muslim.uz

muslim.uz

Президентнинг “Ўзбекистон Республикасида зиёрат туризмини янада ривожлантириш ва зиёратчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони лойиҳаси эълон қилинди.
2021 йилда хизматлар ва сервис соҳаларини ривожлантиришнинг драйверлари сифатида “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” шиори остида ички туризмни оммалаштириш, шунингдек, зиёрат туризмини ривожлантириш, шу жумладан “Умра+” зиёрат дастурини амалга ошириш белгиланади.
Kun.uz хбарига кўра, шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:
• Рўза ҳайит (Ийд ал-Фитр) ва Қурбон ҳайит (Ийд ал-Адҳа) диний байрамлари, Наврўз умумхалқ байрами, Мустақиллик куни ҳамда Янги йил байрамини нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунлар уч кундан кам бўлмаган муддатга белгиланади;
• ҳар йили 1 декабрга қадар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда келгуси йил учун байрам ва қўшимча ишланмайдиган кунлар тақвимини эълон қилиб боради;
• ота-оналар, қариндошлар, қариялар ва устозлар билан биргаликда саёҳат қилишни назарда тутувчи беш иш кунидан кам бўлмаган "оилавий зиёрат таътили" тизими жорий қилинади. Бунда, “оилавий зиёрат таътили” йиллик асосий таътил ҳисобидан тақдим этилади ва жамоавий шартномаларга мувофиқ иш берувчининг розилиги билан амалга оширилади;
• меҳнат жамоалари орасида мамлакат бўйлаб саёҳат қилишларини рағбатлантириш мақсадида “Саёҳат етакчиси” тизими жорий қилинади. Бунда, туризм мавсуми паст бўлган даврда ўз меҳнат жамоаларига саёҳатлар ташкил қилган энг фаол 1 000 нафар “Саёҳат етакчиси”га йил якуни билан Ўзбекистон бўйлаб турли мавзудаги саёҳатлар бепул асосда тақдим этилади;
• мамлакат бўйлаб саёҳатларни рағбатлантиришга қаратилган, шу жумладан бонуслар йиғиб бориладиган, тавсия этиладиган туризм намойиши объектлари тўғрисида маълумотлар акс этган ҳамда саёҳатларни қайд этадиган тизимни назарда тутувчи “Турист паспорти” жорий этилади ва унинг доирасида энг фаол сайёҳлар мукофотланиб борилади;
• 2021 йил 1 мартдан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари ва Ўзбекистонда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслардан жойлаштириш воситасида, улар яшаган ҳар бир кун учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,5 фоизи миқдорида туристик (меҳмонхона) йиғими жорий қилинади. Бунда, туристик (меҳмонхона) йиғими ички туризмни тарғиб қилиш ва рағбатлантириш, туризм мавсуми паст бўлган даврда жойлаштириш воситаларининг бандлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади;
• республиканинг туризм намойиши объектларини кенг тарғиб қилиш, фуқароларни бой табиий, маданий ва тарихий мерос, зиёратгоҳлар билан таништириш ҳамда ички туризмни тарғиб қилишга қаратилган (тижорат мақсадларни кўзламаган) ахборот маънавий-маърифий масалаларга доир ахборотга тенглаштирилади;
• давлат органларининг ижтимоий реклама маҳсулотлари қўмита томонидан ишлаб чиқилган зиёрат туризм объектлари акс эттирилган дизайн тасвири асосида тайёрланади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Покистонда оммавий ахборот воситалари диққат марказида Ўзбекистон Исломий маданий меросини кенг тарғиб етишга қаратилган саъй-ҳаракатлар
«Pakistan Economic Net» ва «Pakistan In The World»Покистон етакчи ахборот агентликларининг веб-сайтлари Ўзбекистон халқаро Ислом Академияси қошидаги илмий-тадқиқот маркази томонидан ташкил этилган ва ўтказилган "Имом Мотуридий халқаро тадқиқот маркази: келажак режалари" мавзуидаги халқаро онлайн матбуот анжумани якунларига бағишланган мақолаларни эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мақола муаллифи Aли Aл-Ҳассаний сўнгги йилларда Ўзбекистонда жаҳон илм-фани ривожига бебаҳо ҳисса қўшган алломаларнинг ҳаёти ва бой илмий меросини ўрганиш, кенг жамоатчиликка етказиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлаган. “Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 августдаги “Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ташкил этилган Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим таркибий қисми сифатида баҳолаш мумкин”, деб ёзган журналист.
Халқаро анжуманнинг асосий мақсади – Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолиятини халқаро жамоатчиликка кенг тарғиб қилиш, хориждаги етакчи илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, соҳага оид изланишлар олиб бораётган жаҳоннинг етук олимлари билан Марказ ходимлари ўртасида ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш, Имом Мотуридий ҳаёти ва илмий мероси ҳамда мотуридийлик таълимоти асосларини дунёга танитишдан иборат.
Нашр анжуманда ўзбекистонлик ва хорижлик таниқли олимлар, давлат ва жамоат арбоблари, халқаро ташкилотларнинг вакиллари ва Марказ жамоаси билан бир қаторда Миср, Туркия, Россия, Афғонистон, Малайзия, Индонезия, Буюк Британия, Германия, Франция, Швеция, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Марокаш ва Иордания каби мамлакатлардан 40 дан зиёд мутахассис ва етакчи илмий-тадқиқот муассасаларининг раҳбарлари қатнашгани маълум қилган.
Иштирокчилар глобаллашув жараёнида юзага келаётган турли мафкуравий таҳдидларга қарши курашда ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш заруратини алоҳида урғулаб, ушбу йўналишда ўзаро ахборот ва тажриба алмашув, ислом дини ниқоби остида фаолият кўрсатаётган оқимларнинг деструктив ғоялари тарқалишининг олдини олиш чора-тадбирларини ташкил этиш борасида келгусида амалга ошириладиган ишлар режасини муҳокама қилди.
“Анжуман доирасида Ислом олами таълим, фан ва маданият масалалари бўйича халқаро ташкилоти (ISESCO) билан Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ўртасида ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш тўғрисида англашув меморондуми имзоланди”, дейилади Покистон ОАВ ресурсида чоп этилган мақолада.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Бугун бутун Ўзбекистон халқининг нигоҳи бир нуқтага: муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини тинглаш учун ойнаи жаҳонга қадалди.

Икки соату 40 дақиқадан кўпроқ давом этган Мурожаатномани жон қулоғимиз билан эшитиб, барчамиз янги йилга қандай ном берилишини интиқлик билан кутдик. Эзгу анъанага айланган бу одатни ҳеч иккиланмай бугунги тараққиётимизнинг муҳим асоси десак, бўлади. Чунончи, мамлакатимизда ҳар сана йил номидан келиб чиқиб, жуда катта ислоҳотлар, ўзгаришлар амалга оширилаётганини жаҳон эътироф этмоқда.

Давлатимиз Раҳбари 2021 йилни «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш» йили деб эълон қилиши муносабати билан бутун Ўзбекистонни олқишлар тутиб кетди, десак муболаға бўлмайди.

Дарҳақиқат, бугун дунё кўзда ҳалқаланган ёшдек қалқиб турган бир пайтда ёшларни чалғитувчи, уларни ўз домига тортишни истовчи турли кучлар кўпайиб боряпти. Энг ачинарлиси, дунёнинг қайси бурчагида бирор жиноят содир этилса, албатта, бу жараёнда ёшларнинг «қўлидан» фойдаланиляпти.

Ёшлар тарбияси ҳар бир даврнинг ўта долзарб масаласи бўлиб келгани айни ҳақиқат. Муаррихларнинг ёзишича, Геродот Шарққа қилган сафарлари чоғида Миср эҳромларидаги бир битикка ажабланган: «Ёшларнинг тарбияси бузилиб кетяпти. Нима қилиш керак?!”

Муаррих бу ёзувни ўқиганига ҳам икки минг йилдан ошиб кетди. Ёзувнинг битилганига эса, ким билсин қанча вақт бўлган? Демак, ёшлар масаласи ҳамиша ўз долзарблигини йўқотмаган, бунга ҳамма даврларда ҳам турли даражада муносабат билдирилган экан-да.

Ислом таълимотида ёшлар тарбияси жуда муҳим ўрин тутади. Исломнинг дастлабки ўн уч йилида, яъни Макка даврида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсонларнинг онгу шуурига Аллоҳнинг яккаю ягоналигини сингдириш баробарида уларга одоб-ахлоқ масалаларини ўргатишга алоҳида эътибор қаратганлар. Бу борада ўз ёнларига 8–16 ёшли (Али, Талҳа, Зубайр) каби кўплаб ёшларни олиб, аввало, уларнинг таълим-тарбиясига алоҳида аҳамият берганлар.

Ҳадиси шарифда: «Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли қилинглар», дейилган (Имом Муслим ривояти).

