muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон Сурияга инсонпарварлик ёрдами юборди

Бугун, 21 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириқларига асосан Сурия Араб Республикасининг зилзиладан жабр кўрган аҳолиси учун инсонпарварлик ёрдами юборилди.

Қарийб 50 тоннага яқин юборилаётган инсонпарварлик ёрдами юки рўйхатига болалар ва катталар учун кийимлар, маиший техника воситалари, чидамли озиқ-овқат консервалари, қуруқ мевалар, ярим тайёр овқатлар, чақалоқлар бўтқаси, одёл ва ёстиқлар, гигиеник воситалар тўплами сингари ҳаётий зарур восита ва маҳсулотлар киритилган.

Инсонпарварлик юки ёрдами кўринишидаги ҳаётий зарур восита ва маҳсулотларни самолёт орқали Ўзбекистондан Сурияга Фавқулодда вазиятлар, Транспорт вазирликларининг масъул ходимлари етказиб беришади.

@uza_uz 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Куни кеча Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида ИҲТ (Ислом ҳамкорлик ташкилоти) га аъзо 57 та давлат уламолари ўртасида Халқаро ислом фиқҳи академиясининг 25-сессия йиғилиши бошланди. Унда Ислом оламининг 42 та йирик уламолари қаторида 2007 йилдан буён академия аъзоси сифатида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фахрийлар кенгаши раиси, шайх Абдулазиз Мансур қатнашиб келмоқда. Шунингдек, мазкур сессия ишида таниқли етук уламолардан Шайх Абдуллоҳ бин Байяҳ (БАА), Шайх, доктор Али Жума (Миср), Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний (Покистон), Шайх Абдуллоҳ бин Сулаймон ал-Маниъ(САП) иштирок этмоқда.
Мазкур йиғилишда мусулмон жамиятлардаги бугунги долзарб масалалар, ислом шариати, фиқҳи, иқтисодий, тиббий ва ижтимоий мавзулар муҳокама этилади.
Aкадемия йиғилишининг биринчи кунида диний соҳада бўлаётган ўзгаришларни муҳокама қилиш мақсадида Aкадемия президенти доктор Солиҳ бин Aбдуллоҳ бин Ҳумайд жаноблари ҳамда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Ҳусайн Иброҳим Тоҳа Aкадемия Бош котиби доктор Қутуб Мустафо Сано бошчилигида анжуман бўлиб ўтди.
Сўнгра биринчи илмий мажлис лойиҳалаш қўмитаси иштирокида исломда диний ва дунёвий таълимнинг фарз экани мавзуси ташкил этилди.
Иккинчи илмий сессия Корона пандемиясининг барча соҳаларга таъсири мавзусига бағишланди. Унда пандемия оқибатларини инобатга олиб бир қатор илмий тавсиялар берилди.
Халқаро ислом фиқҳи кенгашининг учинчи илмий сессияси намоз ўқиш ҳукмларига бағишланди.
Шуниси эътиборлики, тўрт кун давом этадиган Халқаро ислом фиқҳи академияси сессияси йиғилишларида ҳозирги даврда уламолар томонидан қабул қилинган ислом ҳуқуқи (фиқҳий масалалар) га оид қарорлар чиқариш орқали ҳозирги замон фалокат ва ҳодисаларини ўрганиш ва уларга ижтиҳод билан ёндашиш доирасида 160 та тадқиқот ишлари муҳокама қилинади.
Кенгаш сессияси 23 февралга қадар давом этади.

ЎМИ Матбуот хизмати

Сохта салафийлар тавҳидни уч қисмга – “тавҳидур рубубийя”, “тавҳидул улуҳийя” ва “тавҳидул асмо вас сифот”га бўладилар. Уларниг изоҳлашича,

- Тавҳидур рубубийя” – Аллоҳ таолонинг Яратувчи, Ижодкор ва барча ишлар тадбирини Ўзи қилаётганига ишониш.

- Тавҳидул улуҳийя” – Ибодатни - бандаликни ёлғиз Аллоҳгагина қилишдир.

- Тавҳидул асмо вас сифот” – Аллоҳ таолонинг исмлари ва сифатларида ягоналиги, булар Ўзигагина хослигига иқрор бўлиш. Қуръони карим ва саҳиҳ ҳадисларда баён қилинган Аллоҳ азза ва жалланинг исм ва сифатларига имон келтириш.

