muslim.uz

muslim.uz

Четверг, 08 Декабрь 2022 00:00

Қомусимиз – фахримиз!

Янги Ўзбекистонда диний эътиқодлар ҳамда маданий-маънавий омилларнинг умумий силсиласига кирувчи, тенг ҳуқуқли қадрият сифатида тан олинди ва тўла эркинлик берилди. Хусусан, диний ташкилотларга қонун доирасида очиқ ва дахлсиз фаолият кўрсатиш имконияти яратилди.

Юртимиз аҳолисининг асосий қисми ислом динига, бошқа миллат вакиллари эса ўзларининг динларига эмин-эркин эътиқод қилмоқда. Диний эмин-эркинлик ҳақида сўз юритар эканмиз ҳозирда юртимизда 15 дан ортиқ диний конфессия вакиллари бағрикенглик тамойили асосида яшамоқдалар. Улар ватан мустақиллигини мустаҳкамлаш, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий барқарорликни таъминлаш йўлида ҳамжиҳат фаолият юритмоқдалар.

Ер куррасида фахрли ўринни олган суверен демократик янги Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинган куннинг 30 йиллиги мамлакатимиз узра кириб келмоқда. Бу муқаддас анъанавий кун она диёримизда байрам сифатида кенг нишонланиши халқимизнинг асл муддаосидир.

Қомусимизда халқимиз руҳига мос келадиган меҳр-оқибат, ор-номус, адлу инсоф, диёнат, имон-эътиқод, бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланганлиги, иффат, ҳаё, шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар, сиёсий ҳуқуқлар, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлар, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг кафолатлари, фуқароларнинг бурчлари каби энг эзгу ижтимоий мавзуларнинг мужассам бўлгани  сабабли у мамлакатимиз равнақига ўз хиссасини қўшмоқда.

Биламизки, минг йилликлар давомида аждодлардан авлодларга, ота-оналардан фарзандларга, ворисларга ўтиб келаётган ва дунёнинг ҳеч бир томонида такрорланмайдиган ажойиб муносабатларнинг, инсоний фазилатларнинг асосий Қонунимиздан ўрин эгаллагани таҳсинга сазовор.

Шунга кўра азалдан аждодлардан мерос бўлиб келаётган ота-она ва фарзандлар муносабати инсоний фазилатлар сифатида оила ва никоҳга катта эътибор қаратиб келинган. Насл-насабни сақлаш, жамиятнинг маънавий ҳолатини яхшилашнинг асосий омили оила дея эътироф этилган. Бу эса Конституциянинг 63-моддасида: “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга” деб оилага алоҳида тўхталиб ўтилган.

Айтишимиз мумкинки, кўпмиллатли Ўзбекистонимизда турли диний эътиқодлар вакиллари ўртасидаги ҳамжиҳатликни ҳуқуқий мустаҳкамлаб қўйилган. Бу қуйидаги: “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий  мавқеидан қатъий назар қонун олдида тенгдирлар”. (18-модда) дейилган жумлаларда ўз ифодасини топган.

Эътибор берсак, мазкур моддада диний эътиқод ҳамда миллий ҳаётга, фуқароларнинг миллий ҳис-туйғуларига дахлдор муҳим аҳамиятга эга қатор тамойиллар белгилаб қўйилганига ишонч ҳосил қиламиз.

Дарҳақиқат, жаннатмакон юртимизда, сўнгги йилларда аҳолининг диний қадриятларга эътиборининг ортиши тарихий-анъанавий маданиятни тиклашда муҳим омиллардан бирига айланган. Юртимизда олиб борилаётган маънавий-маърифий, миллий ва диний ислоҳотлар ҳақида сўз юритар эканмиз, ислом динига, унинг қадриятларига бўлган муносабат нечоғли ривожланиб бораётганига шукроналар келтирамиз.

Яхши биламизки, мустақиллик йилларида юртимизда ислом дини равнақи ва тараққиёти йўлида кенг имкониятлар очилди. Эътиқод эркинлиги, шу кунларда қабул қилинганлигини кенг нишонланиш арафасида турган Асосий бош Қомусимизда кафолатланиб қўйилган. Бу Конституциямизнинг “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динига эътиқод қилиш ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди” (31-модда). деган иборалар билан ўз аксини топган.

