Рамазон-2018

Рўза тутмасликка узрли кишилар

Маълумки, рўза нафақат инсон руҳияти ва маънавиятига, балки организми учун ҳам ижобий таъсир кўрсатиши шубҳасиз. Рўза тутиш рамазон ойида фарз бўлса-да, уни баъзи узрлар сабабли рамазондан бошқа пайтларда қазо қилиб тутиш ҳам мумкин. Мусофирлик, касаллик, ҳомиладорлик, кексалик ҳамда ҳайз ва нифос кўрган аёл шулар жумласидандир. Қуйида улар билан бирма-бир танишамиз:

1. Мусофирлик. Маълумки, сафар машаққат, қийинчилик ва хавф-хатарлардан иборат. Доно халқимизда, “Йўл азоби – гўр азоби” деган мақол бежиз айтилмаган. Шундай экан, мусофир ҳар хил ноқулай аҳволга тушади, қийинчилик ва машаққатларга дуч келади, заҳмат чекади, имкониятлари чекланиб, кўп нарсага эҳтиёж сезади ва ҳоказо. Табийики, бу динимиз кўрсатмаларини адо этишда ҳам билинади. Ҳаётнинг барча жабҳасини қамраб олган Ислом динида ҳам шуларга алоҳида эътибор қаратган. Мусофир ва беморлар каби ночор кишиларга имкониятларига қараб енгилликлар ато этилган. Зотан, Ислом енгиллик динидир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди” (Бақара сураси, 185-оят). Шундай экан, Аллоҳ таоло ҳар бир бандага тоқатидан ортиқчасини юкламайди. Мусофир киши шариатнинг қайси кўрсатмасида қийинчиликка дуч келмасин, албатта, унга динимизда енгиллик бор. Жумладан, Рамазон рўзасини тутишда ҳам. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “...Бас, сизлардан ким бемор ёки сафарда бўлса, саноғи бошқа кунлардандир...” (Бақара сураси, 185-оят). Демак, бемор ва мусофирларга Рамазонда рўза тутмасликка рухсат бор. Шарти шуки, хаста касалликдан тузалгандан, мусофир сафардан қайтиб, ўз юртига келганидан кейин, албатта, қолдирган кунлари миқдорича қазо тутадилар.

Мусофир сафар давомида қийинчиликка дуч келиши ё келмаслигидан қатъи назар, Рамазон ойи рўзасини тутмаслиги мумкин. Аммо сафар давомида машаққат бўлмаса, рўза тутиши фазилатдир. Зеро, Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: Агар билсангиз, рўза тутишингиз яхшироқдир (Бақара сураси, 184-оят).

Рамазон рўзасини тутиб, тонг отганидан кейин сафарга чиққан киши ўша куни рўзасини очмаслиги зарур. Мабодо очса, қазо вожиб бўлади. Шунингдек, мусофир кундузи юртига кириб борадиган ё муқим бўладиган бўлса ҳам, ўша куни рўза тутиши керак. Ўша куни рўза тутмаган ҳолда, Рамазони шарифнинг ҳақ-ҳурматидан қуёш ботгунича емай-ичмай туриши вожибдир.

2. Касаллик. Кишининг саломатлиги доимо ҳам бир хил бўлавермайди, албатта. Шунга кўра, беморларнинг рўза тутиши ёки тутмаслиги ҳақида бир тўхтамга келиш қийин. Бу борада, уларга умумий кўрсатма эмас, балки аҳволлари обдон ўрганилгач, ҳар бирига тегишли хулоса ва тавсиялар берилади. Зеро, бунда саломатликни асраш билан бир қаторда, Аллоҳ таолога итоат бор. Унутмаслик лозимки, динимизда белгиланган енгилликлар, хусусан, рўза тутиш ёки тутмаслик борасидаги кўрсатмалар тиббиёт ва Ислом динини пухта ўрганганлар томонидан тавсия қилинади. Баъзи беморлар бу борада, хасталар ҳолатини яхши тушуниб, тўғри тавсия берадиган, ўз ишига моҳир шифокорларга мурожаат қилиш ўрнига, тиббиётдан умуман хабари йўқ кишилардан фатво сўрашади. Бу эса, тўғри эмас.

Кўп беморлар рўза тутмоқчи бўладилар, лекин қувватлари етмайди ёки рўза тутишса, касаллиги оғирлашади ёки касаллик белгилари жиддийлашади. Ҳолбуки, Ислом енгиллик динидир. Аллоҳ таоло ҳар бир бандага тоқатидан ортиқчасини юкламайди. Бемор киши шариатнинг қайси кўрсатмасида қийинчиликка дуч келмасин, албатта, унга ҳам динимизда енгиллик бор. Жумладан, Рамазон рўзасини тутишда ҳам. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “...Бас, сизлардан ким бемор ёки сафарда бўлса, саноғи бошқа кунлардандир...” (Бақара сураси, 184-оят). Демак, оятда таъкидланганидек, бемор ва мусофирларга Рамазон рўзасини тутмасликка рухсат бор. Аммо улар шулардан фориғ бўлгач, албатта, қолдирган кунларини қазо тутадилар.

