muslim.uz

muslim.uz

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов 27-28 март кунлари махсус ташриф билан Навоий вилоятида бўлдилар. Сафарнинг биринчи куни Кармана туманидаги “Қосим Шайх Азизон” ва “Мавлоно Ориф Деггароний” масжидлари фаолияти билан танишдилар. Нурота туманидаги “Чилустун” жоме масжидида ҳам бўлдилар. Куннинг иккинчи ярмида Навбаҳор туманидаги “Абул Ҳасан Ҳарақоний” масжидини зиёрат қилдилар ва намозхонларга қулай шароитлар яратиш хусусида кўрсатмалар бердилар.

Эртаси куни Қизилтепа туманидаги “Боязид Бистомий” масжиди, Қизилтепа туман халқ қабристони; “Хўжа Жалол” масжиди ва “Хўжа Жалол” халқ қабристони; “Тошмасжид” масжиди ва “Эшон Ниёз” қабристонига бордилар. Обод бўлаётган масжидлар ва қабристонларни кўрганидан хурсанд бўлганларини айтиб, аҳолининг ҳақига  дуолар қилдилар.

 Қўмита раиси ва муфтий ҳазратлари туманларда имом-хатиблар билан йиғилишлар ўтказдилар. Имомларга суициднинг олдини олиш, давомати паст ўқувчилар, диний оқимга мойил кишилар, жазони ўташ муассасаларида ётганлар  ҳамда қидирувда бўлганлар оилалари билан суҳбатлар ўтказишга доир кўрсатмалар бердилар. Намозхонлар билан дилдан гаплашдилар.

Бундан ташқари, Қизилтепа туманида ишга тушган “Деҳқонобод” қишлоқ врачлик пунктида бўлиб, яратилган шароитлар билан танишдилар. Врач ва ҳамширалар ҳақига эл саломатлиги йўлида толмай хизмат қилишларини сўраб  дуолар қилдилар. Саккизта маҳаллани ўз ичига олган “Ванғози” қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Толиб Қодиров аҳолининг меҳр оқибатлилиги, маърифий-маънавий тадбирлар кўп ўтказилиши, энг асосийси, аҳолининг диний эҳтиёжини қондирилгани, масжид билан ҳамкорлик тўғри йўлга қўйилганини фахрланиб гапирди. Шундан сўнг, 84 ёшли Салим ҳожи Каримов бобо хонадонида бўлдилар.

Китобхонликни ўзига дастуруламал билган отахон барчага китоб ўқишни тавсия этади. Маҳалланинг тўй-маъракаларида бош бўлади.

Отахон ота-боболарига насиб этмаган мустақиллик кунларига, халқимизга шундай элпарвар юртбошини берганига, муқаддас Ҳаж зиёратига бориб келганига, тўкис шароитда фарзандлари, эл-юрти ардоғида яшаётганидан хурсанд бўлиб, юртимиз тинчлигини тилаб дуога қўл очдилар.

 

 

Тоҳиржон РЎЗИЕВ

Навоий вилоят бош имом хатиби

بسم الله الرحمن الرحيم

Қадрли  намозхонлар! Аллоҳ таоло ер юзини инсон учун обод қилиб, осмондан барокот сувларини ёғдириб, шу сув орқали дарахтлар, ўт-ўлан ва барча набототларни ўстириб, инсонлар ва ҳайвонларнинг ризқини бериб қўйди. Қуръони каримнинг кўплаб оятларида Аллоҳ таоло экинлар ва боғларни мисол қилиб келтирилган.

Бу ҳақида Аллоҳ таоло марҳамат қилиб шундай дейди:

هُوَ الَّذِي أَنْزَلَ مِنَ السَّمَاءِ مَاءً لَكُمْ مِنْهُ شَرَابٌ وَمِنْهُ شَجَرٌ فِيهِ تُسِيمُونَ  يُنْبِتُ لَكُمْ بِهِ الزَّرْعَ وَالزَّيْتُونَ وَالنَّخِيلَ وَالْأَعْنَابَ وَمِنْ كُلِّ الثَّمَرَاتِ إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآَيَةً لِقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ

Яъни, “У осмондан сизлар учун ундан ичимлик бўладиган сувни (ёмғирни) ёғдирган зотдир. (Ҳайвонларингизни) боқадиган гиёҳлар ҳам ўша сувдан (суғорилур). У сизлар учун ўша (сув) билан (турли) экинларни, зайтун, хурмо, узум ва барча меваларни ундирур. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломат бордир”. (Наҳл сураси, 10-11 оятлар)

Ризқу-рўзимизнинг аксари Ерда етиштириладиган нарсалардан иборатдир. Шунинг учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: الْتَمِسُوا الرِّزْقَ فِي خَبَايَا الْأَرْضِ رواه البيهقي والطبراني 

Яъни, Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ризқни ер остидан талаб қилинглар”, дедилар”. (Байҳақий ва Табароний ривоят қилган).

Дарҳақиқат, дастурхонимиздан деҳқонлар, чорвадорлар ва боғбонлар етиштирган нарсалар узулмайди. Биз эса барака сўраб истеъмол қилаверамиз.

Аллоҳ таоло инсонни  ердан яратиб, ер юзини ободлиги учун уни ерга қўйгандир:

هُوَ أَنْشَأَكُمْ مِنْ الْأَرْضِ وَاسْتَعْمَرَكُمْ فِيهَا

 Яъни, “У сизлaрни ердaн пaйдo қилиб, сизлaрни уни oбoд этувчи этди”. (Ҳуд сураси, 61-оят)

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло одамзотнинг асли ер жинсидан яратилгани ҳамда улар ер юзига уни обод қилиш учун қўйилгани хабари бериляпти.

Муҳтарам  жамоат ! Аслида, Аллоҳ таоло ерни Ўзи обод қилиб яратиб бериб,обод ҳолатда сақлаш ҳамда янада обод қилишни биздан талаб қилган. Деҳқончилик агар Аллоҳ буюрганидек амалга оширилса, бу – Ер юзини энг обод қилувчи касблардан саналади. Ислом дини деҳқончилик ва боғдорчилик ишларига катта эътибор беради ва тарғиб қилади. Бу ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васалламдан жуда кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Жумладан:

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَا مِنْ مُسْلِمٍ يَغْرِسُ غَرْسًا أَوْ يَزْرَعُ زَرْعًا فَيَأْكُلُ مِنْهُ طَيْرٌ أَوْ إِنْسَانٌ أَوْ بَهِيمَةٌ إِلَّا كَانَ لَهُ بِهِ صَدَقَةٌ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ

Яъни, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Қайси бир мусулмон бирорта дарахт ўтқазса ёки бирор экин экса ва ундан бирорта қуш ёки инсон ёки ҳайвон тановул қилса, у сабабли унга садақа (савоби) бўлади – дедилар”.  Имом Бухорий ривоят қилган.

Яна бир ҳадисда шундай дейилган:

عَنْ جَابِرٍ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ الله صَلَّى الله عَلَيه وسَلَّم: مَنْ أَحْيَا أَرْضًا مَيْتَةً، فَلَهُ فِيهَا أَجْرٌ، وَمَا أَكَلَتِ الْعَافِيَةُ مِنْهَا فَلَهُ مِنْهَا صَدَقَةٌ. رَوَاهُ الدَّارِمِيُّ

Яъни, Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ким бирор ўлик ерни тирилтирса, яъни обод этса, унга шунда ажр бордир. Шунингдек, ундан бирор жонзот еган нарсада унга садақа (савоби) бордир”, дедилар”. Доримий ривоят қилган.  

Бошқа бир ҳадисда қуйидагича марҳамат қилинган:

عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللَّهِ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ: ... وَمَنْ أَحْيَا أَرْضًا مَيِّتَةً ثِقَةً بِاللَّهِ وَاحْتِسَابًا كَانَ حَقًّا عَلَى اللَّهِ أَنْ يُعِينَهُ وَأَنْ يُبَارِكَ لَهُ ». رواه البيهقي والطبراني

Яъни, Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ким Аллоҳга ишониб, савоб умид қилган ҳолда қаровсиз ерни обод қилса, унга ёрдам ва барака бериш Аллоҳга лозим бўлди”, деди”. Байҳақий ва Табаронийлар ривоят қилган. (Аллоҳга лозим бўлди дегани – мазкур бандага Аллоҳнинг фазл-карами бўлди деганидир)

Ушбу ҳадисда зикр қилинган Аллоҳ таолонинг ваъдасига етишиш учун деҳқонлар қилаётган ишларни ибодат деб қилишлари лозимдир. Ҳалол покиза бўлса, ҳалол покиза йўллар билан меҳнат қилса, иншоаллоҳ, зироатига барака кириб, албатта мўл-кўл ҳосилга эга бўлади.

Саҳобалардан бир қанчалари деҳқончилик билан машғул бўлганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу саҳобалар ичида зоҳидлардан бири бўлсада, деҳқончилик қилар эди. Саъд ибн Абу ваққос розияллоҳу анҳу деҳқончиликдан мўл ҳосил олиш учун ўз ерига ўғитлар билан ишлов берар эди.

Дарҳақиқат, деҳқончиликнинг шарафли касб эканига далолат қиладиган сабаблардан бири бу касб ҳақиқий таваккал қиладиган касбдир. Экишда таваккал, ҳосилини ўриб олгунча таваккал, ҳатто сотиб бўлгунча таваккал қилади.

Деҳқондан таваккал қилиб меҳнат қилиш талаб қилган бўлса, асл ўстириб берувчи эса Аллоҳ таолодир.

Инсон ғурурга кетиб қолмаслиги учун Аллоҳ таоло бу неъматлар Унинг Ўзидан эканини эслатиб шундай дейди:

فَلْيَنْظُرِ الإنْسَانُ إِلَى طَعَامِهِ * أَنَّا صَبَبْنَا الْمَاءَ صَبًّا * ثُمَّ شَقَقْنَا الأرْضَ شَقًّا * فَأَنْبَتْنَا فِيهَا حَبًّا * وَعِنَبًا وَقَضْبًا * وَزَيْتُونًا وَنَخْلا * وَحَدَائِقَ غُلْبًا * وَفَاكِهَةً وَأَبًّا * مَتَاعًا لَكُمْ وَلأنْعَامِكُمْ

Яъни, “Энди инсон ўзининг таомига (ибрат кўзи билан қуйидаги неъматларимизга бир) боқсин: Биз (осмондан) сувни мўл ёғдирдик. Сўнгра ерни (гиёҳлар унсин, деб) ёрдик. Сўнгра Биз унда донларни ундирдик, узум ва кўкатларни, зайтун ва хурмоларни, қалин дарахтзор боғларни, меваю гиёҳларни ҳам. (Буларни) сизларнинг ва чорва ҳайвонларингизнинг истеъмоли учун (яратдик)(Абаса сураси, 24-32 оятлари)

أَفَرَأَيْتُمُ الْمَاءَ الَّذِي تَشْرَبُونَ * أَأَنْتُمْ أَنْزَلْتُمُوهُ مِنَ الْمُزْنِ أَمْ نَحْنُ الْمُنْزِلُونَ * لَوْ نَشَاءُ جَعَلْنَاهُ أُجَاجًا فَلَوْلا تَشْكُرُونَ

Яъни, “Сизлaр ўзлaрингиз ичaётгaн сувни (ўйлaб) кўрдингизми?! Уни булутлaрдaн сизлaр ёғдирдингизми ёки биз ёғдирувчимизми?! Aгaр биз xoҳлaсaк, уни шўр вa aччиқ қилиб қўйгaн бўлур эдик. Бас, (шу оби ҳаёт учун ҳам) шукр қилмайсизми?!” (Воқеа сураси, 68-70 оятлари)

Эътибор берадиган бўлсак, ушбу оятларда Аллоҳ таоло барча ишларни Ўзига нисбат беряпти. Чунки аслида бандани ҳам, унинг қиладиган ишини ҳам Аллоҳ таоло яратган. Шунинг учун банда ҳеч қачон кибрга кетмаслиги лозимдир:

Бандаларнинг касби-корига барака ёғилиши, ёмғир-қорнинг мўл-кўл бўлиши учун бандалар гуноҳ қилишдан сақланиши, имкон қадар кўпроқ истиғфор этишлари лозимдир. Чунки Аллоҳ таоло истиғфорга кўп нарсани ваъда қилган. Бу ҳақида Аллоҳ таоло марҳамат қилиб шундай дейди:

اسْتَغْفِرُوا رَبَّكُمْ إِنَّهُ كَانَ غَفَّارًا (10) يُرْسِلِ السَّمَاءَ عَلَيْكُمْ مِدْرَارًا (11) وَيُمْدِدْكُمْ بِأَمْوَالٍ وَبَنِينَ وَيَجْعَلْ لَكُمْ جَنَّاتٍ وَيَجْعَلْ لَكُمْ أَنْهَارًا  سورة نوح 12 

 Яъни, “Раббингиздан мағфират сўрангиз! Албатта, У (бандаларига нисбатан) ўта кечиримли зотдир. (Шунда, яъни истиғфор айтсангиз) устингизга осмондан (баракали) ёмғир ёғдирур, сизларга мол-дунё, фарзандлар билан мадад берур ҳамда сизларга боғлар (барпо) қилур ва сизларга анҳорларни (ато) қилур”. (Нуҳ сураси, 10-12 оятлари)

     Муҳтарам жамоат! Шу кунларда дала ва боғларда қизғин меҳнат авжида. Юртдошларимиз халқ фаровонлиги, турмуш ободлиги йўлида кечани кеча, кундузни кундуз демай баракали меҳнат қилишяпти, бу йилги ҳосилларининг мўл ва баракали бўлишини тилаб дуои хайрлар қилишяпти. Уларнинг ҳалол меҳнатлари, касб-корлари, иншоаллоҳ, самарасиз қолмайди.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, муҳтарам Президентимиз бошчилигида ҳукуматимиз томонидан қўшни ва хорижий мамлакатлар билан мева-сабзавотларимизни сотиш бўйича катта ҳажмдаги шартномалар тузилиб, халқ бойиши учун залворли ишлар қилинмоқда. Мазкур ишларда ҳукуматимизга камарбаста бўлишимиз даркор.

   Азизлар намозхонлар! Бу кунлар, яъни, баҳор кунлари ёмғирлар ёғадиган кунлардир. Аллоҳ таоло ёмғирнинг барака олиб келиши ҳақида шундай марҳамат қилган:

وَنَزَّلْنَا مِنَ السَّمَاءِ مَاءً مُبَارَكًا فَأَنْبَتْنَا بِهِ جَنَّاتٍ وَحَبَّ الْحَصِيدِ

Яъни, “Биз осмондан баракотли сув (ёмғир) ёғдириб, у билан боғларни ва ўриб олинадиган донларни ундирдик”. (Қоф сураси, 9-оят)

Ёмғир Аллоҳ таолонинг фазли-раҳмати бўлгани учун ёмғир ёғаётган пайтда қилинган дуонинг ижобат бўлиши умид қилинади. Шундай экан, ёмғир томчилаб турган пайтда юртимиз ва ўзимиз учун муҳим бўлган нарсаларни Аллоҳ таолодан сўраб олишимиз мақсадга мувофиқдир: Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

عن سهل بن سعد قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: "ثنتان ما تُرَدَّانِ الدعاء عند النِدَاءِ وَ تَحْتِ الْمَطَرِِ رواه الحاكم والطبراني حديث صحيح 

Яъни, Икки нарса рад қилинмайди; Азон пайтида ҳамда ёмғир ёғиб турган пайтда қилинган дуо (рад қилинмайди), дедилар”. Имом Ҳоким ва Тобаронийлар ривоят қилишган.

Биз намозхонлар ҳам ибодатларимиз ниҳоясида деҳқончилик ва зироатчилик билан шуғулланаётган юртдошларимизга ҳосилларига барака ва ишларига омадлар тилаб, яхши дуолар қиламиз.

Аллоҳ таоло деҳқонларимизга, боғбонларимизга, барча қишлоқ хўжалик ходимларига бу йилги ҳосиллари мўл-кўл бўлишини, юртимизга Ўзининг баракотлари ёғилишини, етиштирилган ҳосилларини нест-нобуд ва увол қилмай йиғиб-териб олишларини насиб этсин. Юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо, турмушимизни янада фаровон қилсин!

بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таоло ўзининг ҳикмати ва қудрати ила инсонни яратиб, уни барча жонзотлардан азизу мукаррам айлади. Унга ер юзида гўзал яшаши учун барча нарсаларни қулай қилиб яратиб, улардан қандай фойдаланиш ва қандай асраш лозим эканини ҳам баён қилиб берди.

Аллоҳ таоло ер юзини инсон учун қароргоҳ қилиб яратди. Осмондан баракот сувларини тушириб, шу сувлар билан дарахтлар, ўт-ўлан ва барча набототларни ўстириб, инсонлар ва ҳайвонларнинг ризқини берди. Бир сўз билан айтганда Аллоҳ таоло бу борлиқнинг барчасини инсон учун яратди.

Азиз намозхонлар! Бугунги суҳбатимиз мавсумий суҳбатлардан бири бўлган - баҳор яъни, наврўзи олам ҳақидадир. Мавсумий суҳбатлар бизга умримиз қанчалар тез ўтиб бораётганидан дарак бериб туради.

Ҳа, йилнинг ўтиши, фаслларнинг қиш, баҳор, ёз ва куз бўлиб алмашиши бу – бизнинг умримиз, бизнинг ҳаётимиз, бизнинг бир бўлагимизнинг кетишидир. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: “Эй одам боласи, сен саноқли кунлардан иборатсан. Бир куннинг ўтиши, сенинг бир бўлагинг кетиши демакдир” !

Мана, баҳор фасли ҳам кириб келди. Бу фасл уйғониш, яшариш, кўкаламзорлаштириш фаслидир. Барча мамлакатлар сингари бизнинг она юртимизда ҳам баҳор фасли ўзгача хурсандчилик билан қарши олинади. Ҳукамоларнинг бирига “Фаслларнинг қайси бири яхши?” деб савол қилинганда, у зот: “Кўзга баҳор, оғизга эса куз яхшидир”, деб жавоб берган экан.

Мана бугун баҳор-наврўз арафаси кунларидир. Айни кунларда кўчат экиш ва атроф-муҳитни тоза тутиш айни муддао бўлган ишлардандир. Бу кунда қилинган амаллар зое кетмайди, бу қилинаётган хайрли ишлар асло мукофотсиз қолмайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

إِنَّ الَّذِينَ آَمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ إِنَّا لَا نُضِيعُ أَجْرَ مَنْ أَحْسَنَ عَمَلًا

Яъни, “Имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотлар эса, (билиб қўйсинларки) албатта, Биз яхши амалларни қилган кишининг мукофотини зое қилмасмиз”.( Каҳф сураси, 30-оят).

Мусулмон киши дунёда ҳам, охиратда ҳам мукофот олиши учун бундай хайрли амалларни Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлаб қилган бўлиши лозимдир.

Инсон қаерда яшамасин, у қишлоқ бўладими, шаҳар бўладими, истиқомат қилиб турган жойларини обод ва чиройли қилиш ҳаракатида бўлиши лозим!

Мусулмон киши дунёси орқали охиратини обод қилсин, унинг дунёси охирати учун хизмат қилсин.

Ҳа, бугунги баҳор кунларида хайрли амалларни қилишга имкониятимиз жуда ҳам кўп. Лекин бу кунлар кутиб турмайди. Биз бу кунларда мана шундай хайрли ишларни қилсак ҳам, қилмасак ҳам, бу кунлар ўтиб кетаверади. Савобли ишлар машаққатли бўлсада, ажри улкандир. Айниқса, халқ жамият манфаати йўлида қилинган ҳар қандай хайрли иш Яратганнинг ҳузурида ҳам ютуқларга сабаб бўлади. Шунинг учун бефойда ишга чалғимасдан, бу мавсумдан унумли фойдаланайлик.

Шунинг учун бизлар манфаатсиз нарсаларга машғул бўлмасдан, баҳор кунларини ғанимат билайлик. Сайфул Яманий раҳматуллоҳи алайҳ айтган экан: “Аллоҳнинг бандадан юз ўгирганининг аломати уни манфаатсиз нарсага машғул қилиб қўйишидир”.

Айниқса, мана шундай баҳор кунларида хайрли ишларга машғул бўлсак, бугун эксак, эрта ўрамиз, фойдани барчамиз кўрамиз.

Муҳтарам жамоат! Биз умримизни қадрлайлик. Саҳобалар хайрли амаллар қилишга ўта ҳарис бўлиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Эй Аллоҳнинг расули, қайси амал яхши?” деб савол қилар эди ва жавобни олиши биланоқ, шу амални қилишга шошилишарди. Баҳор фасли – хайрли амалларни қўлга киритишда биз учун энг ғанимат фурсатлардан биридир.

Ризқу-рўзимизнинг аксари ерда етиштирилади. Дастурхонимиздан деҳқонлар, чорвадорлар ва боғбонлар етиштирган неъматлар узилмайди. Биз эса барака сўраб истеъмол қилаверамиз.

Деҳқончилик Аллоҳ буюрганидек амалга оширилса, бу ҳам ибодатдир. Чунки динимиз деҳқончилик ва боғдорчилик ишларига катта эътибор беради ва тарғиб қилади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васалламдан жуда кўплаб ҳадислар ворид бўлган.

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَا مِنْ مُسْلِمٍ يَغْرِسُ غَرْسًا أَوْ يَزْرَعُ زَرْعًا فَيَأْكُلُ مِنْهُ طَيْرٌ أَوْ إِنْسَانٌ أَوْ بَهِيمَةٌ إِلَّا كَانَ لَهُ بِهِ صَدَقَةٌ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ

Яъни, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Қайси бир мусулмон бирорта дарахт ўтқазса ёки бирор экин экса ва ундан бирорта қуш ёки инсон ёки ҳайвон тановул қиса, у сабабли унга садақа (савоби) бўлади– дедилар.  Имом Бухорий ривоят қилган.

Яна бир ҳадисда эса шундай дейилган:

عَنْ أَنَسٍ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ الله عَنْهُ عن النبي صَلَّى الله عَلَيه وسَلَّم قَالَ: إِنْ قَامَتِ السَّاعَةُ وَفِي يَدِ أَحَدِكُمْ فَسِيلَةٌ ، فَإِنِ اسْتَطَاعَ أَنْ لاَ تَقُومَ السَّاعَةُ حَتَّى يَغْرِسَهَا ، فَلْيَغْرِسْها

رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ فى الادب المفرد

Яъни, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Қиёмат қоим бўлиб қолса-ю, бирортангизнинг қўлингизда кўчат бўлса, у қоим бўлгунича экишга улгурса, экиб қўйсин”, дедилар”.

Эътибор беринг! Динимиз фойдали иш қилишга шунчалик чорлаганки, ҳатто инсон ўз ҳаётининг охирги лаҳзасини ҳам ғанимат билиб, узоқ йиллар давомида жамиятга манфаат келтирадиган яхшилик ва эзгу ишларга тарғиб қилинмоқда.

Имом Нававий: “Касбларнинг энг яхшиси қўл меҳнати билан қилинган иш бўлса, деҳқончилик – энг яхшисидир, чунки унда қўл меҳнати ҳам бор, Аллоҳга таваккал қилиш ҳам бор, шунингдек, инсон ва ҳайвонларга манфаат етказиш ҳам бор”, деганлар.

Дарҳақиқат, деҳқонлар ҳақиқий таваккал қилувчидирлар. Улар экин экишда таваккал қилишади, ҳосилни йиғиб олгунча таваккал қилишади, ҳатто сотиб бўлгунча ҳам таваккал қилишади.

Энг асосийси, деҳқон ҳаракати сабабли Аллоҳ таоло бутун халқнинг ризқини бериб келмоқда. Шу боис, барчаларимиз шукрона дуолар қилишимиз керак.

Муҳтарам жамоат! Шу кунларда дала ва боғларда қизғин меҳнат авжида. Юртдошларимиз халқ фаровонлиги, турмуш ободлиги йўлида кечани кеча, кундузни кундуз демай баракали меҳнат қилиб, бу йилги ҳосилларининг мўл бўлишини сўраб Аллоҳга дуои хайрлар қилишяпти. Уларнинг ҳалол меҳнатлари, касб-корлари, иншоаллоҳ, самарасиз қолмайди.

Азизлар! Аллоҳ таоло инсон зотини ердан яратиб, Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

هُوَ أَنْشَأَكُمْ مِنْ الْأَرْضِ وَاسْتَعْمَرَكُمْ فِيهَا

Яъни, “У сизлaрни ердaн пaйдo қилиб, сизлaрни уни oбoд этувчи этди.” Ҳуд сураси, 61-оят

Бу оятдан маълум бўладики, ер юзини, хусусан яшаб турган юртини, ўз Ватанини обод қилиши – инсоннинг бурчидир. Ер юзини обод қилиш эса энг аввало Аллоҳнинг буйруғига ҳамда Ислом шариатига мувофиқ ҳаёт кечириш билан амалга ошади.

Мана бугун баҳор-наврўз кунларидир. Айни кунларда нафақат кўчат экишга, балки теварак-атрофнинг покизалигига ҳам катта эътибор қаратиш лозимдир. Биз мусулмонлар поклик борасида барча инсонларга намуна бўлишимиз керак. Чунки бизнинг динимиз поклик динидир. Бизнинг Раббимиз покликка буюради, пок бандаларини яхши кўради. Қуръони каримда шундай дейилган:

إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ التَّوَّابِينَ وَيُحِبُّ الْمُتَطَهِّرِينَ

Яъни, “Аллоҳ чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади”. (Бақара сураси, 222-оят).

Муҳтарам азизлар! Сизу биз мана шундай гўзал диёрда яшар эканимиз, ўз-ўзидан зиммамизга бир қатор фарзандлик ва фуқаролик бурчлар юкланади. Шу Ватанни асраб-авайлаш, қўриқлаш, уни келгуси авлодларга муносиб тарзда қолдириш кабилар. Яна шундай бурч ҳам борки, шу диёрнинг ҳар бир қарич ерини азиз билиб, унинг дов-дарахтлари, ўсимликлари, ҳайвонот олами қўйинки, бутун табиатни асраб-авайлашдир. Минг афсуски, баъзида ҳамма ҳам бу қоидаларга ёҳуд бурчларга бирдай амал қилмаётганининг гувоҳи бўламиз. Айрим кишиларнинг хали-ҳануз уюм-уюм ахлатларини анҳорларга, ариқларга оқизаётгани, чиқиндиларни хеч бир истиҳоласиз сувларга улоқтираётгани ачинарли ҳолдир. Ахир бу сув ҳам Аллоҳ ато этган неъматлардан эмасми, ундан оқилона фойдаланиш, унинг тозалигини сақлаш жамиятга беҳад наф келтиришини бир ўйлаб кўрайлик.

Уйдаги чиқиндилар ва ахлатларни кўчага чиқариб, белгиланган жойга олиб бормасдан, йўлда хоҳлаган ерга ташлаб кетувчи, бепарво лоқайд кимсалар лаънатга қолишдан қўрқишлари керак. Айниқса, турли хил юқумли касалликлар тарқалишига сабаб бўладиган чиқиндиларни сув манбаларига яқин жойларга уларнинг ўзанларига, катта ариқ бўйларига, кўчаларга тўкиб кетиш катта гуноҳ.

Муоз ибн Жабалдан (р.а.) Абу Довуд ривоят қилавди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: учта жойга: сув ўзанларига, серқатнов йўлларига ҳамда соя салқин ерларга ахлат ташлаб лаънатга қолишда қўрқинглар, дедилар. Демак, ислом динида кўча, йўлга, ариқлар ва улардаги сувларга ҳар хил чиқинди-ахлатларни ташлаб нопок қилиш қаттиқ қораланар экан.

Шунинг учун ҳам нуроний отахон-онахонларимиз ёшларга сабоқ беришда “сувга қараб супурма”, уммон олдида бўлсанг ҳам сувни исроф қилма деб, панд насиҳатларни кўп бора этадилар. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дин (ислом) поклик устига қурилгандир”, дейдилар. Демак, поклик-озодалик йўлида қилинган ҳар бир иш юқори баҳоланади. Шу йўлда амал қилган кишига юқори мартаба ва улкан ажр-савоблар берилади.

Ислом дини атроф муҳитни озода сақлашга, ободонлаштиришга чорлайди. Бунинг учун эса, ҳар биримизга боғлиқ ва қўлимизда келадиган ишларни қилишимиз, яъни уй-ҳовли, маҳаллаларимиз, атроф-муҳитни озода сақлашимиз, ҳар хил чиқиндилар ташланишига йўл қўймаслигимиз зарур. Бу бизнинг инсонийлик, фуқаролик, мусулмонлик бурчимиз эканини асло унутмайлик. Ҳамда фарзандларимизга ҳам буларни ўргатайлик, азизлар!

Зеро, Аллоҳ таоло жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга таълим бериб марҳамат қилган:

وَذَكِّرْ فَإِنَّ الذِّكْرَى تَنْفَعُ الْمُؤْمِنِينَ

Яъни, “Эслатинг! Зеро, эслатма мўминларга манфаат етказур. (Зориёт сураси, 55-оят).

Муҳтарам жамоат! Аслида биз доимо покликка ва озадагарчиликка риоя қилишимиз лозимдир. Хусусан, мана шундай хос кунларда ҳашарлар уюштириб, кўпчилик билан бажариладиган катта ишларни амалга ошириб олишга алоҳида эътибор қаратишимиз мақсадга мувофиқдир. Саҳобаи киромлар бу борада бизга намуна бўлишган. Мўминларнинг амири Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳуни Басрага волий қилиб юборганида, Абу Мусо Басра аҳлини йиғиб, уларга шундай деган эди:

إنَّ أَمِيرَ الْمُؤْمِنِينَ عُمَرَ بَعَثَنِي إلَيْكُمْ أُعَلِّمَكُمْ كِتَابَ رَبِّكُمْ، وَسُنَّةَ نَبِيِّكُمْ وَأُنَظِّفَ لَكُمْ طُرُقَكُمْ

Яъни, “Мўминларнинг амири Умар мени сизларга Раббингизнинг китоби ва пайғамбарингизнинг суннатини ўргатишга ҳамда йўлларингизни тозалашим учун юбордилар”.

Одамларнинг оғзи очилиб, лолу-ҳайрон қолдилар. Чунки улар одамларга таълим-тарбия бериш, уларга диннинг таълимотларини ўргатиш волийнинг зиммасидаги ишлардан эканини яхши билишарди. Аммо йўлларни тозалаб бериш ҳам унинг зиммасидаги ишлардан экани улар учун янги гап эди. Улар: “Волий ўзини халқнинг хизматчиси деб биладими?” деб, ҳайрон қолишди.

Ҳа, Исломни яқиндан билмайдиган кишиларга бу жуда ҳам ғалати туйилади. Аслида бу оддий ҳолдир. Чунки динимиз поклик динидир. Динимизда поклик иймондандир. Атроф-муҳитни пок сақлаш эса ҳар бир мўмин-мусулмоннинг бурчидир. Бугунги кунда юртимиз раҳбари томонидан Ватанимиз ободлиги йўлида ҳар бир минтақага шахсан ўзлари бориб, халқ билан бевосита юзма-юз мулоқот қилаётгани ҳамда бошқа мутасаддилардан ҳам бу ишни талаб қилаётгани сўзимизнинг тасдиғидир.

Бугун шодиёна айёмда, Аллоҳ таолога барчаларимизни ушбу қутлуғ дамларга соғ-саломат, тинчлик-омонликда етказгани учун шукроналар айтамиз.

Аллоҳ таолодан бу йилги баҳорни юртимиз учун барокотли қилиб, халқимизнинг яхши ниятларда қадаган уруғлари сермаҳсул бўлишини насиб айлашини, маҳаллаларимиз, далаларимиз ва юртимизнинг янада обод ва кўркам бўлиши йўлида фидокорона меҳнат қилаётган барча юртдошларимизни тинч-омонликда сақлаб, икки дунё саодати йўлида олиб бораётган амаллари ва саъй-ҳаракатларига баракотлар ато этишини сўраб дуолар қиламиз. Омин!

بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Инсониятга илк бора Ислом нури келиши биланоқ халқлар ўртасида аҳиллик, тотувлик ва дўстлик мисли кўрилмаган даражада жорий бўлди. Ҳатто неча йиллар бир-бирлари билан адоватда бўлган қабилалар ажралмас садоқатли дўстга айландилар. Бу борада Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қилдилар: “Мўминлар ўзаро бир-бирларига дўстлик, эзгулик ва меҳрибонлик кўрсатишларида бир тана бўлиб, унинг бир аъзоси бетобликдан оғриса, қолган аъзолари ҳам бедор ва нотинч бўлгани кабидир”. Дарҳақиқат мусулмонлар ҳақиқий ака-ука  каби аҳил дўст бўлиб яшадилар. Ўзида бор нарсани бир-бирларига илиниб, яхши кўрган нарсаларини диндош дўстларига тортиқ қилдилар. Аллоҳ таоло уларни мадҳ қилиб қанча-қанча оятлар нозил қилди. Шулардан Аъроф сурасида Аллоҳ таоло шундай деган: Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар: (одамларни) яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар” (Тавба, 71).

Аллоҳ таоло бандаларини «ухувват»га, яъни барча мўмин-мусулмонларнинг бир-бирларига хайрихоҳлик, дўстлик, севги, шафқат ва ёрдамга буюрар экан, бу неъмат бошқа бирон қавм ёки миллатга раво кўрилмаган, муносиб топилмаган улуғ бир илоҳий ҳадяга сазовор қилди.  Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилган: «Ҳаммангиз Аллоҳнинг «арқони»ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг ҳамда ўзаро адоватда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда тутинг. Унинг неъмати туфайли биродарларга айландингиз» (Оли-Имрон», 103).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб марҳамат қилганлар: «Баъзи амаллар ибодат шаклида бўлмаса ҳам савоби жуда кўпдир». Масалан, намоз шаклий ибодат саналади: таҳорат олиб қиблага юзланамиз, «Аллоҳу акбар» деб бошлаймиз, рукуъ, сажда қиламиз ва эвазига савобга эришамиз. Аммо дўстлик каби маънавий ибодат ҳам борки, у зоҳиран қадрсиздай, аҳамиятсиздай туюлса ҳам, аслида у динда муаззам бир савоб, муаззам бир ибодатдир» (Абу Ҳомид  Ғаззолий, «Иҳёи улумид-дин»).

Ислом тарихида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ваcсаллам саҳобалари билан Мадинага ҳижрат қилганларида ансорларнинг муҳожирлар билан дўстлик ва биродарликлари тилларда достон бўлиб кетган. Ансорлар ўзида борини муҳожир диндошлари билан баҳам кўрган. Ҳатто ўзлари оч қолсалар ҳам меҳмонларга бор таомини бериб юборганлар.

Ислом динида миллатлар аро дўстлик ҳам ибратланарли даражада ўз аксини топган. Ҳабашистонлик Билол, Салмон Форсий каби саҳобийларнинг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг қошида, барча мусулмонларнинг наздида қанчалик  ҳурмат эътибори юқори бўлганлиги ҳам фикримизнинг ёрқин далилидир.  

Пағамбаримиз дўстлик ҳақида қуйидаги ҳадисларни марҳамат қилганлар.  Имоннинг энг мустаҳкам дастаси – Аллоҳ йўлида дўстлашиш ва Аллоҳ йўлида душманлашиш, Аллоҳ йўлида яхши кўриш ва Аллоҳ йўлида ёмон кўришдир. Исломдан кейинги энг яхши неъмат яхши дўстдир. Агар бирортангиз биродаридан дўстликни сезса, уни маҳкам тутсин. Агар тоат ибодатинга ёрдам берадиган дўстинг бўлса, унинг қўлини маҳкам тут, чунки дўстни тутиб туриш қийин,  ундан ажралиш эса осондир. Дўстларнинг сифатларидан бири – улар ўзларидан дўстларини устун қўйишларидир”.

       Муҳтарам жамоат! Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бутунлай бошқача таълимни берганлар. Мусулмонларнинг бир-бирларига дўст, биродар, кўмакдош бўлишлари  зарурлигини бундан ўн беш аср муқаддам эълон этиб, Ислом умматини ўзаро биродарликка, қардошликка, ҳамкорликка чақирганлар. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Мусулмон мусулмон кишининг биродаридир. Унга зулм ҳам қилмайди ва биродарини душманга ҳам топшириб қўймайди. Ким биродарининг ҳожатида бўлса, Аллоҳ ҳам унинг ҳожатида бўлади. Ким мусулмондан ғам-ташвишни кетказса, Аллоҳ таоло уни қиёмат ғам-ташвишларидан халос этади. Ким мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ таоло қиёмат кунида унинг ҳам айбини беркитади». (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Аллоҳнинг бандалари, биродар бўлинглар. Мусулмон мусулмон билан ака-укадир. Унга зулм қилмайди, ҳақир санамайди ва хўрламайди. Тақво бу ерда деб қалбларига уч марта ишора қилдилар. Яна: «Мусулмон биродарини ҳақир санамоғи унинг ёмонлигига кифоя қилади. Ҳар бир мусулмоннинг бошқа бир мусулмон қони, моли ва обрўсига тажовуз қилмоғи ҳаромдир», дедилар. (Имом Муслим ривояти)

  Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Киши ўзи учун яхши кўрган нарсани биродарига ҳам раво кўрмагунича комил мўмин бўла олмайди», деганлар. (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари). Бундай мазмундаги ҳадисларни яна кўплаб келтириш мумкин. Ислом динининг талаби шундай экан, унда нега бизлар дўстлик ва қардошликдан бунчалик узоқлашиб кетяпмиз? Бир-биримиз билан дўстлашиш, ака-ука тутиниш, қон-қардошлик ришталарини боғлаш ўрнига ғаним фитнасига учиб ёки арзимас манфаатлар учун ўзаро низога борамиз. Энг даҳшатлиси, бир-биримизни жисман ёки руҳан маҳв этишгача борамиз? Ваҳоланки, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: «Бир-бирларингизга биродар бўлмагунингизча мўмин бўлмайсизлар, мўмин бўлмагунингизча жаннатга кира олмайсизлар», деб таълим берганлар-ку! (Имом Муслим ривояти).

Ҳурматли намозхонлар! Ҳозирги кунда баъзи бир ҳолатларда дўстлик унут бўлиб бораётганлигининг асосий сабаби билимсизлик, жоҳиллик, дин душманларининг орамизга нифоқ, ихтилоф, парокандалик солиш учун тинмай уюштираётган фитна-найрангларига эътиборсизликдан. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларига бўйсунган  ҳар бир мусулмон ўз диндошларини дўст тутади, уларга ҳамиша ёрдамга ошиқади, ҳурмат-эҳтиром кўрсатади, шариат талабларига кўра муносабатда бўлади. Исломда дўстлашиш, дўст топиш ва уни мустаҳкамлашга тарғиб ва ташвиқ жуда кўп. Янги дўст орттиринг, мўминлар билан биродарлашинг, зиёфат қилиб чорланг, ҳадялар беринг, касаллигида зиёрат қилинг, муҳтожлигида ёрдам кўрсатинг, деган даъватлар мавжуд. Билингки, «Янги бир одам билан дўст бўлган мусулмоннинг даражасини Аллоҳ жаннатда  бир даража  юқори кўтаради», деб марҳамат этилган. 

Аллоҳ таоло айтади: «Бас, Аллоҳдан қўрқингиз ва ораларингизни тузатингиз! Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳ ва (Унинг) расулига итоат этингиз!» (Анфол, 1). Ана шу илоҳий амрлардан чекиниб, дўстлик ва биродарликка ҳиёнат қилувчи кимсаларга эса Аллоҳ таоло қаттиқ жазони ваъда қилади: «Ҳужжатлар келгандан кейин ҳам бўлиниб, ўзаро ихтилофга берилган кимсаларга ўхшамангиз! Ана ўшаларга улкан азоб бордир». (Оли-Имрон, 105).

Ислом уммати бирдамлик, ўзаро тинч-тотув, дўстлик, ҳамкорлик руҳи асосида яшаши, барча билан ўзаро муносабатларда ўрнак бўлиши лозим, деган ҳадиси шарифларига мувофиқ иш тутсалар, мақсадга мувофиқ бўлади.

Зеро, Расули акрам (с.а.в.) таъкидлаб айтганларки:

"يد الله على الجماعة" (الامام الفترمذي

яъни: “Аллоҳнинг “қўли”, яъни ризоси ва нусрати жамоат узра бўлур”. Бу деганлари кўпчиликдан ажралиб Аллоҳнинг қаҳрига учрамаслик учун қилган васиятларидир. Аллоҳ таоло дунёдаги барча халқлар ўртасидаги дўстлик-биродарлик ришталарини мустаҳкам қилсин. Муҳтарам жамоат! Ислом шариати ва унинг барҳаёт таълимотлари инсон ҳаётининг барча томонларини тўла қамраб олганлигини ҳаммамиз яхши биламиз.

Ҳурматли жамоат! Жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ўз умматларини ободонлаштиришга, боғ-роғ яратишга кўп бор тарғиб этганлар. Бир ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қиладилар:

" مَا مِنْ مُسْلِمٍ يَغْرِسُ غَرْساً اَوْ يَزْرَعُ زَرْعاً فَيَأْكُلُ مِنْهُ طَيْرٌ اَوْ اِنْسَانٌ اِلاَّ كَانَ لَهُ بِهِ صَدَقَةٌ "

(رواه البخاري و مسلم)

яъни: “Бирон-бир мусулмон кишиси бир дарахт ўтқазса ёки бир нарса экса, бас ундан қуш ёки инсон танавул этиб, манфаатланса, шу сабабдан у киши эҳсон қилганлик савобига эришур”.

Дарахт ва экин экиш, бу – Ер юзини энг обод қилувчи касблардан саналади. Ислом дини деҳқончилик ва боғдорчилик ишларига катта эътибор беради ва тарғиб қилади. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ким Аллоҳга ишониб, савоб умид қилган ҳолда қаровсиз ерни обод қилса, унга ёрдам ва барака бериш Аллоҳга лозим бўлди”, деди”. Байҳақий ва Табаронийлар ривоят қилган. (Аллоҳга лозим бўлди дегани – мазкур бандага Аллоҳнинг фазл-карами бўлди деганидир)

Ушбу ҳадисда зикр қилинган Аллоҳ таолонинг ваъдасига етишиш учун кўкаламлаштириш йўлида қилаётган ишларини ибодат деб қилишлари лозимдир. Ҳалол покиза бўлса, ҳалол покиза йўллар билан меҳнат қилса, иншоаллоҳ, зироатига барака кириб, албатта мўл-кўл ҳосилга эга бўлади.

Саҳобалардан бир қанчалари деҳқончилик билан машғул бўлганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу саҳобалар ичида зоҳидлардан бири бўлсада, деҳқончилик қилар эди. Саъд ибн Абу ваққос розияллоҳу анҳу деҳқончиликдан мўл ҳосил олиш учун ўз ерига ўғитлар билан ишлов берар эди.

    Муҳтарам  намозхонлар! Деҳқончилик энг шарафли касблардан бири экани ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَن رَافِعِ بْنِ خَدِيجٍ ، رَضِيَ الله عَنْهُ قَالَ قِيلَ يَا رَسُولَ اللَّهِ أَيُّ الْكَسْبِ أَطْيَبُ؟ قَالَ: عَمَلُ الرَّجُلِ بِيَدِهِ وَكُلُّ بَيْعٍ مَبْرُورٍ. )رَوَاهُ أَحْمَدُ(

Яъни, Рофиъ ибн Хадиж розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Эй Аллоҳнинг расули, қайси касб афзал?” ,дейилди. Шунда У зот: Кишининг ўз қўл меҳнати билан қилган иши ва ҳар бир ҳалол савдо дедилар”. Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган. 

Ушбу ҳадисда қўл меҳнати тижорат-савдодан олдин зикр қилингани, унинг энг афзал касблардан эканига далолат қилади.

Демак, ҳар бир мусулмон кишиси тоат-ибодат билан машғул бўлишдан ташқари охират кўприги бўлган ва ўзи яшаб турган дунёсининг ободлиги йўлида ҳам саъй-ҳаракат қилиши лозим. Хусусан, юртимизни обод қилиш, кўчат экиш, элнинг ризқ-рўзининг манбаи саналмиш зироат-деҳқончилик соҳасига алоҳида эътибор қаратиши зарур экан.

Аллоҳ таоло барчаларимизга дунё ва охиратимизнинг обод айлаб, қўни-қўшнилар билан самимона алоқаларимиз янада мустаҳкам бўлиб боришини Яратгандан сўраймиз! Омин.

Мақолалар

Top