muslim.uz

muslim.uz

Пятница, 07 Июнь 2019 00:00

Барака нима?

Барака – яхшиликнинг зиёда бўлиши, униб-ўсиши, барқарор ва давомли бўлишидир.

Барака вақтга тушса, уни кенгайтиради, инсон ўша вақт ичида кўп ишларни қилишга улгуради.

Барака жасадга тушса, уни қувватли қилиб, кўп нарсага имконияти етишига сабаб бўлади.

Барака фарзандларга тушса, уларнинг солиҳ, ахлоқли бўлишига сабаб бўлади.

Барака пулга тушса, у пулнинг кўп нарсаларга етишига сабаб бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам 23 йил ичида бутпарастлик, жаҳолатни йўқотиб, тавҳид, ахлоқ, маърифатни ёйдилар. Инсониятга устозлик қиладиган умматни тарбия этдилар. Булар вақт, умр, тана, даъват ишларига берилган бараканинг кўринишидир.

Аллоҳ таоло ерни баркали қилиб қўйгани ҳақида Қуръони Каримда шундай деган:

“Сен: “Сизлар ҳақиқатан ҳам ерни икки кунда яратган зотга куфр келтиряпсизми ва Унга тенгдошлар қўшяпсизми?! Ахир У зот оламларнинг Робби-ку! У зот ўша(ер)нинг устида тоғларни қилди, уни баракотли қилди ва унинг (аҳли) ризқини тўрт кунда ўлчовли этиб тақдир қилди. Бу сўровчилар учундир”, деб айт”. (Ернинг ризқи, яъни ер, аҳлининг ризқи ўлчовли, белгили қилиб қўйилган. Ҳаммаси ўлчовли, ҳаммаси тақдир қилинган.) (Фуссилат сураси, 9-10-оятлар).

Инсон ернинг бу баракасидан фойдаланиши учун Аллоҳга иймон келтириб, Унга тақво қилиши керак. Роббимиз шундай марҳамат қилади:

“Агар қишлоқлар аҳллари иймон келтирганларида ва тақво қилганларида эди, Биз, албатта, уларга осмону ердан баракотларни очиб қўяр эдик. Лекин улар ёлғонга чиқардилар, бас, уларни қилган касблари туфайли тутдик”. (Ушбу ояти каримада баён қилинаётган оддий ва содда ҳақиқатни инсоният тушуна олмаётгани ғоятда ажабланарли ҳол. Инсон учун осмон ва заминдан баракот эшиклари очилиши учун биргина шарт кифоя, яъни, у иймонли ва тақволи бўлиши лозим экан. Ана ўшанда инсонга осмону заминдан баракотлар эшиги ланг очиб қўйилади. Чунки иймон инсонни баракотли ҳаёт йўлига бошлайди. Чунки тақво инсонни фаровон ҳаёт йўлига солади. Иймон билан тақво бир-бирига чамбарчас боғлиқ бўлганидек, баракот ҳам уларга боғлиқдир. Бу ҳақиқатга каттаю кичик ҳар бир соҳада гувоҳ бўлиши мумкин.) (Аъроф сураси, 96-оят).

Қуръон ва суннатдаги матнларни ўрганиб чиққан уламоларимиз баракага эришишнинг сабаблари қуйидагилардан иборат эканини баён қилганлар:

  1. Аллоҳ таолога тақво қилиш ва Унга таваккул қилиш.

“Ким Аллоҳга тақво қилса, У зот унинг йўлини очиб қўюр. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур. Ким Аллоҳга таваккал қилса, бас, унга У зотнинг Ўзи кифоядир” (Талоқ сураси, 2-3-оятлар).

  1. Қуръонни тиловат қилиш.

Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга баракотли, муборак Китобни нозил қилган:

“Биз сенга нозил қилган Китоб муборакдир. Ақл эгалари унинг оятларини тадаббур қилишлари ва эслашлари учундир”. (Қуръон оятларидан ақлли киши эслатма олади) (Сод сураси, 29-оят).

Мўминлар ушбу муборак китобга эргашсалар, ундаги ҳукмларга амал қилсалар, уни доим тиловат қилсалар, уларга қалбларида, иймонларида, амалларида барака берилади.

  1. Гуноҳларни тарк этиб, истиғфорни доим айтиб юриш.

