www.muslimuz

www.muslimuz

✅ Бугун, 2 март куни юртимизнинг бир гуруҳ таниқли уламолари Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги масжидларга ташриф буюриб Пешин, Аср ва Хуфтон намозларини жамоат билан бирга адо этиб, мўмин-мусулмонларга маърифий суҳбатлар қилиб берадилар.

Қуйида уламолар ва намозларга бориладиган масжидлар рўйхати билан танишишингиз мумкин:

? “Кулол-қўрғон” масжидига:
☀️ Пешинга Ҳомиджон домла Ишматбеков;
? Асрга Бахтиёр домла Сатторов;
? Хуфтонга Исҳоқжон домла Бегматов;

? "Юнусобод Оқтепа” масжидига:
☀️ Пешинга Иброҳимжон домла Иномов ;
? Асрга Муҳаммадраҳим домла Абдуқодиров;
? Хуфтонга Саҳобиддин домла Сатимов;

? "Умар ибн Хаттоб” масжидига:
☀️ Пешинга Шайх Алижон қори Ҳайдаров;
? Асрга Абдуллоҳ домла Ғуломов;
? Хуфтонга Мансур домла Даминов;

? “Маҳамат Носир ҳожи” масжидига:
☀️ Пешинга Ҳасанхон қори Абдулмажидов;
? Асрга Илҳом домла Мадалиев;
? Хуфтонга Йўлдошали домла Каримов;

? “Масжидул-хайр” масжидига:
☀️ Пешинга Абдуқаҳҳор домла Юнусов;
? Асрга Исмоил Муҳаммадсодиқ;
? Хуфтонга Собиржон домла Рустамовлар ташриф буюрадилар.

? Аллоҳ таоло уламоларимизнинг суҳбатларини манфаатли ва давомли қилсин!

Ташрифлар ва маърифий суҳбатларни сайт ҳамда ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг.

#УЛАМОЛАР_ТАШРИФИ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Muslim.uz
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar

 

 Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.

Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом

салавоту саломлар бўлсин.

 

Муҳтарам юртдошлар!

 

Аллоҳ таоло инсонни улуғлаб, унга ато этилган неъмат – табиатни асраб-авайлаш, ундан меъёрида, мақсадли фойдаланишга буюрган. Ҳақ таоло “Аъроф” сурасининг 56-оятида шундай амр қилади: “Ерни яроқли қилиб қўйгандан кейин унда бузғунчилик қилмангиз!”

Шу каби илоҳий таъкидлар ҳар бир инсонни неъматларга оқилона муносабатда бўлиш, атроф-муҳитни озода сақлаш, табиат мусаффолигини асрашга чақиради. Ислом динидаги ўгитлар Ер юзида яшовчи имон-эътиқодли кишилар қалбида табиатни эъзозлашга масъулият туйғусини оширади.

Афсуски, сўнгги йилларда дунё ҳамжамияти экологик муаммолар туфайли азият чекмоқда. Глобал иқлим ўзгаришлари, сув танқислиги, чанг бўронлари каби табиий офатлар инсониятни танг аҳволга солиб қўймоқда. Табиатнинг бу каби инжиқликлари, таассуфки, ўтган йили юртимизда ҳам кузатилди. 2021 йилнинг куз ойларида айрим ҳудудлардаги чанг бўронлари ҳар биримизни ҳушёр торттирди. Қолаверса, айни қиш кунларида ёғингарчиликнинг камайиб кетгани ҳам кишини ўйлантириб қўяди.

2022 йилнинг 2 февраль куни Президентимиз раислигида экологик ҳолатни яхшилаш ва “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш юзасидан ўтказилган йиғилишда шу каби долзарб масалаларга алоҳида тўхталиб, жумладан, ота-оналаримиз ўзи истиқомат қилаётган ҳовлиси, теварак-атрофни покиза, тоза сақлаш керак эканини таълим беришганини таъкидладилар.

Ҳақиқатда, азалий қадриятларимизда тупроқ ва сув, умуман, табиат алоҳида қадрланган. Муҳтарам Президентимиз, жумладан, шундай дедилар: “Бирни кессанг, ўнни эк” деган доно мақол ҳам бежиз айтилмаган. Дарахт эккан одамга унинг савоби тегиб туради, дейилган. Оилада фарзанд дунёга келса, унга атаб ниҳол экилган.

