muslim.uz

muslim.uz

Шу йил 13 декабрь куни Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Шамсуддин Бауатдинов мутасадди вакиллар билан Бўзатов туманидаги “Бўзатов” ва “Қусханатов” овул фуқаролари йиғинлари ҳудудида истиқомат қилувчи ижтимоий ёрдамга муҳтож ва боқувчисини йўқотган оилалар хонадонидан хабар олиниб, яшаш шароити билан яқиндан танишилиб, озиқ-овқат маҳсулотлари ва қишки иссиқ кийим-кечаклар тақдим этилди.

Дарҳақиқат, Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир” (Оли Имрон сураси, 92-ояти).

Мазкур ояти каримада инсонларнинг яхши кўрган нарсасидан инфоқ-эҳсон қилиши лозимлиги айтилмоқда. Инсон яқини ё бирор кишига ўзи яхши кўрган нарсасидан эҳсон қилиши бироз қийинроқ туюлади. Аммо тафаккур қилинса ўзи воз кечиб, эҳсон қилинган нарсаси ўрнига охиратда бериладиган жаннат олдида жуда арзимас эканини англаш мумкин.

Довудбой БЕКАНОВ,
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти ходими

Среда, 14 Декабрь 2022 00:00

Қиёмат кунининг 16 номи

Қуръони каримда қиёмат сўзи бир қанча номлар билан аталган. Уларни қуйида келтириб ўтамиз:  

  1. Соат (Ас-саъат).

«Айтинг: “Агар ростгўй бўлсангиз, ўйладингизми, агар сизларга Аллоҳнинг азоби келса ёки сизларга қиёмат келса, Аллоҳдан ўзгага илтижо қилган бўлармидингиз?”» (Анъом сураси, 40-оят).

  1. Қайта тирилиш куни (Явмул-баъс).

«(Ўша куни) илм ва имон берилган зотлар айтурлар: “Аниқки, сизлар Аллоҳ (Лавҳул-маҳфузда) ёзиб қўйганидек, тирилиш кунигача турдингиз. Бас, мана шу тирилиш кунидир. Лекин сизлар (қизиқмаганингиз сабабли бунинг ҳақ эканини) билмас эдингиз”» (Рум сураси, 56-оят).

  1. Ҳисоб-китоб куни (Явмуд-дийн).

«“Ҳолимизга вой! Бу жазо куни-ку!” – деб қолурлар» (Саффот сураси, 20-оят).

  1. Ҳасрат куни (Явмул-ҳасроти):

(Эй Муҳаммад!) Уларни (Макка мушрикларини) барча иш битирилган ҳасрат куни – (Қиёмат)дан қўрқитинг! Улар (бугун) ғафлатдадирлар, (шу сабабдан) улар имон келтирмайдилар” (Марям сураси, 39-оят).

  1. Нидолашув куни (Явмут-танаад).

“Эй, қавмим! Ҳақиқатан, мен сизларга нидолашув кунидан (қиёмат кунидан) қўрқаман” (Ғофир сураси, 32-оят).

  1. Ажрим куни (Явмул фасли).

“Мана шу сизлар (дунёда) ёлғон деб ўтган Ажрим кунидир” (Соффот сураси, 21-оят).

  1. Жамланиш куни (Явмул-жамъи).

«(Барча) шаҳарлар онаси (Макка аҳлини) ва унинг атрофидаги кишиларни огоҳлантиришингиз учун ва шубҳаси йўқ “тўпланиш куни” (қиёмат куни)дан огоҳлантиришингиз учун Биз Сизга мана шундай араб тилидаги Қуръонни ваҳий қилдик. (У кунда) бир гуруҳ жаннатда бўлса, бир гуруҳ дўзахдадир» (Шўро сураси, 7-оят).

  1. Қўрқитилган кун (Явмул-ваъийд).

(Тасаввур қилинг) Сур ҳам чалинди. Бу (кофирларга азоб) ваъда қилинган кундир (Қоф сураси, 20-оят).

  1. Ҳисоб куни (Явмул-ҳисаб).

«“Улар (Макка мушриклари масхара қилишиб): “Парвардигоро, бизларга (ваъда қилинган азобдан) насибамизни Ҳисоб кунидан илгари тезроқ келтира қолгин!” дедилар» (Сод сураси, 16-оят).

  1. Мангулик куни (Явмул-хулууд).

«“Унга (жаннатга) саломат кирингиз! Бу (кун) мангулик кунидир” (дейилур)» (Қоф сураси, 34-оят).

  1. Чиқиш куни (Явмул-хуруж).

“У кунда улар (барча халойиқ) у (даҳшатли) қичқириқни чинакамига эшитурлар. Бу (қабрлардан) чиқиш кунидир” (Қоф сураси, 42-оят).

  1. Воқеа (воқеъа).

“Ана ўша кунда Воқеа содир бўлур (қиёмат қойим бўлур)!” (Ҳааққо сураси, 15-оят).

  1. Ҳақиқатда рўй берувчи (Ал-ҳааққо).

(У) ҳақиқатан рўй берувчидир. (Ўша) ҳақиқатан рўй берувчи нимадир? (Эй Муҳаммад!) Ҳақиқатан рўй берувчининг нима эканини қаердан (ҳам) билар эдингиз?! (У қиёматдир) (Ҳааққо сураси, 1-3-оятлар).

  1. Катта бало (Ат-тооматул-кубро).

“Бас, қачон балойи азим (қиёмат) келганида” (Назиъат сураси, 34-оят).  

  1. Яқин кун (Явмул-азифа).

(Эй, Муҳаммад!) Сиз уларни яқин кундан (қиёматдан) огоҳлантиринг! Ўшанда улар юраклари ҳалқумларига тиқилиб, қайғуларини ютиб турурлар. Золим (кофир) кимсалар учун (у кунда) бирор дўст ҳам, маъқулланадиган шафоатчи ҳам бўлмас” (Ғофир сураси, 18-оят).

  1. Қаттиқ зарба берувчи (Ал-Қориаъ).

«Самуд ва Од (қабилалари) “қаттиқ зарба берувчи”ни (қиёмат кунини) инкор этдилар» (Ҳааққо сураси, 4-оят).

Манбалар асосида

Баҳриддин ХУШБОҚОВ таржимаси

Алҳамдулиллаҳ, қадимдан халқимиз мусулмон, давлат раҳбатлари ҳам мусулмон. Давлат раҳбари ўлароқ, ҳар бир диний ишларда уламолар билан маслаҳат қилаётгани эса, таҳсинга сазовордир. Зеро, маслаҳат билан иш қилиш динимизда мақталган ва таъкидлангандир. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссаломни саҳобийлар билан маслаҳат қилишга буюргани ҳам айни манфаатдир.

Аммо чет элдан туриб давлат раҳбари ва дин уламоларига таъна тошини отаётган, уларни “сарой мулласи” ёки “уламоларнинг ёмонлари” деб ҳақорат қилаётган кимсаларни ўзи қандай аҳволда?!

Уларнинг ўзини қандай уламо деб атаса бўларкин?! Улар қулай фурсат келиб, иш умум мусулмонларнинг зарарига, уларнинг фойдасига юриши учун ким билан бўлса ҳам, ҳатто бошқа дин вакиллари билан ҳам ҳамкорликка киришаётганини нима дейиш мумкин?! Демак уларни ўзи “шаррул уламо” эмасми?!

Четдан туриб халқни раҳбарларга қарши гиж-гижлайдиган нобоп кимсалар, одамларни боғийликка, яъни давлат раҳбарига қарши чиқишга чақирмоқда. Бундай ҳатти-ҳаракатларнинг оқибати ҳақида мўътабар фиқхий китобларимизда шундай дейилади:

ﻭﻣﻦ ﻗﺘﻞ ﻣﻦ اﻟﺒﻐﺎﺓ ﺃﻭ ﻗﻄﺎﻉ اﻟﻄﺮﻳﻖ ﻟﻢ ﻳﺼﻞ ﻋﻠﻴﻪ،ﻷﻥ ﻋﻠﻴﺎ - ﺭﺿﻲ اﻟﻠﻪ ﻋﻨﻪ - ﻟﻢ ﻳﺼﻞ ﻋﻠﻰ اﻟﺒﻐﺎﺓ.

Ким султонга қарши чиқиб боғийлиги учун, ёки қароқчилиги учун ўлдирилса, унга жаноза ўқилмайди. Чунки Али розияллоҳу анҳу хавориж боғийларга жаноза ўқимадилар”.