Маълумки, гуноҳлар инсоннинг умридан, ризқидан барака кетишига сабаб бўлади. гуноҳларни тарк этиш ва қилган хатоларига тавба қилиб, истиғфорда давомли бўлиш эса бараканинг келишига боисдир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:

“Бас, ўз Роббингизга истиғфор айтинг, албатта у гуноҳларни кўплаб мағфират қилувчидир, дедим. У зот осмондан устингизга кетма-кет (барака ёмғирини) юборадир. Ва сизга молу мулк ва бола-чақа ила мадад берадир ва сизларга боғу роғлар ҳамда анқорларни берадир” (Нуҳ сураси, 10-12-оятлар).

  1. Барака сўраб дуо қилиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларига Аллоҳ таолодан барака сўраб дуо қилишни ўргатганлар. У зоти бобаракотга пишган янги мева олиб келинса, “Эй Аллоҳ, бизга шаҳримизда, меваларимизда, муддимизда, соъимизда кўплаб барака бергин” деб дуо қилардилар. Имом Муслим ривоят қилган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари кўп дуоларида Аллоҳ таолодан барака сўрардилар. Шунингдек, янги фарзанд кўрган, янги уйланган кишиларга ҳам барака тилардилар. Таом пайтида ҳам “Эй Аллоҳ, бизга ризқ қилиб берган нарсангда барака бергин, бизни мағфират этиб, ҳолимизга раҳм қилгин” дердилар. Шунинг учун Аллоҳ таолодан ризқда, молу дунёда, фарзандларда, илмда, амалда, кунларда барака беришини сўраб дуо қилишимиз керак.

  1. Аллоҳ таолога шукр қилиш.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

“Ва Роббингиз сизга: “Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир”, деб билдирганини эсланг” (Иброҳим сураси, 7-оят).

  1. Ҳалол ризқ.

Агар инсон ризқида, соғлигида ва фарзандларида баракани кўришни истаса, ҳалол касб қилишга ва ҳалол луқма ейишга астойдил уринсин, ҳаром ва шубҳали нарсалардан узоқ юрсин! Меҳнат қилаётган жойида, хоҳ савдогар бўлсин, хоҳ қурувчи бўлсин, хоҳ дурадгор бўлсин, хоҳ ҳуқуқшунос бўлсин, хоҳ ўқитувчи бўлсин, хоҳ шифокор бўлсин, ростгўй, омонатдор, иффатли, самимий бўлиши шарт. Барча касб эгалари ўзлари меҳнат қилаётган жойларида ўғрилик, порахўрлик, судхўрлик, бировнинг мулкини ўзлаштириш, йўлтўсарлик, қароқчилик каби ҳаром йўллардан сақлансинлар! Зеро, Ҳаким ибн Хизом розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар сотувчи ўз молининг айбини яширса ва олувчи ҳам ғирромлик қилса (яъни, сотувчи ва олувчи бир-бирига ғирромлик қилса), ундай савдода барака бўлмас! Агар сотувчи ва олувчи бир-бирига рост гапирса, бир-бирини алдамаса, бундай савдода барака бўлур!” дедилар” ( Ал Жоме Ас Саҳиҳ).

  1. Силаи раҳм ва яхшилик.

Инсоннинг ризқи ва умрига барака бериши ҳақида ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам башорат бериб, бундай деганлар: “Кимни ризқу рўзи кенг бўлиши ва умри узоқ бўлиши хурсанд этса, бас у силаи раҳм қилсин, яъни қариндошлик ришталарини мустаҳкамласин” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Силаи раҳм, гўзал хулқ ва яхши қўшничилик юртларни обод этиб, умрларни узун қилади”. Муттафақун алайҳ.

  1. Вақтни тартибга солиш ва уни ғанимат билиш.

Бир инсон 60-70 йиллик умри давомида 100 йилда ҳам қилишга улгурилмайдиган ишларни қилиши унинг вақтига барака берилганидир. Масалан, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ 63 йил умр кўрдилар. Аммо ўзларидан 120 дан ортиқ китоб, кўплаб аудио ва видео кўринишда диний-маърифий асарлар қолдирдилар. У зотнинг ёзиб қўйган китоблари ҳозир ҳам нашр этилишда давом этмоқда. Бу бир инсоннинг умрига барака берилганининг ёрқин кўринишидир. Шунингдек, уйқудан эрта тонгда туриш, ишни ибодатдан бошлаш вақтнинг баракали бўлишига сабаб бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Эй Аллоҳ, умматимнинг тонггига барака бергин” деб дуо қилганлар. Шунинг учун инсон тонгда уйғонишга, эрта туришга ҳаракат қилиши лозим.