Дунё миқёсида саноат юқори даражада ривожланган XXI асрда экология билан боғлиқ муаммолар биринчи даражали муаммо сифатида кун тартибига чиқмоқда. Авлодларимиз биздан кейин ҳам муносиб табиий муҳитда яшаши керак. Бунинг учун биз табиатга эътибор беришимиз, фақат бугунни эмас, яқин ва узоқ келажакни ўйлаб иш тутишимиз зарур.

Энг муҳим масала – аҳолининг экологик маданиятини ошириш. Бугун кўчага ёки исталган жойга қаранг. Ҳамма жойда одамлар ташлаб кетган чиқиндиларни кўрасиз. Биз она юртимизни муқаддас деймиз. Нима учун уни тоза-озода сақламаймиз? Ахир, муқаддас китобларимизда ҳам “Поклик иймондандур” дейилган”.

Дарҳақиқат, Президентимизнинг жонкуярлик билан айтган сўзлари – айни ҳақиқат. Чунки сўнгги пайтларда аҳоли орасида атроф-муҳитга беписанд, лоқайд қараш ҳоллари кузатилмоқда. Бунинг натижасида эса, табиийки, глобал экологик муаммолар юзага келмоқда.

 

Муҳтарам юртдошлар!

Аллоҳ таоло бизга атроф-муҳитни озода сақлаш, муҳофаза қилиш ва ифлослантирмасликка буюрган. Шу билан бирга, динимиз том маънода поклик динидир. Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Поклик имоннинг ярмидир”, – деб, бежиз айтмаганлар (Имом Бухорий ва Имом Молик ривояти).

Инсон имонининг ярмини поклик, тозалик орқали мустаҳкамласа, қолганини илм воситасида эгаллайди. Бундан чиқадики, атроф-муҳит муҳофазаси мустаҳкам илмий асосга эга бўлиши зарур.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ (айбу нуқсондан) покдир – хушбўйликни суяди, озодадир – озодаликни суяди, карамлидир – олийҳимматлиликни суяди, сахийдир – саховатни суяди...», – дедилар” (Имом Термизий ривояти).

Шу билан бирга, Расул алайҳиссалом: “Уйларингиз атрофини пок тутинглар”, – деганлар (Имом Бухорий
ва Имом Табароний ривояти)
. Зеро, Ватан остонадан – уйдан бошланади.

Уйларимиз атрофи, ариқлар, кўчалар, қабристон ва унинг атрофларини ҳашар йўллари билан тозалаш қадимдан халқимизда урф бўлиб келган яхши одатлардан. Мана, неча асрларки, бу урф-одат халқимиз қадриятларида ўз ифодасини топмоқда. Аммо сўнгги пайтларда юртдошларимиз бу қадриятлардан узоқлашгандек гўё.

Шу боис, Давлатимиз раҳбари бу масалага маҳалла фаоллари, нуронийлар, уламолар, оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик эътибор қаратишга даъват этиб, барчанинг зиммасидаги муҳим вазифани шундай баён этдилар: “Албатта, бундай муаммоларни фақат маъмурий йўл билан ҳал этиб бўлмайди. Бунга ёш авлод қалбида она табиатга дахлдорлик ҳиссини тарбиялаш орқали эришиш мумкин. Маҳаллада, кўчаларда чиқинди ташлаган кишини кўрганда “бу ишингиз нотўғри бўлди”, дейдиган муҳитни шакллантиришимиз, одамларни бунга ўргатишимиз керак. Бу – ҳаммамизнинг ишимиз ва инсоний бурчимиздир”.

Ёши улуғларимизнинг сувга чиқинди ташлаш ва ҳатто тош отишга ҳам қўймасдан: “Сувнинг ҳам, ернинг ҳам жони бор, озор бериб бўлмайди”, деган ҳикматни бугунги ёш авлодга ҳам таълим бериш керак.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ҳадисларида: “Учта жойга: сув ўзанларига, серқатнов йўлларга ҳамда соя-салқин ерларга ахлат ташлаб, лаънатга қолишдан қўрқинглар”, – деганлар (Имом Бухорий ва Имом Абу Довуд ривояти). Бироқ бугун бу ҳадисга амал қилмайдиганлар, лаънатдан қўрқмайдиган одамлар ҳам учраб тургани кишини ажаблантиради.

