Аудио

Намоз сабоқлари: Намозни бузадиган ҳоллар ва намознинг вожиблари, суннатлари, мустаҳаблари (Аудио)

НАМОЗНИ БУЗАДИГАН ҲОЛЛАР

 

намоз пайтида гаплашиш;

бирор нарса ейиш ёки ичиш;

ўзи эшитадиган даражада кулиш (ёнидаги эшитадиган қилиб кулса, таҳорат ҳам бузилади);

бировга салом бериш ёки саломга алик олиш;

қибладан бошқа томонга бурилиш;

дунёвий бирор ташвиш туфайли «уф» тортиш, «оҳ-воҳ» дейиш ва йиғлаш, (гуноҳларига тавба қилиб, Аллоҳдан кечиришни сўраб йиғласа бўлади);

атайлаб йўталиш;

бир рукнда уч мартадан ортиқ ҳаракат қилиш (масалан, кийимни тўғрилаш, қашиниш ва ҳоказо);

намозда ўқиладиган оятларни маъноси бузиладиган даражада хато ўқиш;

намоз ўқилаётган пайтда таҳоратнинг синиши.

сажда ҳолида иккала оёқ учи ҳам бирданига ер (жойнамоз)дан узилиши.

НАМОЗНИНГ ВОЖИБЛАРИ

 

  1. Қиёмда Фотиҳа сурасини ўқиш.
  2. Фарз намозларининг аввалги икки ракати, витр ва нафл намозларининг ҳар ракатида Фотиҳадан кейин яна бир сура ўқиш.
  3. Уч ва тўрт ракатли намозларда иккинчи ракатдан кейин ўтириш.
  4. Имом бомдод, ҳайит, жума намозларида, шом, хуфтон намозларининг аввалги икки ракатида Фотиҳа ва зам сурани овоз чиқариб ўқиши. Пешин ва аср намозларини имом ҳам, якка ўзи ўқиётган намозхон ҳам овоз чиқармай ўқиши.
  5. Витр намозида Қунут дуосини ўқиш.

 

НАМОЗНИНГ СУННАТЛАРИ

 

«Аллоҳу акбар» деб намоз бошлагандан кейин Сано ўқиш.

Санодан кейин ичида ўзи эшитадиган даражада «Аъузубиллаҳ» ва «Бисмиллаҳ»ни айтиш.

Фотиҳани ўқиганидан кейин ёнидагиларга эшиттирмай «Омин» дейиш.

Имом рукудан кейин «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ» деб турганида, ичда: «Роббана лакал ҳамд» дейиш. Намозни ёлғиз ўқиганлар иккаласини ҳам айтиши.

Намозда бир ҳолдан иккинчи ҳолга ўтаётганда (масалан, рукудан саждага) «Аллоҳу акбар» дейиш.

Рукуда қўл бармоқлари орасини очиб икки тиззани маҳкам чангаллаш, камида уч марта «Субҳана роббиял ъазийм» дейиш. Аёллар бармоқларини тизза устида, жипс ҳолда тутишади, тиззаларини бир оз букишади.

Саждада қўлларни қулоққа яқин, қулоқдан бир нарса ташланса қўл панжаси устига тушадиган даражада  қўйиш, қўл бармоқларини жипс тутиш.

Саждада эркаклар билакларини ерга ҳам, қобирғасига ҳам теккизмасдан тутиши ҳамда оёқларининг бармоқларини қиблага қаратиб туриши. Жамоат намозида ёнидаги кишига тирсагини теккизмаслик. Аёллар эса, қўлларини ёнларига жипс этган ҳолда ерга теккизиб, сажда қиладилар.

  1. Эркаклар ўтирганда чап оёғи устига ўтириб, ўнг оёғини тик тутиб, бармоқларини қиб­лага қаратиб ўтириши, аёлларнинг эса икки оёқларини ўнг томондан чиқариб, чап қуймичига ўтириши.
  2. Эркаклар тик турганда икки оёқ орасини тўрт бармоқ кенглигида тутиши. Аёллар оёқларини жипс тутишади.
  3. Ташаҳҳуд («Аттаҳиёт»), салавот, дуо ўқиш.
  4. Аввал ўнг, кейин чап томонга салом бериш.

 

НАМОЗНИНГ МУСТАҲАБЛАРИ

 

Кўча-кўйда ёки далаларда, умуман, очиқ жойларда намоз ўқимоқчи бўлса, олдидан бирор ҳайвон ёки инсон ўтмаслиги учун бир тўсиқ – сутра қўйиш.

Намоз бошлаётганда «Аллоҳу акбар» деб бош бармоқларини қулоқ юмшоғига, кафтини эса қиблага қаратиш. Аёллар эса, қўлларини кўкрак баробарида кўтариб, сийналари устига қўядилар.

Муаззин иқоматда «Ҳайя ъалас-солаҳ» дейиши билан ўрнидан туриш, «Қод-қоматис-солаҳ» деганида, «Аллоҳу акбар» деб намозни бошлаш.

Қиёмда сажда қиладиган ерга, рукуда оёқ устларига, саждада бурнининг юмшоғига, қаъдада кўкраклари ўртасига, саломда эса елкасига қараш.

Саждага боришда тик тушиб, аввал тиззаларини, кейин қўлларини ерга қўйиш.

Намозда эсноқ келса, оғизни очмаслик. Агар бунга кучи етмаса, чап қўл кафти орқаси билан оғизни ёпиш.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

матбуот хизмати

 

Read 4567 times

Видеолавҳалар

Top