Рўза тутса, касаллигининг оғирлашиши, дардининг зўрайиши ёки тузалишининг чўзилишидан қўрққан касал киши Рамазон ойи рўзасини тутмаслиги мумкин. Рўза тутган бемор дарди кучайганидан рўзасини очса, унга каффорат лозим бўлмайди. Мабодо касал одам кундузи тузалиб қолса, ўша куни Рамазони шарифнинг ҳақ-ҳурматидан қуёш ботгунича емай-ичмай туриши лозим.

3. Ҳомиладор аёл. Бундай аёл, ўзининг ёки боласининг соғлиғига зарар етишидан қўрқса, Рамазон ойи рўзасини тутмаслиги жоиз. Зеро, Рамазонда рўза тутиш ҳомиладор аёлда физиологик ва кимёвий ўзгаришларга сабаб бўлиши илмда исботланган. Бу ерда ҳукм ҳомиланинг ойига кўра эмас, балки аёлнинг ва ҳомиланинг ҳолатига қараб белгиланади.

Агар ҳомиладор аёл соғлом бўлиб, ўзини яхши ҳис қилса ва бирор аъзосидан шикояти бўлмаса, рўза тутса, зарари йўқ. Акс ҳолда, рўза тутмайди. Ҳомиладор аёллар Рамазон ойи киришидан олдин ўзлари ва ҳомилаларини мусулмон шифокор кўригидан ўтказишлари лозим. Кейин, ҳолатларига қараб рўза тутиш ёки тутмасликлари белгиланади. Агар текширишлар натижаси ижобий чиқса, шифокор рўза тутишга рухсат беради. Акс ҳолда, йўқ. Мабодо рўза тутганда ҳомиладор аёлларда қондаги қанд миқдори пасайиб кетгани ёки ғайри табиий ҳолат борлигидан қаттиқ бош оғриғи, кўзлар қамашиши, қаттиқ чарчоқ босиши ёки ўрнидан туришда қийналиш ҳолатлари кузатилса, дарҳол рўза тутиш ёки тутмаслик учун шифокор билан маслаҳатлашлари зарур.

Ҳомиладор аёлларга қуйидаги ҳолатларда рўза тутиш тақиқланади:

– Қон босими ўлчаганда, ўлчагичнинг юқори рақами 100 дан паст натижани кўрсатганда. Зеро, ҳомиладор аёл бундай ҳолатда рўза тутса, ўзини тутиб туролмаслик тугул, ҳатто ҳушидан кетиб қолиши ҳам эҳтимолдан холи эмас;

– Ҳомиладорликдаги қусиш онларида. Айниқса, бу ҳолат ҳомиладорликнинг аввалги уч ойида оғир кечади;

– Ҳомиладорлик даврида заҳарланганда. Зеро, шу аснода қон босими кўтарилиб, пешобда албумин пайдо бўлади, аъзоларда шиш кузатилади, қонда қанд миқдори кескин пасайиб кетади. Оқибатда, органик касалликлар келиб чиқади. Бу ҳолатдан дард чеккан бемор, албатта, шифокор назоратида бўлиши зарур.

4. Эмизикли аёл. Бу тоифадаги аёллар ифторликдан кейин саҳарликкача бўлган вақт мобайнида витаминларга бой озуқалар истеъмол қилишлари шарти билан Рамазон рўзасини тутишларига рухсат бор. Шундай қилингандагина рўзадорлик пайтида сарфланган зарурий моддалар ўрни қопланади. Таъкидлаш зарурки, у озуқалар эмадиган болага ҳам салбий таъсир кўрсатмаслиги керак. Акс ҳолда, рўза тутишлари мумкин эмас. Агар рўза тутилса, эмизикли аёлнинг ўзи ё эмадиган болага зарар етиши тахмин қилинса ёки эмизишга салбий таъсир ўтказса, ундай аёл рўза тутмаслиги мумкин. 