Қуръони каримдаги 750 га яқин оят табиат ҳодисалари ҳақида мулоҳаза юритишга ва Аллоҳ таолонинг яратиқлари ўртасидаги муносабатларни ўрганишга ундайди.

Улуғ алломалар асарларида ҳам атроф-муҳитга оид бир қатор масалалар баён этилган. Абу Али Ибн Сино “Тиб конунлари” асарида атроф-муҳитнинг инсон саломатлиги ва руҳиятига таъсирини очиб берган. Амир Темур бўз ерларни ўзлаштирган кишилар ёки боғ қилганларни рағбатлантирган. Алишер Навоий эса табиатга хиёнатни дўстга хиёнат қилишга қиёс қилган.

Аллоҳ таоло бизнинг яхши яшашимиз учун неъмат қилиб берган Ер сайёрасига нисбатан яхши муомалада бўлишга буюради. Акс ҳолда, фожиали фалокатлар содир бўлади. Сайёрамизда содир бўлаётган кўплаб техноген ҳолатлар, жумладан, атмосферага чиқарилаётган чиқиндилар сабаб иқлимнинг кескин ўзгариши, табиий бойликлардан оқилона фойдаланмаслик оқибатида дарё ва денгизларнинг қуриши афкор оммасини ташвишга солмоқда.

Аллоҳ таоло Қуръони каримдаги “Рум” сураси 30-оятида шундай хитоб қилади: “Одамларнинг қилмишлари туфайли қуруқлик ва денгизда бузғунчилик пайдо бўлди. Бу уларнинг (ўз қилмишларидан) қайтишлари учун қилган баъзи (ёмон) ишлари (жазоси)ни уларга тоттириш учундир”.

Демак, қурғоқчилик, зироат ва тижоратдан бараканинг кетиши, турли касалликларнинг тарқалиши ҳамда ўт, сув балоси каби офатлар одамларнинг қилмишларига яраша огоҳлантиришдир.

 

Муҳтарам юртдошлар!

Чин мусулмон киши нафақат инсонларга, балки табиатга ҳам озор бермайди. Уни обод қилиш, кўкаламзорлаштириш пайида бўлади. Бу ташаббус ҳукуматимиз томонидан илгари сурилаётгани ҳар биримизни огоҳликка чақиради.

Маълумки, 2021 йил ноябрда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси эълон қилиниб, 200 миллион туп дарахт кўчати экиш режалаштирилган эди. Бунга мувофиқ, кузда 85 миллион дона кўчат ўтқазилди. Кўплаб ташкилотлар, маҳаллалар, умуман, кенг жамоатчилик бу савобли ишда жонбозлик кўрсатди. Бу йил баҳор мавсумида 125 миллион дона дарахт кўчатларини экиш мўлжалланмоқда.

Мазкур йиғилишда Президентимиз: “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бир йиллик тадбир эмас. Унинг доирасида келгуси беш йилда 1 миллиард туп дарахт кўчатини экишни мақсад қилганмиз. Бу умуммиллий ҳаракатнинг натижаси ҳар бир маҳаллада кўриниши керак, бу савобли ишни ҳавас билан қилиш керак”, – дедилар.

Динимиз ҳам бундай хайрли ташаббусга хайрихоҳ бўлиб, уни кўкаламзорлаштириш ишларини кенг тарғиб қилади. Бунга Набий алайҳиссаломнинг ҳатто уруш пайтида ҳам дарахтларни сабабсиз кесмасликни, ўрмонларни ёқмасликни буюрганлари атроф-муҳит муҳофазасига эътиборнинг юксак кўринишидир.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ алайҳиссаломдан ривоят қилган ҳадисда: “Агар бир мусулмон банда кўчат ўтқазса ёки экин экса, ундан қушми, инсонми ё ҳайвонми еса, бунинг учун унга садақа (қилганлик савоби) бўлади(Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Дарахт экиш инсонга нафақат тириклигида, балки вафотидан сўнг ҳам манфаат етказиб туради, Қиёмат кунигача садақаи жория сифатида банда фойдасига хизмат қилади. Бошқа бир ривоятда: “Агар мусулмон банда бирон кўчат экадиган бўлса, ундан инсон, ҳайвон ёки қуш еса, бу ўша бандага қиёмат кунигача садақаи жория бўлади”, дейилган (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Бундан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини кўчат ўтқазиш ва экин экишга тарғиб қилганлари маълум бўлади. Ҳатто Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар қиёмат қоим бўлиб қолсаю ва шу вақтда биронтангизнинг қўлида хурмо кўчати бўлса, уни экишга улгурса, экиб қўйсин”,– дедилар (Имом Бухорий ва Имом Аҳмад ривояти).

