muslim.uz
Деҳлида "Оила тизимига динлар ёндашуви" мавзусида семинар ўтказилади
2019 йилнинг 13-14 февраль кунлари Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳрида халқаро семинар ўтказилади. Ушбу семинар мавзуси "Инсон ва оилага динлар ёндашуви" деб номланган.
Al-Mustafa халқаро университети ташаббуси билан Aligarh мусулмон университети ҳамкорлигида ташкил этилаётган тадбирда оиланинг ташкил топиши, унинг жамиятдаги ўрни, оила ҳаётини яхшилаш масалалари муҳокама қилинади.
Исломда оиланинг ўрни, унинг мавқеи масалалари, комил оила масалаларига уламоларнинг ёндашуви тадқиқ этилади. Оиланинг психологик саломатлиги, дин билан ҳамоҳанглик, Русулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида оила масалалари, оила қуришнинг фиқҳий масалалари кўриб чиқилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Марҳумларнинг Қуръон тиловатидан насибаси
Барчага маълумки, мусулмонлар қайси мазҳабда бўлишларидан қатъи назар марҳумларга атаб хатм ўтказиш, жумладан қабристонда Қуръон тиловат қилишга фатво берганлар. Аммо айрим мутаассиб кучлар томонидан бу эзгу амалга зид ҳолда ёндашадиганлар ҳам топилиб қолмоқда. Улар ўз раҳнамолари томонидан чиқарилган далил-исботсиз гап-сўзга учмоқда.
Ўтган алломаларимизнинг фикрларига суяниб қарайдиган бўлсак, диний аҳкомлар ақлга эмас, балки нақлий далилларга таянади. Ақлни нақлдан устун қўйганлар шариатга енгил-елпи қараган турли чаласаводлар каби динни нотўғри тушунтиришга уринишади. Натижада ўзлари ҳам адашади, бошқаларни ҳам тубанлик сари етаклайди.
Шуни афсус билан айтишимиз керакки, қабристонда ёки бирор ерда марҳумлар ҳақига тиловат қилиш мумкин эмаслиги, унинг фойдаси йўқлиги, шариатда ман этилгани борасида заиф бўлса-да бирор ҳадисни топа олмайсиз. Аксинча ояти карима, ҳадиси шарифлар ва алломаларнинг фикрлари унинг марғуб амаллардан эканлигини таъкидлайди.
Аллоҳ таоло марҳумлар ҳаққига дуо қилганларни тавсифлаб мақтаган:
«Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: «Эй, Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари иймон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй, Раббимиз! Аллбатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!» (Ҳашр сураси, 10- оят).
Буюк ватандошимиз имом Абулайс Самарқандий «Баҳрул улум» тафсирида қуйидагиларни ёзадилар: «Бу оятда мўминлар зиммасига ўзларидан олдин ўтган биродарлари учун Аллоҳдан мағфират сўрашлари бурч эканига далил бор. Шунингдек, ундан мўминлар ўзларининг ота-оналари ва таълим берган муаллимлари ҳаққига ҳам истиғфор айтиши кераклиги келиб чиқади».
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Қачон бирингиз вафот этса, уни ушлаб турманглар. Қабрга тезроқ элтинглар. Унинг бош тарафида «Фотиҳа» сураси, оёқ тарафида «Бақара» сурасининг охири ўқилсин», – деганларини эшитдим» (Имом Табароний ва имом Байҳақий ривояти).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бири қабр устига капасини тикиб олди. У ер қабр эканини билмасди. Бир куни қабр ичидаги инсон «Таборак» сурасини охиригача қироат қилганини эшитди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, билмасдан қабрнинг устига капамни қуриб олибман. Унинг ичида бир одам «Мулк» сурасини қироат қилди», – деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У («Таборак» сураси) ман қилувчидир. У нажот берувчидир. Қабр азобидан нажот беради», – дедилар (Термизий ва Табароний ривояти).
