақиятлар ато қилсин! Омин.

 Фатво бўлими мудири

Абдулҳамид Турсунов

Четверг, 16 Февраль 2017 00:00

Асмо бинти Язид

Саҳобия аёллар

Асмо бинти Язид ансорий аёллардан бўлиб, кучли иймон, сабр, шижоат, ақл эгаси эди. Унда ҳотирлаш, таъсирчан гапириш, чиройли ўқиш қобиляти мужассам эди. У бизга Расулуллоҳ (салоллоҳу алайҳи васаллам) ҳақларидаги қиссаларни ўзига ҳос усул билан етказиб берганлардан биридир.

Ибн Ҳожар бундай дейди: “Асмо бинти Язид ибн Саккон ибн Рофеъ ибн Имриул Қайс ансорлардан бўлиб авс қабиласнинг ашҳал уруғидандир. “Умму Омир” ва “Умму Салам” кунялари бор.

Асмонинг Қурон карим оятларини, ҳадиси шарифни ўрганиншга ўта моҳир эди.

Пайғамбар (салоллоҳу алайҳи васаллам) саҳобалар даврасида ўтирганларида Асмо бинти Язид ҳузурларига келди ва: “Ота, онам сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳни элчиси! Аёллар номидан келдим. Улар сўзимни мақуллашди. Аллоҳ таоло сизни эркак аёлга пайғамбар қилган. Биз аёллар ҳомиладор бўламиз. Эркаклар жамоат намозларида иштирок этишади, ҳамда Аллоҳ йўлида сафарга чиқиш билан даражалари юксалади. Қачон сафарга кетишса, биз уларни болаларини ва молларни қўриқлаймиз. Айтинг-чи, савобда улар билан тенг бўламизми?”  деб сўради. Шунда Пайғамбар (салоллоҳу алайҳи васаллам) саҳобаларга “Дини ҳақида яҳши савол берган аёлларнинг сўзини эшитдингизми? – дедилар. Сўнгра яна Асмога юзланиб: “Эй Асмо ортингдаги аёлларга билдир, улардан қайси бири эрига яхши хотин бўлса, унинг розилигини истаб яхшиликларига эргашса, барча савобда эри билан тенг шерик бўлади” деб марҳамат қилдилар.

Асмо бинти Язид (разияллоҳу анҳо) бундай ривоят қилади: “Бир куни тенгдош аёллар орасида турган эдим. Ёнимиздан Пайғамбар (салоллоҳу алайҳи васаллам) ўтиб қолдилар. Бизларга салом бериб: “Куфрони неъмат қилишдан сақланинглар”, дедилар. Сўрашга журатлироғи мен эдим. “Эй Расулуллоҳ, куфрони неъмат нима?” деб сўрадим. У зот марҳамат қилдилар: “Сизлардан бирингиз  ота-онаси билан яшайди. Сўнгра Аллоҳ таоло унга эр берса, эридан фарзанд ато қилса, у ғазабланади. Ҳатто унга: “Мен сендан ҳеч яхшилик кўрмадим” дейди. Бу воқеа аёлларга Пайғамбаримиз тарбияларининг бир кўриниши эди.

Амр ибн Қатода (разияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Пайғамбар (салоллоҳу алайҳи васаллам) энг биринчи байъат берган аёллар Умму Саид, Кабашата бинти Рофе Умму Омир (Асмо) бинти Язид ибн Саккон ва Ҳаво бинти Язид ибн Саккондир”.

Асмо биринчи байъат қилганидан фахрланиб: “Мен Расулуллоҳга байъат қилган аёлларнинг биринчисиман”, дер эди.

Асмо бинти Язид ишларни ишонч ва диққат билан ўрганар эди. Оиша                  (разияллоҳу анҳо) мақтаб: “Ансор аёллар қандай ҳам яхшидир, динни ўрганишда ҳаёлари уларни  (масала) сўрашдан тўсиб қолмади ”, деганларида Асмо бинти Язид каби аёлларни назарда тутганлари шубҳасиз.

Саҳийлик ансорларнинг олий сифати эди. Асмо бинти Язид ривоят қилади: “Пайғамбар (салоллоҳу алайҳи васаллам) уйимизга ташриф буюрганларида: “Бу уйларда қандай яхшилик бор, бу арсорларнинг яхшилигидир”, деб марҳамат қилдилар.

Асмо бинти Язид яна шундай фазилатлари боис Расулулллоҳнинг ҳурматларини қозонди. Ҳудайбиядаги дарахт остида Асмо Ризвон байъатини берган эди. Пайғамбар (салоллоҳу алайҳи васаллам): “дарахт остида байъат берганлардан ҳеч бири дўзахга кирмайди”, деганлар.

Давоми бор...

Манбалар асосида

Тошкент ислом институти 4-курс талабаси

Тожиддинов Абдуссомад Абдулбосит ўғли тайёрлади

Четверг, 16 Февраль 2017 00:00

Она дуоси

بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا قُوا أَنْفُسَكُمْ وَأَهْلِيكُمْ نَارًا وَقُودُهَا النَّاسُ وَالْحِجَارَةُ عَلَيْهَا مَلَائِكَةٌ غِلَاظٌ شِدَادٌ لَا يَعْصُونَ اللَّهَ مَا أَمَرَهُمْ وَيَفْعَلُونَ مَا يُؤْمَرُونَ

Эй, имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангизки, унда дағал ва қаттиққўл, Аллоҳ буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат буюрилган ишни қиладиган фаришталар (хизмат қилурлар). (Таҳрим 6)

Ҳикоя қилинишича, кунлардан бир куни тариқат ва каромат соҳиби Шайх Ҳиравийнинг ҳузурига бир кекса аёл қўлида мактуб билан кириб келди. Мактубда “марҳамат қилиб ўғлимни ҳидоят топиши учун Аллоҳ таолога дуо қилиб берсангиз, чунки у ёмон ишларни қилиб юрибди”, деб ёзилган эди. Шунда Шайх: “ота-онасининг дуоси ислоҳ қилмасдан, шайхнинг дуосига муҳтож бўладиган боланинг ҳолига вой бўлсин. Бундай болага шайхнинг дуоси фақатгина жазони зиёда қилади”, дедилар. Сўнгра эй онахон, сиз бориб бу кеча намоз ўқинг ва ортидан ўғлингизни ҳидоят топишини сўраб, Аллоҳ таолога дуо қилинг, дедилар. Онахон кетди ва шайхнинг айтганларини қилди. Аммо ўғлида бирор ўзгариш кўрмади, у ўша-ўша ичкилигу ёмон ишларини қилишда давом этарди. Онахон яна шайхнинг ёнига қайтди ва ўзгариш бўлмаганини айтиб йиғлаб, шундай деди: “уни жуда яхши кўраман, уни ўйлаб юрагим эзилиб кетмоқда, қилмишлари туфайли қиёмат кунида дўзахга гирифтор бўлишидан қўрқаман, мен унинг фироқига чидай олмайман. Ҳазрат унга дуо ва насиҳат қилинг, унга бу азоблардан халос бўладиган йўлни кўрсатинг, мен ортиқ чидай олмайман”. У ўзини йиғидан тўхтата олмасдан бу гапларини қайта-қайта такрорларди. Шайхнинг унга раҳми келди ва у ҳам йиғлаб маҳзун бўлди.  Сўнгра унга: “эй онажон, яна бу кеча ҳам жойнамозни ёзинг, Аллоҳ ҳузурида тоат билан туринг, тазарруъ билан дуо қилинг, мен ҳам шундай қиламан, шояд Аллоҳ унга тавбани насиб қилса”, деди. Онахон уйига кетди ва ибодатда қоим бўлди ва йиғлаб: “Аллоҳим, боламга ҳидоят бергин, Аллоҳим, боламни бадбахт қилмагин”, дея муножот қилди. Шайх ҳам уйида худди шундай дуо қилиб турарди. Бу пайтда онахоннинг ўғли маст, қўлида қадаҳ, ароқхўрлик билан машғул эди. Шу аснода қўлидаги қадаҳдан: агар бу кеча онангни рози қилмасанг, кофир бўлиб ўлгин, деган овозни эшитди. У буни эшитиб қўлидаги қадаҳни улоқтирди ва ҳўнграб йиғлаб юборди. Сўнг ўрнидан туриб йиғлаганча уйига кетди. У ҳали ҳам маст эди. Онахон ўғлини кўриб: вой ўғилгинам, вой кўзимнинг оқу-қораси дея йиғларди. Ўғил онасининг йиғисини эшитиб, ўзини онасининг оёқлари остига ташлади Она йиғлаб боласини қучоғига олди. Шунда бола қалбининг туб-тубидан чиқариб: Ё Аллоҳ, деди-ю ҳушдан кетиб йиқилди. Шу ётишда тонг отганда ҳам ўзига келмади. Онахон тинмай йиғларди, сўнг у ўрнидан туриб яна шайх ёнига келди, унга ўғлининг ҳолатини гапириб берди. Шайх унга: ўғлингизни бир уловга юкланг ва уни Каъбага олиб боринг, шояд, Байтуллоҳнинг баракоти билан ўзига келса,  қайтишда эса Лубнон тоғи орқали қайтинг, деди. Сўнгра онахон ўғлини бир уловнинг устига ортиб Каъбага олиб борди. Кейин  Лубнан тоғи орқали қайтди. Онахон у ерда қўлларида ичида маййити бор тобутни олиб туришган олти кишини кўрди. Онахон улардан: “бу қандай тобут”, деб сўради. Улар: бу шайхимизнинг тобути, у зот вафот этдилар, биз эса жаноза ўқиб берадиган имомни кутиб ўтирибмиз, уни ўзимизга шайх қилиб оламиз, у шайхимиз ўринларига ўтиради, дейишди. Онахон таажжубланиб: “ким у имом?”, деб сўради. Улар: ўғлингиз, чунки у дуоингиз сабабли валийлар даражасига эришди, дейишди. Шу пайт онахоннинг ўғли ўзига келиб, уловдан тушди ва таҳорат олди. Сўнг жаноза намозини ўқишга киришиб: “Аллоҳу акбар” деган эди, санаб саноғига етиб бўлмайдиган даражадаги кўпчиликнинг “Аллоҳу акбар” деганларини эшитди. Уларнинг овозларини эшитди-ю, бироқ ўзларини кўра олмади. Намоз ўқиб бўлишгач: онажон боринг, энди кўришиш қиёматга қолди, деди. Онахоннинг ўғли ҳам, унинг ёнидаги ҳалиги олти киши ҳам шу ерда қолди. Онахон ақл ҳушидан айрилгандек йиғлаб ҳайрон бўлиб қолди.

Боласи иймонидан  ажралиб қолиш хавфини қилган кишининг ҳолати шу даражада бўлса, иймондан Исломдан ажралиб қолиш хавфидаги кишининг ҳолати қай даражада бўлар экан? Эй Аллоҳим, Ўз раҳматинг билан бизларни ўлим чоғида ҳам, ҳаётда ҳам Исломда, иймонда собитқадам қилгин, эй меҳрибонлар меҳрибони. 

ЎМИ кутубхонаси

Четверг, 16 Февраль 2017 00:00

Ислом тушкунликдан қутқаради

Буюк Британияда асаб касалликларини даволашнинг янги методи ишлаб чиқилди. Бу методнинг асоси диндир.

Лидс университети олимлари олиб борган тадқиқотга кўра, тушкунлик ҳолатидаги ёки ёмон ўй фикрларга кўмилиб қолган хасталарни даволашда дин беқиёс самара беради.

Асаб хасталикларига чалинган мусулмон кишилар ўзларини ёмон ҳис этаётганлари учун бунинг сабабини қайсидир ноқобил амаллари туфайли Аллоҳни ғазабини қўзғаб қўйганман, деб ўйлайдилар. Бу эса ўз навбатида вазиятни оғирлаштиради. Агар шу пайтда даволаш усулига диний кишиларнинг суҳбати қўшилса бу даволашга самара беради.

Моҳира Зуфарова

тайёрлади.

Китоб барчамизни эзгуликка ундайдиган, олдимизда турган барча муаммоларни ҳал этишга ёрдам берадиган кучдир. Шунинг учун ҳам юртимизда китоб билан ошно бўлган, китобни суйган, китоб ёзган, китобни қадрлаб, кўз қорачиғидек асраганларни зиёли деб атаганлар. Зиёли–нур тарқатувчи, у ўзининг хатти-ҳаракатлари, фаолияти билан жамиятни нурлантирувчи, маънавий-ижтимоий барқарорликни таъминловчилар ҳисобланган.

Ана шундай улуғ мақсадлардан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия жамғармаси томонидан Тошкент ислом институти ва барча ўрта махсус ислом билим юртлари Ахборот ресурс марказларига талабалар фойдаланишлари учун жами 83 турдаги 2582 дона бадиий ҳамда чет эл адабиётларининг билим юртларида тақдимот маросимлари ўтказилмоқда.

Жорий йилнинг 11 февраль куни “Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний” ўрта махсус ислом билим юртида ҳам талабалар ва ўқитувчилар учун тақдимот маросими ўтказилди.

"Китобхонлик ва мутолаа маданияти” номли китоб тақдимотини ўтказишдан кўзланган мақсад – ёшларимиз тўғри келган китобни эмас, айнан бизнинг миллатимиз руҳига мос, қалбларга маънавий озиқ, бойлик берадиган асарларни ўқишларини тарғиб этишдир. Чунки ҳозирги глобаллашув жараёнида бизнинг маънавий илдизларимизга болта уриш, “оммавий маданият”, диний экстремизм, диний ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилишга хизмат қилувчи китоблар ҳам ҳар хил йўллар билан четдан мамлакатимизга олиб келинаётир. Демак, ўқиладиган асарни танлай билиш ҳам санъат. Ўсиб келаётган ёшлар онгида ана шундай санъатни, тўғрироғи, маънавий иммунитетни шакллантиришимиз ва мустаҳкамлашдан иборат. Шу орқали ўқитувчи ва талабаларимизнинг китоб ўқишга, китобга ва уни мутолаа қилишга қизиқишини орттириш каби улуғ мақсадлар ўрин олган.

 

Саламат Кудайбергенов,

“Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний”

ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси

Мақолалар

Top