Рамазон-2018

Рўзанинг фазилати ва унга оид айрим масалалар

Маълумки, рўза ниҳоятда фазилатли ва буюк амаллардан ҳисобланади. Бу ҳақда ворид бўлган ояти карималар ва ҳадиси шарифлар ҳам машҳурдир. Қуйида эзгуликни эслатиш қабилида рўзанинг фазилатига доир айрим ҳадиси шарифларни эътиборингизга ҳавола этмоқчимиз. Сўнгра рўзага доир айрим фиқҳий масалалар билан танишамиз, иншоаллоҳ.

Ривоят қилинишича, Абу Умома ал-Боҳилий (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан “Қайси амал энг афзал?” деб сўради. Шунда Ул зот: “Рўза тут! Зеро, унинг тенги йўқдир!” дедилар (Имом Аҳмад, Насоий ва Байҳақий ривояти).

Рўзадор киши, ҳатто ҳеч нарса қилмасдан ётоғида ухлаб ётган пайтида ҳам ажр-савоблар қўлга киритади. Абул Олия айтадилар: “Рўзадор гарчи тўшагида ухлаб ётган бўлса-да ибодат ичра бўлур”. Ҳафса онамиз (розияллоҳу анҳуо): “Ётоғимда уйқуда бўлсам ҳам давом этадиган қандай ҳам яхши ибодат экан бу (рўза)?!” дер эдилар.

Ибн Ҳассосия (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: «Аллоҳ айтди: «Рўза оловдан қалқондир, рўза Менинг учундир, унинг мукофотини Мен бераман. Зеро, рўзадор емоғини, ичмоғини, нафсоний истакларини Менинг учун тарк этади. Рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳ наздида мушк ҳидидан ҳам ёқимлироқдир»(Бағавий ва Табароний).

Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда келтирилишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: «Аллоҳ айтади: «Ҳар кимсанинг аъзолари ҳаромдан, гуноҳлардан тийилмаса, емоқ-ичмоғини тарк этишига аҳамият бермайман» (Абу Нуайм).

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: «Рўза (дўзах ўтидан асровчи) қалқондир. Рўза тутган киши ёмон сўзларни сўзламасин, қўполлик қилмасин. Агар бирор киши уни уришса ёки ҳақорат қилса, икки марта «мен рўзадорман», десин. Аллоҳга қасамки, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳ наздида мушк-анбар ҳидидан ҳам хушбўйроқдир. Чунки Аллоҳ таоло: «Рўзадор Менинг учун емайди, ичмайди ва шаҳватини тарк қилади. Рўза холис Мен учундир, унга Ўзим ҳисобсиз савоб бераман. Ваҳоланки, ҳар бир яхшиликка ўн баробар яхшилик бордир» (Имом Бухорий).

Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) инсонлар ичида хайр қилишда энг сахийи эдилар. У зотнинг яна ҳам сахий бўлишлари Рамазон ойига тўғри келар эди. Рамазоннинг ҳар кечасида у зотга Жаброил алайҳиссалом келиб учрашар эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва салам) ундан Қуръонни ўтказиб олар эдилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Жаброил келган пайтда сахийликда тез эсган шамолдек бўлиб кетар эдилар» (Имом Бухорий).

Саҳл ибн Саъд Соъидий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Жаннатнинг бир эшиги бор, у Раййон деб аталади. Қиёмат куни ундан фақат рўзадорлар киришади, улардан бошқа ҳеч ким кирмайди. «Рўзадорлар қаерда?» дейилади. Рўзадорлар турадилар. У эшикдан улардан бошқа ҳеч ким кирмайди. Улар киргач, эшик беркитилади, (сўнг у эшикдан) бошқа ҳеч ким кирмайди», дедилар (Имом Бухорий, Муслим ва Насоий).

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Рўзадор икки бор хурсанд бўлади: биринчиси – оғиз очганида (ифтор қилганида) ва иккинчиси – рўза тутиб Аллоҳга ёруғ юз билан йўлиққанида», деганлар» (Имом Бухорий).

Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳ таоло ва Унинг фаришталари саҳарлик қилувчиларга раҳмат тилаб, дуо қиладилар», деганлар (Имом Табароний ва Ибн Ҳиббон).

Зайд ибн Холид Жуҳаний (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким рўзадор кишига ифторлик қилиб берса, у кишига ҳам рўза тутганнинг ажридек савоб берилади. Бу билан рўзадорнинг рўзасидан бирор нарса камайтирилмайди”, деганлар» (Имом Термизий).

Рўзанинг суннат ва мустаҳаблари

  1. Саҳарлик қилиш. Ундан мурод саҳар пайти туриб кундузи рўза тутиш ниятида еб-ичишдир. Ибн Мунзир саҳарлик қилиш суннат эканига олимлар иттифоқ қилганларини айтган. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг саҳарлик қилмасдан узлуксиз (ўткарма) рўза тутганликлари унинг вожиблигини билдирмайди. Саҳарлик қилиш билан мўминлар аҳли китоблардан фарқланиб турадилар. Саҳарликнинг энг ками бирон нарса еб олишликдир. Ҳеч бўлмаса бир қултум сув ичиб олинса ҳам, саҳарлик қилган ҳисобланади.

Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Саҳарлик қилингиз. Албатта, саҳарликда барака бордир», деганлар (Муттафақун алайҳи).

Ундан ташқари, саҳарлик қилувчиларга Аллоҳ ва Унинг фаришталари салавот айтишади.

Абу Саид ал-Худрий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилиб, дедилар: “Саҳарликни ейиш баракадир, шундай экан, ҳеч бўлмаса, бир қултум сув ичиб бўлса ҳам (саҳарлик қилинг), уни тарк этманг. Зеро, Аллоҳ азза ва жалла ва Унинг малоикалари саҳарлик қилувчиларга салавотлар айтурлар” (Имом Аҳмад ва Ибн Ҳиббон).

  1. Саҳарликни тонгга яқин қилиш. Саҳарликни туннинг охирги вақтигача яъни, тонггача олиб бориш мустаҳабдир. Саҳарлик вақти субҳ кириши билан тугайди. Зайд ибн Собит айтадилар: «Биз Расулуллоҳ билан саҳарлик қилдик. Сўнг у зот намозга турдилар. Мен: «Саҳарлик билан азон орасида қанча вақт бор?» деб сўрадим. У зот: «Эллик оят миқдорича» дедилар (Имом Муслим).

Бу ҳақда келган ҳадисларнинг барчаси саҳиҳ ва мутавотирдир. Саҳарлик қанчалик тонгга яқин қилинса, шунчалик афзал бўлади. Агар муаззин субҳи содиқ кириши билан азон айтадиган бўлса, азонгача кечиктиришнинг зарари йўқ. Кечроқ саҳарлик қилган киши кўпроқ ажр олади, кундузи ҳам тўқроқ юради. Еб-ичиб ўтирган киши тонг кириб қолганини сезиб қолса, еб-ичишни тўхтатади ва рўзасини тутаверади. Вақт жуда кам қолганини била туриб, ўзини ғафлатга солиб еб-ичиб ўтириш узр бўлмай қолиши мумкин. Шунингдек, эҳтиёт юзасидан деб субҳи-содиқдан анча илгари, масалан бир ёки ярим соат олдин оғиз ёпиб олиш ҳам суннатга хилофдир.

  1. Ифторни эртароқ қилиш. Бунинг маъноси, қуёш ботгани аниқ бўлганидан кейин дарҳол ифтор қилишдир. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу ҳақда шундай деганлар: «Одамлар ифторни эртароқ қилар эканлар, мудом яхшиликда бўладилар»(Муттафақун алайҳи).

Анас (розияллоҳу анҳу) айтадилар: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сув билан бўлса ҳам оғиз очмагунларича шом намозини ўқимас эдилар» (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис).

