muslim.uz
Отангга овозингни кўтарма, акс ҳолда...
Билгинки, агар сени отанг танбеҳ бериб уришаётган бўлса, бу отанг сени ёмон кўришини англатмайди.
Билгинки, отанг сендан бир нарсани жуда қаттиқ талаб қилаётган бўлса, у сенга яхши бўлишини хоҳлаётган бўлади.
Агар отанг сукут қилиб турган бўлса, сенинг келажагинг ҳақида тафаккур қилаётган бўлади.
Отанг сенга нисбатан иқтисод қилаётган бўлса, уни қизғанчиқ деб ўйлама. У сенга иқтисод қилган чоғида, ўзининг нафсига ҳамма нарсани ҳаром қилган бўлади.
Отанг агар «уҳ» тортаётган бўлса, бунинг сабаби фақат сен бўласан, эй фарзанд!
Агар отанг кулаётган бўлса, уни бахтли қилаётган ҳам сен бўласан.
Агар отангни қийналаётганини кўрсанг, демак, сен унинг насиҳатларига қулоқ солмаяпсан.
Агар отанг уйининг эшигини сенга ёпган бўлса, сен сира хафа бўлма. Отанг эшикни ёпиб, ичкарида ҳеч кимга билдирмай йиғлаётган бўлади.
Агар отангга овозингни баланд қилаётган бўлсанг, сен уни ўлдирибсан. Яъни уни маҳзунлик ва ғамга тўлдириб ташлаш билан қатл қилибсан.
Агар сен ўзингни адашган ва зое қилинган ҳолда кўрсанг, демак, отанг сенга ғазаб қилибди.
Эй фарзанд! Агар отангни тўшакка ётган, ҳолсиз, жим, ҳаракатсиз ҳолда кўрсанг, сен энг катта суянган тоғингдан ажралибсан. Шундай бир бўшлиқни пайдо қилибсанки, уни энди ҳеч қандай хотиралар тўлдира олмайди. Бир нарсани англагинки, отанг ўтиши билан барча яхшиликлар ва бу замона ҳам сендан ўтган бўлади.
Ота бизнинг аслимиздир. Фарзанд эса натижа ҳисобланади. Чунки бизда отамизнинг қони оқади. Бир инсоннинг қонини бутунлай алмаштирган тақдирда ҳам у бошқа инсон бўлиб қолмайди. Унда барибир отасининг қони пайдо бўлаверади. Ҳаром қон деган атама бор. Бу терминни тиббиёт соҳасида ҳам кенг қўллашади. Кислородга тўйинмаган қон – ҳаром қон ҳисобланади. Кислородга тўйинмаган қонни юрак қайта ишлай олмайди. У шу ҳолида бутун танага тарқалиб кетади. Бундай қон эса баданни бузади. Маънавий маънода эса ҳаром қон фарзандларни ота-онанинг юзига тек қарайдиган ва гапга унамайдиган қилиб қўяди. У доимо ота-онасига зарар беради. Бу мавзуни нега гапираяпмиз? Бу мавзуни кўтаришдан мақсад нима аслида?
Бугунги кунда бир нечта фарзанди бор, фарзандларининг ҳар бири шахсий машинага эга, аммо ота тўрва кўтариб бекатда автобус кутиб туришини қандай тушуниш керак? Ёки отаси билан ер талашиб судлашаётган ўғилни нима деб аташ мумкин? Ота-онаси ўтгандан кейин унинг мол-мулкини талашиб, арзимаган нарсалар учун юзкўрмас бўлиб кетаётган ака-ука, опа-сингилларнинг ишини қандай қабул қилиш керак?
Ота-она биз учун бу дунёда ҳам, охиратда ҳам жавоб беради. Аслида ҳамма ўзининг қилган гуноҳига жавоб беради. Аммо ота-оналаримиз азбаройи бизга яқинликлари учун бизнинг қилаётган ва қилган гуноҳларимизга жавобгар бўладилар. Ота-она ва фарзанд ўртасида ришта бўлгани учун. Фарзандлар ҳеч қачон ота-онасини муҳокама қилиши мумкин эмас. Фарзанд ота-онасига нисабатан доим холис бўлиши керак. Ота-она ҳам фарзанд тарбиясида ўз ўрнига эга бўлиши керак.
Оила бузлиб ажрим ҳолатлари кузатилганда ҳам ота фарзанднинг тарбиясида қоим бўлмоқлиги лозим. Фарзандни отадан ажратишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ота масофадан бўлсада, фарзанд тарбиясига қаттиқ эътибор бериши керак. Аввало, ўзини ёмон иллатлардан покламоғи даркор. Ота-она жаннат калитидир. Уларнинг фарзанд ҳаққига қилган дуоси фарзанднинг бахт ва камолга етиштирувчидир. Ҳаёт чоғида бу икки буюк зотнинг хизматида бўлиш, дуоларини олиш, розиликларига етишиш ҳар бир инсонга насиб айласин. Ҳаётдан ўтган чоғларида эса ўзимизнинг хайрли ишларимиз билан, ҳалол яшаш тарзимиз билан уларнинг ҳақларига дуолар қилиб, Аллоҳ таоло ўз раҳматига олишини сўрайлик.
Саййид Раҳматуллоҳ ТEРМИЗИЙ,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби
Ўзбекистон ва Миср муфтийлари учрашув ўтказдилар
Бугун, 9 июнь куни Қоҳирада ўтказилаётган халқаро анжуман доирасида Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Миср Араб Республикаси муфтийси Шавқий Иброҳим Аллом билан учрашув ўтказдилар. Унда Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчиси Мансур Қиличев, Миср Араб Республикаси муфтийлиги вакиллари ва бошқа мутасаддилар иштирок этди.
Самимий мулоқот чоғида Шавқий Аллом ҳазратлари Муфтий Нуриддин домла ҳазратларига нуфузли анжумандаги фаол иштироклари учун миннатдорчилик билдириб, у киши томонидан халқаро анжуманда билдирилган муҳим таклифлар таҳсинга лойиқ экани ва уларни амалиётга жорий этишда қўллаб-қувватлашини изҳор қилдилар.
Ўз навбатида Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ҳам Миср муфтийси Шавқий Аллом ҳазратларига халқаро анжуманга таклиф этганлари ва унинг юқори даражада ташкил қилгани учун ташаккур айтдилар.
Сермазмун учрашув чоғида икки давлат муфтийлари Миср ва Ўзбекистон қадимдан Ислом дини марказлари бўлгани, бу диёрлардан етишиб чиққан алломалар, хусусан, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Насафий ва “Соҳиби Ҳидоя” Бурҳониддин Марғилоний каби мутафаккирларнинг бутун дунёда Исломнинг ёйилиши ва ривожига муносиб ҳисса қўшганлари, бу қадим анъана бугунги кунда ҳам давом этаётганини таъкидладилар.
Хусусан, Ўзбекистон ва Миср давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари, диний-маърифий соҳага қаратаётган алоҳида эътиборлари натижасида икки давлат диний идоралари бутун дунё Ислом олами мамлакатлари учун бугунги куннинг долзарб мавзуларига бағишланган мана шундай халқаро анжуманлар ўтказаётганларини қайд этдилар.
Учрашувда Мисрдаги Дорул Ифто ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво маркази ўртасида ўзаро ҳамкорлик қилиш, хусусан, мутахассислар касб-маҳоратини ошириш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда долзарб мавзуларда замонавий фатволар ишлаб чиқиш каби муҳим масалаларга алоҳида диққат қилинди.
Миср муфтийси ал-Азҳарда жуда кўплаб ўзбекистонлик талабалар таҳсил олиши яхши кўрсаткич эканини таъкидлаб, ушбу олийгоҳда тўрт мазҳаб таълимоти қаторида Ҳанафий мазҳаби пухта ўрганилишини алоҳида қайд этди.
Мазмунли суҳбат давомида Муфтийлар Ўзбекистон ва Миср мусулмонлари идоралари фаолияти, соҳадаги ўзгариш ва янгиликлар, фаолиятда қўлланаётган янги иш услублари ҳақида ҳам ўзаро фикр алмашдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари
Юртимизда ислом илмларининг ўчоғи ҳисобланган Бухоро, Самарқанд ёки Насаф каби катта шаҳарлар бўлган. Мазкур шаҳарларда ўзига хос илмий мактаблар ҳам юзага келган. Тошкент шаҳрини ҳам худди шундай катта илм марказларидан бири дейилса, ҳеч муболаға бўлмайди. Бунинг далили сифатида бугунги кунимизда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ каби уламоларнинг етишиб чиқққанлиги билан исботлаш мумкин.
Шайх Муҳаммад Содиқ роҳимаҳуллоҳ ҳижрий 1371 йил 21-ражаб – мелодий 1952 йил 15-апрел куни Ўзбекистон Республикаси Андижон вилояти Асака туманида, Ниёзботир қишлоғида Муҳаммад Юсуф домла хонадонида таваллуд топди. 1960 йили Муҳаммад Юсуф домла диний хизмат юзасидан Андижоннинг Булоқбоши туманига имом бўлиб сайлангач, бу оила мазкур туманга кўчиб ўтди. Муҳаммад Юсуф домла мазкур Булоқбоши туманида 45 йил имом-хатиблик қилган ва ўз масжидида жума олдидаги мавъиза асносида вафот этган.
