Рамазон

Тоатлар мақбул, дуолар мустажоб, гуноҳлар кечирилган ой

Рўза араб тилида «сиём» деб аталиб, луғатда бир нарсадан ўзини тиймоқликни билдиради. Шариат истилоҳида эса «тонг отгандан то қуёш ботгунча ният билан рўзани очувчи нарсалардан ўзни тиймоқдир». Рўзани очувчи нарсалар деганда емоқ, ичмоқ, жинсий яқинлик қилмоқ ва рўзани очиб юборадиган бошқа нарсалар тушунилади.

Рамазон ойи рўзаси ҳижратнинг иккинчи санасида фарз қилинган. Аллоҳ таоло бандаларни рўза тутишга буюриб: «Эй иймон келтирганлар, сизларга ҳам, худди сиздан олдин ўтганларга фарз қилинганидек, рўза фарз қилинди, шоядки, тақво қилсангиз», деган (Бақара: 183-184).

Табибларнинг таъкидлашича, ихтиёрий оч қолиш, яъни рўза тутиш ила инсонда Аллоҳдан қўрқиш, Уни доимо ҳис этиб туриш, хуллас, тақво ҳисси пайдо бўлади.

Маълумки, ҳавойи нафснинг айтганини қилавериш инсонни унга қул қилиб қўяди. Бора-бора инсон нафси нима деса, шуни қиладиган бўлиб қолади. Рўза тутган киши эса, иштаҳаси келиб турган ҳолда турли таомлар, ичимликлар, шаҳвоний ва бошқа нарсалардан ўзини тийиши билан ҳавои нафсининг хоҳишини синдиради. Шу билан рўзадорнинг иродаси кучайиб, ҳавои нафсини жиловлаб олишга эришади.

Рўза тутган инсон доимо Аллоҳ таолонинг кузатиб турганини ҳис қилиб яшайди. Шунинг учун ўзи ёлғиз қолганида ҳам рўзасини очишга журъат этмайди. Доимий равишда Аллоҳни ҳис этиб туриш эса киши қалбини мусаффо қилади. Унинг қалбига Аллоҳ муҳаббатидан бошқа нарса сиғмай қолади. Рўзадор киши ўз-ўзидан ёмонлик қила олмай қолиши ҳам шундан.

Рамазон – қадрлаш ойи. Ушбу ойда эзгу амалларни кўпайтириш халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Рамазон – эзгулик ойи. Инсонлар бу ойда маънавий покланиб ўзларида гўзал хулқларни намоён қиладилар. Жумладан, халқимиз ушбу ойда ифторликлар, хайр-эҳсонлар қилиш, фитр ва закотларини адо қилиш орқали бир-бирининг ҳолидан хабар олиш каби эзгу амалларни бажариб ушбу ойнинг ҳар бир кунини байрам кайфиятида кўтаринки руҳда ўтказади.

Рамазоннинг фазли ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар бор, улуғ уламоларнинг сўзлари, мадҳлар айтилган, китоблар битилган. Лекин бу ҳақдаги таърифларнинг гултожиси Роббул Оламийннинг Ўз каломида айтган мадҳидир. Бу – рамазони шарифнинг энг улкан фазилати ҳақидаги таърифдир. Яъни:«Унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фур­қондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир» (Бақара, 185).

Рўзадан бошқа ҳамма амалларда амал қилувчи хоҳласа ҳам, хоҳламаса бироз эътиборталаблик бўлади.  Рўзада эса бирортаси йўқ, тонгга яқин ҳеч ким кўрмайдиган вақтда саҳарлик қилади. Кундузи эса барча баробар юраверади. Ҳеч кимсиз ёлғиз ўзи қолганида ҳам рўзадор Аллоҳ таоло кўриб турганини ҳис қилиб, бирт нарса емайди. Ана шулар рўза Аллоҳ учун тутилишининг белгисидир. Шунинг учун ҳам ёлғиз Аллоҳ учун бўлган ибодатнинг мукофотини Аллоҳ таоло Ўзи билиб беришга ваъда қилмоқда. Шу билан бирга, рўза учун бериладиган савобнинг кўпайиши шунчаларки, уни Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди, идрок ҳам қила олмайди. Рўзадорнинг амали бунчалар юқори баҳоланишининг сабаби у фақат Аллоҳ таоло учун таоми ва шаҳватини тарк қилиб, рўза тутганидандир.

Дарҳақиқат, бизга Аллоҳ таоло баракот ойини насиб қилди. Унинг қанчалик даражада баракали эканини, иймонимиз ва ишончимиз  даражаси ила ҳис қиламиз. Бу ойда тутаётган рўзаларимиз билан ўзимиздаги кўп ёмонликлардан тийиламиз. “Мен рўзадорман” деб анча-мунча ножоиз ишларимиздан тўхтаймиз. Кўпчилигимиз шу баракотли ой туфайли ўша ёқимсиз амалларимизни тарк қиламиз. Бу ойнинг фазилатларидан яна бири рўзадор қандай инсон бўлишидан қатъи назар унинг дуоси албатта ижобат бўлади. Чунки бу ойда рўзадор инсонга Аллоҳ Ўз раҳмат назари билан қарайди ва фақат У учун тутилган холис рўзадорнинг дуосини ижобат қилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ривоят қилганларидек,  рўза бу –омонатдир, рўза бу – ибодатдир. Шунинг учун иссиқ кунларда тутаётган рўзаларимизни ихлос билан адо этиб, Парвардигордан унинг ажрини кутайлик. Зеро, савоблар рамазон ичида йиғилгандир – тоатлар мақбулдир, дуолар мустажобдир, гуноҳлар кечирилгандир ва жаннат рўзадорларга муштоқдир.

 

Хайрулла АБДУЛЛАЕВ,

ЎМИ Хоразм вилояти вакили

84383 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top