Ўликнинг қабр ичида туриб Қуръон қироат қилгани собит бўлганидан кейин тириклар қабр устида туриб қироат қилишларини нима учун ман қилиш керак экан?!
Шунинг учун, бизда дафндан кейин «Таборак» сурасини қироат қилиш одат тусига айланган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким мақбараларга кирганда «Ёсин» сурасини қироат қилса, Аллоҳ ўша куни уларга енгиллик беради ва унга ўша ердаги нарсалар ададича ҳасанотлар бўлади», – деганлар.
Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўликларингизга «Ёсин» сурасини қироат қилинглар», – дедилар» (Аҳмад, Ибн Можа, Абу Довуд ва Ҳоким ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким қабристонга кириб, «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўн бир марта ўқиб, савобини ўликларга бағишласа, унга ўликлар ададича ажр берилади», – дедилар» (Дорақутний ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким қабристонга кириб «Фотиҳа», «Қул ҳуваллоҳу аҳад» ва «Алҳакумут такасур» сураларини ўқиб, кейин «Аллоҳим! Ушбу каломингдан ҳосил бўлган савобни қабристондаги мўмин ва мўминаларга атадим», деса, Аллоҳга у хусусида шафоатчи бўлишади», – дедилар» (Абулқосим Занжоний ривояти).
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким қабристонга кириб «Ёсин» сурасини ўқиса, Аллоҳ таоло у ердагилардан азобни енгиллатади ва у ердагилар ададича ҳасанот ёзади», – дедилар» (Соҳибул Халол ривояти).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қабрда ётган маййит бамисоли сувда ғарқ бўлиб кетаётган ва ёрдам сўраётган кишига ўхшайди, у ўз отаси, онаси, фарзанди, дўстидан ёрдам сўрайди. Агар улардан дуо етса, унга бутун дунё бойлигидан улуғроқ ҳадя етган бўлади. Тириклар дуоси сабабли қабр аҳлларига тоғлардек катта савоблар етади. Тирикларнинг маййитларга қиладиган ҳадяси улар ҳаққига истиғфор айтишдир», – дедилар» (Имом Байҳақий ва Дайламий ривояти).
Ҳадисдан шу нарса маълум бўладики, тирикларнинг дуоси туфайли ўтганларнинг охиратдаги даражалари кўтарилади, уларнинг руҳлари хушнуд бўлади.
Имом Бухорий қуйидаги ҳадисни ривоят қиладилар: «Руҳлар оламида бир кишининг даражаси ўз-ўзидан кўтарилиб қолар экан. Шунда у: «Эй Роббим, бу қанақаси бўлди, ҳеч қандай амал қилмасам ҳам даражам кўтарилиб қолибди», – дер экан. Шунда унга: «Сенинг ҳаққинга дунёдаги яқинларингдан бири дуо қилган эди, дуоси қабул бўлди ва сенинг бу ердаги даражанг кўтарилди», – дейилар экан».
Умму Афиф Наҳдийя ва Умму Шарик розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилинганида, биз аёллар ҳам байъат қилдик. Ўша байъатда ўликларимизга «Фотиҳа» сурасини ўқишга буюрдилар» (Имом Табароний ва Ибн Можа ривояти).
Машҳур саҳобий Абдураҳмон ибн Алаа вафотлари яқинлашган пайтда ўғилларига: «Мени қабримга қўйсангиз, «Бисмиллаҳи ва ала суннати Расулиллаҳи», денглар. Сўнгра устимга тупроқ тортинглар. Кейин бош тарафимда «Бақара» сурасининг аввали ва охирини қироат қилинглар. Чунки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана шундай деганларини эшитганман», – деб васият қилган эканлар» (Имом Байҳақий ривояти).
