Рамазон

Рўза ғанимат!

Бисмиллаҳир рохманир роҳийм

Ойларнинг султони муборак Рамазон ойининг ғанимат кунлари борган сари ортга қараб кетиб бормоқда. Мана бугун Рамазон ойининг 10 куни. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам рамазонни 30 кунини учга бўлиб, биринчи ўн кунлигини Аллоҳ таолонинг бандаларига раҳмат, баракотлар ёғдирадиган ўн кунлиги эканини таъкидлаганлар. Шунга кўра, раҳмат ўн кунлигидан баҳра ололдикмикан? Бошларимиз узра Аллоҳ таолонинг раҳмати ёғилдимикан? Рўза тутиб, билиб-билмай яна хатоларга қўл уриб қўймадикмикан? Арзимас туюлган дунё ишлари билан овора бўлиб, сабримиз етмай ота-оналаримиз, яқинларимиз ёки корхонада бирга хизмат қилаётганларни кўнгилларини оғритиб қўймадикмикан? Аслида рўзанинг ҳикматларидан асосийси бўлган жисмимизни очлик ва ташналикдан сабрга йўллаш, руҳимизни поклаш эканини бироз унутиб қўймадикмикан? Маълумки, ишловчи ишчи-хизматчилар ва ўқувчи талабалар бир йилда бир маротаба таътилга чиқиб, дам оладилар. Руҳан-жисман тетиклашиб яна ишга, ўқишга қайтадилар. Баданимизнинг таътили эса мана шу рамазон рўзасидир. Ҳамма ҳам бир йиллик таътилини рисоладагидек ўтказса, яна ишга қайтганида келгуси йилгача шу кайфиятда ўтишига туртки бўлади. Ўз соғлигимизга эътиборли бўлиб, соғ-саломат бўлсак, иш унумдорлиги ўйлаганимиздан ҳам кўра яхшироқ бўлади.  

Азизлар! Биз ҳам Аллоҳ таолонинг биз билган-билмаган  фазлу марҳамати билан мўмин-мусулмонларга фарз қилган Рамазон рўзаси - баданларимиз таътилини хуш кайфиятда ўтказайлик.  Инсон ички аъзолари тўхтовсиз бизлар учун тиним билмай хизмат қилиб туради. Улар ҳам шу муборак рамазон ойида таътилга чиқадилар. Бўйнимизда жисмларимизнинг ҳаққи бор, улар ҳам дам олиш ҳуқуқига эга. Улар ҳам ортиқча еб-ичишдан, ортиқча ухлашдан ҳоли бўлсинлар. Очликда руҳият тетиклашади, дейилади. Мажбурий очлик билан фарз қилинган рўзадан ибрат олиб, очлар ва муҳтожлар ҳолини бир бора тафаккур қилайлик. Тинч ва осуда мамлакатимизда ибодатларни эркин-эмин қилиб, хотиржамликда ўтаётган ҳар бир кунимизни ғанимат билайлик. Дунёнинг қайси бир бурчагида рўза тутиш учун ейишга егуликлари йўқ ёки бўлмаса беҳуда бўлаётган жанжал-урушлар туфайли ўз ҳаловатини йўқотиб рўза тута олмаётганлар ҳолидан ибратланайлик. Аллоҳ таолога шукрона айтиб, ихлосу эътиқод билан иккинчи бошланган мағфират ўн кунлиги қадрига етайлик. Парвардигор гуноҳларимизни мағфират қилсин, билиб-билмай қилган гуноҳларимизни ойлар султони бўлган Рамазон шариф сабабли кечирсин. Масжидларда бўлаётган Хатми Қуръонлар, истиғфор ва дуойи хайрлар шарофати билан юртимизда тинчлик бардавом бўлсин. Оилаларимизда файзу баракотлар ёғилишига бу йилги Рамазон аввалги йиллардагидан ҳам кўра муборакли из қолдирсин.  Инсонни бир йиллик ҳисоботи қилинадиган ва яна бир йиллик тақдирлари янгиланиб ёзиладиган  бу ой ҳар биримизнинг номаи-аъмолларимизга яхшиликлар бўлиб ёзилсин. Аллоҳ таоло Рамазоннинг биринчи ўн кунлигида қилишга улгура олмаган яхши амалларимизни қолган ғанимат кунларида кўпроқ қилишга имкониятлар берсин. Дуоларимиз ижобат бўлсин. Яна бир бор Юртимиздаги тинчлик ҳукмронлиги абадий бўлсин. Рамазон ойидаги кунларимиз хайрли ўтсин.

 

                                                      Зарифа Маҳкам қизи      

85004 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Рўза қўрғондир Қалб рўзаси »

Мақолалар

Top