  1. Оғизни ҳўл ёки қуруқ хурмо ёхуд сув билан очиш. Энг афзали ҳўл хурмодир, энг оддийси сувдир. Хурмо билан оғиз очганда ундан тоқ миқдорда учта, бешта ёки етти дона еб очиш мустаҳабдир. Анас ибн Молик айтадилар: «Расулуллоҳ намоз ўқишларидан олдин оғизларини ҳўл хурмо билан, агар у бўлмаса қуруқ хурмо билан, агар у ҳам бўлмаса, бир неча қултум сув билан очар эдилар»(Табароний ривояти).
  2. Ифтор маҳали дуо қилиш. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) оғиз очганларидан кейин шундай дуо қилар эдилар:

«Заҳабаз-зомаъ, вабталлатил-уруқу ва сабатал-ажру ин ша Аллоҳ»«Чанқоқ қонди, томирлар ҳўлланди ва ажр собит бўлди, иншааллоҳ» (Бухорий ривояти).

Ибн Умар розияллоҳу анҳу эса шундай дердилар: «Эй Аллоҳим, мен Сендан ҳамма нарсадан кенг бўлган раҳматинг билан сўрайманки, гуноҳларимни кечир» (Ибн Можа ривояти, саҳиҳ ҳадис).

Рўза макруҳлари

Рўзадор учун қуйидаги ишларни қилиш макруҳ:

  1. Таҳоратда оғиз ва бурунни чайқаганда, томоқ ва димоғнинг охиригача сув олиш.

Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Бурунга сувни чуқур олгин, аммо рўзада ундай қилма», – деганлар (Асҳобус-сунан ривояти, саҳиҳ ҳадис).

Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) рўза пайтида оғиз ва бурунни қаттиқ чайқаганда ичга сув кетиб қолиш хавфи бўлгани учун ҳам бу ишни кариҳ кўрганлар.

  1. Ўпиш. Бўса шаҳватни қўзғатиб, рўза пайтида қатъиян ман қилинган жимоъга олиб келиши мумкин. Ҳадисларда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўз аҳлларини рўза ҳолларида ўпганликлари ҳақида айтилган. Лекин шу ҳадислар давомида у зот ўзларини тутиб турувчи киши эканликлари ҳам айтиб ўтилган. Шундан келиб чиқиб, айрим уламолар: «Киши ўзини тутиб тура олишига ишонса, бўса олиши жоиз, ўзига ишонмаса, бўса олиши ҳаромдир», деб айтишган. Инсон ўзини тутолмай қолиши мумкин. Шунинг учун бундан тийилиш афзал, эҳтиётсизлик макруҳдир.
  2. Аҳлига шаҳват назари билан боқиш.
  3. Жинсий алоқани фикр қилиш.
  4. Аҳлига шаҳват билан тегиниш.
  5. Сақич ёки шунга ўхшаш нарсаларни чайнаш. Бу ишни қилган одамни оғзи очиқ деб ўйлайдилар.
  6. Қозонда турган таом мазасини татиб кўриш (Аммо баъзи уламолар наздида овқат пиширувчи ўзини эҳтиёт қилган ҳолда зарурат юзасидан таомнинг тузини татиб кўриши жоиздир).
  7. Қон чиқариш ёки оқизиш. Бу ерда зулук ёки бошқа нарса воситасида кўп миқдорда қон олдириб ташлаш назарда тутилган. Чунки бу инсоннинг танасини заифлаштириб, рўзасини очиб юборишга мажбур қилиши мумкин. Баъзи аҳли илмлар қон олдиришни рўзани бузувчи амаллардан санаганлар. Тиббий таҳлил учун қўл учидан кам миқдорда қон олдиришнинг эса зарари йўқ. Чунки унинг танага таъсири сезилмайди.
  8. Висол, яъни икки-уч кун ифторсиз (ўткарма) рўза тутиш. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўткарма рўзадан қайтарганлар. Айрим уламолар шу ҳадисдан келиб чиқиб, ўтар рўзани ҳаром ҳам дейишган. Лекин макруҳ деган қавл кучлироқдир. Чунки бу ҳадисдан сўнг саҳобалардан айримлари Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга ўткарма рўза тутишган. Шунда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уларга индамаганлар. Агар у ҳаром бўлганида эди, унга сукут қилмасдилар. Чунки у зот учун ҳаромга сукут қилиб туриш мумкин эмас.

