muslim.uz

muslim.uz

Сўнгги йилларда юртимизда олиб борилаётган кенг ислоҳотлар ва улкан бунёдкорлик ишлари самараси ўлароқ юртимиздан етишиб чиққан буюк алломалар қолдирган бой илмий меросни ўрганиш, улар қўним топган қадамжоларни обод этиш борасида муҳтарам юртбошимиз томонидан катта ишлар амалга оширилмоқда.

ISESCO ташкилоти томонидан “2020 йилда Бухоро шаҳрининг Ислом маданияти пойтахти” деб эълон қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган “Йўл харитаси”да белгиланган чора-тадбирлар ижроси юзасидан Бухоро вилоятидаги Мир Араб олий мадрасасида Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний таваллудининг                 915 йиллиги ва Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йилллигига бағишланган “Аждодларимиз мероси-маънавиятимиз сарчашмаси” мавзусида талабалар илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.

Анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Бухоро давлат университети, Бухоро муҳандислик-технологиялари институти талабалари ва педагог-ўқитувчилари иштирок этдилар.

Шунингдек, анжуманда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг масъул ходимлари, Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вакили иштирок этиб, анжуманнинг мазмун-моҳиятига алоҳида тўхталиб ўтдилар.

Анжуманда талабалар томонидан Бухорода яшаб ижод этган алломалар, нақшбандия тариқати, тасаввуф таълимоти намояндаларининг ҳаёти ва фаолияти, ислом дини ривожига қўшган ҳиссаси, Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, юртимиздан етишиб чиққан алломалар меросининг ёшлар тарбиясида аҳамиятига оид мавзулар кенг ёритилди.

Анжуман якунида талабалар томонидан ёритилган мавзулар доирасида мутахассислар ва педагог-ўқитувчилар томонидан муҳокама ўтказилди.

Анжуманнинг иккинчи қисмида талабалар учун Бухоро шаҳридаги “Етти пир” ва бошқа диққатга сазовор қадамжоларга зиёратлар ташкил этилди.

Республика талабалар илмий-амалий анжумани Бухоро вилоят телевиденияси ва интернет сайтларида кенг ёритилди.

 

 

 

 

Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири

 С.Шерхонов

Ўксик кўнгилларни кўтаришлик энг савобли ишлардан ҳисобланади. Шундай экан имом-хатиблар ўз фаолиятлари давомида манашундай юртдошларимизнинг кўнгилларини имкони борича кўтаришга ҳаракат қилмоқдалар.

Шундай хайрли ишлардан бири жорий йилнинг 11 ноябрь куни Олтинкўл туманидаги Орс маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Атаматов Назиржон 3 йилдан бери беъмор бўлиб кўчага чиқолмайдиган бўлиб қолган эди.

Олтинкўл туманидаги “Оқ масжид” жоме масжиди имом-хатиби Акмалжон домла Қурбонов ҳомийларни жалб қилган ҳолда ушбу фуқарога ногиронлик аравасини совға қилди. Албатта қилинган шундай хайрли ишдан хонадон соҳибларининг кўниллари шодликка тўлди.

Аллоҳ ҳаммаларимизни хайрли ишларда бардавом бўлишлигимизни насиб айласин.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати

Бутун оламларга раҳмат қилиб юборилган суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд ойлари барчамизга муборак бўлсин!
Маълумки, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам милодий 571 йили Рабиул аввал ойининг 12 куни Маккаи Мукаррамада Қурайш қабиласида таваллуд топганлар.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам – пайғамбар ва расулларнинг охиргиси, Ҳавзи кавсар соҳиби, умматлари жаннат аҳлининг учдан бир қисмини ташкил қиладиган Зотдирлар. Ҳатто пайғамбарлар ҳам У Зотга уммат бўлишни орзу қилганлар.

Дарҳақиқат, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам – пайғамбарларнинг энг улуғи ва хотималовчиси, бутун оламга раҳмат қилиб юборган элчи, инсоният фахри, одамларнин энг яхшиси, энг яхши хулқлиси ва комилидирлар. Аллоҳ таоло Ўз Расулига хитоб қилиб, уни бутун оламга раҳмат элчиси эканини тасдиқлаб, Қуръони каримда бундай деган:


وَمَا أَرْسَلْنَاكَ إِلَّا رَحْمَةً لِلْعَالَمِينَ

яъни: “(Эй, Муҳаммад!) Биз Сизни (бутун) оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз” (Анбиё сураси 107-оят).
Қайси бир мусулмон Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаламни чин дилдан яхши кўрса, албатта жаннатда У Зот билан ҳамроҳ бўлиш бахтига муяссар бўлади.

Ҳар биримиз Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сийратлари ва ҳаётларини янада кенгроқ ўрганиб, барча иш ва амалимизда У Зотга эргашиш, У Зотнинг хулқларига мувофиқ ҳаёт кечиришимиз керак. Чунки, қанча Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўргансак, ўз-ўзидан У Зотга бўлган муҳаббатимиз яна ҳам ортади. Шу билан бирга шариатимизнинг баъзи ҳукмларини янада яхшироқ англаймиз.

Маълумки, бу улуғ ойда юртимиз бўйлаб Пайғамбаримизга атаб мавлудун Набийлар ўқилади.

Шу ўринда гўзал ва бетакрор юртимизнинг юртимизнинг ҳар бир гўшасида бўлганидек, Андижонда жуда катта байрам, суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган ойлари вилоят масжидларида тараннум этилмоқда. Мавлуд маросимида Қуръон тиловат қилиниб, саловотлар айтилади. Пайғамбаримизнинг ота-боболари, насл-насаблари, туғилишлари, хулқ-атворлари ва ҳаётлари ҳақида назм ва қасидалар ўқилади. Бу эзгу иш – Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сийратларини ўрганишга яна бир туртки бўлади.

Аллоҳ таоло барчаларимизнинг қалбимизга Расулининг муҳаббатини жо қилсин! Қиёматда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг “ҳамд” байроқлари остида туриш ва У Зотнинг муборак шафоатларига эришиш ҳамда жаннатда Расулига қўшни бўлиш бахтини насиб этсин! Омин!

 

Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчиси Улуғбек Мақсудов «Туяларни парвариш қилиш» халқаро ташкилоти раиси шайх Фахд бин Фалаҳ ал-Хислин билан шу соҳада ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилиш учун учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Учрашув давомида Ўзбекистонда Саудия Арабистони сармояси иштирокида йирик туя наслчилик комплексларини барпо этиш, шунингдек, Саудия Арабистонидан республикага туялар олиб кириш тўғрисида дастлабки келишувга эришилди.

Шайх ўзбекистонлик ҳамкасблари билан наслчилик, озуқа базасини мустаҳкамлаш, ушбу соҳадаги илмий ёндашувларлар ва илғор замонавий технологияларни жорий этиш борасида тажриба алмашишга тайёрлигини билдирди. «Туяларни парвариш қилиш бўйича тажрибамиз шуни кўрсатадики, ушбу саноат рентабелли ва арзон нархлардаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни таъминлайди. Туядан гўшт ва сут, шунингдек, турли хом ашёлар — жун, чарм ва бошқалар олиш имконияти бор. Туячиликни ривожлантириш аҳоли юқори сифатли гўшт ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга, шунингдек, қишлоқ жойларда яшовчи фуқароларни иш билан таъминлаб, даромадлари кўпайишига ёрдам беради» — дея таъкидлади Фахд бин Фалаҳ ал-Хислин.

2020 йил бошида шу соҳадаги мутахассислардан иборат Ўзбекистон делегацияси туя наслини ривожлантириш жараёни билан яқиндан танишиш учун Саудия Арабистонига ташриф буюриши кутилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ислом динининг асосий манбаси ҳисобланган Қуръони каримнинг энг қадимий нусхалари халқимизнинг бебаҳо мероси сифатида қадрланади. Юртимиздаги ана шундай маънавий мерослардан бири Ўзбекистон мусулмонлари идораси музей-кутубхонасида сақланаётган VIII асрга оид “Катта Лангар Қуръони” саҳифаларидир.
Муҳтарам Президентимизнинг 2017 йил 24 майда “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида, қадимий ёзма асарларни бус-бутунлигини сақлаш борасида Диний идора томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, илғор хорижий тажрибалар ўрганилди, соҳанинг етук мутахассислари иштирокида ўқувлар ташкил этилди ва чет-эллик экспертлар юртимизга таклиф этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармойиши ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг 2019 йил 21 сентябрдаги 07/1-906-сонли топшириғи асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Дин ишлари бўйича қўмита, Маданият вазирлиги томонидан “Мўйи муборак” музейида сақланаётган “Катта Лангар Қуръони” саҳифаларини маҳаллий ва Лувр музейи реставраторлари иштирокида Диний идоранинг консервация ва реставрацияси лабораториясида реставрация қилинди.

 

 

“Катта Лангар Қуръони” саҳифаларини консервация ва реставрация қилиш жараёнида Франциядан келган мутахассислар Аксель Дело, Аурель Стрери, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси косервация ва реставрация бўлими бош мутахассиси Шухрат Пўлатов, Ўзбекистон Республикаси Маданият Вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси бўлими ўринбосари Шаҳноза Ишматова, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Кутубхонаси мудири Камолиддин Маҳкамов ва етакчи мутахассис Саидраҳмат Икрамов иштирок этди.

 

 

7-11 ноябрь кунлари давомида “Катта Лангар Қуръони” саҳифаларини консервация ва реставрация қилиш жараёни биринчи босқичи якунланди. Кейинги йилнинг февраль ойидан реставрация давом эттирилади, сентябрь ойидаги учинчи босқич ишларидан сўнг жараён якунланади.
Маълумот ўрнида, Катта Лангар Қуръони Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги Лангар ота масжидида узоқ вақт сақлангани боис шундай ном олган бўлиб, Ислом оламидаги энг қадим тарихга эга Мусҳаф қўлёзмаларидан бири саналади.
«Катта Лангар Қуръонининг [Ўзбекистон Мусулмонлар идорасида сақланаётган қисми] 12 та бирлаштирилган саҳифа ва битта алоҳида ─ жами 13 та саҳифадан иборат. Саҳифалар XIX асрда муқоваланган. Қуръоннинг ўзи эса VIII асрда битилган деб ҳисобланади.
Катта Лангар Қуръонининг Ўзбекистонга қандай келиб қолгани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Илмий тадқиқотлар хулосасига асосан, қўлёзманинг битилиши VIII асрнинг охирги чорагида – араб грамматикаси қоидалари шаклланган даврга тўғри келади.
Тахминларга кўра, Катта Лангар Қуръонининг умумий ҳажми 206 саҳифани ташкил этган. Ҳозиргача уларнинг фақатгина 97 таси сақланиб қолган. Қолган қисмининг тақдири номаълум. Саҳифаларнинг 81 таси Санкт-Петербургдаги Шарқ қўлёзмалари институтида сақланади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар

Top