www.muslimuz

www.muslimuz

13 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Шавкат Мирзиёев томонидан эпидемиологик вазият бўйича муҳим чора-тадбирлар белгилаб берилди.

 

Йиғилишда баъзи жойларда берилган эркинликни нотўғри тушуниб, аҳоли, айниқса, ёшлар ҳеч қандай заруратсиз кўчаларни тўлдириб юриши ҳолатлари кузатилаётганлиги кўрсатиб ўтилди. Бундай ҳолатлар ҳамда охирги кунларда инфекция юқтирганлар сони яна ошаётгани ҳаммани ҳушёр бўлишга чақиради.

 

〰️〰️〰️〰️

 

‼️ Шу муносабат билан Республика махсус комиссиясининг жорий йил 14 майдаги қарори билан амалдаги карантин талаблари 2020 йил 1 июнга қадар узайтирилди.

 

@koronavirusinfouz

#vahimasizkarantin

#каратинбезпаники

Бутун дунёда COVID-19 пандемияси тугагандан сўнг юртимизга энг кўп мусулмон аҳолисига эга бўлган мамлакат – Индонезиядан сайёҳлар оқими кўпайиши кутилмоқда.

Индонезияликларнинг юртимизга бўлган қизиқишини маҳаллий “Trans 7TV” каналида намойиш этилган дастур янада кучайтирди. Унда Ўзбекистон диний туризм учун кенг имкониятларга эга бўлган давлат сифатида намойиш этилган. Бу ҳақда azon.uz хабар бермоқда.

Ушбу кўрсатувда юртимизнинг диққатга сазовор жойлари, ўзбекистонлик мусулмон уламоларининг исломий фикрни ривожлантиришга қўшган ҳиссалари ҳақида ҳикоя қилинади. Жумладан, Имом ал-Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий ва Баҳоуддин Нақшбанд ҳақида сўз юритилган.

Шунингдек, дастурда Ўзбекистон расмийларининг зиёрат туризмини ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлари айтиб ўтилган. Сайёҳлар учун яратилган қулай шароитлар республикага йил бўйи ташриф буюриш имкониятини яратиши таъкидланган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Маълумки мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида карантин тартиблари жорий этилган. Шунга кўра таълим муассасаларида карантин таътили эълон қилинган бўлиб, ўқув-машғулотлари масофавий таълим шаклида олиб борилмоқда.

Шунингдек, талабаларнинг ўқув йилини якунлаши ҳамда битирувчи босқич талабаларининг якуний аттестациялари ва битирув малакавий иши ҳимоялари ҳам масофавий таълим шаклида ўтказилади.

Олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларида тасдиқланган қабул Низомига кўра ўрта махсус ислом таълим муассасаларида абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш 15 июндан 5 июлгача, олий диний таълим муассасаларида эса 15 июндан 15 июлгача ўтказилиши белгиланган.

Ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб, коронавирус касаллиги тарқалишининг олдини олиш мақсадида диний таълим муассасаларида 2020-2021 ўқув йили учун абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш юқорида қайд этилган муддатларда онлайн, масофавий шаклда амалга оширилиши режалаштирилмоқда.

Аввалги йилларда қабул имтиҳонлари ўрта махсус ислом таълим муассасаларида 3 та фан (Чет тили, Тарих, Маънавият ва маърифат) бўйича тест синови шаклида;

Тошкент ислом институти ва Мир Араб олий мадрасасида “Араб тили” фани бўйича ижодий имтиҳон, “Фиқҳ ва ақоид”, “Ўзбекистон тарихи” фани бўйича тест синови шаклида;

Ҳадис илми мактабида “Ҳадис ва мусталаҳул ҳадис”, “Араб тили” фани бўйича ижодий имтиҳон, “Ўзбекистон тарихи” фанидан тест синови шаклида ўтказилган эди.

Юртимизда карантин тартиблари давом этаётгани ва абитуриентларга қулайликлар яратиш мақсадида 2020-2021 ўқув йили учун диний таълим муассасаларига кириш тест имтиҳонларини истисно тариқасида фанларни қисқартириш бўйича таклифлар ҳам кўриб чиқилмоқда.

Эслатиб ўтамизки, ўрта махсус ислом таълим муассасаларига умумий ўрта таълим (11-синф негизида) ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасасини тугатганлиги ҳақида ҳужжат (диплом)га эга бўлган фуқаролар, олий диний таълим муассасаларига ўрта махсус ислом таълим муассасаларини тамомлаган битирувчилар қабул қилинади.

Кириш имтиҳонлари ўтказишнинг тасдиқланган тартиби ва қабул жараёнларига оид маълумотлар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг muslim.uz сайти ва бошқа ижтимоий тармоқлар саҳифалари орқали бериб борилади.

 

Салоҳиддин Шерхонов
Таълим ва илмий-тадқиқот
бўлими мудири

 

Аллоҳ таолонинг ҳаётимизда яна бир муборак Рамазонни ато қилгани чексиз карамидир. Аллоҳ таолонинг фазли ва карами ила ушбу Рамазоннинг йигирма куни ўтди. Муборак Рамазоннинг охирги ўн кунлиги бошланди. Бу ўн кунлик бутун Рамазоннинг хушбўйлиги ва ширасидир. Аллоҳ таоло бу охирги ўн кунликни шундай хусусиятлар ва фазилатлар ила мушарраф қилганки, бутун йил бўйи бундай кунлар қайта келмайди.

Аслида, бутун муборак Рамазон ойининг ўзи муқаддас ва баракотлидир. Унинг ҳар бир соати ва ҳар бир лаҳзаси қадрлашга лойиқдир. Лекин мана бу охирги ўн кунлик Набий солаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларига кўра, Аллоҳ таолога ибодат учун хос ҳолатларни ўзида жамлаган. Охирги ўн кунлик кирганида, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Белларини маҳкам боғлар эдилар, (яъни, тун бўйи ибодат қилиш учун тайёр бўлар эдилар), тунларини (ибодатда) бедор ўтказар эдилар ва аҳлларини ҳам уйғотар эдилар” (Имом Бухорий ривоти).

Бошқа кунларда ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳажжуд намозини ўқир эдилар. Унинг ракатлари жуда узун бўларди. Баъзан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳажжудга ярим кечада, гоҳида эса кечанинг охирги учдан бирида турар эдилар. Лекин муборак Рамазон ойининг охирги ўн куни ҳақида Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтадиларки, бу кечаларда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ибодат учун белларини маҳкам боғлар эдилар.

Рамазон ойидан бошқа кунларда таҳажжуд учун туришда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари бундай эди: “Оҳиста оёқ кийимларини кийиб, ридоларини олар эдилар. Сўнг, аста эшикни очардилар” (Имом Насоий ривояти).

Бундай қилишларига сабаб, онамиз Оиша розияллоҳу анҳо уйғониб кетмасин дер эдилар. Чунки таҳажжуд ўқишнинг одобларидан бири – агар бирор бандага Аллоҳ таоло таҳажжуд ўқиш тавфиқини ато қилган бўлса, у ҳолда унга бутун маҳалладагиларни ва оила аъзоларини уйғотиб юбориши дуруст эмасдир. Балки, унинг бу амалидан ухлаб ётган бирор кимса уйғониб кетмаслиги керак. Токи, ухлаб ётганга бирор машаққат етмасин. Чунки таҳажжуд ўқиш фарз ёки вожиб эмасдир. Шунга кўра ўзининг таҳажжуди сабабли азият етказишлиги ва бировнинг уйқусига халал бериши жоиз эмасдир. Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳажжуд учун турганларида, Оиша розияллоҳу анҳо уйғониб кетмасин деб оҳиста турар эдилар.

Аммо муборак Рамазон ойининг охирги ўн кунлиги борасида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аҳли-аёлларини ҳам уйғотар эдилар ва уларга бундай дер эдилар: “Туринг, бу охирги ўн кунликдир. Аллоҳ таолонинг раҳматлари мавсумидир. Аллоҳ таолонинг раҳматлари ёғиляпти. Бундай вақтда ухлаш маҳрумликдир. Шунинг учун уйғониб Аллоҳ таолонинг раҳматига этагингизни тўлдириб олинг.

 

Шайхул Ислом, Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг Ислаҳий хутбаат” китобидан

Абдулқайюм КОМИЛ

таржимаси.

 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин.
Севикли Пайғамбаримизга салавоту дурудлар бўлсин.

 

“Лайлатул Қадр” “белгилаш кечаси” деган маънони беради. Йил давомида қилинадиган турли амаллар, ҳукм, топиладиган ризқ, бир сўз билан айтганда тақдир белгиланадиган кечадир.

Бу кеча ҳақида Аллоҳ таоло: «... минг ойдан яхшироқдир» (Қадр сураси, 3-оят) деб марҳамат қилган.

1000 ой – 84 йилга тенг.

84 йил – 30000 кунга тенг.

 

Лайлатул Қадр кечаси қачон бўлади? Абул Олия розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Бир аъробий севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, “Қадр кечаси қачон бўлади?” деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қадр кечасини Рамазоннинг илк ва энг сўнгги ҳамда тоқ кечаларидан изланглар!” дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Онамиз Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қадр кечасини Рамазон ойининг охирги ўн кунлигидан қидиринглар”, (Имом Бухорий, Имом Муслом ривояти) деганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қадр кечаси борасида: “У 27-ёки 29-кечадир. Ушбу кеча ерда фаришталар сони майда тошлардан ҳам кўп бўлади”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

 

Бу кечанинг қандай аломатлари бор? Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У очиқ, иссиқ ҳам, совуқ ҳам бўлмаган кеча. Унинг тонгида қуёш қизғиш, заиф бўлиб чиқади”, (Ибн Хузайма ривояти) дедилар.

Бу кеча Аллоҳ таолонинг амри билан фаришталар ҳар бир осмондан ва “Сидратул мунтаҳо”дан (яъни, Жаброил алайҳиссалом масканидан) ерга тушади, тонг отгунча инсонлар ҳақига дуо қилади. Қуръони каримда бундай дейилади: “У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорларининг изни билан (йил давомида қилинадиган) барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар. У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир” (Қадр сураси, 4–5-оятлар).

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кечани қандай ўтказар эдилар? Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг охирги ўн кунлиги келса, кечалари ухламас эдилар ва уйдагиларни ҳам ибодат қилишга уйғотар эдилар” (Имом Бухорий, Имом Муслом ривояти).

 

Бу кеча гуноҳлар мағфират этилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Лайлатул Қадр кечасини имон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг шу кечагача содир этган барча гуноҳлари мағфират қилинади”, (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ривояти) дедилар.

 

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Ё Расулуллоҳ агар Қадр кечасини топишга муваффақ бўлсам нима деб дуо қилай?” деб сўрадилар.

Шунда Набий алайҳиссалом ушбу дуони айтишга буюрдилар: "Аллоҳумма иннака афуввун, туҳиббул афва, фаъфу ъанний" (Аллоҳим, албатта, Сен кечирувчисан, кечиришни яхши кўрасан. Гуноҳларимни кечиргин) (Имом Термизий ривояти).

 

Аллоҳ таоло қиёматга қадар келадиган барча мўминларнинг гуноҳини мағфират этсин. Ҳидоятида бардавом қилсин!

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар

Top