«Тафсири Жалолайн» китобининг муаллифи имом Жалолиддин Суютий раҳматуллоҳи алайҳ: «Мусулмонлар барча асрларда ҳеч қандай инкорсиз жамланиб, ўликларига қироат қилиб келмоқдалар. Бас, бу нарса ижмоъ бўлади. Қабрга қироат қилишга келсак, унинг шариатда борлигига бизнинг асҳобларимиз ва бошқалар жазм қилганлар».
«Муснадул Фирдавс» китобида: «Қайси бир ўлик ўлгандан кейин унинг олдида «Ёсин» сураси қироат қилинса, албатта, Аллоҳ унга енгиллик беради», – дейилган.
Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ айтганлар: «Машойихлар қачон маййит учун «Ёсин» сураси қироат қилинса, унга енгиллик берилади, дейишган».
Имом Қуртубий айтганлар: «Баъзи уламолар қабр олдида Қуръон қироати қилинишига икки новда ҳадисини далил қилишади ва қабрларга дарахт экиш ҳамда Қуръон тиловатининг фойда эканини таъкидлашади. Дарахтлар азобни енгиллатганидан кейин қандоқ қилиб мўмин кишининг Қуръон тиловат қилиши фойда бермасин. Шунинг учун, уламолар қабр зиёратини мустаҳаб, тиловат эса зиёратчидан маййитга туҳфадир, дейишган».
Имом Нававий «Саҳиҳ Муслим»нинг шарҳида: «Уламолар қабр олдида Қуръон тиловат қилишни мана шу ҳадисга асосан мустаҳабдир, дейишган. Шохнинг тасбеҳи билан азоб енгил бўлгач, Қуръон тиловати билан азобнинг енгиллашиши янада аълороқдир», – деганлар.
Имом Шаъбий айтганлар: «Ансорийлар маййит ҳузурида «Бақара» сурасини ўқишар эди».
Имом Халлол айтганлар: «Ансорлар агар бирор маййит ўлса, унинг қабрига навбат билан қатнаб, у ерда Қуръон ўқишар эди».
Иброҳим Нахаий айтганлар: «Қабрлар олдида Қуръон қироат қилишнинг асло зарари йўқ».
Заъфароний айтганлар: «Шофеъийдан қабрлар олдида қироат қилиш хусусида сўраганимда, у зот зарари йўқ, дедилар».
Ҳанафий олимлари келтиришларича «Фатавои ҳиндийя» китобида: «Маййит дафн этилгач, қабр олдида бир ҳайвонни сўйиб, гўштини тақсимлаб бўлгунча миқдорда тиловат қилиб, маййитга дуо қилиш мустаҳабдир», – дейилган.
Имом Нававийнинг «Ал-Азкор» китобларида келтирилади: «Маййитни дафн қилиб бўлингач, бир ҳайвонни сўйиб, тақсимлангунича қабр бошида ўтириш мустаҳаб амалдир. Ўтирганлар Қуръон тиловати, маййитга дуо, ваъз, хайр аҳлининг ҳикоялари ва солиҳларнинг суҳбатларига машғул бўлишади. Имом Шофеъий ва у зотнинг асҳоблари Қуръондан баъзи қисмлари ўқилади. Бордию Қуръоннинг барчаси хатм қилинса, янада яхшироқ бўлади», – дейишган».
Ибн Қайюм «Руҳ» номли китобида айтадилар: «Одамлар қадим пайтлардан то ҳозирги вақтимизгача ҳадис собит бўлмаса ҳам барча шаҳар ва асрларда ҳеч қандай инкорсиз бунга амал қилиб келишмоқда. Бу уммат мағрибдан машриққача ушбу одатни татбиқ қилган. У умматларнинг ақл ва маърифат жиҳатидан энг мукаммали бўлиб, ҳеч қачон эшитмайдиган ва ақл қилмайдиган кишига хитоб қилмайди. Мана шу нарсани бирор инкор қилувчи инкор қила олмайди. Балки бу аввалгиларнинг кейингиларга суннати бўлиб, кейингилар аввалгиларга эргашишади».
Албатта, Қуръон тиловати энг афзал ибодатлардан бўлиб, у билан мусулмон банда Раббисига яқин бўлади. Қуръон қироати инсон хоҳ вафотидан кейин бўлсин, хоҳ манзилида ёки уйида бўлсин, хоҳ жанозадан кейин ёки олдин бўлсин ёки қабр олдида бўлсин, бу нарса шаръий ҳукмда жоиз бўлиб, Аллоҳнинг фазли билан маййитни қабрида азобдан енгиллашишига сабаб бўлади.
Шунингдек, Шофеъий мазҳаби уламолари ҳам қироатнинг савоби агар ўқувчи Аллоҳдан сўраса, маййитга етиб боришини айтишган.
Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ: «Қабр олдида қироат қилишнинг ҳеч қандай зиёни йўқ», – деганлар.
Ҳанбалий фақиҳларидан Ибн Қудома «Муғний» китобида: «Маййит барча қурбат бўлувчи нарсалардан манфаат олганидек Қуръон қироатидан ҳам манфаат олади. Демак инсон қандай қурбат қилса ҳам савобини маййитга бағишласа, Аллоҳнинг изни билан манфаат олади».
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал қабр олдида қироат қилишни авваллари инкор қилар эдилар. Кейинчалик ўз фикридан қайтганлар. Шунга биноан Ҳанбалий олимлари қабр олдида Қуръон тиловати жоизлигини айтишган.
Ибн Абу Зайд «Рисола» китобида Ибн Фарҳундан ривоят қилиб айтишларича, Моликий имомлари ҳам маййитга қироат савоби етишини нақл қилишган.
Ҳанафий мазҳаби бўйича ҳам қабрларни зиёрат қилиш эркак ва аёлларга мандубдир. Ҳанафий мазҳабидагилар маййитга ҳамда тирикларга ҳам Қуръон қироатининг савоби етиб бориши жоизлигини айтишган. Мазҳабнинг фатволари жамланган «Ҳидоя», «Бадоиъ», «Баҳр» ва бошқа китобларда бу ҳақда айтилган.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Қуръон тиловати маййитга хоҳ у маййит қабрда бўлсин ёки ундан узоқда бўлсин, жоиздир. Аллоҳ изни билан савоби маййитга етиб боради.
Марҳум ва марҳумаларнинг яхши сифатлари ва хайрли амаллари эсланса, у жойга барака нозил бўлади. Суфён ибн Уяайна раҳматуллоҳи алайҳ: «Солиҳ кишилар эсланган вақтда Аллоҳ таолонинг раҳмати тушади», – деганлар.
Кўриб ўтганимиздек, қироатни ман қилувчи ҳеч қандай далил мавжуд эмас. Маълумки, шариат бўйича бирор ишни қилишга ҳам, қилмасликка ҳам далил-ҳужжат бўлиши керак. Ўликка қироат қилиш ва савобини бағишлашни ман қиладиган бирорта далил йўқ.
Албатта, марҳумларни эслаш билан уларнинг ҳаққига Аллоҳ таолодан раҳмат ва мағфират сўралади. Бу нарса бандаларнинг зимасидаги бурчдир.
Эркин ҚУДРАТОВ,
Мир Араб ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси
Нишонга урилган гаплар: “Одамни ҳам, тарвузни ҳам синаб кўрмай туриб ҳақиқатини билиш қийин”
Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.
*****
Одамни ҳам, тарвузни ҳам синаб кўрмай туриб ҳақиқатини билиш қийин.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Менинг нима демоқчи бўлганимни тушунмаган пайтингда уни ўзинг истагандек изоҳлама.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Ҳақиқий шижоат – асабларни босишга қодир бўлишдир.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Нафсларнинг энг гўзали – келишмовчилик кучайган бўлишига қарамасдан (кўрган) яхшилигини инкор этмайдиган нафсдир.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Қалбимиз қора эмас. Лекин бизга бир вақтлар ёмонлик қилган юзларни кўришни истамаймиз.