5. Ҳайз ва нифосли аёллар. Аёллар ҳайз ва нифос ҳолатида рўза тутишлари мумкин эмас. Мабодо рўза тутаётган аёл ҳайз кўриб қолса ё кўзи ёриб, нифос қони чиқса, рўзасини очади. Ҳайз ё нифос қонидан тонг отганда тоза бўлган аёл ўша куни рўза тутмайди, лекин юқорида таъкидланганидек, Рамазони шарифнинг ҳақ-ҳурматидан қуёш ботгунича емай-ичмай туриши вожибдир. Чунки нифос ёки ҳайзли бўлатуриб тутилган рўза ўтмайди. Аёллар Рамазонда ҳайзли ё нифосли бўлиб қолсалар, покланганларидан кейин қазосини тутиб берадилар. Зеро, йилда бир келадиган рўзани қазосини тутиш машаққат эмас.

6. Қарилик. Бу тоифага мансуб кишилар соппа-соғ бўлсалар-да, ёшлари улуғлиги эътиборидан, рўза тутсалар қийналиб, ҳолдан тойишади. Шунга кўра, улар рўза тутмасликка узрлидирлар. Зеро, Қуръони каримда бундай дейилган: “Мадори етмайдиганлар зиммасида бир мискин кимсанинг (бир кунлик) таоми фидядир” (Бақара сураси, 184-оят). Демак, рўза тутишга қуввати етмайдиган чол ва кампирлар рамазон ойи рўзасини тутмайдилар, балки, рамазоннинг ҳар бир куни ҳисобидан фитр садақаси миқдорида фидя берадилар. Кексалар фидя беришларининг боиси, кундан-кунга қариб заифлашиб боришлари ва қайтиб ёшариб рўза тутишларидан умид йўқлиги эътиборидандир. Аммо Рамазон ўтгач, қувватга кириб қолишса, гарчи фидя берган бўлсалар-да, қолдирган рўзаларининг қазосини тутиб беришлари шарт. Шунингдек, мусофир муқим бўлгач, касал соғайгач, ҳомиладор ва эмизикли аёлдан зарар хавфи кетгач, ҳайз ё нифосдаги аёл тоза бўлгач, Рамазон ойи рўзасидан тутмаган кунларининг қазосини тутиб беришлари лозимдир.

Уламоларимиз қуйидаги тоифаларни ҳам рўза тутмасликка узрлилар қаторига қўшишган:

7. Очлик ва чанқоқлик оқибатида ҳолдан тойганлар. Ўта қаттиқ очлик ёки чанқоқлик оқибатида ҳалок бўлиш даражасига етган, ақлига ёки бирор аъзосига хавф туғилган киши ҳам рўза тутишдан узрли ҳисобланади. У ҳам кейин қазосини тутиб беради. Чунки Аллоҳ таоло бундай деган: “Ўзингизни қўлингиз билан ҳалокатга ташламанг...” (Бақара сураси, 195-оят).

8. Мажбурланган шахслар. Бировни ўлдириш ёки аъзоларидан бирини ишдан чиқариш билан таҳдид солиниб, рўзасини очишга мажбурланган киши ҳам узрли ҳисобланади. Қазосини кейин тутиб беради. Мажбурлаб, зўрлик билан номусига тегилган аёлнинг рўзаси очилади ва қазосини тутиб беради.

Бошқалар томонидан гуноҳ ишни қилишга мажбурланган киши осий бўлмайди. Зотан, Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинган ҳадисда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Албатта, Аллоҳ менинг умматимдан хатони, унутишни ва мажбур қилинган нарсани кечиргандир”, дедилар (Имом Ибн Можа ривояти).

Мажбур қилувчилар эса оғир гуноҳни содир қилган бўлишади. Мажбур қилиб рўзасини очтириш, намоз ўқитмаслик, динга қарши гапларни айттириш шулар жумласидандир. Мажбурлаш дейилганида, мажбур қилинаётган одамнинг жони ёки бирор аъзосига таҳдид солиниши назарда тутилади. Демак, бундан паст даражадаги мажбурлаш гуноҳ ишни қилаверишга асос бўлолмайди. Фақат ўлим хавфи ёки танасидаги аъзоларидан бирининг йўқолиши, майиб бўлиши хавфигина шаръий эътибордаги мажбурлаш ҳисобланади.

9. Машаққатли касб эгалари. Касбини тарк қилса, куни ўтмайдиган ёки рўза тутса, касбини бажара олмайдиган киши ҳам узрли ҳисобланади. Бу тоифага новвой, темирчи ва кон ишчилари кабилар киради. Улар саҳарликка туриб, рўзага ният қиладилар. Иш жараёнида ҳолдан тойиб қолишса, рўзани очиб, кейин қазосини тутиб беришади. Аммо, бу тоифадаги кишилар ушбу касбларидан бошқа йўл ёки ишни камайтириш билан тирикчилик ўтказишга ёхуд таътил олишга имконлари бўлса, узрли ҳисобланмайдилар.


Толибжон ҚОДИРОВ 
тайёрлади.

48020 марта ўқилди

Мақолалар

Top