www.muslimuz

www.muslimuz

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 декабрдаги «Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда диний соҳа вакилларининг имконияти чекланган юртдошларимизга алоҳида эътибор кўрсатаётгани уларнинг илмини, салоҳиятини янада оширишга хизмат қилмоқда.

Жорий йилнинг 21 июль куни “Шайх Зайниддин” жоме масжидида эшитиш ва нутқида имконияти чекланганлар учун “Жаноза ва таъзия одоблари ҳақида” мавзусида маъруза қилинди. Маърузани Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани “Фирдавс” масжиди имом-хатиби Бахтиёр Сатторов атрофлича тушунтириб берди.

Қазоси яқинлашган инсонларга яқинлари қандай амалларни бажаришлари зарурлиги тўғрисида маълумотлар берилди.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жон таслим қилаётганларингизга “Ла илаҳа иллаллоҳу”ни талқин қилинглар”, дедилар” (Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насий ривоят қилганлар).
Маййитнинг яқинлари бажариши зарур бўлган тўртта хаққини айтиб ўтилди.

1. Маййитни ювиб, кафанлаш ва жанозасини ўқиб, тупроққа топшириш;
2. Қарзи бўлса, қарзини узиш;
3. Қилган васиятини бажо келтириш;
4. Ундан қолган пул ва молларни ворисларига тақсимлаб бериш.

Ногиронлиги бўлган инсонлар томонидан берилган бир қатор саволларга жавоблар берилди.

Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлар идораси мутахассиси Мунира Абубакирова, Тошкент шаҳар ҳокимияти ходимаси Дилбар Аҳмедова, сурдо таржимонлар Ойдин Худойберганова, Рустам Бердиев, шунингдек “Кўзи ожизлар жамияти” аъзолари ҳам иштирок этишди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Жорий йилнинг 29 июль куни Тошкент вилояти Паркент тумани Сўқоқ қишлоғида жойлашган "Кунгай" жоме масжиди қурилиш ишлари бошланди. Ушбу масжид ҳудудида янги бинонинг тамал тоши қўйилди.

Дастлабки ғишт қўйиш маросимида Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Раҳимберди Раҳмонов иштирок этди. Тадбир Қуръони карим тиловати билан бошланиб, қурилиш ишларида, ҳомийлик ишларида ўз ёрдами билан қатнашаётганлар ҳаққига дуои хайрлар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон ва Қозоғистон томонидан «Самарқанд – Туркистон» маршрути бўйича тезюрар поездни ишга тушириш масаласи кўриб чиқилмоқда, Бу ҳақда Қозоғистон элчиси Дархон Сотиболди «Дунё» ахборот агентлигига берган интервьюсида маълум қилган.

«Икки мамлакатнинг туристик потенциалини бирлаштиришнинг истиқболлари ёрқинроқ намоён бўлмоқда. Қўшимча равишда «Самарқанд – Туркистон» маршрути бўйича тезкор поездни ишга тушириш масаласи ишлаб чиқилмоқда. Кейинги босқичда Silk Visaни жорий этиш, бунинг оқибатида меҳмонхоналар, йўллар қуришдан тортиб то чегара пунктларида яшил коридорларни таъминлашгача умумий туристик инфратузилмани тақдим этиш масаласи кўриб чиқилади», – дейди дипломат.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

«Süddeutsche Zeitung» етакчи немис газетасининг навбатдаги сонида журналист Ханс Гасернинг Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларига уюштирган сафари таассуротларига бағишланган мақоласи чоп этилди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Архитектор Зоиршох Қиличевдан журналист қачонлардир Бухорода Лаби Ҳовузга ўхшаш 100 дан ортиқ ҳовузлар бўлганлигини билиб олган. «Қадимги меъморлар қайноқ қуёш тафти ва қум бўронларидан ҳимоя қилган ҳолда шаҳарни қандай қуриш кераклигини билишган», - дейилади материалда.

Фотосуратчи Шавкат Болтаевга таянган ҳолда, муаллиф бухороликларнинг ҳаёти билан яқиндан таништиради. Айниқса шаҳарда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик тарихий илдизга эгалиги алоҳида таъкидланади. Турли хил миллат, ирқ ва дин вакилларининг баргаликда тинч-тотув яшаши бунга ёрқин мисол бўлиб хизмат қилади.

Мақолада потенциал туристлар учун «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК, «Ўзбекистон темир йўллари» АК хизматлари, шунингдек Ўзбекистон бўйича турларнинг ҳар хил кўринишларини таклиф этаётган ўзбек ва немис туркомпаниялари ҳақида кенг маълумотлар ҳам берилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

102 ёшли Тайланд қироллигининг Сонгкхла вилояти Тефа туманида яшовчи Но Ланаи Ҳаж-2019 мавсумининг энг ёши улуғ зиёратчиси ҳисобланиши айтилди. Ушбу муслима шу кунларда Мадинадан Маккага ўз ўғли ҳамроҳлигида етиб келган.

islam.ru нашрига кўра, шаҳар маъмурлари ёши улуғ муслимага саломатлиги яхшилигига қарамасдан ногиронлар аравасида ҳаракатланишни, ўз кучини тежаши лозимлигини тавсия қилишди.

«PRD Thai Hajj» порталига берган интервьюсида Но Ланаи хоним узоқ вақт Ҳажга келишни режалаштирганини, бироқ нимадир охирги дақиқаларда халақит қилганини атйиб ўтган.

Но Ланаи хонимнинг айтишича, у Ҳаж зиёратининг 100 фоиз амалларини ўз кучига таяниб адо этишга ҳам руҳан, ҳам жисмонан тайёр.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар

Top