Рамазон

Рамазон барокатли ой

Аллоҳ таоло Рамазони шариф ойида кишиларни ҳидоят сари бошловчи, инсониятга бахт-саодат йўлларини кўрсатувчи Қуръони каримни нозил қилган. Шунинг учун бу кунларни кечалари тоат ва ибодатда қоим, кундузлари соим — рўзадор бўлиш билан ўтказамиз.

Рўза Қуръон оятлари Пайғамбаримиз ҳадислари ва ижмои уммат билан собит бўлгандир.

Маълумки, рўзанинг луғавий маъноси «мутлақ ўзини тийиш» бўлиб, шариатда балоғат  ёшига етган киши Аллоҳ таоло розилигини топиш умидида саҳардан то қуёш ботгунча еб-ичиш ва жимодан ўзини ушлаб  туришига айтилади. Унинг фарз,  ихтиёрий нафл, каффорат, назр, қурбонлик ўрнига тутиладиган рўза каби бир неча турлари мавжуд.

Рамазон рўзаси эса, Қуръон ва ҳадис орқали мусулмонларга фарз бўлган амаллардандир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг «Бақара» сураси, 183-оятида шундай баён қилади:

«Эй имон келтирганлар!  Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди шояд (у сабабли тақволий бўлсангиз».

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом:

«Кимки Рамазон ойида рўзанинг фарзлигига ишонган ва Аллоҳ таолонинг розилигини истаган ҳолда рўза тутса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади» - дедилар.

Ислом енгиллик динидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Аллоҳ ҳеч бир жонга (унинг) тоқатидан ташқари нарсани таклиф этмайди...», ─дейди (Бақара, 286). Унинг марҳамати ва ҳикмати билан бу ибодат ҳам қудрати етган кишиларгагина фарз қилинди. Агар бир киши хасталигини кучайиши ёки тузалишининг кечикишидан қўрқса, сафарда бўлса, ҳомиладор ёки эмизикли аёл гўдагига зиён етишидан хавотирда бўлса, ёки бир киши табаррук ёшга етган бўлиб, у ҳолдан тойса ва рўза тутишга қурби етмаса бундай кишилар рўза тутмасликлари жоиз. Улар рўза тутишга моне бўлган сабаблар кетганидан сўнг, қолдирган кунларининг қазосини тутадилар. Табаррук ёшдаги отахон ва онахонларимиз рўза тута олмасалар ҳар кунги рўза учун бир мискин таоми миқдорида фидя берадилар.

Барча ибодатлар каби рўзанинг ҳам ўзига яраша шарт-шароитлари, мустаҳаб ва макруҳлари бор. Жумладан саҳарликни таъхир қилиш (тонг отишига тақаб тўхтатиш), ифторликни эса аксинча тез (яъни, қуёш ботиши билан) қилиш мустаҳабдир. Рўзадор фақат оч-ташна қолиши билан Аллоҳ таолога тақво қилган бўлмайди, балки барча ишда ўта ҳушёр, бошқалар билан муомалада мулойим бўлиши, ўз нафсига ҳокимлик қилиши лозим. Шунингдек, кам таъминланган оилалар, етим-есирлар, беморларга ўзининг қалб қўри, меҳр тафти ила ғамхўрлик кўрсатиши даркор.

Рўзанинг мукаммал бўлиши учун ёлғон сўзлаш, иғво ва бўҳтон қилиш, нолойиқ сўзлар билан ўзгалар дилини оғритиш каби иллатлардан ўзини сақлаши лозим. Бу борада пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом муборак ҳадисларида: «Қайси бир рўзадор ёлғон гапириш ва унга амал қилиш каби гуноҳларини тарк этмаса, ундай кишининг фақат еб-ичишини тарк этиб юришига Аллоҳ мухтож эмас»,  - деб марҳамат қилдилар.

Рамазони шариф тоат-ибодат, қут-барака, бахт-саодат ойидир. Шунинг билан бирга, бу ойда гуноҳлар мағфират этилиб,  тавба-тазарруълар, чин ихлос ва эътиқод ила қилинган дуолар мустажоб бўлиб, қалблар таскин топади, қилинган хайрли ишлар савоби бир неча бор зиёда қилинган ҳолда қабул қилинади, иншоаллоҳ.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом муборак ҳадисларида: «Агар умматларим Рамазон ойининг улар учун қанчалик шарофатли ва баракотли эканини яхши билганларида эди, фақатгина шу бир ой эмас, балки йилнинг қолган ҳамма ойларида ҳам рўза бўлишини орзу қилган бўлар эдилар», - деб марҳамат қилганлар. Яна бир ҳадисда айтадиларки: «Рамазон ойининг биринчи ўн кунлиги раҳмат, иккинчи ўн кунлиги мағфират ва учинчи ўн кунлиги дўзахдан паноҳ топиш кунларидир».

Бу мағфират ойида меҳр-мурувват, саховат, олиҳимматлик кўпроқ қилинади, гина-кудуратли инсонлар ҳам бир-бирларига қучоқ очадилар, ўзаро узр сўрашадилар. Биламизки, кечиримли ва меҳр-шафқатли бўлиш ҳар бир мусулмон учун ҳам қарз ҳам фарздир.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг «Тўй, маросим ва маъракаларни меъёрида ўтказиш ҳақида»ги Фатвосида таъкидланганидек, ҳар қандай ишда ўртаҳоллик, мўътадиллик ва меъёр ҳамиша маъқулланиб келинган. Ҳаддан ошиш, исрофгарчилик, манманлик ва риёкорлик каби иллатлар ақлан ва шаръан қораланиб, улардан ҳазар қилишга буюрилган.

Қуръони каримнинг Исро сурасида:  «Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки, исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса Парвардигорига ўта ношукр эди»  - дейилади (Исро, 26-27).

Демак, силаи раҳм ва турли хайр-эҳсонларни беришда ҳам меъёрдан ташқари харажат қилиш, исрофгарчиликка йўл қўйиш Аллоҳ томонидан ман этилган.

Шунингдек, Қуръони каримда хайр-эҳсонда ўртаҳол бўлганлар  Аллоҳнинг суюкли бандалари эканлиги таъкидланади:

«Улар (Раҳмоннинг суюкли бандалари) эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида  — мўътадилдир» (Фурқон, 67).

Ҳадиси шарифларда ҳам исрофгарчиликдан қайтарилиб, тежамкорликка тарғиб ва ташвиқ этилади. Жумладан: «Аллоҳнинг ноз-неъматларидан еб-ичинглар, садақа қилинглар, кийиниб ясанинглар, лекин исрофгарчилик ва манманликка йўл қўйманглар!» - дейилади. (Имом Аҳмад, Ан-Насаий, Ибн Можжа ривоятлари).

Яна бир бошқа ҳадиси шарифда: «Бойликда ҳам, фақирликда ҳам, ибодатда ҳам ўртаҳол бўлиш қандай яхшидир» - дейилган (Абу Бакр Баззор ривояти).

Тежамкорлик тўғрисидаги ҳадиси шарифда эса: «Тежамкор одам ҳеч қачон қашшоқлик кўрмайди» - деб айтилган  (Имом Аҳмад ривояти).

Эътиқодимиз бўйича, инсон намоз, рўза, ҳаж, хайру садақа, тиловати Қуръон каби амалларнинг савобини маййитларга бағишласа, албатта савоби етади. Шунга кўра, ушбу мақсадда иқтисодий имкониятига қараб, хоҳлаган вақтда фақир ва мискинларга эҳсон дастурхони ёзишлик жоиз. Савоби яна ҳам улуғ бўлишлиги ҳамда келган меҳмонлар руҳий ва маънавий озуқа олишлари учун бундай эҳсонларни енгил ва ихчам тарзда амри маъруф шаклида ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Уларнинг кўпгина шивир-шивирларида — агар садақа беришга ёки эзгуликка буюришга ёхуд одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрмаган бўлса — яхшилик йўқдир. Кимдаким — Аллоҳ ризоси учун шуни қилса, унга улкан мукофот беражакмиз»  (Нисо, 114).

Яна шуни ҳам таъкидлаш лозимки, эҳсонни фақат  зиёфат кўринишида эмас, балки ўша зиёфатга кетадиган маблағни муҳтож оилаларга, меҳрибонлик ва қариялар уйига, ободонлаштириш ишларига, ёшларнинг илм ва ҳунар олишлари учун  сарф қилинса, мақсадга мувофиқ бўлур.

Авваламбор, Исломда барча хайру эҳсонлар, Аллоҳнинг розилигини топиш учун бўлмоғи лозим.

Хўш, қандай қилинса Аллоҳ рози ва эҳсон Унинг ҳузурида мақбул бўлади? Бунинг бир неча шартлари бор:

Биринчи: Эҳсон учун сарф қилинаётган мол-дунё ҳалол йўл билан  топилган бўлиши шарт. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўз ҳадисларида марҳамат қилганлар: «Банда ҳаромдан мол топиб, эҳсон қилган билан молига барака кирмайди. Садақа қилса   қабул қилинмайди» (Имом Аҳмад ривояти).

Иккинчи: Холис Аллоҳ учун бўлмоғи шарт. Одамлар кўрсин, мақтасин деб, риё мақсадида қилинган эҳсон мақбул эмас. Қуръон оятларида мол-дунёсини хайрли ишга сарф этишга бахиллик қиладиган, эҳсон қилган тақдирда ҳам одамлар кўрсин, мақтасин деб қиладиган кишиларни Аллоҳ севмаслиги, балки улар кибрли ва мақтанчоқ кишилар эканлиги баён қилинган. Риёкорлик билан қилинган эҳсон эвазига ҳеч қандай савобга эришиб бўлмаслиги, аксинча оғир гуноҳга ботиш мумкин.

Учинчи: Исрофга йўл қўймаслик. Исроф деганда  фақат  таомнинг ортиб қолиши  ёки оёқ ости бўлишини тушунмаслик керак. Балки, ноўрин жойга қилинган эҳсон ҳам исрофдир.

Демак, исроф бўлмаслиги учун авваламбор, эҳсон қилувчи киши кимларга эҳсон қилиниши лозимлигини билмоғи керак акс ҳолда, ўз эгаларига берилмаган эҳсон мақбул бўлмайди. Чунки, хайр-эҳсон ва зиёфат беришдан асосий мақсад муҳтож ва фақирларга моддий ёрдам кўрсатишдир.

Минг афсуски, ҳозирги кунда баъзи кишилар томонидан эҳсон қилишда ушбу шартларга риоя қилмаслик ҳоллари содир бўлмоқда. Бунга асосий сабаб, ўша кишиларда манманлик, риёкорлик каби иллатларнинг мавжудлигидир».

Ўтказиладиган ифторликни оила иқтисодига зарар етказмайдиган ҳолатда, унинг ҳоли қудратидан келиб чиқиб, ниҳоят даражада иқтисод ва тежамкорлик билан ўтказишлик эса шариатимиз руҳига мос тушади. Албатта, буларни ўтказишда жойлардаги имом-хатиблар, маҳалла фаоллари ва оқсоқоллари ила бамаслаҳат қилингани маъқул.

Яратган Парвардигордан Муборак ойда юртимизга тинчлик, осойишталик тилаб, мустақиллигимиз пойдеворини янада мустаҳкам қилсин, деб дуо қилиб қоламиз.

Садриддин АБДУРАШИДОВ

Олмазор туман бош имом хатиби

81199 марта ўқилди

Мақолалар

Top