Рамазон-2019

Қалб рўзаси

Аллоҳ таолога ҳамд-санолар бўлсин. Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафo (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот-саломлар бўлсин. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

“...Кимки Аллоҳга имон келтирса, (У) унинг қалбини тўғри йўлга ҳидоят қилур..” (Тағобун, 11).

Қалб ҳидояти барча ҳидоят асоси, тавфиқ негизи, умр моҳиятидир. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Огоҳ бўлинг, жасадда бир гўшт парчаси бор. У солиҳ бўлса, жасад солиҳ бўлади. У бузилса, бутун жасад бузилади. У қалбдир”, дедилар ( Имом Бухорий, Муслим).

Қалбнинг солиҳ бўлиши икки дунёда саодатга эришиш гаровидир. Унинг бузилиши эса чегарасини Аллоҳ таоло биладиган ҳалокатдир.

“Албатта, бунда (уйғоқ) қалб эгаси бўлган ёки ўзи ҳозир бўлиб, қулоқ тутган киши учун эслатма бордир” (Қоф, 37).     

Ҳар бир махлуқнинг қалби бор. Қалб тирик ёки ўлик бўлиши мумкин. Тирик қалб нур билан уради, имон билан ёришади, ишонч билан лиммо-лим тўлади, тақво билан тўлиб тошади. Ўлик қалб эса касаллик, иллатдан иборат бўлади. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай марҳамат қилади:

“Уларнинг дилларида иллат (шубҳа ва такаббурлик) бор. Аллоҳ уларга (шу) иллатни зиёда қилди...” (Бақара,10).

”Ахир, улар Қуръон (оятлари) ҳақида фикр юритмайдиларми?! Балки дилларда «қулфлари»бордир?!” (Муҳаммад, 24).

“Улар дедилар: «Дилларимиз сен бизларни даъват қилаётган нарсадан тўсилган, қулоқларимизда эса оғирлик (карлик) бордир” (Фуссилат, 5).

Бу оятлар қалб касал бўлиши ҳамда ўлишига далил бўлади. Аллоҳ таоло душманларининг қалблари кўксларида турса-да, ҳақиқатни кўрмайди ва ҳидоят тополмайди. Шунинг учун Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй қалбларни ўзгартирувчи зот, қалбимни динингда қарор топтиргин”, деб дуо қилар эдилар

Мўминнинг қалби Рамазонда ҳам бошқа ойларда ҳам рўза тутади. Қалб ҳалок қилувчи нарсалардан, фосид эътиқодлардан, исёнкор васвасалардан, ёмон ниятлардан, даҳшатли хатарлардан тийилиш билан рўза тутади. 

Мўминнинг қалби Аллоҳ таоло муҳаббати билан тўлиб тошади. Раббисини исм ва сифатлари ила тинийди. Унинг қалбида нур бўлади ва заррача зулмат қолмайди. Абадий рисолат, самовий таълим ва раббоний нурлари билан Аллоҳ таоло бандани яратган вақтдаги фитрат нури қўшилиб, икки буюк нур ҳосил бўлади. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай зикр қилинади:

“...(Мазкурлар қўшилганда эса) нур устига нур (бўлур). Аллоҳ ўзининг (бу) нурига ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. Аллоҳ одамлар (ибрат олишлари) учун (мана шундай) мисолларни келтирур. Аллоҳ барча нарсани билувчидир” (Нур, 35).

Мўминнинг қалби қуёш каби нур сочади, тонг каби ёришади Қуръон эшитса, имон нури зиёда бўлади, тафаккур қилса, ишончи ортади.

Мўминннинг қалби кибрдан рўза тутади, чунки у рўзани бузади. Кибр  ҳаром бўлгани учун мўминнинг қалбини обод қилмайди. Кибр қалбни эгалласа, бу қалб соҳиби касал бўлади. Аллоҳ таоло бандаларини кибрдан қайтариб шундай дейди:

“Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки, Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас” (Луқмон, 18).

Мўминнинг қалби ўзига бино қўйиш каби иллатдан рўза тутади. Ўзига бино қўйиш инсонга ўзини мукаммал, афзал қилиб, бошқаларда йўқ яхшиликларни ўзида бордек қилиб кўрсатади. Бу айни ҳалокатдир. Бу ҳақида Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳалок қилувчи нарсалар учтадир. Кимса ўз-ўзига бино қўйиши, бахиллик қилиши ва эргашилган ҳавои нафс”, дедилар (Баззоз ривояти).

Мўминнинг қалби ҳасаддан рўза тутади, чунки ҳасад солиҳ амалларни йўққа чиқаради, қалб нурини ўчиради, қалбни Аллоҳ таолога боғланишига тўсқинлик қилади. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: 

“Ёки (улар) Аллоҳ Ўз фазлидан берган неъматлари учун одамларга ҳасад қилишадими?” (Нисо, 54).

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Мўмин банданинг ичида Аллоҳнинг йўлидаги (амалда ютилган) чанг ва жаҳаннамнинг олови жам бўлмайди. Бир банданинг ичида имон билан ҳасад жам бўлмайди”, дедилар” (Ибн Ҳиббон).

Эй Раббимиз, қалбимизни тўғри йўлингга ҳидоят этиб, иймонда барқарор эт. Ушбу Рамазон ойида ҳам жисмонан, ҳам қалбан, ҳам руҳан рўза тутишни насиб қил. 

 

Баҳриддин ПАРПИЕВ

Read 36776 times

Видеолавҳалар

Top