  1. Садақа бериш.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:

“Ҳар бир инфоқ қилган нарсангизнинг ўрнини У тўлдирур. У зот ризқ бергувчиларнинг яхшисидир” (Сабаъ сураси, 39-оят).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам нафақа, садақа қилиш ҳақида бундай деганлар: “Ҳар доим бандалар тонг орттирадиган бўлсалар, икки фаришта Ер юзига тушиб, бири: “Аллоҳим, инфоқ қилувчи кишига ўрнини тўлдиргин”, деса, бошқаси: “Аллоҳим, бахил кишига талофот етказгин”, дейди”. (Имом Муслим ривояти).

10. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилиш.

Икки олам сарвари бўлган зотнинг барча суннатларига амал қилиш барака омилидир. Масалан, ўнг қўл билан овқатланиш, овқатланишдан олдин ва кейин қўлларни ювиш кабилар инсон ҳаётида бараканинг ошишига сабаб бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Таомдан олдин (қўлни) ювиш камбағалликни кетказади. (Таомдан) сўнг (қўлни ювиш) эса кичик гуноҳларни кетказади ва кўзни тузатади” (Қузоъий “Муснадуш шиҳоб”да ривоят қилган).

Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Таомнинг баракаси – ундан олдин (икки қўлни) ювиш ва ундан кейин (икки қўлни) ювишдир”. Абу Довуд, Термизий ривоят қилишган.

11. Кўпчилик билан бирга овқатланиш.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки кишини тўйдирадиган овқат уч кишига кифоя қилади ва уч киши тўядиган овқат тўрт кишига кифоя қилади”, дедилар” (Ал Жоме Ас Саҳиҳ)

Аллоҳ таоло бизга барака берсин! Умримизни, ризқимизни, фарзандларимизни, юртимизни баракали қилсин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Инсонлар ўртасида силаи меҳр, кечиримлилик юксак фазилат ҳисобланади. У ёмонликдан қайтариб, яхшилик, эзгуликка даъват этади. Инсон моҳияти яратилишданоқ эзгулик нури билан йўғрилгани олиму уламолар томонидан битилган китобларда ҳам тасдиқлаб келинади. Аммо таълим-тарбиянинг етишмаслиги, жоҳиллик туфайли инсон ҳар хил ўзи истамаган кўчаларга кириб қолиб, ҳаёт шу экан, деган тушунчада адашиб юриши ҳар қандай жамиятда кўплаб учрайдиган ҳодиса. Шундай кезларда унга нисбатан муносабат қандай бўлиши керак? Ўлганнинг устига тепган қабилида уларни четга чиқариб ташлаш керакми ёки афв жоизми? “Агар сизлар (уларни) афв этсангизлар, койимасангизлар ва кечирсангизлар, у ҳолда, албатта, Аллоҳ (ҳам) мағфиратли ва раҳмлидир” (Тағобун, 14). “Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас, сиз (ҳар қандай ёмонликни) энг гўзал сўзлар билан дафъ қилинг! (Шунда) баногоҳ сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ — содиқ дўст каби бўлиб қолур” (Фуссилат, 34).

Қуръони Каримдаги бундай ояти карималар инсониятни бу ҳаётда эзгу мақсадларни кўзлаган ҳолда тинч-тотувликда яшашга даъват этади. Албатта, барча ошкора ва хуфия гуноҳ-савобларни кўриб-билиб турувчи Аллоҳдан ҳеч нарсани яшириб бўлмайди. Шу боис, Исломда инсонларга инсонлар томонидан жуда қаттиқ озор бериш масаласига жиддий қаралади. Кимки адоват, гиж-гижлаш, уруш-жанжал йўлидан борса гуноҳкор бўлиб қолгани каби аксинча, бағрикенглик, кечиримлилик туфайли гуноҳлар кечирилади, тинчлик, осойишталикка эришилишига умид қилинади. Агар борди-ю, мана шу жиҳатларни назар-писанд қилмаган ҳолда бировнинг мол-мулкига кўз олайтириб, жонига қасд қилса, ёлғончилик, фирибгарлик иллатларидан воз кечолмай,жамиятга, одамларга яна зарар етказиш йўлида хатти-ҳаракатлар содир этса, бундай кимсаларга қарши жиддийроқ чоралар кўриш зарурлигига ишора этувчи кўрсатмалар ҳам муқаддас динимизда мавжуд. Бағрикенглик, силаи раҳм, кечиримлилик нима эканлигини, ўзгаларнинг марҳаматини тушуниб-англаб етишнинг ўзи ҳам ҳар қандай гуноҳкорни гуноҳлардан фориғланишига ёрдам беради. Аксинча эса, бу дунёда ҳаммаси осон экан, деган тушунчага борган ҳолда тарки одат, амри маҳол — эски қилғиликларини ёдга олиб, уларни такрорлашга уринадиганлар бу дунёда кечирилса ҳам,у дунёда кечирилмайди.