Мамнуният билан айта оламизки, Қонунимизда халқимизни барчаси учун хизмат қилиш белгилаб берилган. Унда айнан меҳр-шафқат кўриниши қуйидаги 45-моддада ўз ифодасини топган:  “Вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир”.

Бир сўз билан айтганда Юртимизда кафолатлаб қўйилган дину-диёнат эркинлиги, инсоний ғамхўрликларни, ижтимоий-иқтисодий ривожланишни, тинчлик-осойишталикни илоҳий марҳамат ва улуғ неъмат деб қабул қилиб, улар учун шукроналар келтиришимиз айни мусулмончилик бурчимиздир. Зеро, бу билан Аллоҳнинг “Шукр этсаларингиз, албатта зиёда этаман” деган чақириғига мувофиқ бўламиз.

 

Абдулҳай ТУРСУНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Наманган вилоят вакили

Четверг, 08 Декабрь 2022 00:00

Ўзбекистон халқига байрам табриги

Қадрли ватандошлар!

Сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда кўпмиллатли бутун халқимизни мамлакатимиз ҳаётидаги улуғ тарихий сана – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 30 йиллик байрами билан чин қалбимдан самимий муборакбод этиб, барчангизга ўзимнинг чуқур ҳурматим ва эзгу тилакларимни изҳор этаман.

Халқимизнинг хоҳиш-иродаси билан танлаб олинган ҳуқуқий-демократик давлат, эркин фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлиб келаётган Асосий қонунимизнинг миллий тараққиётимиздаги ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.

Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида, ғоят оғир ва мураккаб бир шароитда қабул қилинган Конституциямиз берган ҳуқуқ ва имкониятлар туфайли эл-юртимизнинг фидокорона меҳнати билан ўтган даврда ҳаётимизнинг барча соҳа ва тармоқларида улкан ютуқ ва натижаларни қўлга киритдик.

Ана шундай мустаҳкам ҳуқуқий асосга таяниб, кейинги йилларда мамлакатимизда кенг кўламли демократик ислоҳотлар жадал амалга оширилмоқда.

Энг муҳими, ижтимоий-сиёсий ҳаётимизнинг мазмуни, ватандошларимизнинг онгу тафаккури, дунёқараши тубдан ўзгармоқда. Юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаро, миллати, тили ва динидан қатъи назар, жамиятимизнинг тенг ҳуқуқли аъзоси, ўз тақдирининг чинакам эгаси, мамлакатимиздаги барча ўзгариш ва янгиланишларга ўзини нафақат дахлдор, балки бу жараёнларнинг бевосита иштирокчиси, эркин ва бунёдкор инсон сифатида ҳис этмоқда.

Халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг қонуний кафолати бўлган, биз учун озод ва обод ҳаёт қуриш йўлини очиб берган Конституциямиз билан шу боис ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак, арзийди, албатта.

Муҳтарам дўстлар!

Дунё миқёсида “Янги Ўзбекистон” деган ибора пайдо бўлиб, Ватанимизнинг халқаро майдондаги нуфузи ва обрў-эътибори тобора ортиб бормоқда.

Барчангиз хабардорсиз, шу кунларда мамлакатимизда Асосий қонунимизга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича муҳокамалар давом этмоқда. Ушбу конституциявий ислоҳотларни Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг мазмуни ва мантиғи, халқимиз билдираётган талаб, истак ва таклифлар, мухтасар айтганда, шиддат билан ўзгараётган даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Шу сабабли ҳозирги вақтда “Инсон – жамият – давлат” деган тамойилни Конституциямиз ва қонунларимизга, кундалик ҳаётимизга чуқур сингдиришимиз зарур.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, инсон, унинг ҳаёти, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонуний манфаатларини таъминлаш, инсон қадрини улуғлаш бу борадаги ислоҳотларимиз марказига олиб чиқилмоқда.

Жумладан, ижтимоий давлат тамойили, оила институтининг конституциявий асосларини мустаҳкамлаш, кекса авлод вакилларини, ногиронларни ишончли ҳимоя қилиш, хотин-қизлар ва ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш, таълим ва илм-фан, маданиятни ривожлантириш, фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш, экологик мувозанатни сақлаш, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда маҳалланинг ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, оммавий ахборот воситалари эркинлигини таъминлаш каби кўплаб принципиал аҳамиятга эга масалалар Асосий қонунимизда муҳрлаб қўйилмоқда.  

Бу жараёнда сиз, азиз ватандошларимиз – турли касб ва ижтимоий гуруҳга мансуб фуқароларимиз томонидан билдирилган барча таклиф, фикр ва мулоҳазалар албатта инобатга олинади ва Конституция лойиҳаси умумхалқ референдумига олиб чиқилади.

Айни шу асосда Бош қонунимиз чинакам халқ Қомуси, чинакам халқ Конституцияси бўлади.

Ҳурматли юртдошлар!

Пандемия шароитига қарамасдан, мамлакатимизда меҳнат жамоаларида, маҳалла ва таълим масканларида, хонадонларда Конституция байрами, эҳтиёт чораларига амал қилган ҳолда, кўтаринки руҳда нишонланмоқда.

Биз яқинлашиб келаётган янги – 2023 йил учун улкан дастур ва режаларни тузмоқдамиз. Конституциямизда белгилаб олаётган эзгу мақсадларни рўёбга чиқариш, юртимиздаги тинчлик ва барқарорликни, миллатлар ва динлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш, янги уй-жойлар барпо этиш, иш ўринларини кўпайтириш бўйича катта-катта вазифалар бу дастурларда ўзининг аниқ ифодасини топмоқда.

Ишончим комилки, барчамиз бир тану бир жон бўлиб, фидокорона меҳнат қилиб, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга албатта эришамиз.

Азиз ва муҳтарам ватандошлар!

Сизларни, бутун халқимизни Конституциямизнинг қутлуғ байрами билан яна бир бор самимий табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, хонадонларингизга файз-у барака тилайман.

Халқимиз тинч, юртимиз омон бўлсин!

Барчамизни Яратганнинг ўзи паноҳида асрасин!

 

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Четверг, 08 Декабрь 2022 00:00

Бугунги ўйлар...

Мамлакатимизда чорак асрдан зиёдроқ давр мобайнида эришилган барча ютуқлар, ҳамма йўналишдаги тараққиётга, асрларга татигулик ўзгаришларга, ҳеч шубҳасиз, Бош қомусимиз ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилди.

Асосий Қонунимиз халқимизнинг кўп асрлик тажрибаси, бетакрор менталитети, беқиёс урф-одатлари, ўзига хос орзу-ўйларига биноан ишлаб чиқилган. Эътиборли жиҳати, ундаги нормалар муқаддас динимиз қоидаларига ҳам тўла-тўкис мувофиқ келади. Бу эса жаҳон давлатларининг ҳаммасида ҳам бор эмас!

Бугун дунёни кузатсангиз, айрим давлатларда давом этаётган урушлар, қонли тўқнашувлар, сарсон-саргардонликларни кўриб ёқа ушлайсиз... Чет давлатлар оммавий ахборот воситалари тарқатаётган хабарларни ўқишга, кўришга юрак чидамайди...

Шукрки, беҳисоб шукрларки, юртимизда тинчлик-осойишталик ҳукм сурмоқда! Мамлакатимизда ўн олтита диний конфессия фаолият юритмоқда. 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари ўзаро аҳил, тинч яшаб келмоқда. Конституциямизнинг 18 моддасида «Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар» деб белгилаб қўйилган.

Қуръони каримда эса Бақара сурасининг 256 оятида «Динда зўрлаш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди...» деб, инсон шаъни, қадр-қиммати юқори экани, ҳар бир шахснинг ҳуқуқий даҳлсизлиги кафолатланган.

Бош Қомусимизнинг 31 моддасида ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланган. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмаслиги қайд этилган.

Конституциямизда хотин-қизларнинг эркаклар билан тенг ҳуқуқли экани белгилаб қўйилди. Муқаддас динимиз аёл кишини она сифатида қадрлаб, оилани чароғон этишни, келажак насллар тарбиясини унга топширди. Шу билан бирга, аёлга илм олишни фарз қилди. Ҳадиси шарифда “Илм олиш ҳар бир муслим ва муслима учун фарздир!” (Имом Байҳақий ривоятлари) дейилади.

