Рамазон-2019

Раҳмат даҳаси раҳматидан бебаҳра қолмайлик

Рўза гуноҳларга каффорат бўлишини ҳаммамиз биламиз. Аммо барча рўза тутувчиларнинг ҳам гуноҳлари кечирилавермас экан. Бунинг учун рўзани ихлос билан, Аллоҳга тақво билан тутиш талаб этилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан шундай ривоят қилади: “Шундай рўзадорлар борки, уларнинг рўзаси фақатгина очликдан бошқа нарса эмас. Яна қанчадан-қанча кечаси туриб намоз ўқувчилар борки, уларнинг (намозда) туришидан фақатгина уйқусизлик қолади, холос” (Ибн Можа, Аҳмад ва Байҳақий ривояти).

Агар банда рўза тутиб, қайтарилган ишлардан тийилмаса, Аллоҳга тақво қилмаса, унинг кун бўйи оч юриб, ташна бўлгани қолади. Унга ҳеч қандай савоб берилмайди.

 Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Кимки (рўзадор ҳолида) ёлғон сўз ва унга амал қилишни ташламаса, Аллоҳ таоло у банданинг таом ва ичимлигини тарк қилишига муҳтож эмас” (Бухорий ва Абу Довуд ривояти).

Ушбу ривоятда банда энг кўп содир этадиган гуноҳ алоҳида зикр қилинмоқда. Қўл ёрдамида гуноҳ қилишдан кўра тил билан гуноҳ қилиш кўп учрайди. Тил билан қилинадиган гуноҳлар ичида энг кўп учрайдигани бу ёлғондир. Кимки рўза тутиб, ёлғончиликни ташламас экан, Аллоҳга у банданинг оч юриши керак эмас.

Аллоҳ бандалари ибодатини қабул қилишда асосан ботиний жиҳатга, банданинг қалб ҳолатига назар солади. Агар банда рўзадор бўла туриб, фақатгина овқатдан ўзини тийсаю, аммо тилини ёлғон, туҳмат, ғийбат ва шу каби қабиҳ сўзлардан сақламаса, Аллоҳ у банданинг кун бўйи оч юришига муҳтож эмас. Баъзи рўзадорлар борки, улар рўза тутиб, кун бўйи ғийбат, чақимчилик, туҳмат, бўҳтон ва шу каби гуноҳлар кўчасидан бери келмайдилар. Бундай рўзадорларнинг “рўза тутгани” фақат ифторга борибгина эсига тушади.

Биз тонгда оғзимизни ёпганимизда уни ёлғон ва ҳаром сўзлардан, кўзимизни номаҳрамларга боқишдан, қўлимизни зулмдан сақлаш, оёғимизни маъсиятга қадам босишдан тўсишни унутмаслигимиз лозим. Шундагина кўзланган мақсад ҳосил бўлади.

Шундай ҳоллар бўладики, банда ўзи хоҳламаган тарзда ўзгалар билан тортишишга, ўзини ҳимоя қилишга тўғри келиб қолади. Бундай вазиятда қандай йўл тутишни бизга Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам ўргатганлар. Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Сизлардан кимки рўзадор бўлса, бас, уят сўзларни гапирмасин, жоҳиллик қилмасин! Агар биронтаси у билан сўкишмоқчи ё уришмоқчи бўлса, бас: “Мен рўзадорман, мен рўзадорман”, десин” (Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривояти).

Ҳақиқий рўзадор бошқалар билан тортишиб, ўзининг ҳам, бировнинг ҳам асабини бузиб, рўзасини савобини камайтириб, вақтини зое кетказиб ўтирмайди. Балки у рўзадор экани, шу сабаб жанжаллашиб ўтиришни ўзига лойиқ кўрмаслигини маълум қилади.

Бошқа тарафдан олиб қараганда, банда рўза тутса, унда тақводорлик ҳисси ортади. Рўза тутган банда Аллоҳни яхшироқ англайди, ибодатларга эътибори ортади, намозда хушуъ пайдо бўлади. Зеро, ихлос билан рўза тутган бандани Аллоҳ тақвога бошлайди.

Рўза пайтида банда таом ва ичимликни тарк қилади. Мана шу иккиси истеъмолида ҳаддан ошиш бандани нафс қулига айлантиради. Рўзадорлик чоғида нафақат таом, балки маънавий жиноятлар, гуноҳлардан тийилишга ҳам ҳаракат қилинади.

Иккинчи тарафдан, рўзадан мақсад тақво ва рўза тутган бандага тақво сари йўқ очилар экан, қайси банда рўза тутиб, фақат моддий жиҳатга эътибор берса, маънавий рўзани эсдан чиқарса, унинг рўзаси мукаммал бўлмайди, нуқсонли бўлиб қолади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, рўза тутиш даврида овқатдан тийилиш билан бирга тил, кўз, қулоқ, қўл-оёқларни ҳам ножоиз ишлардан сақлаш, асосан тақвога эътибор бериш керак бўлади. Банда рўза тутмаган пайтида ҳам ушбу аъзоларини ҳаром ишлардан тийиши шарт. Аммо, рўзадорлик пайтида бу нарсага кўпроқ эътибор бериш талаб этилади. Зеро, рўзадан мурод тақводир.

Барчамизга маълумки, муҳтарам азизлар, бугунги кунда барчаларимиз интизорликда кутган, мусулмонларнинг ҳар томонлама покланадиган улуғ ой – муборак Рамазони шарифда Аллоҳнинг бизга ато этган неъматларидан баҳраманд бўлиб турибмиз. Бу ойнинг дастлабки ўн куни "раҳмат" даҳаси ҳисобланади. Бу даҳада рўйи заминга Аллоҳнинг раҳмати ёғилади. Яратганнинг ўзи қодир қилганича рўза тутиб, таровеҳ намозларини адо этган бандасига албатта Ўз раҳматини ато этади. Илоҳим, барчаларимизни Аллоҳ раҳматига эришган бандаларидан қилсин! Юртимиз тинч, халқимизнинг ҳаловат ва хотиржамлиги давомли бўлсин!

Умида АЗИЗ тайёрлади

Манба: https://azon.uz

Read 40354 times

Видеолавҳалар

Top