muslim.uz
Бугун сўнгги хатмона...
Бугун сўнгги таровиҳ, сўнгги хатмона… Бир ой мобайнида масжидларимиз намозхонлар билан, ихлоси баланд покиза қалб соҳиблари билан тўлиб тошди. Қуръони карим диёримиз узра таралиб, Аллоҳ раҳматлари ёғилиб турди. Роббимиздан сўраймизки, Рамазондан кейин ҳам ана шу иймон тантанаси қалбиларимизда, ҳаётимизда, хонадонимизда, масжидларда давом этсин. Умримиз ҳам худди рўза каби солиҳ амал, сабр-матонат ва якуни хурсандчилик онлари бўлсин!
Бугун қайси манзилда бўлманг, дуо қилинг азизлар, Рамазонда ибодатларини биз каби ҳузур-ҳаловатда ўтказа олмаган, балки, қўрқув ва таҳликада ўтказган, ифторликка егулиги бўлмаган, яқинларидан жудолик хабарини эшитган баъзи мусулмон халқлар ҳаққига дуо қилингки, келгусида йили улар ҳам биз каби осойишта осмон остида ибодат қила олсинлар. Ҳайитни байрам қила олсинлар, болалар юз-кўзларидаги ғамгинлик, таналаридаги дардларга Аллоҳ шифо ва шодлик ато этсин! Ёмонларга Ўзи кифоя қилгувчидир.
Бу кеча дуо қилинг, жонажон ватанимиз, бағрикенг халқимизни Аллоҳ ҳифзу ҳимоятида сақласин. Ибодат қилишимиз учун бизга бекаму- кўст шароитларни яратиб бераётган барча-барчадан Аллоҳ рози бўлсин, улуғ мукофотлар ато этсин! Доимо ана шундай саодатли кунлар, мунаввар кечаларда завққа тўлиб, бирдам ва аҳил бўлиб ибодат қилиш бахтини Тангримиз насиб этсин!
Бугун 03.06.2019 санасида Тошкент шаҳрининг қуйидаги сўнгги масжидда Қуръони Карим хатмонаси якунига етади:
- “Занги ота” жоме масжиди. (“Занги ота” маҳалласи, Самарқанд дарвоза кўчаси 122–уй. Тел.: +99 876-40-09, +90 933-79-96 )
Имом-хатиб: Мадалиев Илҳомжон
Қорилар: Супиев Ёқубжон, Супиев Абдулазиз
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Президент Шавкат Мирзиёев: «Тан олиш керак, 156 нафар Сурияга кетганлар биз уларга шароит яратиб бермаганимиз учун кетган!»
Айни чоғда Тошкент вилояти ҳокимлигида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши бошланди.
Йиғилиш кескин танқидий руҳда бошланди... Кадрлар сиёсати, вилоятнинг географик тузилиши, қолоқлик кескин танқид қилинмоқда...
Жумладан, видеоселекторда Президент шундай деди:
- Кеча Суриядан келган 15 яшар қиз она бўлган. Қани унинг отаси? Қизнинг ота-онаси қаерда?
Бирорта нуроний йўқ! Аччиқ-аччиқ гап айтинглар. Уларни Ватанга обкелишнинг ўзи бўлгани йўқ.
Фақат қарсак, қарсак, ура-ура...
Бирорта шоир чиқмади: Уйғонайлик энди, деб...
-Уят бўлса ҳам айтиш керак, 156 нафар Сурияга кетганлар нима учун кетган? Кимни излаб кетган? Тан олиш керак, биз уларга шароит яратиб бермаганимиз учун кетган!
-Мен конституцияга кўра, уларга чора кўришим керак аслида. Лекин, мен ундай қилмайман. Чунки, улар ўзбек, бизнинг Ватандошларимиз!..
-Уларни Ватанга олиб келиш азоб бўлди. Жуда оғир бўлди. Биз ҳаммамиз бу ҳолатни чуқур ўйлашимиз керак...