Нажиб Маҳфуз
*****
Агар сени тергаб, танбеҳ бермасам, демак, сен менга нисбатан ҳеч ким экансан.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Ким тўғри ишни кўра туриб, уни амалга оширмаса, демак, у қўрқоқдир.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Халқнинг нондан кейин илк эҳтиёжи тушадиган нарса – тарбиядир.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Олтин олов билан, эркак қийин лаҳзалар билан синалади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Энг афзал кунларингдан бири – кимгадир беғараз ёрдам берган кунингдир.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Модомики сен юриб, ҳаракат қилиб яшаяпсанми, демак, қачондир сен танқидга учрайсан. Чунки сен бу ҳаракатинг билан жоҳиллар ва дангасаларни безовта қилиб қўйдинг.
Иброҳим Фақий
*****
Биз молнинг камлигидан қийналмаяпмиз, балки биз ўғриларнинг кўплигидан қийналяпмиз.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Ҳақиқий муваффақиятсизлик – яна бир бора уриниб кўришдан тўхташингдир.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Эшиклар ҳар қанча катта бўлмасин уларнинг калитлари кичик бўлади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Икки харсангтош орасидан гул ўсиб чиқади. Икки қийинчилик орасидан енгиллик ўсиб чиқади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
Мисрда 44 та масжид қайта очилади
Миср Араб Республикасининг Вақф ишлари вазирлиги хабарига кўра мамлакатда қайта таъмирлаш ишлари якунлангач 44 та масжид ўз фаолиятини бошлайди.
al-Yawm al-Sabi хабарлар сайтига кўра, вазирликнинг муҳандислик ишлари маркази раҳбари Мажди Абу Убайд таъмирланган масжидларнинг бир қанчаси февраль ойининг охирида жамоатчилик учун очилади.
Ушбу масжидларни таъмирлаш учун маблағ Вақф вазирлиги томонидан ажратилган. Масжидларнинг 14 таси Соҳағ вилоятида экани маълум қилиниб, қолганлари Беҳейра, Монуфия, Миня, Бени Суэф, Қена, Қалубия, Шарқия, Дакалия ва Сувайш вилоятларида экани айтилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Умму Исмоил - Ҳожар онамиз
Гўзал Ҳожар муборак Миср ерида дунёга келгандилар. Фақир бир оилада ўсдилар. Гўзалликлари, зукко ва одобли эканликлари атрофга ёйилди. Подшоҳ Ҳожарни қасрига келтирди ва ўзига хизматчи қилиб олди. Ҳожар подшоҳ қасрида аёллар билан бирга яшадилар. Ихлос билан хизмат қилдилар. Лекин подшоҳ ўта золим эди. Кўп аёллар билан фаҳш ишларига берилар, хотинларни яхши кўрарди.
Бир куни аёллардан у қасрга бошқа бир гўзал, солиҳа аёл келганини эшитиб қолди. Кўп ўтмай подшоҳ бу аёлни келган жойига қайтаришни аскарларига амр қилди. Бу аёл Сора онамиз эдилар. Подшоҳ унга хизматкор қўшиб беришни буюрганди. Аскарларнинг кўзи Ҳожар онамизга тушиб қолади. Юзларидан солиҳа, тақводор эканликлари кўриниб турарди. Раҳм қилиб, уни золимнинг қўлидан, фоҳишалар даврасидан қутқаришди. Ҳожар онамиз бу ишдан ўта қувондилар. Аллоҳга шукр қилиб, етти йил Сора онамизга сидқидилдан хизмат қилдилар. Ҳазрати Сора жорияларини Иброҳим алайҳиссаломга олиб бердилар.
Ҳожар ва Сора Иброҳим алайҳиссалом билан Мисрда оз муддат яшаб, Фаластинга кўчиб кетишди. Ҳожар Сора онамизга сидқидил билан хизмат қилдилар. Сора ҳам Ҳожар онамиздек ахлоқи гўзал, ширинсўз, садоқатли инсонни ҳали кўрмаган эдилар. Буюрилган ҳеч бир ишни оғир санамайдиган Ҳожар гап қайтармасдилар, ихлос билан хизмат қилардилар.
Иброҳим алайҳиссалом жорияларини ягона Аллоҳга итоат ва ибодат қилишга чақирдилар. Ҳожар жону дил билан иймон келтирдилар. Билдиларки, албатта Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳнинг расулидирлар! Золимнинг қўлидан қутилиб, солиҳа, мўмина Сора ва Аллоҳнинг расули Иброҳим алайҳиссаломга хизмат қилиш насиб этганига Аллоҳга шукрлар қилдилар ва Аллоҳнинг улуғ пайғамбари Иброҳим алайҳиссаломга хизмат қилиш буюк неъмат эканлигини билдилар.
Ойлар, йиллар ўтди. Ҳожар онамиз бу оилада Сора билан бирга яшадилар. Оиланинг камчилиги фарзандсизлик эди. Бир куни Сора онамиз: «Эй Ҳожар, мен сени Иброҳим алайҳиссаломга бермоқчиман, шояд, фарзанд туғиб бериб, уни шод қилсанг. Сендан ҳеч ёмонлик кўрмадик», дедилар. Бу таклифга ҳайрон бўлган Ҳожар онамиз ҳам хурсанд бўлдилар. Улуғ пайғамбарга аёл бўлиш улуғ бахт, лекин Сора Иброҳим алайҳиссаломни қизғонмасмикинлар, деб қўрқдилар. Аммо бу иш заруратдан эканлигини тушундилар.
Шундай қилиб, Сора онамиз жорияларини Иброҳим алайҳиссаломга бердилар. Кунлар ўтиб, Ҳожар ҳомиладор бўлдилар. Соранинг рашклари кундан-кун зўрайди. Ҳожар чиройли, ширин ўғил туғиб бергандилар. Оталари унга Исмоил деб исм қўйдилар. Ҳожар онамиз шу фарзанд бахтидан жуда шод эдилар.
Ҳожар онамиз туққанларидан кейин Иброҳим алайҳиссалом янада муҳаббатли бўлдилар, ўғилларини жуда кўп суярдилар. Буни кўриб Сора онамизнинг рашклари кучаярди. Бунга чидай олмасдан бир куни ўғли ва онасини узоқроққа ташлаб келишни буюрдилар. Иброҳим алайҳиссалом ўйланиб қолдилар. Аллоҳ уларни Макканинг саҳросига олиб боришни Иброҳим алайҳиссаломга амр қилди. Буларнинг ҳаммаси Унинг хоҳиши ва ҳикмати эди. Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳнинг амрига лаббай, деб хотинлари ва ўғиллари билан узоқ йўлга тушдилар. Улар кўп иўл юриб, тоғлар орасидаги бир водийга етиб келишди. Бу ерда ҳеч ким кўринмас, сув, экин, ҳаёт аломатларидан асар йўқ эди. Гўдак Исмоил эса фақат онасини эмар эди. Иброҳим алайҳиссалом уларнинг олдига сув ва хурмо қўйиб, Фаластинга қайтаётганларида, Ҳожар онамиз ҳайрон бўлиб ва қўрқиб: «Эй Иброҳим, қаерга кетяпсиз, бу водийда ҳеч нарса йўқ-ку, бизни кимга ташлаб кетяпсиз?» дедилар. Иброҳим алайҳиссалом жавоб бермадилар. Ҳожар бу сўзларни кўп марта такрорладилар, ул зот эса жим эдилар! Ҳожар онамиз бу Аллоҳнинг амри эканлигини ҳис қилдилар. Ахир у зот Аллоҳнинг расули!
Ҳожар Иброҳим алайҳиссаломга: «Бу Аллоҳнинг амрими?» дедилар. Иброҳим алайҳиссалом: «Ҳа», дедилар. Кучли иймон соҳибаси Ҳожар: «Агар Аллоҳнинг амри бўлса, мен Унга таваккал қиламан. У мени зое қилмайди, ташлаб қўимайди», дедилар.
Иброҳим алайҳиссалом қўлларини баланд кўтариб: «Парвардигоро, албатта мен зурриётимдан (бир қисмини - ўғлим Исмоил ва унинг онаси Ҳожарни) Сенинг ҳурматли Байтинг ҳузуридаги экин ўсмайдиган бир водийга жойлаштирдим. Парвардигоро, (улар) намозни тўкис адо қилсинлар, деб (шундай қилдим). Бас, Сенинг Ўзинг одамларнинг дилларини уларга мойил қилиб қўйгил ва уларни (барча) мевалардан баҳраманд этгил. Шояд, шукр қилсалар» (Иброҳим сураси, 37-оят), деб дуо қилдилар. Сўнг Фаластинга қайтиб кетдилар. Ҳожар онамиз эмизикли болани кўтариб, Иброҳим алайҳиссаломнинг орқаларидан қараб қолдилар. Кейин ўтириб, хурмо едилар, сув ичдилар, Исмоилни эмиздилар. Икки кундан сўнг хурмо ҳам, сув ҳам қолмади.
Кўкракларидан сут ҳам келмай қолди. Оч ва чанқаган Исмоил қаттиқ йиғлай бошлади. Болани ерга қўйиб, Сафо тоғига чиқиб қарадилар, сув йўқ! Марвага чиқиб қарадилар, сув йўқ! Етти бор югуриб, икки тоғ орасида сув қидирдилар. Бола эса қаттиқ чанқаганидан бетиним йиғларди.
Ҳожар ўғилларининг олдига югуриб келдилар. Шу лаҳзада Аллоҳ Ҳожарнинг ғамини еб Ўзининг раҳматидан насиб этди. Аллоҳ Жаброил алайҳиссаломни юборди. У зот қанотлари билан ерни урдилар. Ердан сизиб сув чиқа бошлади. Ҳожар онамиз сувни ичиб, Аллоҳга ҳамд айтдилар. Сувга қараб: «зумми зумми», дедилар, шундан булоқнинг номи Зам-зам бўлди.
Она-бола сувдан ичдилар, юзларига табассум югурди. Бу Аллоҳнинг она-болага раҳмати эди! Ҳожар онамизнинг сув қидириб югуришлари то қиёматгача келадиган одамларга шиор бўлиб қолди. Бақара сурасининг 158-оятида Аллоҳ таоло хабар беради: «Албатта Сафо ва Марва Аллоҳ (буюрган) маросимлардандир. Бас, ким Байтуллоҳни (тавоф қилиш билан) ҳаж ёки умра қилса, у икки тоғ орасида саъй қилишининг гуноҳи йўқдир. Ва ким ўз ихтиёри-ла яхшиликни ният қилса, бас, албатта Аллоҳ Шукр қилгувчи (Тақдирловчи) ва Билгувчидир».
Она-бола бир қанча кун Зам-зам қудуғи олдида қолдилар. Булоқ атрофига қушлар учиб келишди. Бу ерда сув борлигини билиб, қабилалар ҳам етиб келдилар. Баъзилар бу ерга маскан қилиб яшаб қолишди. Ёш Исмоил улардан араб тилини ўрганди.
Исмоил араблар орасида, Зам-зам ёнида улғая бошлади. Иброҳим алайҳиссалом ўғиллари ва хотинларини кўргани келардилар. Бир куни Иброҳим алайҳиссалом туш кўрсалар, ўғиллари Исмоилни сўяётган эмишлар! Буни Ҳожар онамизга айтдилар. Ҳожар билдиларки, пайғамбарларнинг тушлари рост ва ваҳий бўлади. Бир неча вақт Ҳожар онамиз жим маюс юрдилар. Ўзлари ўзларига: «Ёлғиз ўғилларини қандай қилиб қўйга ўхшаб бўғизлайдилар?», дедилар. Лекин Хожар онамизнинг иймонлари комил иймон эди. «Агар Аллоҳ таоло шуни қазои қадар қилган бўлса, сабр қиламан, Аллоҳнинг амрига итоат этаман, бор куч-қувватим билан бўйсунаман!» дедилар.