Бош Қомусимизнинг халқчиллиги шундаки, унинг алоҳида бир боби оилага бағишланиб, унда эр билан хотин, ота-она билан болалар ҳамда қариндошлар ўртасидаги, шунингдек болалар тарбиясига оид меъёрлар кўрсатиб ўтилган. Бу билан ҳам бошқа кўплаб давлатларнинг конституцияларидан фарқланиб, ғайриоддий бўлиб, ажралиб туради.

Ислом дини кексаларга эҳтиром кўрсатиш, уларга эътиборли бўлишга чақиради. «Раббингиз Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга «уф!..» дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!» деб марҳамат қилинади Қуръони каримда Исро сурасининг 23-24 оятларида.

Ҳадиси шарифларда ота-онага хизмат қилиш жаннатга киришнинг кафолати экани таъкидланади. Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ота-онасини қариган пайтларида топсаю, икковларига ёки бирларига хизмат қилиб, жаннатга кира олмаса, хор бўлсин, хор бўлсин, хор бўлсин!” – дедилар (Имом Муслим ривоятлари).

Конституциямизнинг 66 моддасида «Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар» деб белгиланган.

Юқоридаги ояти карима ва ҳадиси шариф билан Бош Қомусимизнинг 66 моддасида қайд этилган меъёрларни ўқиган киши динимизнинг нақадар улуғ, Конституциямизнинг қанчалик халқчил эканига яна бир карра амин бўлади.

Мухтасар айтганда, Конституциямиз – мамлакатимизнинг нафақат ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг ҳуқуқий асослари, балки маънавиятимиз, маърифатимиз, миллий қадриятларимизни ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосидир!

 

Иброҳимжон домла ИНОМОВ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

Четверг, 08 Декабрь 2022 00:00

Диний соҳа ходимлари тақдирланди

Кеча, 7 декабрь куни юртимизнинг вилоят ва туман ҳокимликлари томонидан Конституциямиз қабул қилинганининг 30 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган тантанали тадбирларда 248 нафар имом-хатиб, вакиллик ходимлари ва отинойилар эсдалик нишонлари билан тақдирланди.

Бу юксак эътибор диний соҳа ходимларининг жамиятимиз ижтимоий, илмий, маънавий салоҳиятини юксалтириш, ёшларни Ватанга меҳр ва садоқат руҳида тарбиялашдаги муносиб ҳиссалари учун эътироф этилгани кўнгилларга қувонч бағишлайди.

 

 

 

 

 

 

 

ЎМИ Масжидлар билан ишлаш бўлими

Среда, 07 Декабрь 2022 00:00

Тошкент дурдоналарига саёҳат

Тошкент ислом институтида “Декабръ – Ислом ва ҳозирги замон фан ойлиги” деб эълон қилинган. Шу муносабат билан “Ижтимоий фанлар” кафедраси мудири, доцент, тарих фанлари доктори (PhD) Обид Тангиров раҳбарлигида 3-курс талабалари учун “Тарихий меъморий обидалар” мавзуси асосида Ҳазрати Имом мажмуасида жойлашган Бароқхон, Мўйи муборак мадрасалари ва Қаффол Шоший мақбарасига экскурция уюштирилди. Унда кафедра устозлари ва ходимлари ҳам иштирок этдилар.

Қаффол Шоший мақбараси

Қаффол Шоший номи билан машҳур бўлган Абу Бакр Муҳаммад ибн Али аш-Шоший (904-976) – ислом олими, муҳаддиси ва тилшуносидир. У Ҳазрати Имом номи билан таниқли бўлган.

Қаффол Шоший машҳур мусулмон илоҳиётчилари ва олимлари Имом ал-Бухорий ва Муҳаммад ат-Термизийларнинг шогирди ва маънавий вориси ҳисобланган. Мусулмон динига чуқур эътиқод қилган олим Маккани бир неча бор зиёрат қилган. Вафотидан сўнг Тошкентда унинг қабри устида мақбара барпо этилган бўлиб, у ҳозирга қадар мусулмонлар томонидан зиёрат қилинади.

Қаффол Шошийнинг асарлари бугунда ҳам қайта нашр этилмоқда. 2007 йилда Байрутнинг Dar al-Kutub al-‘Ilmiyah (Ливан) нашриёти томонидан ислом фиқҳи бўйича “Маҳасину шариат” китоби чоп этилди.