Манба: https://azon.uz
Ҳиммат қилайлик!
Сиз шикоят қилаётган моддий ҳаётингиз ким учундир катта орзулардан биридир.
Қўлингизда оз бўлса ҳам молу давлат бўла туриб, ношукрлик қилманг! “Йўқ, йўқ” деб шикоят қилманг! Фаришталар “омин” дейишса, ростдан ҳам йўқ бўлиб қолади. “Менда 100 минг сўм бўлса ҳам бор, 50 минг сўми борлар қанча. Ўшалар жим юрибди-ку, дод-вой қилмаяпти-ку” денг.
Инсон борига шукр қилса, ўша борига яна қўшилиб, зиёда бўлади. Агар ношукрлик қилса, боридан ҳам айрилади.
Унутманг! Фақирлар фақат Рамазонда эмас, кейин ҳам топилади. Садақа қилингани учун савоб Рамазондан кейин ҳам берилади. Динимиздаги инфоқ, эҳсон, садақага бўлган тарғиб Рамазон ойидан кейин ҳам амалдадир.
Фақирга ёрдам қўлини чўзсак, фақирнинг ҳам, бизнинг ҳам Роббимиз бўлган Раззоқ бизга ёрдамини ато этади, гуноҳларимизни мағфират қилади.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:
إِن تُبْدُواْ الصَّدَقَاتِ فَنِعِمَّا هِيَ وَإِن تُخْفُوهَا وَتُؤْتُوهَا الْفُقَرَاء فَهُوَ خَيْرٌ لُّكُمْ وَيُكَفِّرُ عَنكُم مِّن سَيِّئَاتِكُمْ وَاللّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ
“Садақани ошкора қилсангиз қандоқ ҳам яхши. Агар махфий қилсангиз ва фақирларга берсангиз, бу сиз учун яхшидир. Сиздан гуноҳларингизни ювади. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир” (Бақара сураси, 271-оят).
“Садақа” сўзи “тасдиқловчи” деганидир. Нимани тасдиқлайди? Сизнинг охиратга бўлган иймонингизни тасдиқлайди. Сизнинг “Мен бу фақирга 10 минг сўм беряпман. Аллоҳ насиб этса, бунинг савобини 10 баробардан 700 баробаргача кўпайтирилган ҳолда охиратда оламан” деган ишончингиз, иймонингизни тасдиқлайди!
Азизлар, атрофимизга бир назар солайлик! Ён қўшнимиз ифторлик ва саҳарликда нима еяпти? Биз каби таом еяптими ёки бир бурда нон, гўштсиз шўрва билан оғзини беркитяптими? Унинг ҳам ифторлик дастурхони бизникига ўхшаб тўлиб турибдими ёки фақирона дастурхон атрофида ўтирибдими?
Қариндошларимиз орасида қийналганлар йўқмикин? Бундан хабаримиз борми ёки ишимиздан ортмай, кимнинг қандай шароитда яшаётганидан бехабармизми?
Савоблар кўпайтириб бериладиган ойдамиз. Келинг, озгина ҳиммат қилайлик! Ишонинг, ҳамёнингиздан кетган пул сизнинг бойлигингизни ҳеч қачон озайтирмайди. Аслида бойлигингизга бойлик қўшилишига сабаб бўладигани айнан ўша пулдир!
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Садақа бериш туфайли банданинг моли асло камайиб қолмайди!” деганлар. Бу гапни ҳавои нафсидан сўзламайдиган, ҳар бир гапи Аллоҳнинг ваҳийси, кўрсатмаси билан бўладиган зот айтганлар.
Аллоҳ гуноҳларимизни кечирсин! Рўзаларимизни қабул айласин! Ҳимматимизга ҳиммат қўшсин! Қўшниларимиз ва қариндошларимиз, умуман, барча диндошларимиз бизнинг мурувватимиздан, саховатимиздан хурсанд бўлишсин! Ўзимиз эса охиратда улкан савоблардан шод бўлайлик!
Мақолани Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
Рамазон ҳайити яқинлашмоқда!
Танловга!
Рамазон ҳайити – ийдул фитр дейилади. У кун мусулмонлар учун хурсандчилик, шодлик, кенгчилик ва байрам кунидир. У кун ўзгача шукуҳ ва фазилатга эга. Мусулмонларнинг икки муборак байрамларидан биридир.
Ҳайит намози Моликий ва Шофеъийларга кўра, суннати муаккада, Ҳанафийларда вожиб, Ҳанбалийларда эса фарзи кифоядир.
Ҳайит кунида мустаҳаб бўлган амаллар:
- Ҳайит кечаларини бедор ўтказиш
Ким ҳайит кечаларини ихлос ва савобидан умидвор ҳолда зикр, тасбеҳ, Қуръон тиловати ила бедор ўтказса, қалблар ўладиган кунда қалби омонда бўлади. Ҳайит кунига етказгани учун кўплаб шукр ва ҳамд айтиш керак.
- Ғусл қилиш.
- Хушбўйланиш ва зийнатланиш
- Соч олдириш
- Мисвок қилиш
- Кийимнинг энг яхшисини кийиш
Набий саллоллоҳу алйҳи васаллам икки ҳайит учун ҳамиша ғусл қилар эдилар. Чунки, бу икки намозда улкан жамоат тўпланади, тиқилинч юзага келади. Шу боис, ёмон ҳидлардан сақланиш керак. Таҳоратнинг ўзи билан чекланса ҳам жоиздир.
Бундан ташқари, Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам “Ҳибаро” деган чопонларидан бирини алоҳида ҳайит учун кияр эдилар.
Тоза ва ораста кийиниш, зийнатланиш, хушбўйланишга имом ҳам эътибор беради. Кўпчиликнинг нигоҳи унда бўлгани учун ўзига аҳамият қаратади.
Кийимларнинг энг яхшиси бу оқ кийимдир.
Орасталаниш, ғусл қилиш, хушбўйланиш хоҳ масжидга борувчи учун бўлсин, хоҳ уйда қолувчи учун бўлсин, бир хилдир.
Аммо, аёллар бу борада эркаклардан фарқланадилар. Ҳайит куни кўчага чиқсалар одатий ва тоза кийимда, хушбўйланмасдан, ясан-тусан қилмасдан, фитнага сабаб бўлмасдан чиқишлари лозим. Ҳайит куни кўчаларда одам кўп бўлгани учун эркакларга аралашиб юрмасликлари шарт. Ўзларига хос ва ярашадиган жойларга борсалар майли. Бугунги кунда назар солсак, аёл-қизларимиз ҳайит кунлари зийнатларга, атир-упаларга, ялтир-юлтир кийимларга бурканиб, “ким ўзар”га кийиниб чиқадилар. Кўчага чиқиш қоидаси аёллар учун ҳайит куни ўзгариб, истисно бўлиб қолмайди. Уларнинг кўнгилхушлик қилишлари, хурсандчилик қилишлари шариатда ман қилинмаган. Фақат шариат талабида бўлса, бунинг зарари йўқ.
Ёш болалар хоҳ ўғил, хоҳ қиз – уларга зийнатланиш, чиройли кийимлар кийиш, тиллолар тақиш мумкин. Ҳайит – зийнат кунидир. Болажонлар шу ила ҳайитнинг қадри ва шукуҳини ҳис қилишлари, яна келишини интиқ кутишлари мумкин. Ҳайитдан бошқа пайтда тилло тақиб ва зийнатли кийим кийишлари тавсия қилинмайди.
- Ҳайит билан табриклаш. Фуқаҳолар ҳайит билан табриклаш жоизлигига иттифоқ қилганлар. Буни турли усуллар билан амалга оширса бўлади.
- Зиёратга бориш.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам намоздан қайтганларида, у зотни алоҳида зиёрат қилиш учун ҳужраларига келганлар.
Бундан ташқари, ҳайит куни ёши улуғлар, кексалар, беморлар, муҳтожлар, мусофир ва қариндошлардан хабар олинади, уларни зиёрат қилинади, дуо олинади. Имкон бўлса, моддий кўмак берилади.
- Қўшиқ, ўйин ва кўнгилхушлик қилиш
Бу ҳақида Оиша онамиз ҳайит куни ҳабашийлар ўйинини томоша қилганлари ва ҳужраларида икки жория “Буос куни” қўшиғини куйлаётганлари, Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам бундан қайтармаганлари ривоят қилинган. Лекин ривоятга эътибор берилса, ўйин ва куй-қўшиқ беҳаё ва эркак-аёл аралаш ҳолда бўлмаган. Содда кўринишда айтилган. Бу ҳадисдан далилланиб, шариат ман қилган ҳолатларга ўтиш мумкин эмас.
10. Аёлларга алоҳида насиҳат қилиш
Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам ийд намозидан сўнг аёлларга алоҳида ваъз-насиҳат қилганлар. Билол розияллоҳу анҳу кийимларини ёйиб турганлар. Улар садақаларини ўша кийимга ташлаганлар. Бундан билинадики, имом агар фитнадан омонда бўлиш шарти ила аёлларга алоҳида фитр ва қурбонлик ҳайити, ҳукмлари ва одобларини баён қилиши ёки оила бошлиқлари намоздан қайтгач, ўзлари эшитган нарсаларни ўз аҳлларига сўзлаб беришлари мумкин.
11. Ихтиёрий садақалар қилиш
Садақа алоҳида тиланчига эмас, бирор муҳтож қўшни, қариндош, илм толибига қилинса, мақсадга мувофиқ бўлиб, пул, буюм, тақинчоқ, егулик, кийим-кечак ҳаммаси садақа – яхшилик турига киради.
Барчамизга яқинлашиб келаётган Ийдул Фитр муборак бўлсин! Аллоҳнинг илоҳий раҳматлари юртимиз узра бардавом бўлсин, амин!
Хадичаи Кубро аёл-қизлар билим юрти
ўқитувчиси Саййидазиз қизи Нилуфар
07.06.2019 й. Ота-она розилигини топиш-фарзанднинг бурчи
بسم الله الرحمن الرحيم
اَلْحَمْدُ للهِ الَّذِي أَمَرَنَا بِبِرِّ الْوَالِدَيْنِ وَنَهَانَا عَنْ عُقُوقِهِمَا، وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى رَسُولِهِ مُحَمَّدٍ الَّذِي قَالَ: "بِرُّوا آبَاءَكُمْ تَبَرَّكُمْ أَبْنَائُكُمْ" وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أَجْمَعِيْنَ اَمَّا بَعْدُ
ОТА-ОНА РОЗИЛИГИНИ ТОПИШ – ФАРЗАНДНИНГ БУРЧИ
Ҳурматли жамоат! Ҳар бир инсоннинг дунёга келишига ота-она сабабчидирлар. Уларнинг фарзандлар устидаги ҳақлари жуда кўп бўлиб, Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда уларнинг барчаси батафсил баён қилинган. Динимизда ота-онани рози қилиш, уларга чиройли муомала қилиш улуғ ибодат ҳисобланади. Қуръони каримнинг 15 та оятида айнан ота-онага яхшилик қилиш ва уларнинг ҳақларига дуо қилиш тўғрисида зикр қилинади. Жумладан, Аллоҳ таоло Ўзига ибодат қилишга буюрганидан кейин ота-онага чиройли муомала қилишга буюрган:
وَاعْبُدُوا اللَّهَ وَلَا تُشْرِكُوا بِهِ شَيْئًا وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا
(سورة النساء / الآية 36)
яъни: “Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз!” (Нисо сураси, 36-оят).
Инфоқ-эҳсон қилишга ҳам энг ҳақли кишилар – ота-оналардир! Бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
يَسْأَلُونَكَ مَاذَا يُنْفِقُونَ قُلْ مَا أَنْفَقْتُمْ مِنْ خَيْرٍ فَلِلْوَالِدَيْنِ وَالْأَقْرَبِينَ وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينِ وَابْنِ السَّبِيلِ وَمَا تَفْعَلُوا مِنْ خَيْرٍ فَإِنَّ اللَّهَ بِهِ عَلِيمٌ
(سورة البقرة / الآية 215)
яъни: “Сиздан (эй, Муҳаммад!) қандай эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: «Ниманики хайр-эҳсон қилсангиз, ота-она, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилингиз! Аллоҳ ҳар қандай қилган эҳсонларингизни билиб турувчидир” (Бақара сураси, 215-оят).
Аллоҳ таоло Яҳё алайҳиссаломни Қуръони каримда “ота-онасига меҳрибон, итоаткор” деб, мақтайди:
وَبَرًّا بِوَالِدَيْهِ وَلَمْ يَكُنْ جَبَّارًا عَصِيًّا
(سورة مريم / الآية 28)
яъни: “У ота-онасига меҳрибон бўлди, жабр қилувчи, итоатсиз бўлмади” (Марям сураси, 14-оят).
Аллоҳ таоло бизга ота-оналаримиз ҳақларига қандай дуо қилишимизни ўргатиб, шундай дейди:
رَبَّنَا اغْفِرْ لِي وَلِوَالِدَيَّ وَلِلْمُؤْمِنِينَ يَوْمَ يَقُومُ الْحِسَابُ
(سورة إبراهيم / الآية 41)
яъни: “Эй, Раббимиз! Ҳисоб-китоб қилинадиган (қиёмат) куни мени, ота-онамни ва (барча) мўминларни мағфират қилгин!” (Иброҳим сураси, 41-оят).
Ҳадиси шарифларда ҳам ота-онанинг фарзанд зиммасидаги ҳақлари бор экани, уларга риоя қилиш – фарзандни улкан ажрга эга қиладиган улуғ ибодат экани таъкидланган. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай баён қилинади:
جَاءَ رَجُلٌ إِلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: "يَا رَسُولُ اللهِ مَنْ أَحَقُّ النَّاسِ بِحُسْنِ صُحْبَتِي؟" قَالَ: "أُمُّكَ" قَالَ: "ثُمَّ مَنْ؟" قَالَ: "أُمُّكَ" قَالَ "ثُمَّ مَنْ؟" قَالَ: "أُمُّكَ" قَالَ ثُمَّ مَنْ؟ قَالَ: "أَبُوكَ" مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ
яъни: Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурига бир киши келиб: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Одамлар ичида менинг чиройли муомаламга энг ҳақли киши ким?” – деб сўради. “Онанг”, – дедилар У Зот. “Кейин ким?”, – деб сўради. “Онанг”, – дедилар У Зот. “Кейин ким?”, – деб сўради. “Онанг”, – дедилар У Зот. “Ундан кейин ким”, – деб сўради. Шунда “Отанг”, – деб жавоб бердилар (Муттафақун алайҳ).
Аллоҳ таоло Ўзининг розилигини ота-онанинг розиликларига боғлаб қўйди. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:
"رِضَا الرَّبِّ فِي رِضَا الْوَالِدَيْنِ وَسَخَطُهُ فِي سَخَطِهِمَا"
رَوَاهُ الْاِمَامُ الطَبَرَانِيُّ عَنِ ابْنِ عَمْرٍو رضي الله عنه
яъни: “Аллоҳ таолонинг розилиги – ота-онанинг розилигида, Унинг ғазаби эса – ота-онанинг ғазабидадир” (Имом Табароний ривояти).
