muslim.uz

muslim.uz

Понедельник, 24 Октябрь 2022 00:00

Хулқи Қуръон бўлган зот

Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим.

Аллоҳга беадад ҳамд-у саноларимиз, севикли Пайғамбаримиз Муҳамммад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруд-у саловотларимиз бўлсин.

Расулуллоҳ алайҳиссалом зарур бўлганда уйда, масжидда, йўлда ҳам яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарганлар. У зот нафақат сўзлари, балки амаллари билан ҳам ўзгаларга буюк намуна бўлганлар. Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг хулқлари Қуръон бўлган. Биз бу гапни кўп эшитамиз-у, лекин маъносини чуқур ўйлаб кўрмаймиз. Бунинг маъноси шуки, Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг қилган ҳар бир ишлари, айтган ҳар бир сўзлари ва хулқлари ўзлари тиловат қилаётган оятлар, инсонларга етказаётган маърузалар, мажлислардаги ваъз-насиҳатларга мос демакдир.

Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг олдинги-ю кейинги гуноҳлари мағфират қилинган бўлса ҳам, тунларни намоз билан бедор ўтказар эдилар, ҳатто товонлари шишиб кетар эди. Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг оёқлари шишиб кетганини кўрган саҳобалар: “Аллоҳ сизнинг ҳамма гуноҳларингизни мағфират қилган бўлса, шунчалик азоб чекиб ўзингизни қийнайсизми?” дейишганда, у Зоти муборак: “Мен шукр қилгувчи бандалардан бўлмайманми?” деб жавоб берганлар.

Тарихда таниқли ва аслзода шахслар жиноят содир этишса, кам ҳолларда уларга нисбатан жазо қўлланилган. Расулуллоҳ алайҳиссалом даврларида ҳам ҳудди шундай воқеа содир бўлди. Қурайшнинг энг обрўли Бану Махзум қабиласидан бир қиз ўғрилик қилди. Ўғрилик содир этилгач, кўпчилик “Расулуллоҳ алайҳиссалом кечиримли Зот, уни авф этадилар, қолаверса, бу қиз обрўли оиладан, ҳеч бўлмаганда бошқа енгилроқ жазо қўлланса керак”, деб ўйлашди. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни эшитиб, “Эй одамлар, албатта, сиздан олдин ўтганларнинг ҳалок бўлишлари ичларидан шарифлар ўғрилик қилишса қўйиб юбориб, заифлар ўғрилик қилса жазони қоим қилишлари сабабидан бўлган”, деб таъкидладилар. Сўнг тарих мислини кўрмаган ва фақат Ислом динига хос бир ҳадисни айтдилар: “Аллоҳга қасамки, агар Муҳаммаднинг қизи Фотима ўғрилик қилса ҳам албатта қўлини кесаман!”.

Ҳа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хоҳиш-истаклари ва ҳаёт-мамотлари Аллоҳдан тушаётган ваҳий билан боғлиқ эди. Бу ваҳийга қарама-қарши бўлган йўл у зот учун бегона йўл ҳисобланар эди.

Тасаввур қилинг, бир одам сизга энг яқин кишининг жонига қасд қилди. Сўнг ёнингизга келиб, афв тилади. Сиз унинг айбидан кўз юма оласизми?! Чеккан азобларингизни унутиб, уни кечира оласизми?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса амакилари Ҳамза розияллоҳу анҳунинг қотили Ваҳший розияллоҳу анҳуни Ислом динини қабул қилгач, уни афв этганлар.

Макка аҳли Расулуллоҳ алайҳиссаломни саҳобаларидан жудо этиб, юрган йўлларига тиконлар сочишар, сажда қилиб турган ҳолатларида туянинг ичакларини ташлаб кетишар ва доимо мазаҳ қилишар эди. Бу ҳол бир ёки икки йил давом этгани йўқ, балки ўн уч йил муттасил давом этди. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу мусибатларга сабр қилиб, уларнинг ҳаққига дуолар қилдилар. Аллоҳнинг нусрати ила Макка фатҳ этилганида маккалик мушриклар қўлларидан ҳеч нарса келмаган ҳолларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан берилажак ҳукмни кутиб туришарди. Чунки улар қилмишлари кечирилмаслигини, ўлимга маҳкум эканликларини ва шунга лойиқ қанчалик жирканч иш қилганларини билишар эди. Шундай бўлса-да, бу мушриклар Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳусни хулқлари ҳақида бир-бирига сўзлаб, кечирилишларига умид боғлашарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса ҳеч ким ҳаёлига ҳам келтирмаган бошқа йўлни танладилар, бу ҳукмни ҳеч ким кутмаганлиги ҳам рост эди. Расулуллоҳ алайҳиссалом уларга қараб: “Кетаверинглар, сизлар озодсизлар”, деб марҳамат қилдилар.

Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг тўғри сўзликлари ва омонатдорликлари ҳам буюк намуна. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг омонатдорликларини эсланг! Ҳатто кофирнинг омонатига ҳам хиёнат қилмадилар! Қурайшликлар Расулуллоҳ алайҳиссаломлан бошқа ишончли омонатдор инсон топа олишмаган.

Тасаввур қилаяпсиз-ми?, бир-бирига қарама-қарши икки тараф, ўртада жанг кетаётганига қарамай, мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўз моллари ва пулларини ишониб топширганлар.

Расули акрам алайҳиссалом сарвари коинот бўлишларига қарамай, саҳобалари билан бирга ишлар, яшаш тарзлари уларникидан фарқ қилмас эди, мажлисга борганларида қаерда бўш жой бўлса, ўша ерга ўтирар эдилар, ҳатто келган одам: “Қайси бирингиз Муҳаммад алайҳиссаломсиз?”, деб сўрарди.

Қурайшликлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга катта бойлик ва подшоҳлик ваъда қилишиб, эвазига Исломни ёйишдан воз кечишни сўрашганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг номи билан қасам ичиб айтаманки, агар ўнг қўлимга қуёшни, чап қўлимга ойни тутқазишса ҳам Аллоҳнинг ўзи бошлаган ишимга равнақ бермагунча ёки шу йўлда ҳалок бўлмагунимча танлаган йўлимдан воз кечмайман”, дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фақирона ҳаёт кечирдилар, фақирликлари ожизликларидан эмас, балки бойликка ружу қўймаганликларидан эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳужраларининг узунлиги йигирма беш қулочдан ошмаган. Оиша розияллоҳу анҳо онамиз билан истиқомат қилган ҳужралари бир хонали бўлиб, гуваладан тикланган эди. Ҳужранинг торлигидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиганларида Оиша розияллоҳу анҳо онамиз ухлай олмас эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сажда қилганларида Оиша розияллоҳу анҳо онамиз оёқларини йиғиштириб олардилар. Уйда ойлаб қозон осилмас, кўпинча оила таоми ҳурмо ва сувдан иборат эди. Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларидан бошлаб, то қабз қилингунларича кетма-кет уч кеча тўйиб буғдой таом емаганлар”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ичига хурмо дарахтининг пўстлоғи солинган чарм тўшакда ётардилар. Ҳафса розияллоҳу анҳо онамиз бундай ҳикоя қиладилар: Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг тўшаклари биттагина палос эди, уни икки буклаб солиб берардик. Бир куни палосни тўр буклаб солиб берган эдик, эртасига у Зот палосни неча қават қилиб тўшаганимизни сўрадилар, биз тўрт буклаб солганимизни айтганимизда, бундан кейин икки қават қилиб солинглар, бугун ўриннинг юмшоқлиги мени намоздан қўйди, деганлар.

Сизнинг гўзал хулқингизни, фазилатларингизни ёзиб, васф этиб тугатишнинг имкони йўқ. Бугунгача дунёдаги бирор машҳур шахснинг ҳасби ҳоли Сизникичалик кўп ва кенг ўрганилмаган, бу Сиз келтирган илоҳий рисолат ҳақлигига, Сиз келтирган дин Аллоҳ наздида мақбул, бутун инсониятга таклиф этилган охирги таълимот эканига ёрқин далилдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Огоҳ бўлинг! Албатта, мен сиздан аввал боргувчиман, сизлар ҳам менга етиб оласиз.

Огоҳ бўлинг! Ваъдалашган жойимиз – ҳавзи Кавсардир.....

Огоҳ бўлинг! Кимки эртага бу манзилда бўлишни истаса, тилини ва қўлини ёмонликдан тийсин”, дедилар.

Аллоҳ таоло барчамизни жаннатда Расулуллоҳ алайҳиссалом билан бирга қилсин.

 

АЛЛОҲУММА СОЛЛИ ВА САЛЛИМ ЪАЛА МУҲАММАДИН ВА ЪАЛА ОЛИ МУҲАММАД.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Понедельник, 24 Октябрь 2022 00:00

Кўр-кўрона тақлид – жоҳиллик

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли, бебаҳо маънавий бойликдир. Туркий тилларнинг катта оиласига мансуб бўлган ўзбек тилининг тарихи халқимизнинг кўп асрли кечмиши, орзу-интилишлари, дарду армонлари, зафарлари ва ғалабалари билан чамбарчас боғлиқ.

Сўнгги йилларида она тилимизни том маънода давлат тилига айлантириш йўлида катта чора-тадбирлар кўрилди. Жумладан, маънавий ҳаётимизни янада ривожлантириш, жумладан, таълим-тарбия ишларини замон талаблари асосида ташкил этиш, маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини такомиллаштириш, китобхонлик маданиятини ошириш бўйича қабул қилинган ўнлаб фармон ва қарорлар ўзбек тили равнақига хизмат қилмоқда.

Давлат тилини ривожлантиришга қаратилган ишларнинг мантиқий давоми сифатида мамлакатимизда яна бир муҳим қадам қўйдик. Президентимиз 2020 йил 20 октябрь куни “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Ушбу тарихий ҳужжат она тилимизнинг давлат ва жамият ҳаётидаги таъсири ва мавқеини янада оширишга кенг йўл очмоқда.

Охирги йилларда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети фаолияти йўлга қўйилиши, азим пойтахтимиз марказидаги Миллий боғ ҳудудида Адиблар хиёбони бунёд қилиниши, ҳудудларда ижод мактаблари ташкил этилиши ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида давлат тилини ривожлантириш бўйича алоҳида тузилма таъсис этилгани ўзбек тилининг нуфузи ва мавқеини оширишда муҳим босқич бўлди.

 

Оммалашаётган жиддий муаммо

Афсуски, жамоат жойларида, кўчаларда, бинолар пештоқида ёзувлар, турли лавҳа ва рекламалар кўпинча хорижий тилларда, маънавиятимизга ёт мазмун ва шаклларда акс эттирилмоқда. Бу давлат тили талабларига, миллий маданият ва қадриятларимизга беписандликдан, умумий саводхонлик даражаси эса тушиб кетаётганидан далолат беради.

Бугунги кунда тилларнинг бир-бирига салбий таъсири ва четдан ноўрин сўзлар кириб келиши кўлами ортмоқда. Юртимизда ҳам бу жараён секин-аста юз бераётгани, турли номларни ифодалашда кўр-кўрона тақлид қилинаётгани хавотирли ҳолатдир. Чунки ижтимоий объектларга ном бериш — бу шунчаки шахсий ёки хусусий иш эмас. Бу барчамизнинг ватанпарварлик ва маънавий савиямизни яққол кўрсатадиган ўзига хос мезондир.

Маърифатпарвар Абдулла Авлоний бобомиз айтганидек: “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғин кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур”.

Она тили ҳар бир миллатнинг руҳи, давлатнинг тимсоли. Мутафаккир Алишер Навоий “Кўнгил қулфи махранинг қулфи тил ва гулфин калитин сўз бил”, яъни инсон қалбининг хазинаси тил, бу қалб хазинасининг калити сўздир, деганида тилнинг наинки мулоқот, балки дилларни боғловчи восита эканига урғу берган.

Ўзбек тили бой ва қадим тарихга эга бўлишига қарамай, сўнгги пайтларда савдо дўконлари, хизмат кўрсатиш шохобчалари ва тамаддихоналарнинг номи ажнабий тилда аталиши ёки кўчаларда чет тиллардаги тушунарсиз атамалар кўпайиши ўз тилимизга нисбатан ҳурматсизликни келтириб чиқармоқда.

Таассуфки, тижорий соҳада мижозларни жалб этиш, маҳсулотни оммабоп даражага кўтариш ёки мўмин-мусулмонлар онгида динийлик бор деган тасаввурни уйғотиш мақсадида араб ва турк тилларидаги жозибадор ном, исломий сўз ва атамалардан кенг фойдаланиш жамиятда кўр-кўрона тақлидга олиб келмоқда. Тўғри, ҳамма жарангдор, ёқимли эшитиладиган, ёдда қоларли ном қўйишни хоҳлайди. Лекин ном қўйишда маъно, мантиққа ҳам эътибор қаратиш лозим. Қолаверса, ҳар қандай чет тилдаги сўзнинг ўзбек тилидаги муқобили мавжуд. Ҳатто барча учун тушунарли нодир иборалар ҳам жуда кўп. 

Қайд этганимиздек, ўзлашма сўзларнинг тез суръатларда кириб келиши кузатилмоқда. Масалан, араб тилидаги исм ва жой номларидан фойдаланиш, янги туғилган чақалоққа минтақа учун ноанъанавий исм қўйиш, овқатланиш шохобчаларига турлича ном бериш, шунингдек, диний мазмундаги ёзувлар акс этган лавҳаларни автомашина каби турли техника воситаларига ёпиштириш ҳолатлари шулар жумласидан. Масалан, араб тилида ўзбек тили фонетикасига тўғри келмайдиган жиҳатлар, жумладан, тўрт хил “зе” ҳарфи, уч хил “се” ҳарфи бор. Булар талаффузда ҳам, маънода ҳам бир-биридан кескин фарқ қилади. Ўзбек тилида эса битта “зе”, битта “се” ҳарфи бор. Халқимизда арабча исмлар қўйишда мазкур жиҳатларни эътибор қилинмаяпти. Оқибатда одамларни арабча исмлари билан чақиришда ҳам, кўзланган маънони ифодалашда ҳам кўп хатоларга йўл қўйилмоқда.

Айниқса, либосларга турли диний атама ва шаклларни ёзиб олиш ножоиз. Баъзилар кийим ва автоуловларга “Аллоҳ”, “Муҳаммад”, “Машааллоҳ”, “Ла илаҳа иллаллоҳ” каби муборак калималар ёки оятларни ёзиб олади. Шундай ёзув ва иборалар бор либосларни кийиш мумкин эмас, яъни диннинг эҳтиромини бузадиган нарсалар ёзилган кийим кийиш жоиз эмас. Мазкур либослар қачондир оёқ-ости бўлса ёки вақти келиб ташлаб юборилса, уларнинг ҳурматига путур етади. Оқибатда бу ишни қилган киши катта гуноҳкор бўлади. 

Ислом дини манбаларида Аллоҳ таолонинг исм ва сифатлари, ояти карималар, ҳадислар, пайғамбарларнинг исмлари ёзилган нарсалар билан айрим ножўя жойларга кириш катта зарар экани алоҳида баён этилган. Араб тили Қуръон тили экани ва у юксак эъзозу эҳтиромга муносиблигини барчамиз эътироф этамиз. Лекин ушбу муборак тил ва ёзувларни ҳурматсиз қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Бундан ташқари, шундай либосларда хўжакўрсинлик, риё каби аломатлар ҳам учрайди. Ваҳоланки, динга эътиқод қилишнинг туб асоси қалб амалларидир. Аллоҳ таоло бу ҳақда қуйидагича марҳамат қилади: “Иш бундоқ. Ким Аллоҳнинг шиорларини улуғласа, бас, албатта, бу қалбларнинг тақвосидандир” (Ҳаж сураси, 32-оят). Бошқа бир ояти каримада: “Шундоқ экан, ўзингизни оқламанг, У ким тақводорлигини яхши биладир” (Нажм сураси, 32-оят). 

Саудия Арабистони йирик уламолари ҳайъатининг фатвосида: “Бу каби ишлар Қуръони карим ва Пайғамбар алайҳиссалом суннатида асли йўқ, бидъат ишлардан”, дейилган. 

Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари ҳурмати вожиб зикрлардан. Аллоҳ таоло улар билан дуо қилишга чақирган. “Аллоҳнинг гўзал исмлари бордир. Бас, Унга ўша (исм)лар ила дуо қилинг ва Унинг исмларидан оғадиганлари тек қўйинг. Яқинда қилган амалларига яраша жазоланурлар” (Аъроф сураси, 180-оят).

Аллоҳ таолонинг исмларидан оғиш, асосан, икки йўл билан бўлади: биринчиси – Аллоҳ таолога лойиқ бўлмаган исмларни қўллаш, иккинчиси – Аллоҳ таолога хос бўлган исмларни Ундан бошқага ишлатиш. 

Шу ўринда айтиш керакки, ажнабий тилда ёзилиб, кўпинча фаҳш ва ҳақорат маъноларини англатувчи либослардан ҳам сақланиш керак. Аслида динимиз либослар содда, ортиқча нақши нигорлардан холи, оқ рангда бўлишини тарғиб қилади. Ислом тарихида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳадя қилинган нақшли кийим у зотни бироз чалғитди. Шунда: “Бунинг белгилари мени чалғитди”, деганлари ривоят қилинган.  

Одат тусига кириб бораётган нотўғри ишлардан яна бири – дўкон ва маиший хизмат кўрсатиш масканларининг муқаддас сўзлар билан номланиши. Минг афсуски, аксарият номланишларда фаолияти дин билан боғлиқ бўлмаса-да, гўёки тақводорлик ва ҳалолликни кўрсатиш мақсадида Аллоҳнинг исми-сифатлари ва Қуръони каримдаги сураларда келган сўзлардан фойдаланиш ҳолатларига гувоҳ бўлмоқдамиз. Фараз қилайлик, савдо ёки хизмат кўрсатиш шохобчаларига ҳеч қачон “Аллоҳ”, “Худо” ёки “Ҳақ” деган исмлар қўйилмайди-ку, Аллоҳ таолонинг қолган исмлари ҳам шундай азизу мукаррамдир. 

Номларнинг олдига билиб-билмасдан “ال” – “ал” қўшимчасини қўшиш кўпаймоқда. Аслида араб тилида исм гуруҳига кирувчи сўзлар аниқ ёки ноаниқ ҳолатда бўлади. Ноаниқ ҳолатдаги исмни аниқ ҳолатга ўтказиш учун сўзга “ال” олд қўшимчаси қўшилади. Шунингдек, айрим исмларнинг олдига “ال” – “ал” қўшилиши Аллоҳнинг 99 та муборак исмидан бирини англатади. 

Шундай экан, бундай муқаддас исмларни хизмат қилдириш мутлақо жоиз эмас. Чунки ишчи-ходимлар томонидан йўл қўйилган нуқсон ва камчилик туфайли мазкур муқаддас исмларга нисбатан турли нолойиқ ҳолатлар юзага келади. Бу каби шиорларнинг ҳурмати вожиб эканига оятдан далил келтирдик. Бундай номлардан тижорий ниятларда фойдаланиш асло мумкин эмас. Ҳатто бу борада Саудия Aрабистонида 1420 ҳижрий йилда тижорий номлар низоми подшоҳлик фармони ҳам эълон қилинган.

Яна бир жиҳат. Ота-боболаримиз дин билан боғлиқ жиҳатларга жуда эҳтиёткор муносабатда бўлишган. Тасбеҳлари кўксиларидан пастга тушмаган, жойнамозларини баланд жойларга қўйганлар. Араб ёзувидаги матнлар битилган ашёларни меҳр билан эҳтиётлаб сақлаганлар. Чунки улар динга алоқаси бор ҳар бир нарсага алоҳида одоб билан муомала қилганлар. Чунки бу динимиз талаби. Аксинча, Аллоҳ таолонинг шиорларини оёқости қилиш, улардан бирортасини камситиш, беҳурмат қилиш, менсимаслик, хор қилиш мўмин кишининг динига раҳна солади, Аллоҳ сақласин.

 

Устунлик чин эътиқод ва самимийликда

Қуръони каримда одамларнинг тили ва рангидаги фарқлар Аллоҳ таолонинг ҳикмати экани кўп бор баён этилган. Дунёдаги турли-туманлик Яратганнинг иродаси билан боғлиқ. Аллоҳ дастлаб одамзотни бир ота ва бир онадан яратди, сўнгра уларни турли миллат ва элат ҳамда халқларга ажратди. Бу борада Қуръони каримда бундай дейилади: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик” (Ҳужурот сураси, 13-оят). 

Бундай ранг-барангликда фазилат жуда кўп. Ислом таълимотига кўра, бутун башарият жинси, ирқи, ранги, тили, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, барчаси баробардир. 

Бу борада Расул алайҳиссалом: “Инсонлар тароқ тишлари каби тенгдирлар. Арабнинг бошқа халқлардан, оқнинг қорадан, эркакнинг аёлдан устунлиги йўқ. Фақат тақвода, холос”, деб марҳамат қилганлар. Демак, динга фақат тақлидий, кўр-кўрона амал қилиш билан иш битмайди. Балки чин эътиқод ва ихлос билан кўзланган мақсадга етишилади.

Маърифатпарвар Исҳоқхон Ибрат: “Бизнинг ёшлар, албатта, бошқа тилни билиш учун саъй-ҳаракат қилсинлар, лекин аввал ўз она тилини кўзларига тўтиё қилиб, эҳтиром кўрсатсинлар. Зеро, ўз тилига садоқат — бу ватаний ишдир”. 

Демак, тил ҳам инсон учун муҳим омил, азиз ва қадрли унсурлар қаторида бўлиб, соф сақлаш барчамизнинг инсоний бурчимиздир. Ҳар қандай тилга, хусусан, она тилига, бирор даражада бўлсин, нописандлик ёки камситиш билан қараш инсон ва эл қадрига ҳурматсизлик, инсон ва халқ ҳамиятига дахл қилиш бўлиб, кишилар кўнглини оғритиши табиийдир. Она тилидаги собитлик ҳар бир даврда долзарб бўлган.

Тил бойишга мойил. Аммо бу қанчалик табиий жараён бўлмасин, қайси тилдан қачон, нимани олиш ёки олмасликни билиш керак. Бир тилнинг бошқа тилга таъсири бойиш билан бирга, тил бузилиши бўлиши мумкин. Бу жараён ҳам ижобий, ҳам салбий маънода, зоҳирий ва ботиний ҳолда кечади. Биз эса кўпинча кўзга кўриниб турган нарсаларнигина кўрамиз-у, парда ортидаги нарсаларни пайқамаймиз. Тўғрироғи, кўзга ташланиб турган натижа ёки оқибатни кўрамиз-у, уларни келтириб чиқараётган туб сабабларни мутлақо сезмаймиз.

Тилнинг бойиши ҳам, бузилиши ҳам икки хил йўсинда кечади. Бири — хорижий сўзларни ўринли ва ноўрин қўллаш. Иккинчиси — хорижий тилнинг таъсири.

Хулоса шуки, глобаллашув шароитида миллий тилимиз софлигини сақлаш, луғат бойлигини ошириш, турли соҳаларда замонавий атамаларнинг ўзбекча муқобилини яратиш, уларнинг бир хил қўлланишини таъминлаш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. 

Муқаддас динимиз зоҳирга ҳаддан ташқари эътибор қаратиб, ботинни эсдан чиқаришдан қайтаради. Шу билан бирга, солиҳ амалларни кўпроқ қилиб, қалбимиздаги ихлос ва ниятни тўғри ва гўзал қилишга ундайди.

Аллоҳ таоло миллийлигимиз ва имон-эътиқодимизда собитқадам айласин.

Нуриддин домла ХОЛИҚНАЗАРОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, 

Ўзбекистон Халқаро ислом академияси фахрий доктори

Суббота, 22 Октябрь 2022 00:00

Фитна тушунчаси

Азҳарий айтадилар: “Арабларнинг каломида фитна сўзи “синов, имтиҳон” деган маъноларни билдиради. Бу аслида “фатантул физзота ваз заҳаба” деган сўздан олинган бўлиб, олтин ва кумушни яхшисини ёмонидан ажратиш учун оловда эритдим, деганини билдиради. Аллоҳ таолонинг “Явма ҳум алан наари яфтанун” деган сўзи ҳам мана шу маънодадир”[1].

Ибнул Аробий фитнанинг маъноларини ўзларининг қуйидаги сўзлари билан хослайдилар: “Фитна бу – синов, фитна бу – машаққат, фитна бу – мол, фитна бу – фарзандлар, фитна бу – куфр, фитна бу – инсонларнинг фикрлари билан ихтилоф қилишлари, фитна бу – олов билан ёндириш”[2].

Ибнул Асир раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Фитна – имтиҳон, синов дегани. У қийинчиликлар пайтидаги синов маъноларида кўп ишлатиларди. Кейин кенг тарқалди, ҳатто гуноҳ, куфр, ўлдириш, ёндириш, йўлдан тойдириш, бирор-бир ишдан буриш маъноларида ҳам ишлатиладиган бўлди”. Ибн Ҳажар “Фатҳул Борий” китобида ҳам худди шунга ўхшаш гапларни айтганлар.

Фитна луғатда олтинни синовдан ўтказиш мақсадида оловга қўйишга айтилади. Олтин фитналанганда, яъни оловда ёндирилганда яхшиси ёмонидан ажралгандек, фитна ҳам ҳақиқий мўминни ёлғончидан ажратади, мўминлар қалбидан фасодни чиқаради ва фитнадан кейин соф қалблиларни чиқариб беради. Истилоҳда эса, ҳар бир ёмон нарса ёмонликка олиб борадиган нарсага фитна дейилади. Масалан, куфр, гуноҳ, маъсият, фожирлик, мусибат ва шунга ўхшаш ёмон нарсалар каби. Агар бу нарсалар Аллоҳ тарафидан бўладиган бўлса, бу бирор бир ҳикматга кўра бўлган бўлади. Агар Аллоҳнинг амрисиз банда тарафидан бўладиган бўлса, бу мазаммат қилингандир[3].

Фитна сўзи луғатда “имтиҳон ва синов” деган маъноларни билдиради. Аслида фитна бир нарсани яхшисини ёмонидан ажратиш учун ёндиришга айтилади. Истелоҳда эса, инсоннинг яхши ва ёмон ҳолати у билан намоён бўладиган нарсага фитна дейилади. Фитна мусибат бўлиб, у ботиний ишларни кўрсатиб берадиган муомуладир. Ўз навбатида фитнанинг ҳам турлари бор. Аллоҳ таолонинг розилиги ва охират диёридаги улуғ неъматларга эришишни ният қилиб йўлга чиққан киши учун ўз манзилига етиши учун унга икки хил куч-қувват керак бўлади. Биринчиси илмий қувват бўлса, иккинчиси амалий қувватдир. Илмий қувват билан у инсон йўлни кўриб боради. Бу қоронғи кечада йўлни ёритиш учун қўлида чироқ кўтариб юрганга ўхшайди. Амалий қувват билан эса ҳассасини қўлтиғига қўйиб, енг шимариб, ўз мақсади яъни, Аллоҳ таоло томонга юриб боради. Мана шундан келиб чиқиб, фитнани иккига бўлишимиз мумкин. Чунки ҳар икки турдаги фитналар мана шу икки қувватга бўғлиқдир. Демак, фитна икки хил бўлади:

  1. Шубҳалар фитнаси. Бу иккинчисидан кўра каттароқ фитнадир. Бундай фитналар инсонда илмий қувватнинг камлиги ва қалб кўзининг заифлигидан келиб чиқади. Хусусан, фосид мақсадлар қилиш, ҳавойи нафсга эргашиш билан боғлиқ бўлади. Бу фитнанинг натижаси охир-оқибат эгасини куфр ва нифоққа олиб боради. Бу турдаги фитна гоҳида фосид тушунчадан, гоҳида ёлғон нақллардан, гоҳида фасод мақсадлардан, гоҳида эса ҳавойи нафсига эргашишдан пайдо бўлиши мумкин. Бу фитнадан фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш ва дин ишларининг барчасида хоҳ у ботиний бўлсин, хоҳ зоҳирий бўлсин у зотнинг ҳукмларига эргашиш билангина нажот топиш мумкин.
  2. Шаҳватлар фитнаси. Бу турдаги фитна инсондаги амалий қувватнинг фасодлиги ва азиматининг заифлиги натижасида келиб чиқади. Чунки бу нарсалар инсонга Аллоҳнинг амрларига итоат қилишига ёрдам беради. Булар заифлашган сари, инсон итоатдан чиқа бошлайди ва шаҳватларга эргашади.

Гоҳида ҳар икки турдаги фитна бир инсонда жамланган бўлади.  Гоҳида эса биттаси бўлади. Аслида ҳамма фитналар фикрни шариатдан устун қўйиш ва ҳавойи нафсни ақлдан устун қўйиш натижасида келиб чиқади. Биринчи кўринишда яъни фикрни шариатдан устун қўйишдан шубҳалар фитнаси келиб чиқса, иккинчи ҳолатдан яъни ҳавойи нафсини ақлидан устун қўйишдан шаҳватлар фитнаси келиб чиқади. Шубҳалар фитнаси яқин илм (аниқ ишонч) билан кетказилса, шаҳватлар фитнаси сабр билан кетказилади. Шунинг учун Аллоҳ таоло диндаги пешволикни бу икки ишга боғлиқ қилган: “Ва сабр қилган пайтларида улардан Бизнинг амримиз ила ҳидоятга бошлайдиган пешволар чиқардик. Улар Бизнинг оятларимизга аниқ ишонадилар”. Мана шу оят сабр ва яқин илм билан печволикка эришиш мумкинлигига, комил ақл ва сабр билан шаҳватлар фитнаси даф қилинишлигига, комил басира ва яқин илм билан эса шубҳалар фитнаси даф қилинишлигига далолат қилади.[4]

 

Бобохон Бобохонов,

ТИИ Модуль таълим шакли талабаси,

Самарқанд шаҳар Хўжа Нисбатдор жоме

масжиди имом-хатиби

 

[1]Абу  Мансур Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Азҳарий, “Таҳзибул луғат” Дорул мисрийя” – М. 1967

[2]Ибнул Мунзир. “Лисонул араб” Дору содр – М. 2003. 444-б.

[3] Аҳмад Иброҳим Аҳмад. “Ал-Фитнату ва асаруҳу ал-мудоммароту”. Даманҳур, Миср. Дорул лейна. 2004.20-б. .

[4]Аҳмад Иброҳим Аҳмад. “Ал-Фитнату ва асаруҳу ал-мудоммароту”. Макка Мукаррама,. Дорул лейна. 2004.40-б.

Шу йил 20 октябрь куни Шуша шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти мусулмон диний ташкилотларининг раҳбарлари кенгашининг Низоми тасдиқлангани тарихий воқеа бўлди. Ушбу муҳим ҳужжат икки юз миллионлик туркий халқларнинг маънавий ривожланиши, аҳил-иноқлиги ва икки дунё саодатига хизмат қилади, инша Аллоҳ.
Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Оллоҳшукур Пошозода: "Ўзбекистон иккинчи ватаним. Мен истардимки, тарихий кунда якуний дуони, биродарим Ўзбекистон муфтийси Нуриддин ҳазратлари қилишга энг ҳақлидир", дея ушбу тарихий кун ва муҳим ҳужжатнинг қут-баракаси учун дуо қилишни Ўзбекистон муфтийсидан илтимос қилди.

(2022 йил 20 октябрь, Шуша шаҳри)

Пятница, 21 Октябрь 2022 00:00

«Тўғоной ота» масжиди очилди

Бирор хушхабар эшитсак, хурсанд бўлиб, шодланиб кетамиз. Чунки яхшиликлар, эзгу ишлар мингта бўлса ҳам кам туюлаверади. Айниқса, "масжид очилди, жоме фойдаланишга топширилди", деган қувончли хабар барчани мамнун этиши тайин. Бу имоннинг белгиси.
Бугун, 2022 йил 21 октябрь – муборак жума куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Янгиовул қишлоғидаги "Тўғоной ота" жоме масжиди янги биносининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Қуръони карим тиловати билан бошланган тадбирда Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов, имом-домлалар, нуроний отахонлар, маҳалла фаоллари, ҳомийлар ва саховатпеша инсонлар иштирок этди.
Намозхонлар сафи кенгайиши натижасида масжиднинг 1986–1987 йиллар ҳашар йўли билан қурилган эски биноси торлик қилиб қолган эди. Шуни инобатга олиб, раҳбарлар ва мутасаддиларнинг саъй-ҳаракатлари билан жоменинг янги биносини қуришга 2021 йилнинг июнь ойида киришилган эди.
Орадан бир йилдан зиёдроқ вақт ўтиб ҳудудда замонавий, хонақоҳи 475 метр квадрат бўлган, бир вақтнинг ўзида 1,3 минг киши ибодат қила оладиган шинам масжид қад ростлади. Бешта гумбаз ва 39 метрли минора жоменинг салобатини янада оширган.
Қувонарлиси, аёллар учун ҳам алоҳида намозхона ташкил этилгани айни муддао бўлган.
Шу билан бирга, имом-хатиб хонаси, бошқа зарурий хоналар ҳам қурилгани ходимлар учун қулайликлар яратган.
Замонавий жомега монанд тарзда таҳоратхона ҳам барпо этилди. Илиқ пол яқинлашиб келаётган қишда намозхонларнинг жонига оро киради, иншоаллоҳ.
Бир сўз билан айтганда, замонавий масжидда нималар бўлиши керак бўлса, барчаси муҳайё этилган.
Тадбир сўнгида Аллоҳнинг уйига ҳам моддий, ҳам маънавий, ҳам молиявий жиҳатдан ҳиссасини қўшган, хизмат қилган барча азизларимизнинг ҳақларига хайрли дуолар қилинди.

Тошкент вилояти вакиллиги Матбуот хизмати

Мақолалар

Top