muslim.uz

muslim.uz

Ислом динида касални зиёрат қилиш энг улуғ савобли амаллардан бири ҳисобланади. Барча эзгу амаллар каби бу ишни ҳам астойдил, ихлос билан адо этиш лозим. Киши бемор бўлганда соғ пайтидан кўра яхшироқ амал ёзилади. Унинг ҳар бир ҳолати ибодат қилган билан тенг.

Жаноби Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Касалнинг инграши – тасбеҳ, оҳи – таҳлил, нафаси – садақа, уйқуси – ибодатдир, бир томондан иккинчи томонга ағдарилиши – Аллоҳ йўлида жидду жаҳддир. Унга соғлик вақтидаги амалдан яхшироқ амал ёзилади”, – дедилар.

Касаллик туфайли мусулмон киши улкан ажру савобни қўлга киритади, гуноҳлари кечирилади. Жаноби Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Мўмин кишига етган ҳар бир мусибат учун – касаллик, қийинчилик, алам, нотинчлик, ғам-ташвиш, ҳаттоки кирган бир тикан учун ҳам улкан савобларга сазовор бўлиши билан бирга, ўша етган мусибатлар эвазига бандачилик билан қилган сахву хатолари кечириб юборилади".

Аллоҳ таоло ҳар кимга ҳам дард беравермаc экан, балки дардни Ўзининг суйган бандасига унинг амал дафтарига яхшироқ амал ёзилиши учун, унинг гуноҳларини кечириб даражасини кўтариш учун берар экан.

Шу билан бирга, беморни зиёрат қилишнинг фазли ҳам улуғ. Беморни кўргани, ҳол-аҳволини сўрагани борган киши ҳам улкан ажру савобни қўлга киритади.

Ибн Умар ривоят қиладилар. Ҳазрати Пайғамбар алайҳиссалом: “Ким касални зиёрат қилса, гўёки Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутгандекдир. Бир куни етти юз кунга тенг”, – дедилар. Яна бир ҳадиси шарифларида Жаноби Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Кимки касал ётган одамни кўргани борса, осмондан бир нидо келадики: “Яхши иш қилдинг, қадаминг қутлуғ бўлди, сен ўзинг учун жаннатдан жой тайёрладинг”, – дедилар (Имом Термизий ривоятлари).

Шу боис бемор одамни зиёрат қилгани борганда ундан дуо сўрашни ҳам унутмаслик керак. Зеро, Аллоҳнинг берган дардига сабр қилиб ётган беморнинг дуоси, албатта, ижобат бўлади. Бу ҳақда Жаноби Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар ҳаста-бемор кимсани олдига борсангиз, сизни ҳаққингизга дуои хайр қилишини сўранг, чунки унинг дуоси фаришталарни дуоси каби ижобат бўлади”, – деб марҳамат қилдилар.

 Демак, бирор-бир орзу ниятингиз бўлса, ижобат бўлишини хоҳласак, улкан савоб истасак, бемор яқинимизни йўқлашимиз керак экан. Шунда нафақат ажрга эга бўламиз, балки ундан дуо олиб хожатимиз раво бўлади.

Жаноби Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон киши қачон касал дўстини зиёратига борса, то у қайтиб келгунича жаннат боғлари ичра сайр қилиб юрган бўлади”, – деб марҳамат қилдилар (Имом Муслим ривоятлари).

Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қиладилар. Ҳазрати Пайғамбар алайҳиссалом касалларни бориб кўрардилар ва: “Ё Аллоҳ, инсонларнинг Парвардигори, касалликни кетказгин, шифо бергин, Ўзинг шифо берувчисан, Ўзингнинг шифоингдан ўзга шифо йўқ, касални ташлаб қўймайдиган шифо беришни сўрайман”, деса, Аллоҳ унинг бу касаллигига шифо беради, – дедилар» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Узоқ умр кўриши ва соғайиб кетишини айтиб касални хушнуд этиш тавсия этилган амаллардандир. Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар, Ҳазрати Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар касалнинг олдига кирсангизлар, унга умри ҳақида тасалли берингизлар. Чунки у бирон нарсани қайтармайди ва касални хушнуд этади”, – дедилар (Имом Термизий ва Имом Ибн Можа ривоятлари).

Маълумки, хаста одам, айниқса, анча муддат ётган бўлса, инжиқтабиат, кўнгли жуда нозик бўлиб қолади. Бундай ҳолга тушган киши мулойимлик ва ширин сўзга эҳтиёжманд бўлиб қолиши табиий. Инчунин, касал зиёратига борган киши мазкур ҳолатларни, албатта инобатга олиб ширин сўзларни айтиши керак.

Албатта, юқорида зикр қилинган ҳадиси шарифлар ва шу асосдаги фикр-мулоҳазалар одатий турмуш тарзимизга хос бўлган ишлардир. Айни пайтдаги карантин ҳолатида бемор яқинимиз ё дўстимизни телефон орқали ҳол-аҳвол сўрашимиз, дардманд биродаримизнинг ёнидаги кишилар орқали дори-дармон ё зарур озиқ-овқат учун электрон шаклда пул ўтказиб, дуосини олишимиз бугунги кунда жуда ҳам зарур ва беқиёс савобли ишлардандир!

Аллоҳ таоло барчаларимизни хайрли ишларга ҳарис қилсин, беморларимизга комил шифо берсин, бир-биримизга меҳр-оқибатли бўлишимизни насиб этсин!

Уйда ётган, шифохонада ётган барча-барча беморларимизга Меҳрибон Парвардигоримиз Ўзи шифосини берсин! Тез кунларда яхши бўлиб, оилалари билан доимо соғ-омон бўлишсин!

 

Иброҳимжон ИНОМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Нуриддин домла ҳазратлари

Яратганга беҳисоб шукр, ибодатларга қодир қилиб қўйди. Аммо Рамазонда гавжум бўлган масжидларимиз бугун нега фарз намозларда ўша файзни, одамларимиз ўша иштиёқни сақлаб қола олмаслиги ҳақида ўйлаб, бир нимасини йўқотгандай бўлади киши...

Улуғ зоҳид Шақиқ ибн Ибро ҳим бундай деганлари ривоят қилинади: “Амалнинг гўзаллиги уч нарса билан. Биринчиси, амални Аллоҳ таолодан деб билиш, бу худбинликни йўқотади.

Иккинчиси, амалда Аллоҳ розилигини исташ, бу билан ҳою ҳавас сўндири лади. Учинчиси, савобни Аллоҳ таолодан кутиш, бу эса тама ва риёни йўқотади”. “Амалини Аллоҳдан деб билиш”нинг маъноси шуки, киши бир амални бажаришга муваффақ қилинса, бу Аллоҳнинг иноятидир. Буни билган одам шукр билан машғул бўлиб, амалига мағрурланмайди.

“Амалида Аллоҳнинг розилигини исташ” дегани шу: амалига қарайди, агар у Аллоҳ ризоси учун қилинган бўлса, у амалга ошади, иншоаллоҳ. Агар унда Аллоҳ ризоси бўлмаса, беҳудадир. Чунки Аллоҳ таоло:

“...Зеро, нафс ёмонликка ундовчидир” (Юсуф сураси, 53-оят) деб марҳамат қилган.

Яъни, нафс ёмонликка, ҳою ҳавасга ундаб туради.

“Савобни Аллоҳдан кутиш”нинг маъносиэса ҳар бир амални холис Аллоҳ учун бажариб, одамларнинг сўзларига қулоқ солмаслик, мақтов эшитса, хурсанд бўлмасликдир.

Бир ҳаким зот айтади:

– Амални қай йўсинда бажаришни чўпондан ўрганиш керак.

– Қандай қилиб?

– Чўпон қўйлари ёнида намоз ўқиркан, қўйлардан мақтов кутмайди...

Ҳар бир амал қилувчи шундай йўл тутмоғи лозимки, унга кимдир назарлаб турсада, халқнинг олдида ёки ёлғиз ҳолда бўлсин, одамлардан олқиш кутмаслиги керак.

Ҳакимлардан яна бири айтади: “Амал дуруст бўлиши учун тўрт нарсага муҳтождир.

Биринчиси, амалдан олдин илм ўрганиш. Чунки амал илм билан дуруст бўлади. Агар амал илмсиз бўлса, уни бузувчи нарсалар тузувчи нарсалардан кўп бўлади.

Иккинчиси, амални ният билан бошлаш.

Зеро, амал ният билан пайдо бўлади. Шунга биноан, рўза, намоз, ҳаж, закот ва ибодатлар ният билан саҳиҳ бўлади. Шунинг учун амалнинг боши ният бўлиши керак.

Учинчиси, амал қилаётганда сабрли бўлиш. Зеро, амал ҳузур ва сакинат билан

адо қилинсин. Тўртинчиси, ихлосли бўлиш. Чунки ихлоссиз амал қабул бўлмайди. Амал ихлос билан қилинган тақдирдагина Аллоҳ қабул этиб, бошқа қулларининг қалбларини сенга мойил қилиб қўяди”.

Хулоса шу – ибодатга, ҳар қандай яхши амалга чоғланганимизда “холис Аллоҳ учун” деймиз. Шуни тўла идрок қилиб, борлиғимиз билан айтишни одат қилайлик. Шунда амалларимиз икки дунёмиз учун манфаатли бўлади, иншоаллоҳ.

Абдулазиз АБДУЛЛАЕВ,

Қамаши туманидаги “Чим” жоме масжиди имом-хатиби

Ҳидоят журналининг 5 сони (2021)

2022 йил 8 февралда Саратов шаҳрида машҳур саратовлик хайрия ишлари ташаббускори Эдуард ҳожи Ганиев (1952-2019) хотирасига бағишланган Бутунроссия Қуръони карим мусобақаси бўлиб ўтади. Уни Саратов вилояти мусулмонлари диний бошқармаси қошидаги “Зайд бин Собит” Қуръон маркази ташкил этди.

Мусобақа Волгадаги булғор халқлари Ислом динини қабул қилганининг 1100 йиллиги муносабати билан 2022 йилдаги илк йирик форум доирасида бўлиб ўтади.

Бутунроссия Қуръон мусобақаси икки йўналишда – “Ҳифз” (Қуръонни тўлиқ ёддан ўқиш) ва “5 жуз” (кўзи ожиз қорилар ўртасида) бўйича ўтказилади. Унда Россия Федерациясининг 13 та ҳудудидан келган қорилар ўз маҳоратини кўрсатади.

Ҳакамлар ҳайъати таркибида тажвид ва Қуръон илми бўйича россиялик таниқли мутахассислар иштирок этади.

Айрим сабабларга кўра танлов чекланган таркибда ўтказилади. У онлайн узатилади. Шунингдек, танловда таълим-тарбия мавзусида давра суҳбати ўтказилади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Халқаро алоқалар бўлими

Мақолалар

Top