Ҳатто “Раддул мухторда” боғийлар ювилмаслиги ҳақида айтилган. Ҳозирги кунда турли Ислом юртларида бораётган урушлар, жангу жадалларга асосий сабаб боғийлик – ўз давлат раҳбарларига қарши чиқишдир. Бу урушлар қанча одамларнинг бошига кулфат келтирди.

Шунингдек, бу “даъватчилар”нинг боғийликка даъвати оят ва ҳадисларга ҳам зиддир!

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ أَطِيعُواْ اللّهَ وَأَطِيعُواْ الرَّسُولَ وَأُوْلِي الأَمْرِ مِنكُمْ

Аллоҳ таоло: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг”, деган (Нисо сураси 59-оят).

Ояти каримадаги «ишбошилар»га кўплаб тафсирчилар султон ва подшоҳлар кўзда тутилган, деб изоҳ берганлар.

Ибн Жарир ибн Зайддан у киши эса отасидан «ишбошилар»нинг тафсирида «улар султонлардир» деб тушунтирганини ривоят қилган (Имом Суютий. ад-Дуррул-мансур фит-тафсир бил-мансур. 4 – Ж. 504 – Б. Қоҳира 2004).

Саъид ибн Мансур, ибн Абу Шайба, Абд ибн Ҳамид, ибн Жарир, ибн Мунзир ва ибн Абу Ҳотамлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг: “Улар сизлардан бўлган амирлар”, деб изоҳ берганини ривоят қилишган. Яна бир лафзида эса “улар қўмондонлар”, деб айтилган (Имом Суютий. ад-Дуррул-мансур фит-тафсир бил-мансур 4 – Ж. 504 – Б. Қоҳира 2004).

Шунингдек, бу мавзуда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўплаб ҳадислари ҳам бор. Имом Бухорий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

قال رسول الله صلى الله عليه و سلم: إسمعوا و اطيعوا و إن أستعمل عليكم حبشي كأن رأسه زبيبة

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларга гарчи боши майиздек ҳабаший ҳоким этиб тайинланган бўлса ҳам қулоқ солинглар ва бўйсунинглар!”, дедилар (Бухорий, 694, 7142).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

عن إبن عباس عن النبي صلى الله عليه وسلم قال: من كره من اميره شيئا فليصبر، فإنه من خرج من السلطان شبرا مات ميتة جاهلية

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки амир тарафдан бирор қарорни номаъқул кўрса, бас, сабр қилсин. Чунки, ким подшоҳ қарорларидан бир қарич бўлса-да ташқари чиқса, шубҳасиз жоҳилиятда ўлади”, дедилар (Бухорий “Китоб ал-Фитан 7054, Муслим “Китоб ал-Имарот” 1849, Доримий “Китоб ас-сияр” 2519, Имом Аҳмад “Муснад” 2491).

Аслида бу ҳадислар айнан шу нобоп “уламолар”га тегишли эмасми?!

Бугунги кунда халқни мавжуд тузумга қарши қўзғашга уринаётган турли салафийлик оқими аъзоларининг деярли ҳаммаси ўзларига раҳнамо сифатида биладиган Ибн Таймияни “шайхул-ислом” деб улуғлаб келади. Худди ўша ибн Таймия ҳам султон гарчи золим бўлса-да унга итоат қилиш зарурлигини ёзган. Салафийлар “устоз” деб билган шахснинг сўзига эътибор қаратадиган бўлсак:

المشهور من مذهب أهل السنة أنهم لا يرون الخروج على الأئمة وقتالهم بالسيف وإن كان فيهم ظلم

“Аҳли сунна мазҳабида машҳур қавл шуки, бу мазҳаб уламолари бошлиқларга қарши чиқишни ва уларга қарши қурол кўтаришни, ҳатто ўзларига зулм бўлса ҳам тўғри деб ҳисоблашмайди”, демоқда! (Минҳож ас-суннатин-набавия 3/390).

Демак, четдан туриб халқни исёнга гиж-гижлайдиган одамларда яхшилик йўқ! Улар халқимиз ичида мўътабар бўлган уламоларимизни қанчалик обрўсизлантиришга ҳаракат қилишмасин, мақсадларига ета олмайдилар. Аллоҳ таоло уламо ва устозларимизни азизликларини зиёда қилсин.

 

Юнусхон Мамарасулов

“Саид Жалолхон Тўра” жоме масжиди имом-хатиби

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар

Top