Мақбаранинг 10-асрга оид биринчи биноси ҳам сақланиб қолган. Сағана бирламчи шаклида сақланмаган.

Мақбара бу шаклда хоннинг ўша пайтдаги меъмори Ғулом Ҳусайин томонидан 1542 йилда қурилган. У асимметрик гумбазсимон мақбара – ҳонақодан иборат. Ҳонақо зиёратчиларга турар жой сифатида ҳам беришга мўлжалланган. Мақбаранинг ёнида Қаффол Шошийнинг издоши бўлган Хожа Аҳрор яшаган уй ҳам сақланиб қолган.

Ушбу ёдгорлик катта тарихий ва бадиий аҳамиятга эга бўлиб, Ҳазрати Имом мажмуи таркибига киради. 2007 йилда мақбара қайта таъмирланган.

Бароқхон мадрасаси

Бароқхон мадрасаси (XVI асрнинг 40-йиллари) барпо этилиши тарихи Тошкент ҳокими бўлган уч киши: Суюнчхожахон (1509–1525) ва унинг икки ўғли: Келди Муҳаммадхон (1525–1533) ва Наврўз Аҳмадхон ёки Бароқхон (1533–1556 йилларда Тошкент вилояти ҳокими, 1554–1556 йилларда эса бутун ўзбек улус хони – марказлашган шайбонийлар давлати олий ҳукмдори) номи билан боғлиқ. Бароқхон мадрасаси ана шу тип ва мақсадда барпо этилган бинолардан яққол ажралиб туради: масжид ва дарсхона ўрнида қурилган иккита мақбара, айни маҳалда мадраса – очиқ ҳовли теварагида бутун жуссаси қовуштирилган меъморий мажмуа бўлишидек қоидага ҳам амал қилинган. Бино ташқи гумбазлари, пештоқлари тепа қисми қайтақайта қуришлар ва зилзилалардан ҳам азият чеккан. Шу тахлит Бароқхон мадрасаси ажойиб ва нафис нақшу нигорлари йўқлик қаърига юзланган эди. Айни маҳалда эски фотосуратларда ва археологик қазишмалар чоғида аниқланган қадамалар парчалари, шунингдек, қўлёзма манбалар бизга қадар сақланиб қолмаган меъморий зийнатларни қайта тикламоққа имкон беради. Буюк Имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Исмоил алҚаффол аш-Шоший табаррук мақбараси ёнида Тошкент ҳокимлари ва уларнинг қариндошлари сулолавий хилхонасини барпо этиш ғояси Суюнчхожахон кўнглида дунёга келган эди, дея тахмин қилиш ҳам мумкин. Мадрасанинг жануби-шарқий бурчагида жойлашган дастлабки унча катта бўлмаган мақбара-хонақоҳ ҳам чамаси Суюнчхожахон фармойишига биноан барпо этилган кўринади

Мўйи муборак мадрасаси

Ҳазрати Имом жоме масжидининг шимоли-ғарб тарафида мўъжазгина бир тарихий бино қад ростлаган. Унинг кунчиқарида кичикроқ, кунботарида каттароқ ўймакор ёғоч эшикларию мажмуанинг бошқа гумбазларига ўхшамас ҳаворанг гумбази бор. У – Мўйи Муборак мадрасаси. Мадраса илк бор XV асрда Бароқхон мадрасасининг қаршисида қурилган эди. Айтишларича, Хожа Аҳрор Валий то Самарқандга кетгунича, бу ерда бир муддат талабаларга дарс ҳам берган. Бироқ у мадраса бузилиб кетган.

Шу боис бўлса керак, мадраса ўрни аҳоли томонидан Хожа Аҳрор туғилган жой деб тушунилиб, Хожа Аҳрор майдони деб аталган.

1856-1857 йиллари Қўқон хони тайинлаган Тошкент ҳокими Мирзо Аҳмад қушбеги амри билан Мўйи Муборак мадрасаси пишиқ ғиштдан қайта қурилди. Бундай ном берилишига мадрасанинг махсус хоналаридан бирида кичкина шиша идишда Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муборак мўйлари Тошкент дурдоналарига саёҳат

ТИИ Ижтимоий фанлар кафедраси

катта ўқитувчиси Т.Азимов

Мақолалар

Top