Иброҳим алайҳиссалом ўғиллари Исмоилга бу хабарни етказдилар. Исмоил шундай деди: «Эй отажон, сенга (тушингда Парвардигор томонидан) буюрилган ишни қилгин. Иншааллоҳ, мени сабр қилгувчилардан топурсан» (Вас-соффот сураси, 102-оят). Иброҳим алайҳиссалом ўғиллари билан саҳрога чиқдилар. Шайтон аввал Ҳожар онамизни васваса қилди: «Болангни сўйгани олиб кетяпти!»
Сўнг Иброҳим алайҳиссаломни васваса қилди. У зот иккита тош олиб отдилар, Аллоҳдан паноҳ сўрадилар. Ўғиллари ҳам шундай қилди. Ҳаж амаллари бажарилгандан сўнг уч кун тош отиш шулардан мерос қолди.
Ҳожар интизорлик билан уйда эрлари ва ўғилларини кутардилар. Тинимсиз дуо қилиб, йиғлаб, бу имтиҳонни енгил қилишини, ота-боланинг соғ-саломат қайтиб келишини Аллоҳдан сўрардилар. Уларнинг саломат қайтганларини кўриб, нима ҳодиса бўлганига қизиқдилар. Иброҳим алайҳиссалом ўғиллари бадалига Аллоҳ таоло жаннатдан бир қўчқорни чиқарганлигини, бу Унинг имтиҳони эканлигини, бу балодан озод қилганлигини айтиб аёлларини хурсанд қилдилар. Жаброил алайҳиссалом жаннатдан бир қўй олиб чиқиб, бола бадалига сўйишларини билдирганини айтдилар. «Бас, қачонки, иккиси ҳам (Аллоҳнинг ваҳийсига) бўйинсуниб, (энди Иброҳим ўз ўғли Исмоилни қурбон қилиш учун) пешонаси билан (ерга) ётқизган эдики, Биз унга нидо қилдик: «Эй Иброҳим, дарҳақиқат сен (кўрган) тушингни рост-бажо қилдинг». Албатта Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлармиз. Албатта бу (яъни, Иброҳимнинг ўз ўғлини қурбон қилишга буюрилиши) очиқ-равшан имтиҳондир, холос. Биз (Исмоилнинг) ўрнига (Иброҳимга) катта бир (қўчқор) сўйишни - қурбонлиқни эваз қилиб бердик (яъни, катта бир қўчқорни жаннатдан туширдик)». (Вас-соффот, 103-оят)
Ҳожар хурсанд бўлиб Аллоҳга шукр қилдилар. Қўчқорнинг гўштидан ўзлари ҳам едилар, фақирларга ҳам тақсим қилдилар.
Ҳожар ўғиллари Исмоил билан узоқ яшадилар. Исмоил катта йигит бўлиб, араб қизларидан бирига уйландилар. У киши оталари Иброҳим алайҳиссалом билан Каъбатуллоҳни қурдилар. Ҳожар эрлари ва ўғиллари билан ҳаж маносикларини бажардилар, Каъбани тавоф этдилар, ҳаж қилдилар. То умрлари тугагунча Каъбани кеча ва кундуз тавоф қилдилар. Эрларига итоатли, мўмина, кучли иймон соҳибаси 90 ёшларида шу ерда вафот этдилар ва Каъбатуллоҳ атрофига дафн қилиндилар.
Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом билим юрти Ахборот ресурс маркази раҳбари
М. Саиджалолова