Етук аллома, мужаддид, муфассир, муҳаддис, фақиҳ, мутафаккир, муршид, зоҳид Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ ўз замонасида ислом оламининг йирик намояндаси, улкан арбоб, СССР Олий Кенгашининг халқ депутати, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг собиқ муфтийси, мустақил Ўзбекистоннинг биринчи муфтийси, кўплаб халқаро илмий муассасалар, диний ташкилотларнинг аъзоси, ўзбекзабон халқларнинг диний раҳнамоси бўлган.
Аллоҳ раҳмат қилсин, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ихлос ва тақво хонадонида дунёга келди. Отаси устоз Муҳаммад Юсуф домла Бойбўта ўғли раҳматли Андижон вилоятининг кўзга кўринган аҳли илмларидан, тақво ва ибодатда мустаҳкам, дину эл хизматида камарбаста киши бўлган. Аллоҳ раҳматига олсин, оналари Тилакберди қизи Собирахон она ҳам жуда содда, парҳезкор, ибодатгўй, фидокор, самимий аёл эди. Устоз Муҳаммад Юсуф домла ва Собирахон она фарзандларининг тарбиясига қаттиқ эътибор беришганди. Онаси чақалоқни имкон қадар бетаҳорат эмизмасди. Уни бир лаҳза ҳам назардан четда қўймас эдилар. Муҳаммад Юсуф домла фарзанди Муҳаммад Содиқнинг илм олишига бор эътиборларини қаратганди. Мактабда аъло баҳоларга ўқишига, уйда мустақил мутолаа қилишига алоҳида аҳамият берарди.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф илм талабини умрининг сўнгги онларигача тарк қилмади. У билан бирган Тошкент ислом институти ва Бухорадаги Мир араб мадрасасида Кавказ муфтийси Аллошкукр Пошшозода, Усмонхон Алимов, Россия ва Қозон муфтийси Талъа Тожиддин курсдош бўлганлар. Чеченистон президенти Аҳмад Қодиров ҳазратнинг шогирди бўлганлар. У киши ишлари, машғулотлари ниҳоятда кўп бўлишига қарамай, илмий баҳслари, таълифларидан ташқари мустақил мутолаани ҳам умрининг охиригача тўхтатмади. Шунинг учун ҳам умри мобайнида қилган юзлаб сафарларида фақат китоб олиб келарди ва ўзи учун янги бўлган ҳар қандай китобни ўқиб тамомларди.
Ҳазратнинг асарлари унинг диний илмдаги кенг қиррали билими ва бой илмий меросидан далолат беради. Улар нафақат замонамизнинг, балки келаси даврнинг талабига ҳам жавоб беради. Асарларда кўтарилган масалаларнинг долзарблиги боис, уларга асрлар оша кўплаб шарҳлар ва ҳошиялар ёзилиши тайин.
Алломанинг барча ёзган асарларини ўқиган китобхон қисқа фурсатда барча ижтимоий ва рухий тарбияга оид илм ва маълумотларни ўзида мужассам қилади. Хусусан ҳанафий фиқҳи бўйича мазҳабдаги аслий масалаларни ўрганиб чиқади. Ўрни келганда кўпроқ фикр юритиб, мужмал жойларини кашф қилишга уринади. Бу эса, масалани тўғри тушуиниш малакасини оширади.
Ҳазратнинг босиб ўтган шонли тарих йўлини ўрганган инсон ўзида мусофирлик ва муқимлик даврида инсон қандай ҳолатларда бўлиши ва ўша ҳолатларга тушган пайитда қанақа йўллар қўллаши борасида кенг маълумотларни ўзида жамлайди. Мисоли, ҳазрат Маккада пайитларида оналари вафот этган. Ҳазрат бундан қаттиқ маҳзун бўлганлар. Ҳаттоки, оналарининг дафн маросимига ҳам кела олмаганлар. Бу гаплар одамлар учун оддий ҳодисадай тўйилади. Лекин, ҳақиқий тафаккур қилиб, ўйлаган одам учун бу нарсаларнинг қалбидан ўтиши ва бу воқеани ҳис қилиши ўта оғир нарса. Албатта, ҳазратнинг бошидан ўтган ҳар бир воқеада мусулмон инсон учун катта бир ибрат бор.
Биз фақатгина ҳазрат ҳақларида қисқа маълумот келтириб ўтдик. Ёзсак мақола ва сиёҳ тугамайди. Аллоҳ таоло ҳазратимизни Ўзининг раҳматига бўркасин. Бизни ҳам у киши қолдирган илмий меросдан насибадор айласин!
Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, ҳазратнинг илмий меросларини чуқур ўрганиш, ҳаётга тадбиқ қилиш, унинг қолдирган асарларидан унумли фойдаланиб, ёш-авлодни маърифатли қилиш ва уларни ҳам ҳазрат каби улуғ олим қилиб тарбиялаш, ҳозирги замонамиз талабидир.
Тошкент ислом институти
4-курс талабаси Аҳадқулов Файзуллоҳ
Каттақўрғон туманида аҳоли билан мулоқотлар ташкил қилинди
8 июн куни навбатдаги сайёр йиғилиш Каттақўрғон туманида ташкил қилинди. Тумандаги мавжуд 31 та масжид имом-хатиблари ва ноиблар ҳамроҳлигида вилоятдаги 16 та шаҳар ва туман бош имом хатибларива 15 нафар иқтидорли имом-хатиблар тумандаги 31 та маҳаллаларга тарқалиб, жойларда аҳолининг кам таъминланган ва нотинч оилалар хонадонига ташриф буюрди. Шунингдек, маҳалла марказларида уюшмаган ёшлар билан суҳбатлар ташкил қилинди. Ҳар бир маҳалладаги фуқаролар сони, ижтимоий ҳолати ва муаммолари таҳлил қилинди. Шу билан бир қаторда вилоят ишчи гуруҳи Каттақўрғон туманидаги 31 та масжидда Пешин намозини ўқиб, йиғилган намозхонларга “Тинчлик қадри”, “Ёшлар келажагимиз”, “Оилангизни асранг”, “Ёт ғояларга алданманг” мавзуларида маърузалар қилдилар ҳамда уларнинг муаммо ва таклифларини тингладилар.Иш жараёнидаги ҳолатлар ишчи гуруҳ томонидан далолатнома асосида хатланди.
Ушбу тадбир давомида умумий ўрганилган хонадонлар ва ўтказилган учрашувлар сони қуйидагини ташкил қилди:
- Имом-хатиблар ташриф буюрган маҳаллалар сони: 31 та. Шундан 12 тасидамуаммолар борлиги аниқланди ва барчаси ижрога йўналтирилди;
- Кам таъминланган оилаларга ташриф: 130 та. Барчасига моддий ёрдам кўрсатилди.
- Ногиронлиги бор ва касалманд 19 нафар фуқаролар ҳолидан хабар олинди. Шундан барчасига моддий ёрдам кўрсатилди.
- Нотинч оилаларга ташриф: 9 та. Шундан 6 та оиладаги келишмовчиликлар ислоҳ қилинди. 3 нафари ўтказилган тушунтиришлардан ўзларига тегишли хулосалар чиқарди;
- Ичкиликка ружу қўйган 5 нафар фуқаро билан суҳбат ўтказилди. Буларнинг барчаси қилаётган ишларининг оқибатларини тўғри тушуниб етганлигини айтиб ўтди;
- Қўшниси билан низолашган 2 та оиланинг ўртаси ислоҳ қилинди;
- ЖИЭМда, қидирувда бўлган ва ИҲМ бўлган жами 35 нафар фуқароларнинг хонадонларида бўлиб, улар ва оила аъзолари билан суҳбат ўтказилди. Шундан Уларнинг барчасиЮртбошимизнинг олиб бораётган ислоҳотларидан ғоят мамнун эканликларини айтиб ўтди;
- Узоқ муддатга хорижга бориб келган 6 нафар шахслар билан ҳамда хозирда хорижда юрганларнинг 4 нафарининг оила аъзолари билан учрашиб, уларга зарур кўрсатма ва маслаҳатлар берилди. Шуларнинг барчаси мутаассиб фикрда эмаслиги маълум бўлди.
- Уюшмаган ёшлар билан 31 та МФЙда йиғилиш ўтказилди. Унда 400 нафарга яқин уюшмаган ёшларнинг иштироки таъминланди.
- Тумандаги 31 та масжидда Пешин намозини ўқиб, йиғилган намозхонларга долзарб мавзуларда маъруза қилинди. Унда 3000 нафардан ортиқ намозхонлар иштирок этишди.
- Юқорида айтиб ўтилган хонадонларга кўрсатилган жами моддий ёрдам миқдори: 28 млн сўмни ташкил қилди.
- Вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов Каттақўрғон туманидаги “Қаландархон” жоме масжидида туманда расмий фаолият олиб бораётган маҳалла муллолари ва отинойилар билан фаолиятларини янада такомиллаштириш юзасидан давра суҳбати ўтказди. Шундан сўнг, мазкур масжидда жамоатга Пешин намозини ўқиб бердилар ва намоздан сўнг жамоатга бугунги кундаги долзарб масалалар юзасидан мазмунли маъруза қилиб бердилар.
ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати