muslim.uz
Нишонга урилган гаплар: “Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар”
Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.
“Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар” (Юсуф сураси, 87)
Чунки Унинг лутфи тез келувчи, енгиллик бериши яқин ва карами кенгдир.
“Ховатир роқия журнали”
*****
Эй Аллоҳ, Сендан гўзал хотима сўрайман! Эй Аллоҳ, бизга ўлимимиздан олдин насуҳ тавбани насиб айлагин! Эй Аллоҳ, эй қалбларни ўзгартирувчи Зот! Қалбимизни Динингда собит қилгин!
*****
Аллоҳ таоло Ўзига ихлос билан кўтарилган қўлни бўш, қуруқ қайтармайди.
“Ховатир роқия журнали”
*****
Агар осмондан (ерга) яшин тушса ҳам истиғфор айтувчига тегмайди.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу
*****
Бир суткада 24 соат бор.
Бир хафтада 168 соат бор.
Энди холис айтайликчи, шу соатларнинг қанчасини телевизор кўришга, телефонда клип, кино кўришга сарфлаяпмизу, қанчасини ибодатга, фарзанд тарбиясига, китоб ўқишга сарфлаяпмиз?!
*****
Она ўз боласини бағрига босди-да, шундай деди “Агар сени мингта одам яхши кўрса, уларнинг аввалгиси менман. Агар сени битта одам яхши кўрса, ўша менман. Агар сени ҳеч ким яхши кўрмаса, билгинки, мен ўлган бўламан”.
“Ховатир роқия журнали”
*****
Қанийди, оталар кексаймасалар, касал бўлмасалар, хафа бўлмасалар ва кетиб қолмасалар.
“Ховатир роқия журнали”
Интернет материалларидан тўплаб,
таржима қилувчи Нозимжон Иминжонов
Нишонга урилган гаплар: “Ўта ростгўй, омонатдор савдогар Пайғамбарлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан бирга бўлади”
Қуйида келтириладиган ҳадис, фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқдаги саҳифадан олиб таржима қилинган.
РОСТГЎЙ САВДОГАР
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
«Ўта ростгўй, омонатдор савдогар Пайғамбарлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан бирга бўлади». Имом Термизий ривояти.
*****
Бугун Аллоҳ таоло сенга 86400 сония берди. Сен шундан бир сониясида Унга шукрона айтиб АЛҲАМДУЛИЛЛАҲ дедингми?!
*****
Буйрак касаллиги билан оғриган беморнинг буйрагини махсус аппарат воситасида ҳар икки ойда 30 марта ювишади. Оғриқдан жинни бўлай дейди.
Аллоҳ таоло сизнинг буйрагингизни ҳар куни 32 марта ювади. Сиз эса ҳеч нарсани сезмайсиз.
Аллоҳ таолонинг сизга берган неъматлари ҳақида яхшилаб ўйлаб кўринг ва У Зотга ҳамд айтинг!
“Ҳикмат дурдоналари” саҳифасидан
*****
Шикоят белбоғи
— Нега бошингни боғлаб олдинг?
— Бошим оғрияпти.
— Шунча пайт бошинг оғримаганда “шукр белбоғини боғлаш” (шукр қилиш) эсингга келмай, оғриганда дарров шикоят белбоғини боғлаб олдингми?!
*****
Ҳаё, иффат каби аёлнинг қадрини оширадиган нарса йўқ.
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
Ҳанафий мазҳабда “ишораи саббоба” қилишлик тартиби
Намозда ишораи саббоба қилиш ҳақида “Ишора қилиш ҳақида башорат” номли рисолада саҳобалардан йигирма бешта ҳадис ривоят қилингани келтирилган. Қуйида улар билан танишиб чиқсак:
Ибн Можжа Нумайр Хузоийдан ривоят қиладилар: Набий саллаллоҳу алайҳи васалламни намозда ўнг қўлларини сонларини устига қўйиб, бармоқлари билан ишора қилганларини кўрдим”, деди.
Термизий Абу Ҳумайддан ривоят қиладилар: “Ўнг кафтларини ўнг тиззаларига, чап кафтларини чап тиззаларини устига қўйиб бармоқлари билан ишора қилар эдилар”.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллолоҳу алайҳи васаллам намозда, яъни ташаҳҳудга ўтирсалар ўнг қўлларини ўнг тиззаларини устига чап қўлларини чап тиззаларини устига қўйиб бош (кўрсаткич) бармоқларини кўтариб дуо қилардилар чап қўллари тиззаларини устида турар эди”. Ушбу ҳадисга саҳобалар, тобеинлар, амал қилиб, ташаҳҳудда ишорани ихтиёр қилдилар.
Аҳмад Нофиъдан ривоят қиладилар: “Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳума намозда ташаҳҳудга ўлтирсалар икки қўлларини икки тиззаларига қўйиб бармоқлари билан ишора қилиб, ишора қилган бармоқларига қараб турар эдилар, сўнг Расулуллоҳ саллалоҳуалайҳи васаллам: “Бармоқ билан ишора қилиш шайтонга темирдан ҳам шиддатлироқ”, дердилар.
Алийюл қори “Тазйинул ибора таҳсинул ишора” китобларида ушбу ҳадисни шарҳлаб айтадиларки, “Бармоқ билан ишора қилиш урушда темир қуролни ишлатишдан ҳам қийинроқдир, гўё тавҳидга ишора қилиш билан шайтон мўъмин бандани адаштириши, ширкка олиб боришдан бўлган умидини кесади”.
Имом Суютий “Жомеул кабир” китобларида Уқба ибр Омирдан ривоят қиладилар: “Киши намозида ишора қиладиган ҳар бир ишорасига ўнта ҳасанот ёзилади”, дедилар.
Ибни Обидийн “Рафъ ул тараддуд” номли китобларидаги ишораи саббоба ҳақида ворид бўлган ҳадислар, олти саҳиҳ китобларнинг ҳаммасида зикр қилинган. У ҳадисларни ҳаттоки, маънавий мутовотир дейиш дуруст бўлади деганлар.
Ишораи саббоба қилиш борасида саҳобалар, уларга эргашган тобеинлар ихтилоф қилмадилар. Имом Абу Ҳанифа ва у зотнинг икки шогирдлари Имом Абу Юсуф ва имом Муҳамммад, имом Молик, имом Шофиий, имом Аҳмад ибн Ҳанбал ҳамда мутақаддим уламолар ишораи саббоба суннат эканлигига иттифоқ қилишган.
Абу Лайс Самарқандий “Навозил”, Камолиддин Ибну Ҳумом “Фатҳул қодир”, Аллома Алоуддийн Косоний “Бадоиус Саноий”, Ибн Обидийн “Раддул мухтор”, “Мужтабо”, “Муҳитул Бурҳоний”, Туҳфа”, “Канзуд дақоиқ”нинг шарҳлари “Баҳрур роиқ”, “Наҳрул фоиқ”, Абдулҳай Лакнавий “Умдатур риоя” кабаи мўътабар манбаларда ҳам суннат эканлиги зикр қилинган. Бу ҳақида Алийюл Қорий иккита “Тазйинул ибора таҳсинул ишора” ва “Аттадҳийну литтазаййун”, Ҳофиз Ибн Ҳажар “Талҳисул ҳобир”, Ибн Обидийн “Рафъ ул тараддуд” номли бир қатор рисолаларда ҳам таълиф қилиб ўтганлар.
Ҳанафия мазҳабида ишора қилиш тартиби фақатгина ўнг қўл билан ишора қилинади, агар қўли кесилган бўлса ёки қўлини ҳаракатлантира олмайдиган шол бўлса, бошқа бармоқлари билан ёки чап қўли билан ҳам ишора қилмайди.
Ишораи саббобанинг кўриниши асосан икки ҳил бўлади: “Мунятул мусолллин”да Муҳаммад Қошғарий: Шаҳодат калимасига етганда ўрта, жимжилоқ ва номсиз бармоқни букиб бош бармоқнинг бошини ўрта бармоқнинг четига қўяди, ёки ўнг қўлини “хинсир” яъни жимжилоқ ва “бинсир” тўртинчи бармоқларини букиб ўрта ва бош бармоқларни ҳалқа қилади, “Ла илаҳа”да кўтариб, сўз билан феълни ўртаси бир-бирига мувофиқ бўлиши учун “Иллаллоҳ”да туширилади. Мана шу иккинчси, яъни ҳалқа кўринишини Шамсул аимма Ҳалавоний ва Абу Жаъфар Ҳиндувоний раҳимаҳуллоҳлар ихтиёр қилишган.
Намоз комил бўлиши ва Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Мени намоз ўқиётганимни кўрганларинингдек намоз ўқинглар”, деган сўзларига мувофиқ ташаҳҳудда “Ла илаҳа”да кўтариб “Иллаллоҳ”да тушириб ишора қилиш сунннат саналади.
Ишора қилиб бўлгандан кейин қўл бармоқлари ёзиб юборилмайди, балки намознинг охиригача ўз ҳолатида қолади.
Ишора қилаётганда бармоқни қимирлатмайди, ушбу мазмунда келган ҳадисларнинг санадини Имом Суютий ва Алий Қорий заиф деб келтирдилар. Ишора қибла тарафга бўлади. Абдуллоҳ ибн Зубайрдан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бармоқлари билан ишора қилардилар. Бармоқларни эса қимирлатмас эдилар”. Ушбу ҳадиснинг санадини Имом Нававий саҳиҳ деганлар. Бу бармоқни фақатгина бир марта кўтариб бошқа ҳаракатлантирмасликка далолат қилади. Али ибн Абдураҳмаон Муовийдан ривоят қилинади: “Мени Абдуллоҳ ибн Умар намозда тош ўйнаб ўтирганимни кўрди. Намозни ўқиб бўлганимдан сўнг мени бундан қайтариб, Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам қилганларини қилгин деди. Мен Расулллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам қандай қилганлар, дедим. Айтдики, Набий саллолоҳу алайҳи васаллам намозда ўлтирсалар ўнг кафтларини ўнг сонларини устига чап кафтларини чап сонларини устига қўйиб, ҳамма бармоқларини букиб кўрсаткич бармоқлари билан ишора қилардилар, чап кафтларини чап сонларини устига қўяр эдилар” деди.
Ибн Обидийн “Рафъ ул тараддуд”да “Матнлардаги масалалар билан шарҳлардаги масалалар бир-бирига зид келиб қолса, матнлардаги масаларга амал қилинади. Матнларда келгани эса бармоқларни ёйиб туриш. Матнларда бармоқларни ёйиб туриш дегани ташаҳҳудни бошлаганда бармоқларини ёйиб туриш ирода қилинган. Бу ишораи саббобани суннат эканлигига зид фикрлар келмаган.
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси
ИСМОИЛ ИШАНОВ
Европада биринчи эко-масжид очилди
Буюк Британиянинг Кембриж шаҳрида очилган Европадаги биринчи эко-масжид 8 минг кишилик Кембриж мусулмон жамиятига хизмат қилади.
Кембриж масжиди ҳаво иссиқлик насослари, герметик изоляция, қуёш панеллари ва сувни иқтисод қилувчи технологиялар билан жиҳозланган.
Очилиш маросимига таниқли нашидлар ижрочиси Юсуф Ислом ташкилотчилардан бири бўлган Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғонни ҳам таклиф этди. Масжид 10 минг атрофидаги жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия маблағлари ҳисобига бунёд қилинган бўлиб, ҳомийлик ёрдамининг аксари Туркия тарафидан кўрсатилгандир.
Масжидга ҳомийлик қилувчи “Cambridge Mosque Trust” хайрия фонди васийларининг таъкидлашича 70 дан зиёд этник гуруҳ вакилларини ўзида бирлаштирувчи Кембриж мусулмонлар жамияти ўзларининг экологик масжид қуриш ҳақидаги азалий орзулари рўёбга чиққанидан мамнун эканликларини билдирди. Мазкур фондга 2008 йилда Кембриж мусулмон коллежи декани, шайх Абдулкарим Мурод номи билан машҳур бўлган академик Тим Винтер ва Юсуф Ислом томонидан асос солинган.
Ушбу инновацион масжиднинг айрим хусусиятлари ҳақида масжиднинг имом-хатиби Али Тус қуйидагиларни сўзлаб берди: “Биз масжид томига тушган ёмғир сувларини кўчатларни суғориш ва раковиналарни тозалаш учун йиғамиз. Томга қуёш батареялари ўрнатилган бўлиб, у орқали қиш кунларида масжиднинг 30%, ёзда эса 40% энергия эҳтиёжини қоплаймиз. Масжид томларига ўрнатилган иссиқлик насослари орқали ҳаттоки жуда кичик миқдордаги иссиқлик тўлқинлари ҳам ютилиб, катта идишлардаги сувларни ва масжид ерини иситишда, шунингдек, таҳоратхонада ишлатилади. Масжидга ўрнатилган ҳисоблагичлар туфайли хонақоҳда кислород камайиб кетганда ёки ҳаво исиб кетганда юқорида жойлашган тирқишлар очилиб, у ердан тоза ҳаво кира бошлайди”.
Ҳозирда масжидга ҳатто мусулмон бўлмаганларнинг ҳам ташрифи жуда кўпайган. Улар масжид хусусиятлари билан танишиш билан бирга Ислом тўғрисида ҳам баъзи маълумотларга эга бўлиб қайтмоқдалар.
Саиджамол МАСАЙИТОВ
Халқаро алоқалар бўлими ходими
Ўқувчилар диний-маърифий мавзудаги саволларига имом-хатиблардан жавоб олдилар
Эртанги кунимиз эгалари бўлмиш – ёш авлодни соғлом эътиқод ва қатъиятли фикр эгалари этиб тарбиялаш, уларнинг дунёвий билимлари билан бир қаторда диний билимларини тўғри шакллантириб бориш бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб вазифага айланган. Чунки ҳозирги глобаллашув ҳамда ҳамда эътиқод ниқоби остидаги қарама-қаршиликларга тўла мураккаб давр кишини огоҳ ва маънан етук бўлишга ундайди. Бу борадаги тарғибот тадбирларида имом-хатиблар фаол иштирок этмоқдалар.
Таълим муассасалари: умумий ўрта таълим мактаблари, ўрта-махсус касб-ҳунар таълим муассасаларида имом-хатибларимиз ҳар ойда “Жаҳолатга қарши маърифат” шиори остида диний-маърифий мавзуларда учрашувлар ўтказадилар.
Андижон вилояти Олтинкўл туман бош имом-хатиби Муҳаммадюсуф Тўрақулов тумандаги 4-умумтаълим мактабида динимизда илм, касб-ҳунар эгаллашнинг фазилилатлари, устозлар ота-онага ҳурмат ҳақидаги Имом Бухорий бобомиз ривоят қилган ҳадиси шарифларни айтиб, шарҳлаб берди.
Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳар 8-умумтаьлим мактабида бўлиб ўтган маънавият соатида иштирок этган “Муҳаммад Наққибек” жоме масжиди имом-хатиби Анвар Назаров эса “Ислом яхши хулқ ва адолат динидир” мавзусида суҳбат уюштириб, ўқувчиларнинг қизиқтирган саволларига жавоб берди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими