www.muslimuz
Хушхабар: "Имом Бухорий" масжиди фойдаланишга топширилди!
Бухоро вилоятида қатор масжидлар мўмин-мусулмонлар ихтиёрига топшириляпти. Жумладан, бугун Ғиждувон туманидаги “Имом Бухорий” жоме масжиди очилганидан кўплаб мўмин-мусулмонлар беҳад шод.
Сўнгги йилларда масжидда ҳам намозхонлар сони ошиб, эски услубда қурилган масжид торлик қилиб қолаётган эди. Шу боис мазкур масжидни ҳомий ва саховатпеша тадбиркорлар кўмагида қайта қурилди. Бу жоме кўп йиллар мўмин-мусулмонларга хизмат қилади, иншоаллоҳ.
Масжид очилишида Бухоро вилояти ҳокимининг ўринбосари Э.Мажидов, Ғиждувон туман бош имом-хатиби Ориф домла Амонов, Мир Араб олий мадрасаси ректори устоз Ҳайдархон домла Йўлдошхўжаев ва масжид имом-хатиби О.Рузиев қатнашди.
Маълумот учун, масжиднинг эски биноси 150 кишига мўлжалланган эди. Ёмғирли, қорли-қировли кунларга тўғри келадиган жума ва икки ҳайит байрамида намозхонлар ибодат қилиш учун қийналиб қолишаётган эди. Янги жоме ўз бағрига 1 000 кишидан зиёд намозхонни сиғдиради.
Жоме масжиднинг янги биносига иссиқ пол ётқизилди. Эндиликда совуқ кунларда намозхонлар эмин-эркин, хотиржам ибодатларни адо этади.
Аллоҳ таоло бу масжидни доимо обод байтлардан қилсин. Унинг қурилишига ҳисса қўшган барчага улуғ ажрлар ато этсин, бундай хайрли ишлар юртимизда бардавом бўлсин.
Анвар Нуруллаев,
УМИ Бухоро вилояти вакиллиги мутахассиси.
МАРҲУМ УЛАМОЛАР ЁДГА ОЛИНДИ, ФАОЛЛАР РАҒБАТЛАНТИРИЛДИ
Паркент тумани “Сирли” жоме масжидида марҳум муфтий Усмонхон Алимов, Тошкент вилоятининг собиқ бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов, Паркент туманида яшаб, динимизга хизмат қилиб ўтган имом домлаларни хотирлаш мақсадида эҳсон дастурхони ёзилди.
Қуръони карим тиловати билан бошланган хотира тадбирида марҳум имомларимизнинг хайрли ишлари, динимиз равнақи йўлида қилган хизматлари эсланиб, уларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилинди.
Йиғилишда ҳудуддаги масжидлар қурилишида фаол, ташаббускор ва жонкуяр бўлган имомлар Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги томонидан ташаккурномалар билан тақдирланди.
Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими мудири Муҳаммадназар домла Қаюмов, Тошкент вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Миродил домла Миржалилов, Тошкент тумани бош имом-хатиби Ғуломиддин домла Эргашев, Зангиота тумани “Абу Бакр Сиддиқ” жоме масжиди имом-хатиби Нурали домла Мавлонов ўз маърузалари ҳамда дуолари билан йиғилишни чиройли якунлаб бердилар.
Тадбир сўнгида Қуръони карим хатми марҳум домлалар руҳларига бағишланди.
ХУШХАБАР: Қуръонга ошиқ қалблар учун янги иккита китоб нашр этилди
Қуръони каримни асл араб тилида ўқиш ва ёдлаш инсонни икки дунё саодатига етаклайди. Айниқса, Қуръонни тартил ва оҳанг билан безаб ўқиш кишиларни ром этади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонни овозингиз билан безанг!” деганлар (Имом Абу Довуд ва Имом Насоий).
Дарҳақиқат, гўзал сўз гўзал овоз билан янада ёқимли бўлади. Унинг хушовозда ўқилиши одамларда Қуръони каримни тинглашга бўлган мойилликни янада кучайтиради.
Ана шундай хушовоз қорилардан бири, Тошкент шаҳри Кўкча даҳасидаги “Шайх Зайниддин” жоме масжиди имом ноиби, хушовоз ҳофизи Қуръон Муҳаммадлоиқ қори Аминовнинг Қуръони каримни ўқишни ўрганувчилар учун мўлжалланган икки китоби – “Бошланғич араб тилидан ҳуснихат дафтари” ва “Бошланғич араб тилидан ўқиш китоби” пойтахтдаги “Sano Standart” нашриётида чоп этилди.
Ушбу икки рисола Қуръони каримни тўғри ўқишни ўрганишни истаганлар учун ажойиб туҳфа бўлди. Муаллифнинг “Бошланғич араб тилидан ҳуснихат дафтари”да араб тили ёзувига оид энг биринчи галдаги қонун-қоидалар, тўғри ва чиройли ёзиш кўникмалари баён этилган.
Биринчи китобда дастлаб, араб тили алифбоси, ҳарфларнинг қўшиб ёзилиш ҳолатлари, ҳаракатлар келтирилган. Шундан сўнг, араб тили ҳарфлари ва уларнинг ёзилиши берилган. Ўрганувчиларга осон бўлиши учун араб тили ҳарфларининг талаффуз қилиниш қоидалари, ўзбек тилидаги ҳарфларга мутаносиблиги ҳамда араб рақамларининг ёзилиши ҳам баён этилган. Ўрганувчилар ҳарфларнинг ёзилишини машқ қилишлари учун алоҳида варақлар ҳам ажратилган.
Муҳаммадлоиқ қори Аминовнинг иккинчи китоби “Бошланғич араб тилидан ўқиш китоби” аввалги рисоланинг узвий давоми бўлиб, унда Қуръони карим ўқишни ўзлаштиришга оид маълумотлар берилган.
Иккинчи рисола 2 қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисмда ҳарфларнинг тўғри талаффуз қилиниши (маҳражи) ёзма ва расмлар орқали тушунтирилган. Шунингдек, ҳафрларнинг ёзилишига оид ҳусниҳатлар ҳам берилган. Рисоланинг иккинчи қисми эса тажвид қоидаларига бағишланган бўлиб, унда Қуръони каримни тўғри ўқишга оид қонун-қоидалар баён этилган.
Китоблар муаллифининг кўп йиллик Қуръони карим тажвидини ўргатишга оид тажрибалари, машҳур қориларнинг Каломуллоҳни тўғри ўқиш учун қўллаган усуллари ва бошқа замонавий методлар асосида ёзилган.
Осон ва равон тарзда ёзилган ушбу икки рисолани Аллоҳ таоло Қуръонга ошно халқимизнинг учун фойдали ва муборак қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Имом Бухорий мақбараси зиёрат қилинди
Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига сафари чоғида Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилди.
Қуръон оятлари ўқилиб, дуо қилинди.
Давлатимиз раҳбарига мажмуада амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ҳақида маълумот берилди.
Шунинг билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Самарқандга ташрифи якунланди.
БУГУН СОАТ 20:00 ДА ОНЛАЙН ДИНИЙ САВОЛ-ЖАВОБ БЎЛИБ ЎТАДИ
#Ўтказиб_юборманг
?Бугун, 24 сентябр куни
кечки соат ⏰ 20:00 да (Тошкент вақти билан),
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг шогирди, Тошкент ислом институти катта устози МУҲАММАД АЙЮБ ДОМЛА ҲОМИДОВ билан диний савол-жавоб дастурининг навбатдаги сони бўлиб ўтади.
Саволларингизни эфир вақтида
?97-900-92-94 телефон рақамига қўнғироқ қилиш орқали йўлланг!
Қуйидаги ижтимоий тармоқларимиз орқали савол-жавоб дастурини тўғридан-тўғри кузатинг ва бевосита иштирокчисига айланинг!
Facebook: https://www.facebook.com/muslimuzportal
Youtube: https://www.youtube.com/c/MuslimUzLive
Instagram: https://www.instagram.com/muslimuzportali/
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar