www.muslimuz

www.muslimuz

Бугун, 15 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари водий сафари давомида Андижон вилоятидаги “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юртига ташриф буюрдилар.

Ташриф давомида Муфтий ҳазратларига Андижон вилояти бош имом-хатиби Мирзамақсуд домла Алимов ва билим юрти мудири Рустамжон домла Маҳмудов ҳамроҳлик қилди.

Муфтий ҳазратлари билим юрти фаолияти, педагог-ўқитувчи ва талабаларга яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар, хусусан, у ердаги ўқув хоналари, дарс жараёнлари ҳамда режалаштирилган қурилиш-таъмирлаш ишларини кўздан кечирдилар.

Ташриф чоғида Муфтий ҳазратлари муассасада талаба-ёшлари мулоқот қилдилар. Суҳбат асносида толиби илмларга барча билимларни пухта эгаллаши, келажакда етук олим бўлиб етишишга астойдил ҳаракат қилиши лозимлигини таъкидладилар. Шунингдек, Муфтий ҳазратлари талабалар билан араб тили ва фиқҳ фани бўйича савол-жавоб қилдилар. Ушбу билимлардаги талабаларнинг заковати барчани мамнун этди.

Шундан сўнг Муфтий ҳазратлари таълим муассасасида устоз ва шогирдлик мақоми ҳақида илмий суҳбат қилиб бердилар. Унда илм талаб қилиш йўлида чекиладиган машаққатлар, илмга амал қилиш билан зийнатга эга бўлиши, илм аҳлининг даражалари, устозга эҳтиром, илмда бардавом бўлиш билан ривож топиши ҳақида Қуръони карим оятлари, ҳадиси шариф ва уламолар ҳаётидан мисоллар ила тушунтириб бердилар. Шунингдек, Муфтий ҳазратлари таълим муассасаси фаолиятини янада ривожлантириш борасида тавсия ва фикр-мулоҳазаларини билдириш билан бирга, устоз ва талабалар ҳаққига дуои хайр қилдилар.

Маълумот учун, “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юртида 170 дан зиёд талаба таҳсил олади. Уларга 42 нафар малакали педагог-ўқитувчи дарс беради.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

بسم الله الرحمن الرحيم

Таассуфлар бўлсинки, ҳозирда айрим илмсиз ёшлар энг нозик ва қалтис масалаларни кўтариб, мусулмонлар бирлигига раҳна солиш билан шуғулланмоқдалар. Динда ғулувга кетиб, ғайридинлар ҳақидаги оят ва ҳадисларни нотўғри талқин қилган ҳолда уларни мусулмонларни кофирга чиқаришга қурол қилмоқдалар. Бу жуда ҳам хатарли ва қалтис йўлдир. Бу йўлда кўпчилик тойилиб, адашиб кетган. Шундай паллада ёшларни хатарлардан огоҳ этиш ҳар бир зиёли, маърифатпарвар инсоннинг бирламчи вазифалари сирасига киради.

Бугунги кунда айрим адашган тоифалар минг йиллардан бери аждодлари мусулмон бўлиб келган ва ўзлари ҳам Ислом динига амал қилиб келаётган жамиятимизни куфр диёри деб эълон қилишлари, ундан кейин бу ердан ҳижрат қилишга даъват қилиш, ўзларининг мақсадларига эргашган ёшларни жиҳод қилиш ва “шаҳид” бўлишга даъват қилишмоқда. Бунда “такфир”, “ҳижрат”, “жиҳод”, “шаҳидлик” тушунчаларини аслиятидан бузиб талқин қилиб, ғўр ёшларни алдашмоқда. Шу мақсадда ушбу шаръий истилоҳларни асл моҳиятини далиллар асосида ёритишни мақсад қилдик.

Такфир тушунчаси:

“Такфир” тушунчаси “бировни кофирга чиқариш”, “кофир деб ҳисоблаш” маъноларини англатади. Шариатимизда мусулмон кишини аниқ ҳужжат бўлмасдан туриб, “кофир” деб ҳукм қилиш ўта хатарли бўлиб, асло мумкин эмас. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:

لا تَقُولُوا لِمَنْ أَلْقَى إِلَيْكُمُ السَّلامَ لَسْتَ مُؤْمِناً

“Сизга салом берган кимсага, мўмин эмассан, деманглар” (Нисо сураси 94-оят).

Демак, Аллоҳ таоло бу ояти каримада шошма-шошарлик билан бировнинг мўмин эмаслиги ҳақида ҳукм чиқариб, иш кўришдан қайтармоқда.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ” деб турган шахсни кофирга чиқариш хатарини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар:

‏ "‏ثَلاَثَةٌ مِنْ أَصْلِ الإِيمَانِ:‏ الْكَفُّ عَمَّنْ قَالَ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَلاَ نُكَفِّرُهُ بِذَنْبٍ وَلاَ نُخْرِجُهُ مِنَ الإِسْلاَمِ بِعَمَلٍ"

(رَواهُ الإمامُ مسلم عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رضي الله عنه).

Уч нарса имоннинг аслидандир. “Ла илаҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик, уни гуноҳи туфайли “кофир” демаймиз, амали туфайли Исломдан чиқармаймиз” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон киши бошқа диндошига нисбатан қандай муносабатда бўлиши борасида аниқ ҳукм берилмоқда. Яъни ҳақиқий мўмин бошқа биродарини гуноҳи туфайли кофирга чиқармаслиги, уни қилган амали сабабли унга “мўмин эмас” деган сўзни айтмаслик лозимлиги уқтирилмоқда.

Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

"وَمَنْ قَذَفَ مُؤْمِناً بِكُفْرٍ فَهُوَ كَقَتْلِهِ" (رَواهُ الإمامُ البُخاري عن ثابتٍ بنِ الضَحَّاكِ رضي الله عنه).

“Ким мўмин кишини кофирга чиқарса, уни ўлдиргандек (гуноҳкор) бўлади” (Имом Бухорий ривоятлари).

Кофирга чиқаришнинг хатари ҳақидаги машҳур ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

"أَيُّمَا امْرِئٍ قَالَ لأَخِيهِ: يَا كَافِر؛ فَقَدْ بَاءَ بِهَا أَحَدُهُمَا؛ إِنْ كَانَ كَمَا قَالَ، وَإِلا رَجَعَتْ عَلَيْهِ"

)رواه الإمامُ مسلم عن عبدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ رضي الله عنه(

“Агар киши ўз биродарига: “Эй кофир” деса, иккисидан бири кофир бўлади. Агар биродари ҳақиқатан ҳам кофир бўлса, тўғри айтган бўлади, акс ҳолда бу гапи кофир дегувчини ўзига қайтади” (Имом Муслим ривоятлари).

Бу маънодаги ҳадисларни яна кўплаб келтириш мумкин. Уларнинг барчасида инсон бошқа мусулмонларни кофирга чиқаришга шошмаслиги, айбланган шахс у айтганидек бўлмаса, ўзи ўша сифатга дохил бўлиб қолиши таъкидланган.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълимларини олган саҳобаи киромлар ва улардан кейинги уламоларимиз ҳам мусулмонни “кофир” дейишдан қаттиқ ўзларини эҳтиёт қилганлар. Чунки улар бу ишда катта гуноҳ борлиги ва бу гап ўзига қайтиб қолишидан хабардор эдилар.

Бу масалада Мулла Али Қорий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар:

قَالَ عُلَمَاؤُنَا: إِذَا وُجِدَ تِسْعَةٌ وَتِسْعُونَ وَجْهًا تُشِيْرُ إِلَى تَكْفِيْرِ مُسْلِمٍ وَوَجْهٌ وَاحِدٌ إِلَى إِبْقَائِهِ عَلَى إِسْلاَمِهِ فَيَنْبَغِي لِلْمُفْتِي وَالْقَاضِي أَنْ يَعْمَلاَ بِذَلِكَ الْوَجْهِ

Уламоларимиз айтадилар: “Агар (бирор сўз ёки иш устида) мусулмонни кофир дейишга далолат қиладиган тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, мусулмон деб билишга далолат қилувчи биргина далил бўлса, муфтий ва қозилар учун ўша битта далилни олиш лозим бўлади(“Шарҳуш-шифо” китоби).

Демак, ҳозирги  кундаги адашганлар бу масалада: “Мўмин дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир дейиш учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизини қўйиб, ўша бир далилни олиш керак”, – дейишгача бориб етдилар. Бу эса барча аҳли сунна уламоларимизнинг тутган йўлларига тамомила зиддир.

Ҳижрат тушунчаси:

Ижтимоий тармоқларда юртимиз мусулмонларини мамлакатни тарк этиб қонли урушлар кетаётган ҳудудлардаги жангари гуруҳларга қўшилишга даъват қилувчи ҳамда ушбу амални гўёки “ҳижрат” эканини даъво қилаётган чақириқлар кузатилмоқда.

Сохта даъватчилар Ислом динидаги муқаддас тушунчаларни ғаразли сиёсий мақсадлар йўлида сохталаштирган ҳолда талқин қилиб, тинч-тотув ва озод мамлакатда, барча ибодатларни хотиржамлик билан адо қилиб турган мусулмонларни қуролли тўқнашувлар кетаётган мамлакатларга чақирмоқдалар. Ҳижратга даъват қилаётганлар: “Мусулмонларнинг барчасига ҳижрат қилиш фарз бўлди, ҳижрат қилмаган кофир бўлади”, дейиш даражасига бормоқда.

“Ҳижрат” сўзи араб тилида “ажрамоқ”, “тарк этмоқ” маъноларини беради. Ҳижратнинг шаръий маъноси эса – Аллоҳ таолонинг розилиги йўлида “Куфр диёри”ни тарк этиб “Ислом диёри”га кўчишга айтилади.

Демак, таърифдан маълум бўлмоқдаки, шариатда катта савоб ваъда қилинган ҳижрат мақомига етишиш учун Аллоҳ таолонинг розилиги йўлида “Куфр диёри”дан “Ислом диёри”га кўчиш керак экан. Акс ҳолда бу шаръий ҳижрат бўлмайди, фарз ёки вожиблик касб қилмайди, балки оддий бир манзилдан бошқасига яшаш учун кўчиш бўлиб қолади.

Таърифда келтирилган “Ислом диёри” ва “Куфр диёри” тушунчаларини ҳозирги кунда нотўғри талқин қилиниши натижасида Аҳли суннат уламоларининг ҳукмларига зид, сохта фатволар тарқалиб, мусулмонлар ўртасида ихтилофлар вужудга келмоқда. Улар мусулмонлар яшайдиган юртларни “Куфр диёри” деб атаб, бу юртлардан ҳижрат қилиш фарз бўлди демоқдалар.

Бугунги кунда тинч мамлакатда яшаб келаётган мусулмонларни хориждаги жангарилар ҳузурига гўёки ҳижратга чиқиши фарз амал эканини даъво қилаётганлар Қуръоннинг “Нисо” сураси 97-оятини далил қилади: “Ўзига зулм қилувчи ҳолида жони олинаётганларга фаришталар: “Нима қилаётган эдинглар?” – дерлар. Улар: “Ер юзида бечора эдик”, дерлар. “Аллоҳнинг ери кенг эди-ку, ҳижрат қилсангиз бўлмасмиди?” – дерлар. Ана ўшаларнинг жойи жаҳаннамдир. У қандай ҳам ёмон жой!”. Аслида ушбу оят аввал Ислом динини қабул қилиб, Маккада яшаб келган бўлсада, милодий 624 йилда бўлиб ўтган Бадр жангида маккалик мушриклар сафида туриб, мусулмонларга қарши жангда иштирок этган ва ўлдирилганлар ҳақида нозил бўлган. 

Тарихдан маълумки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг атрофларидаги барча саҳобалари – мусулмонлар билан бирга Макка шаҳридан Мадинага кўчиб кетишлари фарз қилинган эди. Шундан сўнг қарийб саккиз йил давомида мусулмонлар Мадинада куч-қудрат тўплаганларидан кейингина ўзларининг она ватанлари бўлган Макка шаҳрини фатҳ қилдилар. Макка фатҳ қилингандан сўнг шаръий ҳижрат ҳукми бекор қилинди. Чунки Маккада мусулмонларнинг эмин-эркин яшаб, дин арконларига амал қилишлари учун ҳамма имкониятлар вужудга келган эди. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрат учун байъат қиламан деб келган саҳоба Мужолидга:

لا هجرة بعد فتح مكة ولكن أبايعه على الإسلام

“Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ! Лекин Ислом учун байъат қабул қиламан”, деганлар (Имом Бухорий, “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”, 2913-ҳадис)

Ҳозирда ҳижрат фарз, деб даъво қилаётганлар мазкур ҳадиси шариф ҳақида ҳеч нарса демайдилар. Ҳолбуки, бу ҳадис мансух бўлмаган, ҳукми бекор қилинмаган, балки унинг ўзи ҳижрат ҳукмини бекор қилувчидир. Унинг иборалари ва мазмуни жуда аниқ ва саҳиҳ ҳадисдир!

Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам ва У зотдан кейин Ислом диёрларини бошқарган хулафои рошидинлар ўзга ҳудудларда яшаётган мусулмонларни ҳеч қачон халифалик ҳудудига кўчиб келишларига чақирмаган ҳамда ўз юртларида яшашларини таъқиқ қилмаган.

Тобеъинлардан бири Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ таниқли саҳоба Абдуллоҳ ибн Умар разийаллоҳу анҳуга: “Мен Шомга ҳижрат қилмоқчиман!”, деганлар. Ибн Умар разийаллоҳу анҳу унга: لا هجرة اليوم – Бугун ҳижрат йўқ! Ортингга қайт!”, деганлар (Имом Бухорий, “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”, 3900-ҳадис).

Тарихдан маълумки, ҳаворижлар илк чиққан вақтда Басрадан чиқиб кетиб, ўзларининг ҳарбий қароргоҳларига жойлаша бошлаганлар. Одамларга: “Ҳижрат фарз. Биз билан ҳижрат қилинглар!”, деб ҳаммани шунга даъват қила бошлаганлар. Одамлар буюк саҳоба Анас ибн Молик разияллоҳу анҳунинг олдига келиб, улар ўзларини муҳожирлар деб аташаётганини айтибдилар. Шунда, Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу: “Улар шайтонга ҳижрат қилганлар. Ахир, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Фатҳдан кейин ҳижрат йўқ!”, деганлар-ку!”, дедилар (Имом Абдурраззоқ ривояти).

Демак, Маккаи мукаррама фатҳ қилинганидан кейин “Дорул Ислом” – мусулмонлар диёридан ҳижрат қилинмайди. Бизнинг жамиятимиз ҳам минг йиллардан бери Ислом диёри – мусулмонлар яшайдиган жамият ҳисобланади. 

Жиҳод тушунчаси:  

“Жиҳод” сўзи арабчада “куч сарфлаш”, “машаққат чекиш” деган маънони англатади. Шариат истилоҳида эса фуқаҳоларимиз уни шундай таърифланган:

الْجِهَادُ الدُّعَاءُ إلى الدِّينِ الحَقِّ وَقِتَالُ مَنْ لَمْ يَقْبَلْهُ

“Жиҳод – ҳақ динга даъват қилиб, уни қабул қилмаган билан жанг қилишдир” (“Ал-Лубоб фи шарҳил китоб” китобининг “Сияр боб”и).

Жиҳод Исломда диннинг асосларидан эмас балки, диннинг фаръий масалаларидан бўлиб, унга кўра ўрталарида тинчлик битими бўлмаган икки — кофир ва ислом давлатининг бир-бири билан, ислом давлати тарафидан дастлаб тинч йўл билан Исломга кириш даъвати амалга оширилгач ва унга кофир давлат тарафдан рад жавоби берилгач, Аллоҳнинг сўзини олий қилиш мақсадида ҳарбий уруш қилишига айтилади. (Фатҳул-Қодир 4/277, Ал-Фатава ал-ҳиндия 2/188).

Жиҳод қўл, мол-дунё, тил ва қалб билан ҳам бўлиши мумкин. Шунингдек, нафс, шайтон ва фосиқларга қарши курашга ҳам жиҳод сўзи ишлатилади (“Фатҳул Борий” китоби).

Саҳобаларнинг даврида жиҳод худди шу тарзда амалга оширилган. Агар мазкур тарърифда белгиланган бирорта қайд воқеликда топилмаса, бу ҳарбий ҳаракат шаръан жиҳод бўла олмайди. Унда қатнашганлар мужоҳидлик мақомига эриша олмайди, унда қатнашиб ўлганлар шаҳидлик мақомига етмайди.

Жиҳод икки қисмга бўлинади: талаб жиҳоди ва мудофаа жиҳоди. 

- “Талаб жиҳоди” – Ислом динини етказиш ва Аллоҳ таолонинг калимасини олий қилиш мақсадида кофирлар билан жанг қилишдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир нечта оятларида ушбу жиҳодга мусулмонларни буюрган. Жумладан Тавба сурасида шундай деган:

قَاتِلُوا الَّذِينَ لَا يُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ وَلَا بِالْيَوْمِ الْآَخِرِ وَلَا يُحَرِّمُونَ مَا حَرَّمَ اللَّهُ وَرَسُولُهُ وَلَا يَدِينُونَ دِينَ الْحَقِّ مِنَ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ حَتَّى يُعْطُوا الْجِزْيَةَ عَنْ يَدٍ وَهُمْ صَاغِرُونَ

“Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган, Аллоҳ ва Расули ҳаром қилган нарсаларни ҳаром санамайдиган, ҳақ дин (Ислом)ни дин қилиб олмайдиган аҳли китоблардан иборат кишиларга қарши – то улар ўзларини паст тутиб, жизя (солиқ)ни нақд бергунларига қадар жанг қилингиз!” (29-оят).

Расули акрам алайҳиссаломнинг мазкур оят нозил бўлганидан кейин араб жазирасидаги қабилаларга ғазотга чиқишлари ёки сарийялар юборишлари талаб жиҳоди ҳисобланади. Шунингдек, хулофойи рошидинлар ва улардан кейинги мўминларнинг амирлари томонидан олиб борилган жанглар ҳам шу қабилда бўлган. Бундан кўзланган мақсад динга бошқа халқларни мажбуран киритиш бўлмаган. Балки, асосий мақсад Ислом шариатини бошқа халқларга етказиш ҳисобланган. Исломни қабул қилмаган, лекин сулҳ таклиф қилганлар билан молиявий сулҳга келишилган.

Уламолар талаб жиҳодининг ҳозирги кунда йўқлигига иттифоқ қилишган. Хусусан 2015 йил 25 март куни Ислом фиқҳи академияси ҳозирда ҳамма давлатлар урушмасликка келишганлари ва ўзаро алоқалар ўрнатиб элчихоналар очганлари сабабидан бугунги кунда талаб жиҳоди йўқ экани борасида алоҳида қарор эълон қилинган (Қарор рақами: 207 (3/22)).

- “Мудофаа жиҳоди” душманлар мусулмонлар яшайдиган юртга уруш қилиб, бостириб кирсалар, ушбу мамлакатда яшайдиган мусулмонларга ҳимоя учун мудофаа жиҳоди фарзи кифоя бўлади.

Аслида “Мудофаа жиҳоди” ҳар бир фуқаронинг дини, қадриятлари ҳамда Ватани олдидаги бурчидир. Ушбуларга қаратилган ҳар қандай таҳдидга қарши туриб, уларни ҳимоя қилиши нафақат кишининг диний, балки инсоний бурчидир.

“Мудофаа жиҳоди” ҳам ҳаммага эмас, урушга қодир бўлган кишиларга фарз ҳисобланади. Чунки, Мадинаи мунавварага Макка мушриклари ҳужум қилганида баъзи саҳобалар маълум сабабларга кўра мудофаа жанггига чиқа олмаганлар. Шунда Аллоҳ таоло улар ҳақида шундай оят нозил қилган:

وَكُلًّا وَعَدَ اللَّهُ الْحُسْنَىٰ ۚ وَفَضَّلَ اللَّهُ الْمُجَاهِدِينَ عَلَى الْقَاعِدِينَ أَجْرًا عَظِيمًا

яъни: “Аллоҳ ҳаммаларига яхшиликни ваъда қилган. Аллоҳ мужоҳидларни ўтириб олувчилардан буюк ажр ила афзал қилган” деган (95-оят).

Ҳозирги кунда бузғунчи тоифалар ўзлари илгари сураётган ғояга эришиш мақсадида янги “жиҳод” турларини ўйлаб топиб, улардан фойдаланишга уринмоқдалар. Улар кўпгина мусулмонларнинг Ислом аҳкомларини билмаслиги, илмий савияга эга эмаслигидан фойдаланиб, “жиҳод – муқаддас уруш” деган тушунчани тарғиб қилиб, ноҳақ қон тўкилишига сабабчи бўлишмоқда. Бунга дунёнинг турли чеккаларида “жиҳод” ниқоби остида содир этилаётган қўпорувчилик ҳаракатлари мисол бўла олади.

Шаҳидлик тушунчаси:  

Ислом таълимотида дини, жони, моли, Ватани ва оила аҳли ҳимояси йўлида ўлдирилган кишини шаҳид дейилади. Ҳадисларда бирор фалокат туфайли вафот этган киши ҳам шаҳид ҳукмида бўлиши баён этилган. Ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Шаҳидлар – Аллоҳ йўлида қатл қилинган кишидан ташқари ҳам еттитадир. Вабо, қорин оғриғи, сувга ғарқ бўлиш, девор остида қолиш, зотилжам (ўпка яллиғланиши), куйиш ва туғруқдан (ёки ичидаги ҳомиласи билан) вафот этганларни санаб ўтдилар” (Имом Молик Жобир ибн Атикдан ривоят қилган).

Молини босқинчи ва қароқчидан ҳимоя қилиб, ўлдирилган киши ҳам охират шаҳидларидан саналади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким молини ҳимоя қилиб ўлдирилса, у шаҳиддир” – деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Ёнғинда ўлган киши ҳам шаҳидлардан ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳидларни санаган бир ҳадисларида: “Ёнғин(да ўлган) шаҳиддир”, деганлар (Имом Молик ривояти).

Шунингдек, дини, жони, аҳли-оиласи ҳимоясида ўлдирилган киши ҳам шаҳид саналади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким молини ҳимоя қилиб ўлдирилса, у шаҳиддир, ким қонини (жонини) ҳимоя қилиб ўлдирилса, у шаҳиддир, ким динини ҳимоя қилиб ўлдирилса, у шаҳиддир, ким аҳлини ҳимоя қилиб ўлдирилса, у шаҳиддир”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Ҳозирда баъзи адашган оқимлар “шаҳидлик” тушунчасини жуда тор доирада тушунтирмоқчи бўлишади. Улар бу иборани ўз манфаатларига буриб, гўёки киши фақат урушда ўлса, шаҳид бўлади, дейдилар. Ваҳоланки, уларнинг қилиб турган бу ишлари жиҳод эмас, балки катта фитна экани аниқ. Фитнага аралашиб ўлган одам қандай қилиб шаҳид бўлсин?! Тинч-тотув яшаб турган мусулмон давлатда фитна чиқариб, уруш чиқарилса, бу жиҳод саналмайди, унда ўлган инсон асло шаҳид бўлмайди.

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким номаълум байроқ остида жанг қилса ва бу йўлда ўлдирилса бас у жоҳилият ўлимини топибди”, деб айтганлар. Яъни, кимки номаълум байроқ остида, уни кимнинг қўлида эканини, унинг мақсади қандайлигини билмаган ҳолда жанг қилса ва бу йўлда ўлса у жоҳилиятда ўлгандек бўлади”.

Бугунги кунда эътибор қилсак, Сурия бўйлаб ҳукумат армияси, мўътадил мусулмонлар, радикал кайфиятдаги “жиҳодчилар”, курд кўнгилли аскарлари, ғарбпараст гуруҳлар ва бундан ташқари адашган оқим вакиллари ўртасида аёвсиз уруш олиб борилмоқда. Маълумотларга қараганда, бундай қарама-қарши гуруҳларнинг сони юздан ортиқ. Улар орасида ўзаро иттифоқ тузганлари ва умуман, ўз ҳолича кураш олиб бораётганлари ҳам кўп. Ҳар қандай соғлом фикрли инсон ҳеч қачон динини, жонини ва энг муҳими охиратини бу каби хатарларга қўймайди.

Бундай фитналар урчиган даврда мусулмон инсон ҳушёр бўлиши, ўзини четга олишга буюрилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Албатта, келажакда кўп фитналар бўлади. У вақтда (жим) ўтирувчи тик турувчидан яхши, тик турувчи (фитнага қараб) юрувчидан яхши, юрувчи югурувчидан яхшидир. Ким фитнани кузатиб турса, фитна уни ўзига жалб қилади. Демак, ким бошпана ёки паноҳ бўладиган жой топса, ўшани лозим тутсин!” (Имом Бухорий ривояти).