Тарбия ҳақида Имом Ғаззолийнинг «Иҳёу улумуд дин» китобида бундай дейилади: «Бола – ота-она қўлидаги омонат. Унинг қалби турли нақш ва расмлардан холи. Қандай нақш солинса, қабул қилади, нимага мойил қилинса, мойил бўлаверади. Агар яхшиликка ундалса ва ўргатилса, саодатли бўлади. Ота-онаси ҳамда одоб, таълим-тарбия берган устозлар унинг савобига шерик бўлди. Агар ёмонликка ундалса, ҳалок бўлади».

Буюк ватандошимиз шайхурраис Абу Али ибн Сино ёш авлод тарбиясининг ибтидоси қандай ва нималар билан бўлиши ҳақида қуйидагиларни айтган эди: «Ёш бола бошланғич таълим ва тилга доир қоидаларни ёд олганидан кейин у машғул бўлиши мумкин бўлган касб-ҳунар ва санъатга мойиллигига қараб, уни шунга йўллаймиз. Агар у котибликни хоҳласа, тил, хат ёзиш, нутқ сўзлаш ва одамлар билан муомала қилиш кабиларга далолат қиламиз. Албатта, бу ўринда, боланинг майли аҳамиятга эга» («Исломий тарбия ва унинг фалсафаси». Муҳаммад Атия, 197-бет).

Бундан роппа-роса бир аср олдин маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний тарбия ҳақида куйиниб бундай деган: «Тарбияни кимлар қилур? Қайда қилинур? деган савол келадур. Бу саволга жавобан: биринчи – уй тарбиясидур. Бу Оналарнинг вазифасидур. Иккинчи – мактаб ва мадраса тарбиясидур. Бу Оталар, муаллим, мударрис ва ҳукумат вазифасидур.

Менга савол берурлар: Қайси оналарни айтурсиз? Билимсиз, боши пахмоқ, қўли тўқмоқ оналарниму? Ўзларида бўлмаган тарбияни қандай берурлар? Қайси ота? Тўйчи, улоқчи, базмчи, дўмбирачи, карнайчи, сурнайчи, илм қадрини билмаган, илм учун бир пулни кўзи қиймаган, замондан хабарсиз оталарними айтурсиз? Аввал уларни ўзларини ўқутмаклик керакдур.Бу сўзлар кишини юрагини эзар, бағрини ёндирур...»

Ёшлар тарбиясини – ҳаёт-мамот масаласи, деб таърифлаган мутафаккир нақадар ҳақ эканини барчамиз яхши биламиз. Чунки тарбияси мўрт ёшлардан жамият, маҳалла ёки оила учун ҳеч қандай наф йўқ. Ёшларнинг ҳаётда адашиши, тузатиб бўлмас хатолари тарбияда йўл қўйилган хато ёки бефарқликнинг аччиқ инъикосидир.

Бу борада олиб борилган изланишларнинг аксари шуни кўрсатмоқдаки, тарбияда, аввало, ота-онанинг ҳиссаси катта. Бежиз Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳеч бир ота-она фарзандига гўзал тарбиядан кўра қимматлироқ мерос қолдира олмайди», демаган.

Мухтасар айтганда, мамлакатимиз аҳолисининг 64 фоизини ёшлар ташкил этади. Уларнинг улғайиб, комил инсон бўлишлари учун янги 2021 йилда улкан имкониятлар эшиклари очилишига шубҳа йўқ. Зеро, муҳтарам Юртбошимиз Мурожаатномада буни ҳар жиҳатдан баён қилиб берди.

Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРОВ,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

“Салафийлик” ибораси араб тилидаги “سلف” сўзидан олинган бўлиб, “аждодлар”, “аввал яшаб ўтганлар” маъноларини англатади. Қуръони каримнинг Зухруф сурасида “салаф” сўзи “аввал яшаб ўтганлар”, “ўтмиш (кишилари)” маъноларида ишлатилган.

Диний стилоҳда “салаф” сўзи муайян бир давр билан боғлиқ маънони беради. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Энг яхши давр менинг даврим, сўнг уларга яқин бўлган, сўнг уларга яқин бўлган даврлардир” (Имом Бухорий ривояти).

Шунга кўра, Ислом уламолари илк мусулмонларни “салаф солиҳ”, яъни “солиҳ аждодлар” деб ҳисоблашда якдилдирлар. Улардан кейинги даврларда яшаган мусулмонларга нисбатан “салаф” ёки “салафий”лар тушунчаларини ишлатиш умуман мантиқсизлик.

Бироқ, сўнгги йилларда “салаф солиҳларга эргашиш” шиорини ниқоб қилиб олган ва мусулмон жамиятларини илк Ислом даври ҳолатига қайтаришни тарғиб қилувчи диний мутаассиб, сохта салафийлар пайдо бўлганини алоҳида қайд этиш лозим. Улар бу ишни, Аллоҳ таолонинг:

وَأَنَّ هَـٰذَا صِرَاطِى مُسْتَقِيماً فَٱتَّبِعُوهُ وَلاَ تَتَّبِعُواْ ٱلسُّبُلَ فَتَفَرَّقَ بِكُمْ عَن سَبِيلِهِ ذٰلِكُمْ وَصَّاكُمْ بِهِ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ

Яъни: “Албатта, бу Менинг тўғри йўлимдир. Бас, унга эргашинг. Ва бошқа йўлларга эргашманг. Бас, сизни унинг йўлидан адаштирмасинлар. Мана шу сизга қилган амрки, шояд тақво қилсангиз”. Анъом сураси 153-оятига мухолиф ҳолда қилмоқда.

Сохта салафийлар ва аҳли сунна олимлари
ўртасидаги ихтилофлар

– Қуръон ва сунна матнларининг зоҳиридан ҳукм чиқарадилар;

– “такфир” (куфрда айблаш) ва “ҳижрат” (ватанни тарк этиш) каби диний атамалардан фойдаланиш орқали мусулмонларни ватангадо қиладилар;

– фиқҳий мазҳабларни бидъат деб билишиб, мазҳабсизликни тарғиб қиладилар;

– тасаввуф ва урфни шариатга хилоф деб ҳисоблайдилар;

– ғайридинларга ўта тоқатсиз муносабатда бўлиб, диний бағрикенгликни ёқламайдилар;

Сохта салафийларнинг Ҳанафий мазҳабига зид асосий даъволари қуйидаги ғояларда ўз аксини топади:

– “Ийсолус савобга” тоқатсиз муносабатда бўладилар. Масалан, маййитга Қуръон тиловатидан ҳосил бўлган савобни йўққа чиқарадилар;

– “Васила” қилиш ширк;

– Қабрларни зиёрат қилиш ва уларга Қуръон тиловати қилиш бидъат;

– ҳар қандай янгиликни “бидъат” деб ҳисоблаб, уни рад этадилар.

– ўзларини “юқори табақа мусулмонлари” деб ҳисоблаб, мазҳабларга мансуб мусулмонларни паст табақа, заиф, ноқис мусулмонлар, деб биладилар. Улар ўзларини салафларга эргашувчилар, деб ҳисоблаб, мазҳабдаги мусулмонларни эса айрим олимларгагина эргашадилар, деб даъво қиладилар.

Ҳозирги кунда замонавий салафийлар бир неча гуруҳларга бўлиниб кетган. Уларни умумлаштириб, икки гуруҳга ажратиш мумкин:

Биринчиси, давлат бошқарувида шариатнинг устуворлигига эришиш учун жангу-жадаллар билан ҳаракат қиладиган радикал салафийлар;

Иккинчиси, ўзларини гўёки давлатдаги мавжуд қонун-қоидаларга бўйсунадиган ва уларга қарши чиқмайдиган қилиб кўрсатадиган, жангарилик фаолияти билан шуғулланмайдиган “мўътадил” салафийлар ҳисобланади. Улар ўзларини диний мутаассиб фикрларидан қайтмаган ҳолда, бошқа қарашларга нисбатан ҳурмат билан қарайдиганлар гуруҳига мансуб бўлиб, муайян мазҳабга мансуб бўлишни ёқламайдилар.

Ҳозирда сохта салафийлик ғоялари остида асосан Шимолий Африка, Яқин Шарқ, Кавказ ва Марказий Осиёнинг айрим ҳудудларида фаолият олиб борадиган ҳаракатлар жамиятдаги эътиқодий бирлик, барқарорлик ва тараққиёт учун реал таҳдидга айланганини алоҳида таъкидлаш зарур.

Имом Муслим раҳмутуллоҳи алайҳ ўзларининг «Саҳиҳ» асараларида, Арафа розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлар бир кишига жамланиб аҳил бўлиб турганингизда бир кимса келиб, (ҳамжиҳатлик) ҳассангизни синдирмоқчи ёки якдиллигингизни бўлиб ташламоқчи бўлса, уни ўлдиринг”, деганларини эшитдим”.

Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам бу сўзларни бекорга айтмаганлар. Маълум даврда мана шундай нобакорлар чиқиши мумкинлигини ва улар бирдам бўлиб турган жамоани бўлиб ташлайдиган даражадаги фитнани қўзғата олиши мумкинлигидан огоҳлантирганлар.

Тошкент ислом институти
“Ижтимоий фанлар” кафедраси
ўқитувчиси Ў.СОБИРОВ

Мақолалар

Top