Рамазон

Рамазон қалбларни бирлаштиради

Рамазоннинг ўзига хос файзу баракаси бор. Бу ойда нафсимиз ислоҳ топади, сабр-тоқатимиз синовдан ўтади. Бу ой фақат оч юриш, роҳат-фароғатдан тийилишдан иборат эмас. Бу ойда киши қалбидаги раҳм-шафқат ва меҳр-мурувват туйғулари юксалади. Айниқса, чанқоқ ва  очликни  бошидан кечираётган кишининг  қалби юмшаб, мулойим бўлади. Фақат ўз нафсини ўйлаб яшашдан тийилиб, муҳтож ва ночор кишиларни ўйлаб,  уларнинг ҳолидан хабар олишни одат қилади. Муслим ва Термизий ривоятида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Ким бир мўминнинг дунё ишларидан бирини енгиллатса, Аллоҳ таоло қиёмат кунида унинг машаққатларидан бирини енгиллатади. Ким қийналиб қолган муҳтожга ёрдам берса, Аллоҳ таоло унга дунё ва охиратида ёрдам беради. Ким бир мусулмоннинг айбини яширса, Аллоҳ таоло дунё ва охиратда унинг айбини яширади. Ким ўз биродарига ёрдам берса, Аллоҳ таоло унинг ёрдамида бўлади”.

Ҳадиси шарифдан аён бўлаётирки, ҳар қандай яхшилик беиз кетмайди. Бетамаъ яхшиликнинг мукофоти бор. Бу ойда ибодат, тиловат, хайру эҳсонлар кўпаяди. Бойлар ва камбағалларнинг баробар рўза тутиб, таровеҳ ва ҳайит намозларини биргаликда адо этиши бир-бирига  қалбларини яқинлаштиради, одамлар ўртасида якдиллик, бирлик ва бирдамлик вужудга келади. Айниқса, рўзадор кишилар биргаликда ифторга бориб, бир-бирларини иззат-икром қилишининг ўзи ҳам меҳр-мурувват ҳисси шаклланишига ёрдам беради. Бир донишманд мурувватни шундай таърифлайди: “Ақл сени энг фойдали ишга буюрса, мурувват эса энг чиройлисини қилишга ундайди”.

Демак, ақл инсонга яхши ва ёмон амални ажратиб, фарқлаб беради ва яхшисини қилишга йўл кўрсатади. Мурувват эса ўша амални янада чиройли бажаришга йўл кўрсатади. Бугунги кунда интернет ва мобил телефонлар одамларни бир-бирига улфат қилиш, узоғини яқин қилиш ўрнига уларни бир-бирларидан бегоналаштириб қўяётгандек. Ҳатто бир-бири билан кўришганда салом-аликдан нарига ўтмайдиган ҳолат пайдо бўлмоқда. Қайси бир суҳбатда бўлсангиз ўша суҳбатда, албатта, мобиль телефони ҳам “суҳбатдош” га айланмоқда.

Ҳамжиҳатлик ва бирдамлик ҳар бир амалнинг баракаси ва хайрини янада оширади. Шунинг учун динимизда бир рўзадорнинг қорнини тўйғазишнинг ажр-савоби улуғлигини таъкидлаб қўйилган. Шунга ўхшаш хислатлари билан рўза ойи қалбларга ўзгача шукуҳ ва қувонч бағишлайди. Инсон нафсини тийиш орқали катта ажр-савоб олади, бир рўзадорга қувонч улашса ўзини бахтиёр ҳис қилади. Айниқса, ифтор вақти яқинлашганда қалбимиз ва нафсимизга ўзгача хурсандлик инади. Буни кўпчилик билан баҳам кўрилса, ажр-савоби улуғлигини тасаввур қилаверинг. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу уйига меҳмон келмай қўйса хафа бўлиб йиғлар экан. “Нега йиғлаяпсиз”, деб сўралса: “Етти кундан бери меҳмон келмай қўйди, Аллоҳ мендан нафратланади, деб қўрқаман”, дер экан.  Уйига меҳмон келса, ранжийдиган ва ўзига оғир оладиганлар ҳам йўқ эмас. Ҳазрати Алининг меҳмон келмай қўйгандан хафа бўлишини бир ўйлаб кўрайлик. Ана шу ҳолатнинг ўзида ҳам меҳр-мурувват ва бошқаларга яхшилик қилиш ва шу орқали ажр-савоб топишга интилиш мавжуд. Рамазон ойининг рўзасини тутиш билан қалбимизни меҳр-муҳаббат туйғуси эгалласа, демак, рўзамиздан ўзимизга фойда етибди ва кўзлаган мақсадимизга эришибмиз. 

 

Бобомурод ЭРАЛИ

76927 марта ўқилди

Мақолалар

Top