Мен Қирғизистон Республикасининг Ўш вилоятида истиқомат қилсам-да, миллатдошларим ва диндошларим — ўзбек халқининг қувончу шодлиги, қайғу аламидан ҳеч қачон четда бўлган эмасман. Шу маънода, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган янгича сиёсат, бир хайрихоҳ одам сифатида, мени ҳам кўп қувонтиради. Айниқса, Ўзбекистонда диний соҳага алоҳида эътибор қаратилаётгани қалбимизга нур олиб кирмоқда. Жумладан, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва кўрсатмаси билан Ҳадис илми мактаби фаолияти ташкил этилиши,Ўзбекистон Халқаро ислом академияси, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ва ўқув мадрасаларида ислом илми чуқур ўргатилиши, 120 дан ортиқ масжидларда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф мажмуаси бунёд этилиши дунё мусулмонлари учун бебаҳо совға бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти мамлакат тарихида илк маротаба 2 минг 700 нафар маҳкумни, жумладан, жазони ижро этиш колонияларидан 956 нафар турли шароитлар туфайли жиноят содир этган, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган, тузалиш йўлига ўтган, яшаш жойи ва жазони ижро этиш муассасасида ижобий тавсифланган шахсларни афв этиш тўғрисида Ўзбекистон Конституциясининг 25 йиллигини нишонлаш арафасида фармон қабул қилган эди. Бу мамлакатнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксак даражага олиб чиқишига сабаб бўлганини эътироф этмоқ зарур.

Ўтган ҳафтада Ўзбекистондан яна бир мужда келди. Президент Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларининг ташаббуси билан муборак Рамазон ойида яна бир савобли амалга қўл урилиб, Сурия заминида уруш ҳаракатларига билиб-билмай аралашиб қолган бир гуруҳ ўзбекистонликлар Ватанига қайтарилди. Бу эзгулик, яъники, адашганларни кечириш ва бошини силаш юксак меҳр-муҳаббат ва покиза имонни талаб этади.

Зеро, одам боласи борки, билиб-билмай хато қилади. Уларнинг бу хатосини ҳадеб юзига солавермасдан, яхшилик, эзгулик йўлига бошлаган инсон катта қалбли, улуғ руҳониятли бўлади. Суриядаги даҳшатли олов ичидан 156 нафар фуқаро, хусусан, 43 нафар аёл ва яна 107 нафар бола жангарилар лагеридан Ўзбекистонга қайтарилди. Муқаддас Рамазон кунлари қилинган бундай хайру саховатда, албатта, улуғлик белгиси мавжуд. Куни кеча имзоланган “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Президент Фармони эса бу эзгуликнинг давоми бўлди. Боши деворга теккандан сўнг адашганлигини тушуниб етган одамларни афв этиш муқаддас динимизнинг асосий арконларидан бири саналади.

Қуръони Каримга суянган ҳолда иш юритган соҳибқирон Амир Темур ҳам“Менга ёмонликлар қилиб, бошим узра шамшир кўтарганлар, ишимга кўп зиён етказганларни ҳам, агар улар илтижо билан тавба-тазарру қилиб келсалар, ҳурматлаб, ёмон қилмишларини хотирамдан ўчирдим”, дея бағрикенглик, кечиримлилик фазилатларини юксак даражада эъзозлаганини эсламоқ жоиз. Бинобарин, ояти каримада Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!” (Аъроф сураси, 199-оят) деб марҳамат қилинган.

Албатта, ҳар қандай ёмонликнинг бу ҳаётда ўзига хос жазоси бўлиб, бу дунёда ҳам, нариги дунёда ҳар ким ўз қилмишига яраша мукофот ёки жазо олиши муқаррар. Бу ҳукм Аллоҳнинг зиммасидадир. Шу сабабли, Яратган инсонларнинг бир-бирига нисбатан кечиримлилигини олқишлайди. “Энди ким (интиқом олишга қодир бўлгани ҳолда) афв қилиб (ўртани) тузатса, бас унинг ажри Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта, У зулм қилгувчиларни севмас (Шўро, 40).

Бутун дунёда Муборак Рамазон ҳайити нишонланаётган мана шу шукуҳли лаҳзаларда бу тарихий воқеадан барча мўмин-мусулмонларгина эмас, жаҳон афкор оммаси хабардор бўлганини айтиб ўтмоқ жоиз. Тарихан олиб қараганда, дунёда Ислом маънавияти ва маърифати барқарорлигига, тарқалишига беқиёс улуш қўшган улуғ олиму уламолар ўзбек заминидан етишиб чиққани туфайли бу юрт ҳамиша мўмин-мусулмонлар орасида муқаддаси саналган. Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларининг бағрикенглик ва кечиримлилик сиёсати Ислом оламида ўша азалий анъаналар бардавомлиги намунаси сифатида қабул қилинди.