Бундан келиб чиқадики, ҳар биримиз ўзимиз яшаб турган шаҳару қишлоқларимизни, маҳаллаларимизни обод қилиб, жорий йилнинг 1 мартидан “Яшил йиллик” умуммиллий тадбири доирасида бошланажак кўкаламзорлаштириш ишларида фаол бўлиб, масжидларимиз атрофига, маҳалла-кўйларимизга, кўчаларимизга бир тупдан кўчат ўтқазсак, бутун мамлакатимиз обод бўлиб, боғу бўстонга айланади.

Бундай хайрли ишларимизнинг савоби садақаи жория сифатида то қиёматгача номаи аъмолимизга тўхтовсиз савоб бўлиб ёзилиб туради, иншо Аллоҳ.

 

Муҳтарам юртдошлар!

Аллоҳ таоло барчамизни покликка интилувчи, билганларига амал қилувчи, жисму имони, уй-жойи – Ватанини тоза тутувчи, боғу роғлар ўстирувчи ва Ер юзини обод қилувчилардан қилсин!

Бу ишларимиз қиёматгача садақаи жория бўлишини насиб айласин! Омин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Уламолар Кенгаши,

2022 йил 1 март

Бугун, 1 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Уламолар Кенгашининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бош имом-хатиблари, диний таълим муассасалари ҳамда илмий-марказлар раҳбарлари, уламолар ва имом-домлалар иштирок этдилар. Ҳудудлардан Уламолар Кенгаши аъзолари ZOOM платформаси орқали онлайн тарзда қатнашдилар.

Мажлис Қуръони карим тиловати ва эзгу дуолар ила бошланди.

Йиғилишни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари очиб, 2022 йил 2 февраль куни Президентимиз раислигида экологик ҳолатни яхшилаш ва “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш юзасидан ўтказилган йиғилишда қайд этилган ўта муҳим масалалар ижроси юзасидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг баёноти ишлаб чиқилганини маълум қилдилар.

Шундан сўнг йиғилиш иштирокчилари эътиборига Уламолар Кенгаши баёнотини Муфтий ҳазратлари ўқиб эшиттирдилар.

Йиғилишда ушбу баёнот юзасида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков шундай деди:

– Бугун атроф-муҳитни асраш, иқлим ўзгаришлари глобал масалалардан бири. Юртимиз ҳам бундай долзарб муаммолардан четда эмас. Орол денгизининг қуриб бораётгани, чанг-тўзонлар тез-тез содир бўлиши, ёғингарчилик камайиб кетиши каби муаммоларга дуч келяпмиз. Бунинг олдини олиш мақсадида, яшил ҳудудларни кўпайтириш ишида фаол бўлиш, атроф-муҳитни ифлослантиришдан сақланиш лозим. Зеро, динимиз ҳам доим покликка, атроф-муҳитни асраб-авайлашга тарғиб этади.

Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасур домла Раупов:

– Табиат мусаффолигини асраш, уни келажак авлодга бекаму кўст етказиш ҳаётий вазифа. Айниқса, ёш авлодда она табиатга ҳурмат, унинг бебаҳо неъматларини ардоқлаш туйғусини ошириш орқали экологик маданиятни, тозаликка риоя қилиш кўникмаларини шакллантиришга эришамиз. Бу эса инсон саломатлиги ва узоқ умр кўришида асосий омил. Шу боис, баёнотда қайт этилганидек, маҳаллаларда, масжидларда кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш ишларини кенг кўламда олиб бориш, бугунги кундаги асосий вазифа экани яққон намоён бўлмоқда, деди.

Тошкент шаҳридаги “Сирож Солиҳ” масжиди имом-хатиби Ҳасан домла Қодиров:

– Ободлик кўнгилдан бошланади, дейди доно халқимиз. Бу нақл мазмунидан инсон маънавияти, тарбияси унинг ён-атрофга, табиатга муносабатида ҳам акс этишини англаймиз. Бироқ ишга, ўқишга йўл олар эканмиз, баъзан оёқ остида бўш пластик идиш, писта қолдиқлари, музқаймоқ қоғозлари ва шу каби нарсаларга кўзимиз тушади. Бу нарсаларни нафақат айрим ёшлар, балки катта ёшдагилар ҳам бепарво ташлаб кетаверганини англаб, афсусланамиз. Ислом динимиз бандаларни доимо покликка, озодаликка буюрган. Шу нуқтаи назардан, баёнотда келтирилган муҳим масалалар халқимизда атроф-муҳитга бўлган муносабатини яхши томонга ўзгартишга ҳисса қўшади, инша Аллоҳ.