Уларнинг айтишларича “Барча Пайғамбар алайҳимуссаломлар инсонларга фақат “тавҳиди улуҳийя”ни тарғиб қилиш учун юборилганлар. “Тавҳиди рубубия” борасида эса, нафақат мусулмонлар, балки мушриклар ҳам унга эътиқод қиладилар”. Улар ўзларининг гапларига Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти каримасини далил қилиб келтирадилар:  

وَلَئِنْ سَأَلْتَهُمْ مَنْ خَلَقَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ وَسَخَّرَ الشَّمْسَ وَالْقَمَرَ لَيَقُولُنَّ اللَّهُ فَأَنَّى يُؤْفَكُونَ (العنكبوت/61)

Қасамки, агар Сиз улардан: “Осмонлар ва Ерни яратган, Қуёш ва Ойни (ўз тоатига) бўйин сундирган зот ким?” – деб сўрасангиз, албатта, улар: “Аллоҳ”, – дерлар. Бас, (шундай экан), қаёққа бурилиб кетмоқдалар?!(Анкабут сураси, 61-оят).

Аслида, тавҳидни бундай тарзда уч қисмга тақсимлаш на Қуръони каримда, на ҳадиси шарифларда ва аввал ўтган уламоларимизнинг сўзларида учрамайди. Ушбу тақситот фақатгина ҳижрий еттинчи асрда туғилган Тақиюддин Аҳмад ибн Абдулҳалим Ибн Таймиянинг ихтиро қилган диндаги бидъатларидан бири ҳисобланади. Айни пайтда ушбу тақсимотни асосан салафий тушунчасидаги кишилар ўз китобларида қайд этишади.

Ваҳоланки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир киши Ислом динин қабул қилиш учун ҳузурларига келганда “Сен рубубият тавҳидига эътиқод қиласан, энди мусулмон бўлишинг учун улуҳият ва исм-сифатлардаги тавҳидни қабул қилишинг керак”, демаганлар. Балки “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ” деб калима келтиришини талаб қилганлар. Мана шу шаҳодат калимаси билан киши мусулмон бўлиши ва Қиёматда жаннатга киришини таъкидлаб ўтганлар.  Абу Мусо Ашъарий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

"أَبشِروا ، و بَشِّروا مَن وراءَكم ، أنه مَن شهِد أن لا إلهَ إلا اللهُ صادقًا دخل الجنَّةَ"

“Ҳурсанд бўлинглар ва ўзларингиздан кейингиларга башорат беринглар: Кимки “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ” деб чин дилдан гувоҳлик берса жаннатга киради”, деганлар (Имом Аҳмад ривоятлари).

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

"من كان آخرُ كلامهِ لا إله إلا اللهُ دخل الجنة" (رواه أبو داود والحاكم)

“Кимнинг охирги сўзи "Лаа илаҳа иллаллоҳ" бўлса, жаннатга киради”, дедилар (Имом Абу Довуд ва Имом Ҳоким ривояти).

"مَنْ كَانَ آخِرُ كَلاَمِهِ لاَ إلَهَ إلَّا اللهُ دَخَلَ الجَنَّةَ" (رواه أبو داود)

"Ким Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигини билиб вафот этса, жаннатга киради", дедилар (Имом Муслим ривояти).

Шу билан бирга, тавҳидни учга бўлишнинг хавфи – мушрикларни тавҳид аҳли сифатида зикр қилиш баробарида, мусулмонларни кофир деб эълон қилишга замин яратишида намоён бўлади. Сохта салафийлар мазкур тақсимотга кўра анбиёлар, авлиёларни васила қилиб дуо қиладиган мўмин-мусулмонларни кофир деб эълон қиладилар. Салафийларнинг даъволарига кўра, дуода васила қилган киши – тавҳидул улуҳийяга зид иш қилган бўлади ва Аллоҳ таолодан ўзгага дуо қилган, ибодат қилган саналади.

Салафийларга кўра, дуоларида пайғамбарлар ва авлиёларни васила қиладиган мусулмонлар гўёки Аллоҳ таолони қўйиб пайғамбарларга ибодат қилган ва бу билан имондан ажраган бўладилар. Чунки улар “улуҳият тавҳиди”ни тарк қилган саналадилар. Мана шу асоссиз важлар билан салафийлар мусулмонларни куфрга чиқарадилар. Ҳатто Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб ҳаддидан ошиб:

"إن كفرهم أشنع من كفر عباد الأوثان"

“У (васила қиладиган)ларнинг куфри бут-санамларга сиғинадиганларнинг куфридан кўра жирканчроқдир!” деган.

Ваҳоланки, дуода васила қилиш жоизлигига Ислом уламолари жоиз эканини таъкидлашган. Бу ҳақда алоҳида тўхталиб ўтамиз.

Қолаверса, сохта салафийлар “Тавҳид асмо вас сифот”ни кенгроқ шарҳлашда “Тавҳид асмо вас сифот”га  шу исм ва сифатларга тўғри маъно берган ҳолда таъвил ва тафвиз қилмаган ҳолда иймон келтиришдир” дея изоҳлайдилар. Бу билан мотуридий ва ашъарийлар каби муташобиҳ оят ва ҳадисларни таъвил ёки тафвиз қиладиган мусулмонларни гўёки исм ва сифатлар бобида тавҳиддан ташқарида деб изоҳлайдилар.

Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда “рубубият” ва “улуҳият” салафийлар даъво қилгандек алоҳида маъноларда эмас, балки бир-бирини ўзаро тўлдириб келган. Қуйида бунга айрим мисолларни келтириб ўтамиз.

  1. Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида шундай деган:

وَلَا يَأْمُرَكُمْ أَنْ تَتَّخِذُوا الْمَلَائِكَةَ وَالنَّبِيِّينَ أَرْبَابًا أَيَأْمُرُكُمْ بِالْكُفْرِ بَعْدَ إِذْ أَنْتُمْ مُسْلِمُونَ

“(Ўша пайғамбар) сизларга фаришталар ва пайғамбарларни Роб қилиб олишингизни ҳам буюрмайди. Ахир, мусулмон бўлганингиздан кейин сизларни куфрга (қайтишликка) буюрармиди?!” (80-оят).

Муфассирлар шайхи дея танилган олим Ибн Жарир Тобарий раҳимаҳуллоҳ ушбу ояти кариманинг тафсирида шундай дейдилар: “Оятнинг мазмуни шуки, эй инсонлар, Пайғамбар Сизларга малоикалар ва пайғамбарларни Роб қилиб олишингизни буюрмайди. “Робб” калимасидан  Аллоҳни қўйиб унга ибодат қилинадиган илоҳлар назарда тутилган” (“Жомиъул баён” тафсири).  

  1. Аллоҳ таоло бошқа бир ояти каримада Юсуф алайҳиссаломдан ҳикоя қилиб, шундай дейди:

"يَا صَاحِبَيِ السِّجْنِ أَأَرْبَابٌ مُتَفَرِّقُونَ خَيْرٌ أَمِ اللَّهُ الْوَاحِدُ الْقَهَّارُ" (سورة يوسف/39)

“Эй, икки ҳамзиндонларим! Турли-туман “Робблар” яхшими ёки ягона ва ғолиб Аллоҳми?” (Юсуф сураси, 39-оят).

Мазкур ояти каримани Аллома Ибн Жарир Тобарий раҳимаҳуллоҳ “Юсуф алайҳиссалом ушбу гапни зиндонга ўзлари билан бирга кирган икки йигитга айтганлар. Чунки улардан бири мушрик эди, шунинг учун уни бу гап билан Исломга чақирдилар ва илоҳлар ва бутларга сиғинишни тарк этишга даъват қилдилар. Юсуф алайҳиссалом айтдиларки:“Ҳар хил тарқоқ худоларга, фойда ва зарар келтирмайдиган илоҳларга сиғиниш яхшими ёки қудрати ва ҳукм юритишида тенги бўлмаган, ҳамма нарсани бўйсундирган, Унгагина ихтиёрий равишда ёки беихтиёр тарзда итоат қилинган ягона илоҳга сиғиниш яхшироқми?!” (“Жомиъул баён” китоби, 16-жуз, 104-бет).

Эътибор қилсак, ушбу ояти каримада мушриклар ҳам бир нечта “Робблар”га эътиқод қилгани, бу “тавҳидур рубубийя” тушунчасига зид экани маълум бўлади. Акс ҳолда Юсуф алайҳиссаломнинг “Турли-туман “Робблар” яхшими” дейишларида маъно қолмас эди.

  1. Аллоҳ таоло Фиръавннинг гапини нақл қилиб шундай деган:

"فَقَالَ أَنَا رَبُّكُمُ الْأَعْلَى" (النازعات/24)

“«Мен сизларнинг олий Роббингиздирман», – деди”, (Назиат сураси, 24-оят).

Ушбу оятда таъкидланганидек, Фиръавн рубубиятни даъво қилмоқда. Бошқа бир оятда эса, айнан ўша Фиръавнни сўзини қуйидаги нақл қилинган:

"وَقَالَ فِرْعَوْنُ يَا أَيُّهَا الْمَلَأُ مَا عَلِمْتُ لَكُمْ مِنْ إِلَهٍ غَيْرِي" (القصص/38).

“Фиръавн: “Эй, одамлар! Мен сизлар учун ўзимдан бошқа (бирор) илоҳни билмасман. Бас, эй, Ҳомон! Лойни пишириб, (ғишт қуйиб) мен учун бир баланд бурж (минора) бино қил! Шоядки, мен (унинг устига чиқиб) Мусонинг илоҳини кўрсам. Мен уни ёлғончилардан деб ўйламоқдаман”, – деди” (Қасас сураси, 38-оят).

Бу ояти каримада эса, Фиръавн улуҳиятни даъво қилмоқда. Демак, бу билан “рубубият” ва “улуҳият” ўртасида фарқ йўқ экани яна бир бор маълум бўлмоқда.

Ояти карималардан бу каби далилларни кўплаб келтириш мумкин. Қуйида ҳадиси шарифлардан айрим далилларни келтириб ўтамиз.

  1. Аббос ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар:

"ذَاقَ طَعْمَ الْإِيمَانِ مَنْ رَضِيَ بِاللهِ رَبًّا، وَبِالْإِسْلَامِ دِينًا، وَبِمُحَمَّدٍ رَسُولًا" (رواه الامام مسلم)

“Аллоҳни “Роб” деб, Исломни дин деб, Муҳаммад (алайҳиссалом)ни Росул деб рози бўлган кимса иймон таъмини татибди” (Имом Муслим ривоят қилганлар).

Агар Ибн Таймийя иддао қилганидек, мушриклар Аллоҳнинг рубубиятига эътиқод қилишида эди, Пайғамбаримиз алайҳиссалом  “Аллоҳни “Роб” деб ... рози бўлган киши имоннинг таъмини татибди”  демаган бўлардилар. Чунки у билан мушрикнинг ўртасида фарқ қолмаган бўларди.

  1. Жарир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом маййит қабрга қўйилгандан кейинги ҳолат ҳақида хабар бериб, шундай деганлар:

"وَإِنَّهُ لَيَسْمَعُ خَفْقَ نِعَالِهِمْ إِذَا وَلَّوْا مُدْبِرِينَ حِينَ يُقَالُ لَهُ: يَا هَذَا، مَنْ رَبُّكَ وَمَا دِينُكَ وَمَنْ نَبِيُّكَ؟"

(رواه الامام أبو داود)

“Аҳли (уни кўмиб бўлиб) ортларига қайтиб кетаётганларида оёқ товушларини эшитади. Шу пайтда унга “Эй Сен, Роббинг ким? Дининг нима? Пайғамбаринг ким?” дейилади” (Имом Абу Довуд ривояти).

Ушбу ҳадисга кўра, қабрдаги одамга фаришталар томонидан “Роббинг ким?” деб савол беришади. Агар ҳақиқатда мушриклар ҳам Аллоҳ таолони Робб деб эътиқод қилганларида, мўмин билан мушрикни ажратиш учун бу саволни беришдан маъно қолмасди. Шунинг учун ҳам “Робб” ва “Илоҳ” сўзларини ажратиш, мушриклар “Рубубият”да тавҳидда эдилар дейиш улкан хатодир.

Ибн Таймия ва унинг тарафдорлари ҳужжат қилиб келтирган “...Агар Сиз улардан: “Осмонлар ва Ерни яратган, Қуёш ва Ойни (ўз тоатига) бўйин сундирган зот ким?” – деб сўрасангиз, албатта, улар: “Аллоҳ”, – дерлар...” ояти каримага келсак, унга жумҳур уламолар шундай жавоб беришган: Мушриклар Aллоҳ таолонинг борлигига, уларни ҳамда осмонлару ерни яратишга қудрати етишига ишонардилар. Лекин Аллоҳ таоло уларни қайта тирилтиришига ҳам қодир эканини инкор қилишарди. Шунингдек, улар Аллоҳ таоло қудрати етадиган барча ишда бут-санамларни ҳам шерик тутардилар. Шу сабабли ҳам сохта салафийлар даъво қилганларидек, на улуҳиятда ва на рубубиятда муваҳҳид саналмайдилар. Умуман олганда Аллоҳ таолога имон келтиришда улуҳият ва рубубятга ажратишнинг ўзи шариатда жорий бўлган эмас.

Хулоса қилиб айтганда, тавҳидни уч қисмга тақсимлаш – бидъат тушунча бўлиб, на Қуръони карим ва на саҳиҳ суннатга ва салафи солиҳларнинг сўзларига мувофиқ келади. Аксинча, Қуръон ва суннатда “рубубият” ва “улуҳият” тушунчалари ўзаро бир-бирини тўлдириб келади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги

Фатво маркази бош мутахассиси

Абдулатиф Турсунов

Мақолалар

Top