Демак, Аллоҳ таолони рози қиламан деган киши – ота-онасини рози қилсин, Аллоҳни ғазабидан қўрққан киши – ота-онасини ранжитишдан қўрқсин.
Ким ота-онаси бўла туриб, жаннатни қўлдан чиқарса, унинг ҳолига вой бўлади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бизни ота-онанинг хизматларини қилиб, жаннатни қўлга киритишга тарғиб қиладилар:
"رَغِمَ أَنْفُ رَغِمَ أَنْفُ رَغِمَ أَنْفُ رَجُلٍ أَدْرَكَ وَالِدَيْهِ أَحَدَهُمَا أَوْ كِلَاهُمَا عِنْدَهُ الْكِبَرُ لَمْ يُدْخِلْهُ الْجَنَّةَ"
(رَوَاهُ الإِمَامُ مُسْلِمٌ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه)
яъни: “Ота-онасининг ҳар иккиси ёки бирортаси ҳузурида қариликка етсаю, (уларнинг хизматларини қилиб, розиликларини олиб) жаннатга кира олмаган киши хор бўлсин, хор бўлсин, хор бўлсин!” (Имом Муслим ривояти).
Имом Бухорий ва Имом Муслимлар буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда у зот Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан Аллоҳ таолога энг севимли амал нима эканини сўрайдилар. Шунда Сарвари коинот ўз вақтида ўқилган намоздан кейинги энг маҳбуб амал –ота-онага яхшилик қилиш эканини айтганлар.
Бошқа бир ҳадиси шарифда Аллоҳ таолодан ажру-савоб истаганлар ота-оналарига чиройли хизмат қилиши кераклиги айтилган:
أَقْبَلَ رَجُلٌ إِلَى نَبِيِّ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: "أُبَايِعُكَ عَلَى الْهِجْرَةِ وَالْجِهَادِ أَبْتَغِي الْأَجْرَ مِنْ اللَّهِ" قَالَ: "فَهَلْ مِنْ وَالِدَيْكَ أَحَدٌ حَيٌّ؟" قَالَ "نَعَمْ بَلْ كِلَاهُمَا" قَالَ: "فَتَبْتَغِي الْأَجْرَ مِنْ اللَّهِ؟" قَالَ: "نَعَمْ" قَالَ: "فَارْجِعْ إِلَى وَالِدَيْكَ فَأَحْسِنْ صُحْبَتَهُمَا"
رَوَاهُ الْاِمَامُ البُخَارِيُّ والْاِمَامُ مُسْلِمٌ عَنِ عَبْدِ الله ابْنِ عَمْرٍو رضي الله عنه
яъни: Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келиб:
– “Сизга ҳижрат ва жиҳод учун байъат қиламан, савобини Аллоҳ таолодан талаб қиламан!” – деди.
– “Ота-онангдан бирортаси ҳаётми?” – деб сўрадилар.
– “Ҳа, иккиси ҳам тирик,” – деди у.
– “Ажр-савобни Аллоҳдан кутасан-а?” – деб сўрадилар.
– “Ҳа, шундай”.
– “Ундай бўлса, ота-онангни олдига қайтиб боргинда, уларга яхши муомала қил,” – дедилар У Зот” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Муҳтарам жамоат! Шариатимизга кўра ота-онага яхшилик қилиш – фақатгина уларнинг ҳаётлик пайтларида чекланиб қолмай, балки улар мабодо дунёдан ўтганларидан кейин ҳам давом этиши керак. Бу ҳақда Абу Усайд ибн Робийъа разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади:
بَيْنَا نَحْنُ جُلُوسٌ عِنْدَ رَسُول الله صلى الله عليه وسلم إذ جَاءهُ رَجُلٌ مِنْ بَنِي سَلَمَةَ ، فَقَالَ: يَا رسولَ اللهِ ! هَلْ بَقِيَ مِنْ برِّ أَبَوَيَّ شَيء أبرُّهُما بِهِ بَعْدَ مَوتِهمَا ؟ فَقَالَ: " نَعَمْ ، الصَّلاةُ عَلَيْهِمَا ، والاسْتغْفَارُ لَهُمَا ، وَإنْفَاذُ عَهْدِهِمَا مِنْ بَعْدِهِما ، وَصِلَةُ الرَّحِمِ الَّتي لا تُوصَلُ إلا بِهِمَا، وَإكرامُ صَدِيقهمَا"
رَوَاهُ الْاِمَامُ أَبُو دَاوُدَ
яъни: Молик ибн Робеъа ас-Саъидий разияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ўтирганимизда ногоҳон Бани Салама қабиласидан бир киши келди ва: “Ота-онам вафот этгандан кейин ҳам мен уларга қиладиган яхшилик борми?” – деди. Пайғамбар алайҳиссалом: “Ҳа, уларнинг ҳақларига дуо қилиш, улар учун истиғфор айтиш, аҳдларини амалга ошириш, улар орқали қариндош бўлганларга силаи-раҳм қилиш ва уларнинг дўстларини ҳурмат қилиш вазифаси бор”, – дедилар” (Имом Абу Довуд ривояти).
Тобеъинларнинг улуғларидан Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ ота-онага яхшилик қилишни шундай тушунтирадилар: “Ота-онага яхшилик қилиш – қўлингдаги мол-мулкни улар учун сарфлаш, гуноҳ бўлмайдиган ишларда уларнинг буйруқларига итоат қилишдир”.
Ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ ота-онанинг яхшиликларини қай тарзда қайтариш кераклиги ҳақида айтадилар: “Ким беш вақт фарз намозларни ўқиса, ҳақиқатда Аллоҳ таолога шукр қилибди. Ким намозларидан кейин ота-онасининг ҳақларига дуо қилса, ҳақиқатда уларга раҳмат айтибди”.
Ҳукамолардан бирлари: “Отангга ғамхўр бўлсанг, ўғлинг ҳам сенга ғамхўр бўлади”, – дер эдилар.
Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ: “Ота-онага яхшилик қилиш – катта гуноҳларга каффоратдир”, – деганлар.
Ҳурматли жамоат! Шариатимиз, фарзандларга ота-она қарилик вақтларига етиб келишганларида уларни нафақа билан таъминлаш вазифасини юклайди. Бу – динимизнинг талаби!
Ота-онага яхшилик қилишнинг энг паст даражаси – уларга ширин сўз айтишдир. Ундан баландроқ даражаси – уларнинг хизматларини қилиш, моддий ва маънавий томондан ёрдам бериш, доим уларнинг ҳолларидан хабардор бўлиб туришдир. Фарзанд доим ота-онага хурсандчилик келтирадиган ишларга ҳаракат қилиши керак. Зеро ота-оналар фарзандларининг ютуқларидан бениҳоя хурсанд бўлишади.
Ота-онага итоатсизлик қилиш, уларга қаттиқ гапириш, жеркиш, хафа қилиш, ҳақорат қилиш, қўл кўтариш – энг катта ва энг оғир гуноҳдир! “Ота-онага оқ бўлиш” дегани аслида – мана шу. Уни ота-она тилда айтишлари шарт эмас. Балки қаттиқ ранжишлари етарли бўлади.
Абдуллоҳ Ибн Муборак шундай деганлар: “Агар ота-онанг сен билан муроса қилишни бошласа, сенга гапирганда, безовталанишингдан, ғазабинг чиқишидан қўрқиб, эҳтиёткорлик билан, сўзларни саралаб гапира бошлашса – билиб қўйки, ота-онангга оқ бўляпсан!”.
Афсуски, гоҳида ота-онасига юқорида зикр қилингани каби нолойиқ муомала қиладиган фарзандлар ҳам учраб туради. Улар Аллоҳ таолога астойдил тавба қилиб, ота-онасидан кечирим сўраб, қайтадан уларни рози қилишга ҳаракат қилишлари керак.
Аллоҳ таоло барчамизни ота-онасини рози қиладиган фарзандлардан қилсин! Ота-оналаримизни тани-жонларини саломат қилиб, узоқ йиллар дуогўйимиз бўлиб юришларини насиб қилсин! Омин!
ИЛОВА: Шаввол ойи рўзасининг фазилати
Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсинки, муборак Рамазон ойини ҳам якунлаб, Шаввол ойини ҳам бошлаб олдик. Шаввол ҳижрий-қамарий тақвимнинг ўнинчи ойи ҳисобланади. Ушбу ой ҳам фазилатли ва баракотли ойлардандир. Айниқса бу ойда соғлиғи ва имкони бор кишилар нафл рўза тутсалар, кўплаб ажру-савобга эга бўлишлари ваъда қилинган. Жумладан Абу Айюб Ансорий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
"مَنْ صَامَ رَمَضَانَ وَأَتْبَعَهُ سِتّاً مِنْ شَوّالٍ كَانَ كَصِيَامِ الدّهْرِ"
(رَوَاهُ الإِمَامُ مُسْلِمٌ وَالإِمَامُ أَبُو دَاوُدَ وَالإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ)
яъни: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, ортидан шаввол ойидан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади” (Имом Муслим, Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари).
Демак, ушбу ҳадиси шарифга амал қилиб, шавволнинг олти кунида рўза тутган киши умр давомида рўза тутганлик савобини қозонар экан. Зеро Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади:
مَنْ جَاءَ بِالْحَسَنَةِ فَلَهُ عَشْرُ أَمْثَالِهَا
(سورة الأنعام / الآية 160)
яъни: “Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур)...” (Анъом сураси, 160-оят).
Бу олти кунлик рўзани Рамазон ҳайитининг эртасидан бошлаб тутиш мумкин. Шунингдек шаввол ойи давомида тутса ҳам бўлади. Бу ҳақда “Зоҳирийя” ва “Хулоса” номли фатво китобларимизда Шаввол ойидаги олти кунлик рўзани кетма-кет тутилиши шарт эмаслиги, балки ой давомида тутиб ҳам адо этиш мумкинлиги айтиб ўтилган.
Шавволнинг олти кунида рўза тутишнинг яна фойдаларидан бири шуки, у Рамазон рўзасидаги йўл қўйилган камчилик-нуқсонларга каффорат бўлади. Зеро беайб – Парвардигори олам! Банда камчилик ва хатолардан холи эмас. Бу – худди фарз намозлар ортидан ўқилган суннат намози кабидир. Ушбу суннатлар фарзда билиб-билмай йўл қўйилган камчиликларни бартараф қилади. Қиёмат куни банданинг нафл ибодатлари унинг фарз-вожиб амалларда йўл қўйган нуқсонларини тўлдиради.
Қолаверса, шавволнинг олти кунида рўза тутиш ўз моҳияти билан мусулмон кишининг рўзадан зерикмаганига, балки унга рағбати кучли эканига далолат қилади. Зеро бу ойдаги рўзанинг ҳикмати ҳақида Аллома Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ бундай деган: “Рамазон ойидан кейин рўза тутиб юришга одатланиш – Рамазон ойи рўзасининг қабул бўлгани белгисидир. Чунки Аллоҳ таоло бандасининг бирор амалини қабул қилса, ундан кейин уни (бошқа) солиҳ, хайрли ишларга бошлайди, давомли қилади”.
Аллоҳ таоло барчамизни Рамазон ойи ва Шаввол ойининг фазилатларидан баҳраманд қилсин! Омин!
Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “ОИЛА, НИКОҲ ВА ТАЛОҚҚА ОИД ШАРЪИЙ ҲУКМЛАР” мавзусида бўлади. Жамоатга эълон қилишингизни сўраймиз.