muslim.uz
Ўз жонига қасд қилганларнинг жойи жаҳаннамдир
Ассалому алайкум азиз ўқувчи. Ушбу мақола орқали сиз муҳтарамлар билан жамиятимизда оз бўлсада учраб турган аянчли ҳодиса тўғрисида фикрлашамиз. У қандай ҳодиса экан дейсизми? Кейинги пайтларда баъзи туман ва шаҳарларда турли йўллар билан ўз ширин жонига қасд қилаётганлар ҳодисаси. Мутахассисларнинг айтишича бу ҳолат кўпроқ 15-30 ёшгача бўлган шахслар томонидан содир этилаётган экан.
Хўш бу ношудлар нима сабабдан бундай разиликка қўл урдилар. Кимдир ота-онаси ҳоҳлаган кийимни олиб бермагани учун, кимдир севганига етишолмагани, бошқаси олдига мақсад қилиб қўйган таълим муассасасига ўқишга киролмагани, яна кимдир турмуш ўртоғи ёки турмуш ўртоғининг қариндошлари билан чиқишолмагани, яна кимдир турмуш қийинчиликларию машаққатларига бардош беролмаган ва ҳоказо сабаблар билан ўзини ўзи ўлдирган.
Юқорида санаб ўтилган сабаблар ва шунга ўхшаган яна минглаб важлар жам бўлса ҳам инсоннинг энг қимматли бойлиги, яъни ўз ҳаётига ўзи зомин бўлишига арзийдими? Ҳар бир инсоннинг ҳаётида учраши мумкин бўлган муаммо ва ташвишлар қаршисида иродасизлик қилиб ўзини ўлдирган кимса нимага эришади? Ёки шу йўл билан қутилиб яхшиликка эришаман деб ўйлайдими? Йўқ албатта, агар шу фикрда юрганлар бўлса улар қаттиқ адашадилар. Биз ахир мусулмонмиз, мусулмонлар фарзандимиз. Бизнинг ота-боболаримиз, она-момоларимизнинг бошига келган энг оғир қатағон, уруш ва очарчилик йиллари ҳам бундай нобакорликка қўл урмаганлар. Сабр ила қийинчиликларни енгиб ўтганлар.
Бизнинг Ислом шариатимиз инсон ҳаётини муҳофаза қилиш мақсадида ўзини ўзи ўлдиришни (ўз жонига қасд қилишни) ҳаром қилган. Ҳаёт Аллоҳ томонидан берилган бебаҳо бойлик бўлгани учун уни ҳеч ким бировга миннат ҳам қила олмайди, ман ҳам этолмайди. Инсоннинг ҳаётини фақат Аллоҳ таологина олишга ҳақли. Ҳаттоки ўша ҳаёт неъмати берилган шахснинг ўзи ҳам ўз ҳаётига суиқасд қилиши мумкин эмас. Муқаддас Ислом динида бировни ўлдириш қанчалик ёмон ҳисобланса, ўзини ўзи ўлдириш ҳам шунчалик ёмондир.
Аллоҳ таоло Нисо сурасида шундай деб марҳамат қилади: «Ва ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳмлидир. Ким буни тажовузкорлик ва зулм ила қилса, уни албатта дўзахга киритурмиз. Бу эса Аллоҳга осондир» (29–30-оятлар).
У Зот биз, мўмин-мусулмонларга раҳм қилгани учун ҳам ҳалокатга олиб борувчи ишлардан, жумладан, ўзини ўзи ўлдиришдан қайтариб, нажотга сабаб бўлувчи ишларга буюрмоқда. Бу ҳол Аллоҳнинг раҳматидир. Агар У раҳм қилиб, тўғри йўлни кўрсатиб бермаганида, нотўғрисидан қайтармаганида, инсон зоти катта машаққатда қолган бўлар эди.
Ўз жонига қасд қилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида ҳам қаттиқ қораланган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким тоғдан ташлаб, ўзини ўзи ўлдирса, у жаҳаннам оташида абадул-абад ўзини тоғдан ташлаб туради. Ким заҳар ичиб, ўзини ўзи ўлдирган бўлса, у жаҳаннам оташида заҳарини қўлида тутган ҳолида абадул-абад (заҳар) ичиб туради. Ким ўзини ўзи темир нарса билан ўлдирган бўлса, жаҳаннам оташида ўша темирни қўлида тутган ҳолида абадул-абад ўша(темир)ни қорнига санчиб туради», – дедилар».
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзини ўзи ўлдирганга жаноза намозини ўқимаганлар. Аллоҳ берган улуғ неъмат – ҳаёт неъматига, буюк инсоний ҳуқуқлардан саналмиш ҳаёт ҳаққига ношукр бўлган, уни оёқости қилган нобакор шахснинг жазоси шундай бўлади.
Каломи шарифда: “...борди-ю, ношукрлик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир", дейилган ("Иброҳим" сураси, 7-оят).
Сўнги пайтларда айрим ёшлар ижтимоий тармоқларда тарқалаётган ўз жонига қасд этишга чорловчи турли ўйинлар қурбони бўлаётгани ўта хавотирли ҳолатдир. Интернет тармоқларида яшин тезлигида оммалашиб бораётган “Кўк кит” (ёки “Тинч уй”) ўйини ҳали вояга етмаган ўсмирларни ўз домига тортмоқда. Эллик кун мобайнида элликта шартларни бажариш талаб қилинадиган бу ўйин охири ўйинчининг ўз жонига қасд қилиш ҳодисаси билан якунланади.
Ўйин қоидасига кўра, иштирокчи шартларни эрталаб 4:20 да тармоққа кириб, қабул қилиб олади. Ҳаммаси жуда жўн, аввалига, оқ қоғозга кўк кит суратини чизишдан бошлаб, кейин ана шундай суратларни танага чизиш керак бўлади. Иштирокчи вазифаларни бажарганининг исботи сифатида суратга тушиб, гуруҳ бошқарувчисига кўрсатиши керак. Босқичма-босқич шартларни бажариш эса алалоқибат ўйинчининг ўз жонига қасд этиши билан тугайди.
Бу ўйинни ўйнаб, оқибатда жонига қасд қилганлар қўшни республикаларда кузатилганини ишончли оммавий ахборот васиталари хабар қилмоқда. Юртимизда ҳам бу фитна домига тушганлар бор ёки йўқлиги аниқ эмас. Лекин, асосий жиҳатни унутмайлик, огоҳлик зиён қилмайди. Фарзандларимиз уяли алоқа воситалари орқали нималар билан машғул эканини доимо назорат қилиш, уларга тўғри йўлни ботилидан ажратиб олишларида кўмаклашишимиз лозим.
Ҳаёт инсонга уни беҳудага совуриш учун берилмаган. Балки, бу башариятга Аллоҳ таоло томонидан вақтинча берилган фурсатдир. Қуръони каримда «Сўнгра, албатта, ул кунда (охиратда) неъматлар ҳақида сўралурсиз!» (Такосур сураси 8-оят)дейилган. Неъматларнинг энг аввалида эса умр неъмати туради. Буюк ислом олими Ҳасан ал-Басрий ўтаётган кунимизни шундай тавсифлайди: «Ҳар бир тонгги ёришадиган кун борки, инсон боласига нидо қилади: «Мен янги кунман, ишларингга шоҳидман. Агар кетсам, қиёматга қадар қайтмайман. Шундай экан, (бу фурсат ичида) истаганингча амал қилиб қол, уларнинг мукофотини ўз олдингда (яъни келажакда, қиёматда) топасан. Ёки истаган ишингни кечиктир, бу фурсат сенга абадий қайтиб келмайди».
Шундай бўлгач, умрни биз учун икки дунё саодатини келтирадиган йўлларга сарфлайлик.
Зайниддин Эшонқулов
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакили ўринбосари
Ҳашар меҳр уйғотур
Нимаики ишни элу юрт бирдамликда, ҳамжиҳатликда бажарса, шу ишнинг бажарилиш жараёни ўз-ўзидан байрамга айланиб кетади.
Халқимиз азалдан озодаликни, саришталикни одат қилиб келган. Чунки бунга муборак динимиз буюради. Ана шундай покизалик тадбирлари ҳар баҳорда умумхалқ ҳашари кўринишида бажарилган ва бу эзгу анъана ҳар йили давом этади. Миллатимизнинг ана шундай ажойиб одатларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 мартдаги фармойиши эълон қилинди. Ушбу фармойиш асосида март-апрель ойлари юртимизда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ойлиги, деб эълон қилинди.
Бугун ва эртага ҳам республикамизнинг барча ҳудудларида умумхалқ ҳашари бўлиб ўтади. Шу жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги масжидлар, зиёратгоҳлар ва мадрасаларда ҳашар ишлари уюшқоқлик билан амалга оширилмоқда. Унда гул кўчатлари, мевали ва манзарали дарахтлар экиш, оқлаш, буташ, кўчалар, йўлакларни тартибга келтириш, қурилиш ва маиший чиқиндиларни тўплаш, белгиланган жойга олиб чиқиш, ариқларни тартибга келтириш ишлари бажарилмоқда.
Масжид-мадрасаларда ҳашар давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
ахборот хизмати
Президентимиз Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасини зиёрат қилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 10 март куни Бухоро вилоятида бўлди.
Истиқлол йилларида миллий қадриятларимизни тиклаш, ривожлантириш, маданий-маърифий меросни, айниқса, тарихий-меъморий обидаларни асраш, уларни келгуси наслларга етказиш борасида эътиборли ишлар амалга оширилди. Хусусан, мамлакатимизнинг биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан йирик тасаввуф намояндалари, Нақшбандия тариқати асосчилари Баҳоуддин Нақшбанд ва Абдулхолиқ Ғиждувоний зиёратгоҳлари обод этилди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига сафарини ана шундай табаррук масканлардан бири Баҳоуддин Нақшбанд меъморий мажмуини зиёрат қилишдан бошлади. Дастлаб Қуръони карим тиловати ўқилди ва дуолар қилинди.
Шундан сўнг Президентимиз мазкур ёдгорлик мажмуасини янада обод масканга айлантириш юзасидан кўрсатмалар берди. Қолаверса, кўҳна ва боқий Бухородаги ёдгорлик, обидаларнинг ҳар бир дона ғиштини ўз ҳолида тиклаш, эҳтиёт қилиш ва келажак авлодга етказиш лозимлигини таъкидлади.
Юртбошимиз Бухоронинг жаҳон цивилизацияси ва Ислом маданияти ривожига қўшган ҳиссаси беқиёс экани, бу заминда кўплаб алломалар таваллуд топгани ва яшаганини алоҳида таъкидлади. Уларнинг бой илмий меросини атрофлича ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш учун бу ерда Тошкент ислом университетининг махсус факультетини ташкил қилиш ҳақида таклиф билдирди.
Шундан сўнг Бухоронинг қадимий обидаларини қамраб оладиган кичик ҳалқа йўлини бунёд этиш, йўлакларга мармар ва махсус ишлов берилган тошлар ётқизиш, бино ва йўлларнинг ёритиш тизимини замонавийлаштириш, меҳмонхона ва иншоотлар қуриш, улар атрофига ҳудуднинг табиий иқлим шароитига мос дарахт ва гуллар экиш, маҳаллий ва хорижлик сармоядорлар учун қулай шароитлар ташкил этиш юзасидан зарурий топшириқлар берди.
“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да Давлатимиз Раҳбарининг мамлакатимиз ҳудудлари бўйлаб сафарлари ислоҳотларни амалга оширишда кишиларни ҳамжиҳатликка ундамоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
ахборот хизмати
Дунё бўйича энг зўр кашфиётлар қилган муслима аёллар
Расули акром соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир мўмин-мусулмон эркак ва аёл илм олиш учун интилиши лозимлиги ҳақида таълим берган эдилар. Замонавий илм-фанга мусулмон аёллар шундай ажойиб ҳисса қўшдиларки, уларнинг бу ишларини “лаббайка ё Расулуллоҳ!” деб айтиш мумкин. Мана улардан кашфиётлари дунё эътирофига сазовор бўлганлари:
Самина Шоҳ ҳиндистонлик. У Нью Йоркдаги Thomson Reutersнинг етакчи илмий ходими. 2009 йилда ҳиндистонлик аёлларнинг техника соҳасидаги ютуқлари танловида Google мукофотига сазовор бўлган. У сунъий ақл яратиш устида тадқиқот олиб боради. «Информатика билан шуғулланиш жону дилим. Бу менинг нарса ва ҳодисалар мантиғини англашимга ёрдам беради. Чунки бир қарашда тасодифий бўлиб туюлган ишларнинг моҳияти чуқурроқ ўрганилса, улар бир мукаммал тизим асосида юз берганига гувоҳ бўламиз...” дейди олима.
Ануших Ансари эронлик. У ўсмир ёшида АҚШга иммиграция бўлиб борган Жорж Майсон университетини электроника ва ҳисоблаш машинаси бўйича битирган. Ансари 2006 йил космосдаги биринчи аёл-сайёҳ ва келиб чиқиши эронлик бўлган биринчи астронавт бўлди.
Хадижа Мухаммад Юсуф малайзиялик. Хадижа – микробиолог. У ҳозирги вақтда Ньюкасла касаллигининг терапевтик ва диагностик реагентлари устида тадқиқот ишлари олиб бораётир. Ўлим билан ниҳоясига етадиган бу касалликка дунёдаги товуқларнинг барча турлари чалинган. 2005 Хадижа микробиология соҳасида Карл Финлай мукофоти билан тақдирланди. Хадижа фан инсониятга фойда келтиришига ишонади.
Амина Ғариб Факим маврикиялик. Ғариб – Маврикия президентлигига сайланган биринчи аёл. У Суррея университетини 1983 йил химия фани бўйича битириб бакалавр босқичини олди. 1987 йил Эксетера университетида органик химия бўйича докторлик ишини ёқлаганидан сўнг юртига қайтади ва Маврикия университетига ишга жойлашади. Ҳозирда у Маврикия ўсимликларининг тиббий ва озиқлик хусусиятларини ўрганмоқда. “Тадқиқот ишимдан кўзланган мақсад – диарея, дизентерия ва бошқа юқумли касалликларга ўсимликлардан инсон организми учун хавфсиз бўлган табиий дори-дармонлар яратиш ва маврикиялик, Ҳинд океани минтақаси ва Африка давлатлари болаларига ёрдам кўрсатишдан иборатдир”, дейди у.
Исмахон Элуафи марокколик. У генетика соҳаси бўйича Кордова университетида докторлик ишини ҳимоя қилган. Исмахон фан ижобий ютуқларни қўлга киритиш ҳамда қашшоқлик ва камситишларнинг олдини олиш борасидаги қарорларга асос бўлиши керак деб ҳисоблайди. Айни чоқда у сув етишмайдиган ерларда фермерларга ёрдам кўрсатишга ихтисослашган халқаро биотуз қишлоқ хўжалиги марказининг (шўр босган ерларда тузга чидамли дарахтлар ва озуқабоп ўсимликларни етиштириш технологияси) бош директори вазифасида фаолият юритмоқда.
Бина Шаҳин Сиддиқий покистонлик. Профессор Бина Шаҳин Докторлик унвонини химия соҳаси бўйича Карачи университетида олган. У маҳаллий гиёҳлардан дори олиш устида тадқиқот олиб борган ва мамлакат тиббиёти ҳамда қишлоқ хўжалиги ривожига катта ҳисса қўшган. Сиддиқий 250 га яқин илмий мақолалар эълон қилган ва кўплаб нуфузли мукофотлар билан тақдирланган. Улар сирасида химия бўйича ал-Хоразмий мукофоти ҳам бор.
Ҳайат ал-Синди – маккалик биотехнолог. Синди Яқин Шарқ аёллари ичида биотехнология соҳасида биринчи бўлиб фан докторлигини қўлга киритган. Синди “Ҳамма учун ташсих” ташкилотининг таъсисчиларидан бири. Бу ташкилот камбағал давлатлар учун бир оз енгилроқ ташхис ускуналарини ишлаб чиқаради. Олима бу лойиҳага кўплаб сармоядорларни жалб этди. Хусусан, Билл Гейтс 10 миллион доллар сармоя киритди. «Мен Кембрижда ўқишни бошлаган кезларимда бир машҳур олим менга “Сенинг бу ишларингдан ҳеч нарса чиқмайди. Чунки сен аёлсан ва дин фанга қарши туради”, деди. (ундан ҳайиққаним учун қайси дин? деб сўрай олмадим) Мен истардимки, дунёдаги барча аёллар ўзларига ишонсин ва мақсадлари йўлида собит қадам бўлсин”.