Хулоса қилиб айтганда, юқорида зикр қилиб ўтилган “такфир”,  “ҳижрат”, “жиҳод” ва “шаҳидлик” масалаларида аслиятни бузиб талқин қилаётган террорчи ташкилотлар вакилларининг тарғиботларини эшитиб юрган айрим ёшлар, афсуски, ундай кимсаларнинг гапларига алданиб қолмоқда. Айниқса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар назарда тутилган оятларни ўзларига тўғридан-тўғри татбиқ этиб, оятдан кўзланган асл маънони ўзгартирмоқда.

Бундай бузғунчи тоифалар ҳозирга қадар дуч келаётган инқирозлар ва мағлубиятларини яшириш учун “Аҳдга вафо қиладиган вақт келди”, “Шаҳид бўладиган давр келди”, “Энди биз ғалаба қозонамиз” каби сохта шиорларни такрорлашдан нарига ўтмаяпти. Чунки, айни дамларда уларга ғаразли мақсадларга эришиш учун “тирик қалқон” жуда ҳам зарур. Алданганлар эса уларга ҳокимиятни эгаллагунча керак.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолар Кенгаши қуйидагиларни маълум қилади:

  1. Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолар Кенгаши “такфир”, “ҳижрат”, “жиҳод” ва “шаҳидлик” каби тушунчаларни аслиятини бузиб талқин қилувчи тоифаларни бидъатчи тоифалар деб ҳисоблайди. Бидъат аҳлининг ҳукми эса оғир гуноҳкорлик саналиб, улар тезда тавба қилишлари, бу йўлдан қайтишлари вожиб бўлади.
  2. Республикамизда фаолият кўрсатаётган барча расмий масжидларнинг имом-хатиблари жума маърузалари ва турли тадбирларда ушбу фатвони кенг тарқатсинлар.
  3. Такфир хатарли йўл экани, бу йўл кишини шариатга мухолиф бўлиш, залолатга кетиш ва мусулмонларнинг қонларини тўкиш, молларини ҳалол санаш, жамиятни парчалаб, пароканда қилиш ва мусулмонларни бирдамлигига путур етказиш каби салбий оқибатлар мутасаддилар томонидан ёшларга тушунтирилсин.
  4. Халқимиз, хусусан ёшлар ўртасида ғулув – динда чуқур кетишнинг олдини олиш борасида имом-хатиблар маҳалла оқсоқоллари ва фаоллари билан маслаҳатлашган ҳолда ўз таклиф ва тавсияларини маҳалла аҳлига тақдим этсинлар.

Мўмин-мусулмонлар бирдамлиги, Динимиз мусаффолиги, юртимиз ободлиги йўлида қилаётган хайрли ишларимизда Аллоҳ таоло тавфиқ ва иноятлар  ато этсин!

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Уламолар кенгаши раиси, муфтий                           Нуриддин Холиқназаров

 

30.03.2023 й.

#ҒАФЛАТДА_ҚОЛМАНГ!
 РАМАЗОН ОЙИНИНГ ОХИРГИ 10 КУНЛИГИ БОШЛАНДИ!

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
"Лайлатул қадрни Рамазоннинг охирги ўн кечасининг тоқ (кеча)ларидан изланглар", деганлар.

Қадр кечасининг 1 сонияси 23 соатдан афзал
1 минути 58 кундан афзал
1 соати 9 йилу 8 ойдан афзал
1 кечаси 83 йилу 3 ойдан афзал

 Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтадилар:
"Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам (охирги) ўн кунлик кириб келса белбоғларини маҳкам боғлардилар, кечаларини тирилтирар ва аҳлларини уйғотардилар".

✅ Бу йилги рамазон ойининг охирги тоқ кечалари:
 21 кеча: 11 апрел (сешанба)дан — 12 апрел (чоршанба)га ўтар кечаси;
 23 кеча: 13 апрел (пайшанба)дан — 14 апрел (жума)га ўтар кечаси;
 25 кеча: 15 апрел (шанба)дан — 16 апрел (якшанба)га ўтар кечаси;
 27 кеча: 17 апрел (душанба)дан — 18 апрел (сешанба)га ўтар кечаси;
 29 кеча: 19 апрел (чоршанба)дан — 20 апрел (пайшанба)га ўтар кечаси.

 Аллоҳим барча мўминларга Рамазоннинг охирги ўн кунлигида Сени рози қиладиган амалларни қилишга муваффақ айла ва қилган амалларимизни қабул эт!

https://youtu.be/E-EpTGg1Qww

Шу йил 10 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Туркиянинг Ўзбекистондаги элчисининг диний хизматлар бўйича маслаҳатчиси Маҳмуд Туркни қабул қилдилар.

Муфтий ҳазратлари меҳмонни ташриф билан қутлаб, янги лавозимдаги фаолиятига муваффақият тилаб хайрли тилаклар билдирдилар.

Самимий мулақот чоғида Муфтий ҳазратлари Ўзбекистон ва Туркия ўртасида дўстона муносабатлар барча соҳалар қатори диний соҳада янги босқичга кўтарилганини алоҳида таъкидладилар. Шунингдек, Диний идора фаолияти, амалга оширилаётган хайрли ишлар ҳақида мухтасар маълумот бердилар.

Ўз навбатида мартабали меҳмон Маҳмуд Турк ҳам илиқ қабул ва хайрли тилаклар учун миннатдорчилик билдириб, Туркия Диёнат ишлари бошқармаси раҳбари Али Эрбошнинг салом ва дуоларини етказди ва икки давлат ўртасидаги яқин дўстона алоқаларни диний соҳада ҳам давом этишга ҳисса қўшиш орзуси эканини билдирди.

Самимий ва дўстони руҳда ўтган учрашув якунида томонлар ўзаро эсдалик ҳадялар алмашишди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Хабарингиз бор, ўтган 2022 йилнинг 24 ноябридан 2023 йил 6 мартига қадар Вазирлар Маҳкамаси Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг масъуллигида Франциянинг Лувр музейида “Ўзбекистон воҳалари хазиналари. Карвон йўллари чорраҳасида” номли кўргазма ўтказилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Кутубхонаси фондида сақланаётган “Катта Лангар Қуръони” саҳифаларининг икки саҳифаси ҳам намойиш қилинди. Кўргазмада Ўзбекистон мусулмонлари идораси Кутубхонаси мутахассислари Камолиддин Маҳкамов ва Саидраҳмат Икромов масъул сифатида иштирок этди.

Кўргазма якунлангач “Катта Лангар Қуръони” саҳифалари махсус жиҳозланган шиша қутидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Лувр музейи мутахассислари иштирокида эҳтиёткорлик билан олиниб, саҳифаларнинг сақланиши ва умумий ҳолати ўрганиб чиқилди.

Ушбу жараёнда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Кутубхонаси тасарруфидаги рақамли махсус электрон микроскоп орқали саҳифа асллиги ҳам текширилди. Барча натижалар халқаро талабларга жавоб бергани аниқлангач, топшириш ва қабул қилиш ҳужжатлари ва саҳифаларнинг сақланиш ҳолати қайд этилган (condition report) баённомалар ўзбек ва француз мутахассислари томонидан имзоланди.

Шундан сўнг саҳифалар аввал махсус картон, сўнгра ёғочдан ясалган қутиларга жойланиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонаси масъул мутахассислари томонидан қўрғошин қопламали муҳрлар билан муҳрланиб, махсус сақлов хонасига жойлаштирилди.

“Катта Лангар Қуръони” саҳифалари Франциядан Тошкент халқаро аэропортига жорий йил 23 март куни етиб келди. Божхона ҳужжатлари расмийлаштирилгач, саҳифалар жойлаштирилган қути ички ишлар ходимлари ҳамроҳлиги ва кузатувида Диний идора кутубхонасига етказилди. “Катта Лангар Қуръони” саҳифалари жойланган қутининг қўрғошин қопламали муҳрлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Жалолиддин Ҳамроқулов, Диний идора Кутубхона бўлими мудири Камолиддин Маҳкамов, Маданий мерос агентлиги Бадиий экспертиза бошқармаси бошлиғи Фаҳриддин Рўзиқулов, шунингдек, Божхона қўмитаси ва Кутубхона бўлими мутахассислари иштирокида очилди.

Саҳифаларни қабул қилиш жараёнида уларнинг асл нусхалиги ва яхши сақланган ҳолатда етиб келгани маълум бўлди ва доимий сақлов хонасига жойлаштирилди.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Кутубхонаси бўлими

Сторінка 53 з 676

Видеолавҳалар

Top