 

Манба: http://xs.uz

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. 

Сизларга шундай замон келадики, байрамларингиз кунларингиздек ўтади.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу

*****

Аёлнинг либоси - унинг ҳаёси ва унга маҳрам эркаклар ҳамияти қандайлигининг таржимонидир.

*****

Улар бизни кўмишга уриндилар. Ваҳоланки, биз кўмилгандан кейин ҳам униб чиқадиган уруғ эканимизни билмадилар.

Мексика мақоли

*****

Гаплашиш ҳам фойда бермайдиган кимсалар олдида ўзингни билмаганга олиб туришинг энг яхши реакциядир.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Хато қилиш инсон табиатида бор. Лекин хатоларини оқлаш шайтоний ишдир.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Тоғлар йўлбарслардан бўшаб қолса, маймун шоҳ бўлиб олади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

«Пул ҳамма нарсани қила олади» деб ишонадиган кимсанинг ўзи ҳам пулга эришиш учун ҳамма нарса қилади.

«Тарих муҳрлаган сўзлар»

*****

Ҳамма билан тавозуъли бўл. Башарият табиати мағрур ва ўзини катта тутувчи инсонлардан доим нафратланади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Чинакам фақир — тиллаю пуллари йўқ кимса эмас, балки, хулқу одоби йўқ кимсадир.

«Фикр дурдоналари»

*****

Баъзи вақтларда ўзингнинг афзал эканингни исботлашга уринишинг хорлик ҳисобланади.

«Тарих мухрлаган сўзлар»

*****

Кишининг инсонларга берадиган энг гўзал ҳадяси — эҳтиромдир.

«Фикр дурдоналари»

*****

Кўпчилик ёмонлар ўзларининг ёмонликларини сезмайдилар.

  • Бахил ўзининг бахиллигини тежамкорлик деб ўйлайди.
  • Сурбет одам ўзини ошкора гапирувчи деб ўйлайди.
  • Чақимчи ўзини насиҳатгўй деб ўйлайди.
  • Мағрур ўзини ўзига ишонувчи деб ўйлайди.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

 

Четверг, 06 Июнь 2019 00:00

Шаввол ойи рўзаси

ЎМИ Матбуот хизмати

Эл-юртимиз учун асрлар давомида эзгулик, саҳоват, меҳр-шафқат, қаноат ва шукроналик рамзи бўлиб келаётган муборак Рамазон ойининг маънавий-руҳий ҳаётимиздаги алоҳида ўрни ва аҳамиятини инобатга олган ҳолда, жамиятимизда меҳр-оқибат, ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, халқимизга хос олийжаноб фазилатлар ҳамда миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахборотига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг фармонига мувофиқ, Рамазон ҳайитининг биринчи куни 2019 йил 5 июнь куни деб эълон қилинди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари номига хориждаги бир қатор диний идоралар раислари ва дипломатик корпуслар вакилларидан табриклар келди.
Мазкур табрикномаларда улар Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари орқали бутун Ўзбекистон мусулмонларини Муборак Рамазон ҳайити билан қутлаб, ўзларининг самимий эзгу тилаклари ва табрикларини йўллашган ҳамда ушбу муборак кунда барча мусулмонларга ва ислом умматига Аллоҳдан хайру – баракот ва муваффақиятлар ато этилишини сўрашган.
Юқоридаги табрикномалар қуйидаги муфтийлар ва элчилар номларидан келган:
- Туркия Республикаси Диёнат ишлари вазири Доктор Али Эрбош;
- Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхул ислом Аллоҳшукур Пошшозода;
- Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Серикбай ҳожи ОРАЗ;
- Россия Мусулмонлари Диний идораси раиси, Россия Муфтийлар кенгаши раиси Равиль Гайнуддин;
- Туркманистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Шири Шириев;
- Тожикистон Ислом маркази раҳбари, муфтий Саййид Мукаррам Абдуқодирзода;
- Саудия Арабистони Подшоҳлигиннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Ҳишом Муҳаммад ас-Сувайлим;
- Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Баҳман Оғарозий;
- Фаластиннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Муҳаммад Таршаханий лар номидан табриклар келди.
Қутловлар келиши давом этмоқда.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Халқаро алоқалар бўлими

Мақолалар

Top