Юқорида санаб ўтилган ишларни қилиш гарчи рўзани бузмаса-да, унинг савобини камайтириши мумкин.

Рўзани бузувчи нарсалар

Рўзани қуйидаги нарсалар бузади:

  1. Жинсий алоқа. Бу рўзани бузувчи амалларнинг энг улканидир. Унинг Рамазон кундузида ҳаромлигига уммат билиттифоқ ижмо қилган. Рамазонда кундузи қовушиш ҳаромлигини била туриб, рўзадор экани эсида бор бўлган ҳолда, ўз ихтиёри билан жинсий алоқа қилган кимса қаттиқ гуноҳкор бўлиб, оғир каффоратни ўташи вожиб бўлади. Агар у бу ишини ҳалол санаса, диндан чиқиб, кофир бўлиб қолади (Аллоҳ асрасин). Унинг учун оғир каффорат қодирлигига қараб қуйидаги тартибда вожиб бўлади:

а) Мўмин қулни озод қилиш;

б) Икки ой узлуксиз рўза тутиш;

в) Олтмишта мискинни таомлантириш, бунда ҳар бир мискинга буғдой бўлса бир муддан, арпа, гуруч ёки хурмо каби нарсалардан бўлса ярим соъ бериш назарда тутилади. Бу ҳақда кейинроқ батафсил тўхталамиз. Агар киши бу ишнинг ҳукмини билмаса, рўзадор эканини унутиб қўйса, хато қилса ёки мажбурланса, жинсий алоқа сабабли рўзаси бузилмайди. Чунки юқорида саналган ҳолатлар узрли сабаблардир.

  1. Манийни сунъий йўл билан чиқариш. Бунга яширин одат ишлари киради. Ким Рамазон кундузи бу иш билан шуғулланса, рўзаси ботил бўлиб, қазо вожиб бўлади. Агар маний инсоннинг ихтиёрисиз, масалан, ухлаёатганда чиқса, рўза бузилмайди.
  2. Ичга озуқа киритиш. Бу икки хил йўл билан бўлади:

а) еб-ичиш. Ким қасддан, рўзалигини билиб туриб еб-ичса, қаттиқ гуноҳкор бўлиб, ҳанафий мазҳабига кўра унга юқоридаги оғир каффорат вожиб бўлади. Агар рўзалигини унутиб еб-ичиб қўйса, рўзаси бузилмайди. Унга қазо ҳам, каффорат ҳам лозим бўлмайди. Бунда кўп ейиш билан кам ейишнинг аҳамияти йўқ.

Умму Исҳоқ (розияллоҳу анҳо) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларида турганида бир идишдан сув олиб ичиб қўйди ва кейин рўзадорлиги эсига тушиб қолди. Шу ерда турган Зул-Ядайн:  «Энди, тўйганингдан кейинми?» деди. Шунда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Рўзангни охирига еткизавер. Албатта, бу Аллоҳнинг сенга берган ризқидир», дедилар (Аҳмад ва бошкалар ривояти, саҳиҳ ҳадис).

Оғиз, бурун ёки қулоқ орқали ошқозонга атайлаб бирон нарса киритилса, рўза бузилади.

б) Еб-ичиш маъносидаги нарсалар. Одамга қувват бўлувчи уколлар ва шу каби нарсалар еб-ичиш ҳукмида бўлади. Ким томиридан ёки мускулидан қувват бўлувчи уколлар олса, рўзаси бузилиб қазо вожиб бўлади, аммо унга каффорат лозим эмас.

  1. Қасддан қусиш. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ким қасддан қайт қилса, қазо тутиб берсин», деганлар (Асҳобус-Сунан ривояти, саҳиҳ ҳадис).

Аммо қайт қилиш беихтиёр амалга ошса, рўза бузилмайди. Киши қасддан қусмаслиги ва табиий равишда ўз-ўзидан келаётган қусуқни тўсмаслиги керак. Чунки бунинг соғлиққа зарари бор. Қасддан қусган кимсага қазо вожиб бўлади.

  1. Ҳайз қонининг келиши. Аёлларда ҳайз қонининг келиши рўзани бекор қилиб, қазони вожиб қилади. Ҳатто, ҳайз қони қуёш ботишига саноқли дақиқалар қолганда келиб ташқарига чиқса ҳам, рўза бузилади. Агар у ичдан кўчса-ю, бироқ қуёш ботгунча чиқмай, кейин ташқарига чиқса, ўша кунги рўзаси саҳиҳ бўлади. Бунинг учун қазо вожиб бўлмайди.
  2. Рўза тутиш ниятидан воз кечиш. Ким рўза ҳолида рўзасини очиб юборишни қалбдан қасд қилса, рўзаси бекор бўлиб, қазо вожиб бўлади.

Рўзадор учун мубоҳ (жоиз) бўлган ишлар

  1. Мисвок тутиш. Мисвок тутиш деганда «Арок» исмли ўсимликнинг томиридан кесиб олинадиган қаламча билан тишни тозалаш тушунилади. Кўпчилик уламолар уни рўзада ҳам жоиз, деб айтишган. Фақат айрим олимлар уни завол, яъни тушдан кейин ишлатиш макруҳ дейишган. Лекин улар ҳам рўзани бузувчи нарса нуқтаи назаридан эмас, балки: «Рўзадорнинг оғзидан келадиган ҳид Аллоҳ наздида мушкдан кўра хушбўйроқ саналади», – деган ҳадисга биноан макруҳ кўришган. Тиш пасталарини ишлатишнинг ҳукми ҳам мисвок кабидир, бироқ паста ичга ўтиб кетмаслиги керак, агар ўтиб кетса рўза бузилади.
  2. Тонгга қадар еб-ичиш ва аҳли билан қовушиш.
  3. Мубоҳ эҳтиёж учун сафар қилиш, ҳатто оғиз очишга тўғри келишини билса ҳам жоиз. Фақат юқорида айтилганидек, рўза тутишдан қутилиш мақсадида сафар қилмаса бас.
  4. Гўдак учун оғизда таом чайнаб бериш. Бунинг шарти чайнаб берувчи ўзининг ичига бирон нарса кетиб қолишига йўл қўймаслиги керак.
  5. Атир ва бошқа хушбўйликлардан фойдаланиш.

Юқорида санаб ўтилган нарсаларга шариатда таъқиқ келмагани учун уларни қилиш жоиз саналади.

 

Рўзадорга қуйидаги ишлар узрли ва кечиримли саналади:

  1. Тупук ютиш. Тупук кўп бўлса ҳам, уни ютишнинг зарари йўқ. Бу ерда бировнинг тупуги эмас, балки инсоннинг ўз оғзида пайдо бўладиган сўлаги назарда тутилган.
  2. Қусуқ ғолиб келиб, ташқарига чиқиши ва унинг бирон қисми ичга қайтиши.
  3. Искабтопар каби майда ҳашаротларни ихтиёрсиз ютиб юбориш.
  4. Йўл, завод ва фабрикаларнинг чанги, ёнаётган ўтин тутуни ва бошқа сақланиш қийин бўлган ҳидларни ютиб юбориш.
  5. Ғусл вожиб бўлган ҳолда тонг оттириш. Агар у саҳарликдан олдин ғусл қилиб олса, афзал бўлади. Аммо шу ҳолатда саҳарлик қилиб рўза тутиши ҳам жоиз, ғуслни тонг отгандан кейин қилаверади. Чунки ҳадисларда бу икки ҳолатга рухсат бордир.
  6. Рўза ҳолатида булғаниб қолиш. Буни араб тилида «иҳтилом» дейилади. У балоғатга етиш аломатларидан биридир. Ким рўза ҳолида уйқусида ихтиёрсиз булғаниб қолса, ғусл қилиб, рўзасини давом эттираверади. Бундай ҳолатда рўза бузилмайди.
  7. Хато қилиб ёки эсдан чиқариб еб-ичиб қўйиш. Бу ҳақдаги далиллар юқоридаги бобларда ўтди.

 

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,
Тошкент шаҳридаги “Мирза Юсуф”
жоме масжиди имом хатиби
 

 

Read 41646 times

Видеолавҳалар

Top