muslim.uz

muslim.uz

«Huquq» газетасининг 42-сонида чоп этилган «Сериал – вақт кушандаси(ми)?» сарлавҳали мақолада бугунги куннинг долзарб муаммолари, жумладан, юртимиз телеканалларида намойиш этилаётган хориж сериаллари эфир соатининг кўплиги, улардаги қаҳрамонлар кийими хижолатомуз аҳволда эканлиги, ушбу ҳолатлар ҳамда қадаҳлар акс этган саҳналар хиралаштириб берилаётгани, бу эса томошабин онгига салбий таъсир кўрсатиши ёритилган.

Шу мавзуда устозимиз шайх Муҳаммад Юсуф Муҳаммад Содиқ ҳазратлари бундай деган эди: «Афсуски, бу ҳозир тўғриланиши керак бўлган долзарб мавзулардан бири. Буюк алломалар юрти бўлган жойларда одамлар аждодларимиздан эмас, балки улар қаттиқ қайтарган нарсалардан ибрат олиши ачинарли ҳол. Яъни одамлар динимиз қайтарган нарсалардан ибрат олишмоқда.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир қавмга тақлид қилса, у ўшалардандир” деган» (Имом Абу Довуд ва Имом Насаий ривояти).

Шарҳ: ўз қавми, ўз дини ва урф-одати туриб, бошқаларнинг турмуш тарзини, кийиниш ва ҳаётдаги бошқа нарсаларини устун қўйиб, жон-жаҳди билан уларга ўхшашга ҳаракат қилиш одамга ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Ўша одам «ҳар кимга ниятига яраша» қоидасига биноан ўзи тақлид қилган қавмдан бўлади. Кофирларга ўхшашни орзу қилиб уринган бўлса, кофирлардан бўлади. Фожирларга ўхшашга ҳаракат қилган бўлса, фожир бўлади ва ҳоказо…

Ислом уммати Аллоҳ таоло юборган таълимотларнинг энг мукаммалига, ҳар бир замон ва маконга муносиб таълимотга раво кўрилган. Ҳақ таоло бу умматни бошқа барча умматлар устидан шоҳид қилиб, ҳар бир нарсада ўзига хосликни бериб қўйган. Шу боис ҳам бу умматга ўзидан бошқаларга ўхшашга ҳаракат қилиш, Аллоҳ таоло осмондан туширган нарсани қўйиб, бошқа миллатлар ердан чиқарган нарсаларга ҳавас қилиши мутлақо тўғри келмайди.

Юқоридаги ҳадисда фақат кийим ҳақида эмас, балки умуман ташқи қиёфани қандай тутиш кераклиги ҳақида ҳам сўз кетмоқда. Демак, ташқи қиёфа маданиятида ҳам ҳар ким ўзлигини, яъни эркак эркаклигини, аёл аёллигини, мусулмон мусулмонлигини унутмаслиги керак. Худди шундай мусулмонлар бошқа миллатларга хос бўлган, уларни мусулмонлардан ажратиб турадиган нарсаларга тақлид қилмасликлари лозим».

Муновий розияллоҳу анҳу айтади: «Ҳаё икки хил бўлади: нафсоний ва иймоний. Биринчиси барча инсонларда яратилган бўлади. Унга авратни очишдан ёки одамлар ҳузурида жинсий яқинлик қилишдан ҳаё қилиш кабилар киради. Иккинчиси эса мусулмоннинг Аллоҳдан қўрқиб ҳаром ишлардан тийилишидир».

Гуноҳларнинг ёмонликларидан бири ҳаёни кетказишидир. Ҳаё – барча яхшиликларнинг асоси. Унинг кетиши барча яхшиликларнинг кетишидир. Гуноҳлар аста-секин ҳаёни заифлаштириб, бир йўла йўқ қилиб юбориши ҳам мумкин.

Ойнаи жаҳонда бериб борилаётган фильмларнинг баъзилари инсон психологияси, ақли ва қалбига салбий таъсир қилмоқда. Бу эса жамиятда янги жиноятлар содир бўлишига олиб келмоқда.

Маълумки, инсон икки, бир-бирига зид бўлган руҳ ва нафс жам қилинган ягона мавжудот ҳисобланади. Шундай экан, салбий оқибатларга етакловчи фильмлар инсонда ёмон оқибатларни келтириб чиқаради. Энг хатарлиси ёш йигит-қизлар бундай фильмларни ота-онаси билан кўриши ва фильм қаҳрамонларига ўхшашга ҳаракат қилишидир.

Менимча, инсон маънавий-руҳий озуқа оладиган тарихий, ёшларни ватанга муҳаббатли бўлишга чорловчи фильмларни кўпайтириш керак. Халқимизнинг маънавий иммунитетини кучайтириш лозим. Фильмлар оммага намойиш қилинишдан олдин уламолар ва турли соҳа вакиллари муҳокамасида тасдиқланиши зарур деб ўйлайман. Зеро, «Маслаҳатли тўй тарқамас» деб бежиз айтилмаган.

Жасур РАУПОВ,
Тошкент вилояти бош имом-хатиби

Среда, 20 Январь 2021 00:00

Ниқоб таққан устоз ким эди?

Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Сунани Термизий” асарларига Ҳабибур Роҳман Ал-Хойрободий ҳазратлари “Мискуш шазий” номли шарҳ битмишлар. Ҳазрат ушбу китобларида бир ҳадисни шарҳлаб, қизиқ ва ибратларга тўла бир воқеани келтирадилар. Ўша ибратли воқеани сизларга ҳам айтиб бергим келди...

“Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Имомдан илгари бошини кўтаргувчи киши Аллоҳ унинг бошини эшакнинг бошига ўхшатиб қўйишидан қўрқмайдими?!” (Ҳасан-Саҳиҳ ҳадис).

Ушбу ҳадисни шарҳлаб Ҳазрат қуйидагиларни айтадилар: “Баъзи муҳаддислар ҳикоя қилиб берадилар. Улардан бири ҳадис илмида донғи ва шуҳрати овоза бўлган бир шайхнинг ҳузурига Дамашққа қараб йўл олади. Шайхнинг даргоҳига етгач, унинг талабаси бўлиш бахтига эришади. Талабалик вақтларида ҳадисларни мукаммал тарзда ўрганиб, шайхнинг “ҳадис мактаби”ни битириб чиқади.

Шунча йиллар ўтса ҳамки, шогирд бирор марта устозининг юзини кўрмаган, чунки устози ниқоб тутиб юрар эди. Ҳеч ким уни юзини кўролмасди. Бояги шогирд бошқа толиби илмларга қараганда устозига ўзини жуда яқин тутар, хизматини ҳам қилар, унга қаттиқ ихлос кўрсатар эди. Унинг самимий муносабати ва ҳадис ўрганишга кучли иштиёқини кўрган устоз қадрли шогирдига бир кун ўз сирини очди – юзидан ниқобини тортди. Не кўз билан кўрсинки, устозининг юзи эшакнинг юзига ўхшаб турар эди. (Аллоҳу Акбар!) Устоз сўзлади: “Эй, ўғлим, сен менинг ҳолимга тушиб қолмаслик учун мен қилган хатони қила кўрмагин! Мен “Имомдан илгари бош кўтармаслик” ҳақидаги ҳадисни ўқиганимда, имомдан олдинга ўтиб кетувчининг оқибати ҳақиқатда шунақа бўлармикин, дея ишонқирамай қарадим ва намоздаги амалларда имомдан олдинга ўтиб кеттим. Мана, кўриб турганингдек, юзим шу ҳолга келиб қолди”. Устозини диққат билан тинглаган софдил шогирд Аллоҳга дуо қилди ва унга шифо тилади. Аллоҳ таоло шогирднинг устозига қилган дуосини ижобат айлади – шайх яна асл ҳолига қайтди”... (Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ!)

Ушбу ҳадис ва унинг ажиб шарҳида бир қанча ибратлар бор.

Жанобимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг ҳақ ва ростгўй Пайғамбаридирлар. Ҳеч қачон ҳавои нафсдан сўзламайдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларига асло шак қилиб бўлмас. Ишонмаслик ва тажриба қилиб кўриш оқибати эса юқоридаги шайх қиссасида ўтди.

Энди тасаввур қилинг-а, кимнингдир бошига ушбу шайхнинг ҳолатидек кулфат тушса, дейлик бирортамиз шу имтиҳонга дучор бўлсак, нима қилар эдик?! Қилаётган касбимиз, олаётган илмимиз ҳам кўзимизга кўринмай, дод солиб, йиғлаб, ҳолатимиздан ўтакамиз ёрилиб, телба бўлиб қолсак керак?! (Аллоҳ сақласин!) Хўш, шайх қандай йўл тутган эди? Аввало шайх хато қилганини англади ва дарҳол тавба қилди.

Сўнгра, ўзини йўқотмади. Аллоҳдан яхши гумонда бўлди. Хунук юзига ниқоб тортиб бўлсада, яна ўз ишини давом эттирди. Тарки дунё қилмади. Чунки у Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари, уларни ўрганиш ва ўргатиш шарафини англаган, бунинг учун бутун умрни сарф этишни мақсад қилганди. Шу ҳолида бўлса ҳам таълимни давом эттирди. Сирини, дардини бировга билдирмади. Биргина хатосини дея, ортга қайтмади. Яхши ҳамки ортга қайтмагани ва Аллоҳдан яхши гумонда бўлгани! Аллоҳ таоло унга самимий ва мухлис бир шогирдни рўбаро этди. Агар ўз ҳолидан уялиб илмни ташлаб кетганида, балки ҳеч қачон бу йигитни учратмас, мустажоб дуосига эришмас эди. Қилинган хатоларга тавба қилиш, Ҳақ таолодан яхши гумонда бўлиш ҳамда илм учун умрни бахшида этиш кишининг яхшилик устида эканлигига бир белгидир.

Яна ўйлаб кўрайлик, биз ихлос қилган устозимиз, дейлик бирор домламиз қандайдир хато қилса, ҳаётда, оиласида биз ўйлагандек бўлиб чиқмаса, нима деймиз? Тахминан қуйидагича: “Суф-е, ҳали шу одамга эргашиб, гапини тинглаб юрибман-ми? Оддий одамлардан фарқи йўғакан. Яна домла эмиш...” дея хафсаламиз пир бўлади. Ихлосимиз ўша ондаёқ сўнади.

Не самимиятким, юқоридаги ҳадис толиби Дамашққа сафар этди. Узоқ йиллар бир шайхнинг этагидан тутди. Тахминан биз ўқийдиган ўрта ва олий таълимни устозининг даргоҳида тамомлади. Битирувдан кейин ҳам ёнида анча йиллар қолиб кетди. Шунча муддат устозидан: “Нега ниқоб тақиб олдингиз?” деб сўраб ҳам кўрмади. Сабабини билиш учун пайт ҳам пойламади. Устоз айтмагунча, билишга интилмади. Шайх ниқобини ечгач, шунча йил ёнида юргани бир “эшак нусха” бўлсада, уни тарк этмади ва ихлосини қўлдан бой бермади. Аксинча, Аллоҳга муножаат айлаб, устозининг ҳақига дуо қилди. Шайхнинг бу содиқ шогирди аслида илм ва ҳадис талабида устозига муҳаббатли эди. Кимдан эмас, нимани ўрганаётганига аҳамият берар эди.

Ҳақиқий шогирдлар шундай бўлса керак: устозининг бору йўғни, каму кўстини қабул қилиб, унинг ҳаққига дуо қилади. Мукаммалик кутмайди. Ўрганган илмига амал қилади. Муаллимнинг таълимини қадрлайди. Ўзи айтишни хоҳламаган сирларини сўрамайди, бировлардан билишга интилмайди. Мақсад – илм ўрганиш, устоз ёки имомни ўрганиш эмас!

Бу дунёда илм олиш ва уни таълим беришдан кўра шарафли вазифа бўлмаса керак. Айниқса, Аллоҳнинг каломи ва Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари ҳамда уларга алоқадор барча илмларнинг қадри ва фазли жуда баланддир. Буни муаллимлар ҳам, толиби илмлар ҳам тенг англашлари, Аллоҳ қўйган мақомларидан юз ўгирмасликлари, шу ўринга муносиб бўлишлари, илм бериш ва олиш машаққатига сабр қилишлари, устоз ва шогирд фақатгина Аллоҳ ризоси учун муҳаббат қилишлари даркор.

Аллоҳим, бизни илм йўлида яшайдиган холис қулларингдан айла! Хайрли илм ва солиҳ устозлар ила неъматлантиргин...

Нилуфар САИДАКБАРОВА,

Тошкент ислом институти ўқитувчиси.

 

Новосибирск вилоятидан уч нафар шифокорга "Меҳр-саховат" кўкрак нишонлари топширилди, деб хабар беради Новосибирск вилояти ҳукуматининг матбуот хизмати.
Sputnik маълумотларига кўра, тақдирлаш маросими Новосибирск шаҳрида бўлиб ўтди. Маросимда Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги Бош консули Юсуп Қобулжанов иштирок этди.
"Меҳр-саховат" кўкрак нишони Давлат Новосибирск вилоят клиник шифохонаси Бош шифокори Анатолий Юданов, Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги академик Е.Н.Мешалкин номидаги Миллий тадқиқот тиббиёт маркази директори Александр Чернявский ва тиббиёт фанлари доктори, профессор, Россияда хизмат кўрсатган шифокор, Новосибирск Травматология ва ортопедия илмий-тадқиқот институти мутахассиси Валерий Прохоренко тақдирланди.
Маълумот учун: "Меҳр-саховат" кўкрак нишони пандемия, табиий офатлар ва фавқулодда вазиятлар, муҳтожларни қўллаб-қувватлаш ва хайрия фаолияти давомида кўрсатилган жасорат учун берилади. Кўкрак нишони Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан таъсис этилди ва унинг номидан берилади.
Россиядан келган бир гуруҳ шифокорларнинг коронавирус инфекциясига қарши курашишга қаратилган миссияси ўтган йилнинг сентябрь ойида ўз ниҳоясига етди. Улар Вирусология илмий-тадқиқот институти, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-тадқиқот институти, шунингдек, Зангиота туман юқумли касалликлар шифохонасида касбий фаолият олиб бордилар. Мингдан зиёд оғир бемор фуқароларга тиббий ёрдам кўрсатилди.
Ой давомидаги ишлар шундай ташкил этилган эдики, делегация бир неча гуруҳларга бўлиниб, мамлакатнинг барча ҳудудларини бирданига қамраб олишга муваффақ бўлди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Среда, 20 Январь 2021 00:00

Жаннатнинг 6 номи

  1. Жаннатун Наъийм.

"Имон келтирган ва эзгу ишларни қилганларни эса, имонлари сабабли Парвардигорлари ҳидоят қилур, неъмати мўл жаннат (боғ)ларда остиларидан анҳорлар оқиб тургай" (Юнус сураси, 9-оят)

 

«Парвардигорлари уларга Ўз тарафидан раҳмат, ризолик ва улар учун неъматлари доимий (бўлмиш) жаннат (боғ)лари тўғрисида хушхабар берур» (Тавба сураси, 21-оят).

 

  1. Жаннатул Адн.

"Аллоҳ мўминлар ва мўминаларга остидан анҳорлар оқиб турадиган, мангу яшаладиган жаннат (боғ)ларидаги ёқимли масканларни ваъда қилди. Аллоҳнинг ризоси эса, (ҳаммасидан) буюкроқдир. Ана шу(лар) улкан ютуқдир" (Тавба сураси, 72-оят).

"(У) абадийлик боғлари бўлиб, (улар) у жойларга ота-боболари, жуфти ҳалоллари ва зурриётларидан иборат солиҳ (банда)лар билан бирга кирурлар" (Раъд сураси, 23-оят).

"Улар остидан анҳорлар оқиб турадиган мангу жаннатларга кирурлар. Улар учун у ерда хоҳлаган нарсалари бордир. Тақводорларни Аллоҳ мана шундай мукофотлагай" (Наҳл сураси, 31-оят).

 

  1. Жаннатул Фирдавс.

"Албатта, имон келтирган ва эзгу ишларни қилган зотлар учун Фирдавс боғлари манзил бўлур" (Каҳф сураси, 107-оят).

 

 

  1. Жаннатул Маьва.

"Имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотлар учун қилган амаллари сабабли жаннат масканлари манзил бўлур" (Сажда сураси, 19-оят).

 

  1. Дарус Салом.

"Аллоҳ (одамларни) тинчлик диёри (жаннат)га чорлайди ва хоҳлаган кишини тўғри йўлга ҳидоят этади" (Юнус сураси, 25-оят).

 

  1. Жаннатул Хулд.

"(Эй, Муҳаммад! Уларга) айтинг: «Шу (дўзах) яхшироқми ёки тақводорларга ваъда қилинган мангулик жаннатими?!» Улар учун (бу) мукофот ва натижа бўлур эди" (Фурқон сураси, 15-оят).

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Президент раислигида маънавий-маърифий ишлар таъсирчанлигини янада ошириш борасидаги долзарб вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

– Ҳаммангиз яхши тушунасиз, агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи – маънавиятдир. – Биз янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси – бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси – аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавиятдир, – деди давлатимиз раҳбари. – Қандай қийинчилик ва синовларга дуч келмайлик, бошлаган барча ислоҳотларимизни, қабул қилган дастурларимизни изчил давом эттираяпмиз. 

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида, Ўзбекистон ёшларининг биринчи форуми ҳамда Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида маънавий соҳалар ривожи учун ғоят муҳим вазифалар ҳам белгилаб олинди.

Янги ҳаёт, янги жамият қуришга қаратилган ислоҳотлар жараёнида маънавий-мафкуравий ишларимизнинг назарий асоси бўлган миллий ғояни ривожлантириш масаласи ғоят муҳим аҳамиятга эга.

Жаҳон тарихига назар солсак, ҳар бир халқнинг юксалиши аввало унинг маънавий бирлашуви, миллий ғояси билан мураккаб синовлардан муваффақиятли ўтиб келган.

Шу боис, таниқли олимлар, зиёлилар, етакчи экспертлар томонидан янги Миллий ғоя концепцияси лойиҳаси ишлаб чиқилиб, жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. 

Унда “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган бош ғоя асосида амалга ошириладиган энг муҳим вазифалар белгиланди. 

Республика Маънавият ва  маърифат марказига вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда миллий ғоя мазмун-моҳиятини кенг халқ оммасига тушунтиришга қаратилган тарғибот дастурини ишлаб чиқиб, уни амалга ошириш вазифаси топширилди. 

– Афсуски, ҳали орамизда миллий ғоянинг, маънавиятнинг моҳиятини тўлиқ англаб етмаган, “маънавият керакми-йўқми”, деб юрганлар ҳам бор. Миллий ғоя деганда, эски совет мафкурасини тасаввур қилиб, “лабига учуқ тошадиганлар” ҳам йўқ эмас.Лекин агар мафкура одамий бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини, унинг қадр-қимматини улуғлашга хизмат қилса, нима учун ундан қўрқишимиз керак? Шу муносабат билан таъкидлаб айтмоқчиман. Биз яратаётган янги Ўзбекистоннинг мафкураси эзгулик, одамийлик, гуманизм ғояси бўлади, – деди Президент.

 

Мақолалар

Top