muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Нуриддин домла ҳазратлари

Шайх Маҳир ал-Муайқилий 1969 йил 7 январда Мадина шаҳрида туғилган. У арабларнинг Янбу уруғига мансуб бўлиб, унинг онаси Покистон муҳожирларидан бўлган.

Шайх Муайқилий талабалик даврида математика фанининг ишқибози бўлди ва тез орада шу соҳада олий таълимни тугатиб, математика фанидан дарс бера бошлади. Математикадан дарс бериш билан бирга у Макка шаҳрига боради ва у ерда ўзининг етук қорилик мартабасига эришиш борасидаги интилишини бошлайди.

Шунингдек, у Макка ва Мадина шаҳарларидаги турли хил масжидларда имом бўлиб ишлади.   Рамазон ойи таровеҳ ибодатларида унга эргашадиган ва унинг тиловатларини тинглашни хоҳлайдиган инсонлар кўпайиб борарди.

Тез орада у Мадина шаҳрида жуда машҳур бўлиб кетди ва Макка шаҳрида шаҳзода Абдулмажидга маслаҳатчи лавозимига тайинланди.

Шундан кейин у тезда ўзининг аввалги касбини ташлаб, Макка шаҳрида Подшоҳ Абдуллоҳ Ас-Сауд университетида дарс беришни бошлайди.

Кейин у 2005-2006 (ҳижрий 1426-1427) йилларда Мадина шаҳридаги “Масжид ан-Набавий” да имом-хатиб лавозимида фаолият кўрсатди.

 1427 ҳижрий -2006 йилги Рамазон ойидан кейин унинг бетакрор овози Макка ва Мадина шаҳарларида жуда машҳур бўлиб кетди. Айни пайтда у энг катта ишларни амалга оширишни бошлади.

 Кейинроқ эса Маккадаги “Уммул Қурроъ” университетида илмий ишини бошлади ва шу ерда 2012 йилда ўзининг докторлик ишини якунлади. 2007 йилда (ҳ.1428) Маҳир ал-Муайқилий Мадинадаги “Масжид ан-Набавий” да имом этиб тайинланди. Шундан сўнг у тез орада Маккадаги “Масжидул Ҳаром”нинг ҳам имом-хатиби этиб тайинланди.

Шайх Муайқилий таровеҳ намозларида шайх Абдурроҳман ас-Судайс билан бирга (2008 йилгача), кейинроқ шайх Абдуллоҳ ал-Жуҳаний (2014 йилгача) билан бирга имомлик қилди.

2016 йилдаги Рамазон таровеҳида шайх Холид ал-Ғомидий ва Шайх ал-Жуҳаний билан ёнма-ён намозларда имомликка ўтди.

Шайх Маҳир ал-Муайқилий 2016 йилнинг 15 июлида Маккадаги “Масжидул Ҳаром” да илк жума хутбасини ўқиди.

2016 йил (ҳ.1437) йилга келиб у Подшоҳ Салмон ибн Абдулазиз буйруғига биноан подшоҳликка тегишли бўлган “Масжидул Ҳаром”нинг етакчи имомларидан этиб тайинланди.

Шайх Маҳир ал-Муайқилий оилали, унинг 4 нафар фарзанди бор.

 

Интернет материаллари асосида Халқаро

алоқалар бўлими ходими И.Аҳмедов тайёрлади.

 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим


Ер юзини асраб авайлаш, атроф-муҳит тозалигини таъминлаш, турли-туман боғ-роғлар, гулзор-дарахтзорлар ва яшил маконлар барпо қилиш, одамзотнинг шарафли бурчидир. Инсон бу хайрли ишларни амалга ошириш билан, бир тарафдан Аллоҳ берган неъматлар шукрини ўрнига қўйса, иккинчи тарафдан охирати учун ўзига захира ҳам ҳозирлаб қўйган бўлади. Бинобарин, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Мусулмон кимса бирор экин экар экан, ундан бирор қуш ё жонивор нимадир еса, бу унинг ҳисобига, садақа деб ёзилади” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).


Жорий йилнинг 2 феврал куни Президентимиз раислигида экологик холатни яхшилаш ва “Яшил макон” умум миллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича ўтган йиғилишида кўкаламзорлаштириш бўйича катта ташаббусни илгари сурдилар. Бу ўз навбатида, кўплаб хайрли ишларга, садақа-ю жорияларнинг ортишига сабаб бўлмоқда.


Шу боис диний соҳада ҳам бир қатор режалар, устувор вазифалар белгилаб олинган бўлиб, даставвал, 2022 йил 1-март куни Ўзбекистон мусулмонлари Уламолар кенгашининг Баёноти қабул қилинди. Унда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг ҳаётимизда тутган ўрни, динимизда кўчат экиш фазилатлари, юртни обод қилишликка бериладиган ажру-мукофотлар тўғрисида ояту ҳадислар батафсил шарҳлаб берилди.


Дарҳақиқат, муқаддас динимизда экин экиш улуғ ва савобли амаллардан ҳисобланиб, ерни обод қилишга алоҳида эътибор қаратилган. Экилган кўчат ва ўсимликлар доимо Аллоҳ таолога тасбеҳ айтиб туриши, мўмин киши яхши ният билан кўчат экса, улуғ ажр-савобга эга бўлиши ҳақида кўплаб ҳадислар бор.


Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қайси мусулмон Экин екса, ундан ейилса, унга садақа бўлади. Ўғирлангани ҳам унинг учун садақадир. Йиртқичлар егани ҳам унинг учун садақадир. Қушлар егани ҳам унинг учун садақадир. Ўша экиндан бирортаси манфаат олса, унинг учун садақа бўлади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Ҳадисдан кўчат экиш, деҳқончилик қилиш нечоғли улуғ ва фазилатли касб экани маълум бўлади. Кўчат экаётган киши нафақат ўзига, балки ён-атрофдагилар, келажак авлодларга ҳам манфаат етказади. Бу амал деҳқонга нафақат тириклигида, балки вафотидан сўнг ҳам савоби етиб туриши билан аҳамиятлидир.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг яна бир ҳадиси шарифларини ёдга олсак. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлида хурмо дарахти бўлса, уни экиб қўйсин”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).


Баҳор мавсуми зироат, кўчат экиш фаслидир. Барчамиз бу кунларни ғаниймат билиб, кўчат экиш ишларида фаол қатнашиб, хонадонимиз, юртимиз ободлигига муносиб ҳисса қўшмоғимиз, атроф муҳитни тоза, озода, табиий ободлигини сақлаб, юртни ям-яшил масканга айлантирмоғимиз даркор.


Айни дамда диний соҳа ходимлари ҳам “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Андижон вилоятидаги барча масжид, мадраса, қабристон ва зиёратгоҳларга бир қанча мевали ва манзарали дарахтлар ҳамда гул кўчатларини экиб, юртимизнинг яшил макон бўлишлигига муносиб ҳиссасини қўшмоқда. Жумладан, шу кунга қадар вилоят бўйлаб имом-хатиблар ва отинойилар бошчилигида 4 мингдан ортиқ мевали ҳамда 3 мингдан ортиқ манзарали дарахтлар экилиб, вилоятнинг яшил макон бўлишлиги йўлида муносиб қадам ташланди. Бу ишлар жадаллик билан бардавом бўлмоқда.


Азиз ҳамюртлар! Ушбу хайрли ишни бирлашиб, ҳамжиҳатликда амалга оширсак, жонажон Ўзбекистонимиз янада обод бўлгай.

Мирзамақсуд домла Алимов,

Андижон вилояти бош имом-хатиби.

Рамазон – ислом тақвимида жуда муҳим ой. Кўпгина мусулмон оилалар Рамазонни ўзига хос тарзда ўтказишга, уйни безашга, таомномасини ранг-баранг қилишга, ўз гардеробларини янгилашга ҳаракат қилишади. Айнан шунинг учун Мичиган мусулмонлар жамоаси муқаддас ой арафасида махсус арзон ярмарка ташкил этишга қарор қилди. У ерда барча зарур маҳсулотларни арзон нархларда сотиб олиш мумкин. Бозорда заргарлик буюмлари, озиқ-овқат, хина ва бошқа шу каби маҳсулотларни сотадиган барча мусулмон бизнес эгаларини кўриш мумкин бўлади.
Islam.ru хабарига кўра, бозорда ҳалол маҳсулотлар, исломий кийимларнинг 20 дан ортиқ етказиб берувчилари ўз маҳсулотларини намойиш этади.
"Бундай ярмаркаларни ташкил этиш орқали биз нафақат мусулмонлар учун байрамона муҳит яратамиз, балки мусулмон бўлмаганларга Рамазон ҳақида кўпроқ маълумот олишга ҳам ёрдам берамиз", дейди тадбир иштирокчиларидан бири Фотима Сиддиқий.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Муҳаммад Айюб Фахриддинов

Мақолалар

Top