Тошкент ислом институти ректори Уйғун домла Ғофуров:

– Баҳор келиши билан атроф-муҳит, ҳовли ва яшаш жойлар, ўқув даргоҳлари ҳамда маҳаллаларни саранжом-саришта қилиш бўйича оммавий ҳашарларни уюштириш миллатимизга хос фазилатлардандир. Биз ҳам институтимизда бундай ишларни ҳар йили амалга ошириб келамиз. Жорий йил Юртбошимизнинг “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг ҳаётга татбиқ этилаётгани бу борадаги саъй-ҳаракатларимизни янада жонлантиришига ишонаман. Уламолар Кенгашининг баёноти ҳам барча таълим даргоҳларида кўкаламзорлаштириш ишларининг янада жадаллашишига катта туртки беради, албатта.

Муҳокамаларда муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ушбу баёнотда келтирилган долзарб масалаларга теран кўз билан қараш, муаммоларни бартарф этишга жонбозлик кўрсатиш, ушбу мавзулардаги ояти карима ва ҳадиси шарифларнинг мазмун-моҳиятини афкори оммага чуқур етказиш, умуммиллий лойиҳани амалга оширишда виждонан ёндашиш, ихлос ила саъй-ҳаракат қилишга барчани даъват этиш, айниқса, дин пешволари бу борада ҳақиқий намуна бўлишлари зарурлигини алоҳида қайд этдилар.

Йиғилиш сўнггида Уламолар Кенгаши баёноти қабул қилинди, унинг тўлиқ матни матбуотда эълон қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Оилавий ажримлар бугунги кунда долзарб муаммо, жамиятимизнинг оғриқли нуқтасига айланиб улгурди. Юртимизда жар ёқасига келиб қолган оилаларни асраб қолишга, болаларни тирик етим, оналарни тўл қилмасликка жиддий эътибор қаратиляпти.Маҳалла фаоллари, диний уламолар, маънавият ва маърифат тарғиботига дахлдор ташкилотлар ва кенг жамоатчилик саъй-ҳаракатларига қарамай, афсуски, оилавий ажримлар сони кескин камаймаяпти. Шу ўринда бир савол туғилади: Хўш, нега ажримлар, оилада низоли ҳолатлар вужудга келяпти? Оқибатлари ўрганилганда, оилаларнинг ажралиб кетишига моддий етишмовчилик, учинчи шахс аралашуви, бефарзандлик, жуфти ҳалолига хиёнат, узоқ вақт бирга яшамаслик, ўзаро бир-бирини тушунмаслик сабаб бўлаётгани ойдинлашади. Тан олиш керак, оилаларнинг бузилиб кетишига қайнона-келин муносабатларининг ёмонлашуви, ачинарлиси, жаҳл устида айтилган биргина аччиқ гап ҳам сабаб бўлмоқда.

Қолаверса, ажрашиш ҳолатлари оилалардаги келишмовчиликлар, ўзаро муҳаббатнинг йўқлиги, феъл-атворнинг тўғри келмаслиги, эр ёки хотиннинг касаллиги, ачинарлиси, айрим йигитларнинг ичкиликбозлик, гиёҳвандликка берилиб кетиши ёки бошқа аёллар билан ҳаёт кечириши натижасида ҳам келиб чиқмоқда.

Оила деб аталмиш муқаддас қўрғоннинг бузилишига кўпинча шу қўрғоннинг устуни бўлган эркакларнинг ичкиликка берилиб кетаётганлиги, рўзғорнинг кам-кўстини тўғрилаш масъулияти ва падарлик бурчини унутиб қўяётганлиги ҳам сабаб бўлмоқда. Ажрим ёқасига келиб қолган оилалардаги вазият ўрганилганда рўзғордаги етишмовчиликка, эркакларнинг оиласидаги ўз ўрни ва мавқеини йўқотишларига айнан ичкилик сабаб бўлаётгани ойдинлашади.

Икки-уч болали ота ва оналарнинг “Характеримиз тўғри келмади” деган важ-баҳона билан ажрашиш ҳақида қарор қабул қилишаётгани, вояга етмаган фарзандларининг келгусидаги тақдирини ўйлаб ҳам кўришмаётгани, ҳаётнинг кичик бир зарбасидан гангиб қолиб, зиммасидаги юксак масъулиятни унутишаётгани қалбларни ларзага солади. Мана шундай вазиятларда азал-азалдан оила кексалари, маҳалла нуронийлари томонидан учқуннинг аланга олмаслиги чоралари кўрилган. Яъни ёшларга панд-насиҳатлар, ибратли воқеалар сўзлаб берилган. Ўйланмай ташланган қадамларнинг оғир оқибатлари ва асоратлари ҳақида огоҳлантирилган. Хўш, бугун-чи? Ё ёшлар кекса ота-оналари, маҳалла оқсоқоллари гапларига қулоқ солишмаяпти ёки ҳаётий тажрибаси бой нуронийларимиз ёшларга панд-насиҳатлар қилишни унутиб қўйишган.Ажримларнинг яна бир жиддий сабаби ўткинчи ҳою-ҳаваслар ортидан қарзга ботиб қолиш ҳисобланади.

“Шоҳона” яшаш, қиммат машина миниш, данғиллама тўйлару зиёфатлар қилиш ниятида бемақсад, режасиз қарз ва кредитлар олиш, сўнгра уни қайтаролмагани учун юзага келадиган нохуш вазиятлар оилавий ажримларнинг сабабларидан бирига айланаётгани ҳам бор гап. Наҳотки қарзга ботишдан олдин уларнинг атрофида “Кўрпангга қараб оёқ узат” деган нақлнинг мағзини чақиб берадиган бирорта нуроний ҳозир бўлмаган бўлса?! Ҳар бир оилавий ажримга жамиятнинг катта фожиаси сифатида қараладиган фурсат етиб келди. Ҳар бир инсоннинг оилавий бахт топишга, ҳаётини тинчлик-тотувликда кечиришга ҳаққи бор.

Ҳурматли маҳалла фаоллари, пиру бадавлат нуронийлар, имом-хатиб ва отинойилар! Хонадонларда бақир-чақирлар эмас, фарзандларнинг қувноқ кулгуси янграб туриши йўлида фидойи ва фаолроқ бўлайлик. Зеро, бу бизнинг маънавий бурчимиздир.

Насиба Хусенова, “Сардоба” МФЙ отинойиси.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янги босқичга кўтариш ва аёлларнинг жамиятдаги ўрнини янада юксалтириш ва мустаҳкамлаш, шунингдек, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, оилавий зўравонликнинг олдини олиш, гендер тенгликни қарор топтиришга қаратилган муҳим чора-тадбирлар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

“Донишманд халқимиз ҳамиша аёлларни эъзозлаб яшаган, хотин-қизларга юксак эҳтиром кўрсатиб яшаш эл-юртимизга хос азалий қадриятга айланган.

Буни муқаддас Қуръони каримнинг энг катта сураларидан бири – “Нисо”, яъни “Аёллар” деб аталиши ҳам тасдиқлайди. Аллоҳ таоло ушбу сурада инсонларни аёлларга адолатли муносабатда бўлишга даъват этади.

Муқаддас ҳадиси шарифларда ҳам хотин-қизларга доимо яхшилик қилиш буюрилган.

Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Беруний, Ибн Сино, Амир Темур, Алишер Навоий, Бобур Мирзо каби улуғ аждодларимиз, маърифатпарвар жадидларимиз ҳам оиланинг тинч, мустаҳкам ва фаровон бўлишида, фарзандлар тарбиясида хотин-қизларнинг ўрни ва таъсири беқиёс эканини алоҳида таъкидлаганлар.

Бугунги кунда муҳтарама опа-сингилларимиз жамиятимизда олиб борилаётган ўзгариш ва янгиланишлар жараёнида, бошқарув тизимида, тадбиркорлик, илм-фан, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат соҳаларида, маҳаллаларда қанчалик фидокорона меҳнат қилиб келаётганини ҳаммамиз яхши биламиз ва юксак қадрлаймиз", - деди давлатимиз раҳбари.

Mанба: https://t.me/Press_Secretary_Uz/1325

Мақолалар

Top