muslimuz

muslimuz

Четвер, 18 Январь 2024 00:00

Суюкли ота ва суюкли қиз

Отам менга меҳрибон эдилар. Уйга келсам, худди Пайғамбаримиз алайҳиссалом қизлари Фотима онамиз розияллоҳу анҳони кутиб олганларидек кутиб олишга ҳаракат қилардилар. Ҳузурларига кирганимда мен билан ўрниларидан туриб кўришардилар. Менга салом бериб пешонамдан ўпиб қўярдилар.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Фотима қизларичалик кўп ўхшайдиган одамни кўрмадим. Мақсади жиҳатидан, ҳаётий йўл тутиши, ҳар бир юриш-туриши, гап-сўзи, суҳбатлашишида Фотима қизлариданда ўхшашини кўрмадим. Ҳар қачон Фотима онамиз агар Расулуллоҳни ҳузурларига келадиган бўлсалар Расулуллоҳ алайҳиссалом ўрниларидан туриб, қўлларидан ушлар ва ўпиб қўйиб, ўзлари ўтирган жойга ўтирғизардилар. Қачонки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима онамизнинг ҳузурларига кирадиган бўлсалар Фотима онамиз ҳам ўрниларидан туриб, Расулуллоҳ алайҳиссаломни кутиб олар эдилар, қўлларидан тутиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўпиб, ўтирган жойларига ўтирғизиб қўяр эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай кутиб оладиган бўлсалар Фотима онамиз ҳам Расулуллоҳни шундай кутиб олар эдилар, шунинг учун ҳам Фотима онамизданда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшашини кўрмаганман”.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
"Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

 
 

Гоҳида яхши кўрган кишиларимизни йўқотамиз, бунга уларга зулм қилганимиз, қўпол муносабатда бўлганимиз сабаб бўлади.

Уларнинг хатоси, айб-камчилигини юзига солиб, фазилатларини, яхши жиҳатларини унутиб қўямиз.

Ҳамма айб-нуқсондан холи бўлишни улардан талаб қиламиз. Ҳатто ўзимиз йўл қўядиган хатони бошқалар қилса, уларни айблаб юрамиз. Хато қилган пайтимиз “Энди биз инсонмизда, маъсум (гуноҳдан пок) эмасмиз”, дея ўзимизни оқлаймиз-у, бошқаларни ёмонлаймиз.

Имом Муҳаммад ибн Сийрийн раҳимаҳуллоҳ айтади: “Биродарингда кўрган энг ёмон хислатларни унинг юзига солиб, яхши хислатларини беркитишинг унга қилган зулмингдир!”.

Бошқалар билан хусуматлашманг, хусумат дўстлик риштасини узади!

Ҳар йили юрагингиз кенгайиб борсин, бу йил юрагингиз ўтган йилдагиган кенгроқ бўлсин! Бахтли кишиларнинг қалби тор бўлмайди, улар одамларнинг айбига кўз юмадилар, хатоларига эътибор қилмайдилар.

Одамларнинг ёмонлигини унутинг, яхши хислатларини эсланг. Дўстларингиздан содир бўладиган айбларни кўмиш учун ёнингизда доим битта қабр тайёр турсин!

Бирор ким билан адоватга бориб қолсангиз, ўта душманчилик қилиб юборманг! Ҳеч ким билан алоқани бутунлай узиб қўйманг, эҳтимол Аллоҳ бир кун келиб ўртангизда муҳаббатни пайдо этар! Ахир У Зот айтганку:

“Шоядки, Аллоҳ сизлар билан улар ичидаги душманларингиз ўртасида дўстлик пайдо қилса, Аллоҳ қодирдир. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмдилдир” (Мумтаҳана сураси, 7-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Яхши кўрган одамингни енгил яхши кўргин (қаттиқ меҳр қўйиб юборма), эҳтимол бир кун келиб у душманингга айланар! Душманингни ҳам жуда ёмон кўриб юбормаки, эҳтимол бир кун келиб сенга дўст бўлар!”

Бошқалар сизга инсоф қилишидан аввал ўзингизга инсоф қилишингиз керак!

Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу айтади: “Кимки ўзида уч хислатни жам айласа, итмонга тўлиқ эга бўлибдир. Улар: ўзига инсоф қилиш, бутун оламга салом улашиш, камбағал ҳолда инфоқ қилиш”.

Ўзига инсоф қилиш бу – инсон Аллоҳнинг олдидаги бурчларини адо этиши, Аллоҳ ман этган нарсалардан четланиши, одамларнинг ҳаққига риоя қилиши ва ўзининг ҳаққи бўлмаган нарсаларни улардан талаб қилмаслигидир.

Оламга салом улашиш дегани – барча инсонларга салом улашиш, ҳеч кимга кибр қилмаслик, ҳеч ким билан ўртасида салом беришдан ман қилиб турадиган тўсиқ бўлмаслиги деганидир.

Камбағал ҳолда инфоқ қилиш эса ризқи оз бўлишига қарамай инфоқ қилиш демакдир. Зотан бундай қилган инсон Аллоҳ таолога тамоман ишонган бўлади, Унга тўлиқ ўзини топширган ва мусулмонларга бағрикенглик қилган бўлади.

Нубувват мадрасаси талабаси Аммор! Сизни Аллоҳ раҳматига олсин!

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

 

Четвер, 18 Январь 2024 00:00

Талабалар Фатво марказида

Шу йил 16 январь куни “Кўкалдош” ўрта-махсус ислом билим юртининг 4-курс талабалари устози билан бирга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво марказининг фаолияти билан яқиндан танишди.

Марказ бош мутахассиси Ҳабибуллоҳ домла Абдулғаффор талабаларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази 2022 йилда ташкил этилгани, айни пайтда бу ерда 20 га яқин уламо хизмат қилаётгани, Марказ ходимлари мўмин-мусулмон халқимиз диний эҳтиёжини таъминлаш мақсадида бугунги кундаги муҳим мавзулар юзасидан фатволар ишлаб чиқиш, Республикамиздаги масжидларга жума тезисларини тайёрлаш, фуқароларни бевосита қабул қилиш ва Колл-марказда телефон орқали келиб тушган саволларга жавоб бериш, ОАВларида чиқишлар қилиш каби вазифалар билан шуғилланиши ҳақида батафсил маълумот берди.

Ташриф давомида талабалар Фатво марказининг замонавий Колл-маркази фаолиятига алоҳида қизиқиш билдиришди. Мутахассис томонидан бу ерда ҳар куни ўртача 200-250 та, 1 ойда эса 6-8 минг та саволга жавоб берилиши, Рамазон ва Қурбон ҳайити кунлари бу миқдор кескин ошиб кетиши боис 24/7 узлуксиз қўнғироқларни қабул қилиш тартибига ўтилиши ҳақида сўзлаб берилди.

Билим юрти талабалари Фатво маркази фаолияти билан танишиш чоғида бу ерда фаолият юритаётган устозлардан ўзлари учун муҳим тавсия ва маслаҳатлар олишди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

 

Шу йил 16 январь куни Ҳадис илми мактабида устоз ва ижодий ходимлар томонидан нашрга тайёрланиб, чоп этилган китоблар тақдимоти бўлиб ўтди. Унда Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Отабек Муҳаммадиев, имом-домлалар, талаба-ёшлар иштирок этди.

Тадбир аввалида олий мактаб ректори Олимхон домла Юсупов сўз олиб, ўтган йили илмий-ижодий ходимлари томонидан амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ҳақида қисқача маълумот берди.

Шундан сўнг сўзга чиққан Зайниддин домла Эшонқулов “Саҳиҳи Муслим”, “Риёзус Солиҳин” шарҳи китобларининг таржима қилингани, нашрдан чиқарилгани мамлакатимизнинг дин соҳасида катта воқеа бўлганини эътироф этди.

Фазилатли шайх, Ал-Азҳар университети доктори Жамолуддин Ҳошим эса мана шундай аҳамиятга молик ишлар Ўзбекистон давлати раҳбари илгари сураётган учинчи ренессанс даврини вужудга келтиришда муҳим пиллапоя бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Отабек Муҳаммадиев жамоани китоб билан қутлар экан, бу натижалар мактабда таълим-тарбия жараёнлари билан бирга илмий-тадқиқот ишлари, ижодий муносабатлар ҳам барҳақлигидан далолат эканини қайд этди.

Китобни таржима қилишда жонбозлик кўрсатган устозлар Ойбек домла Ҳошимов ва Маҳмуджон домла Абдураҳмоновлар ижод машаққатлари, таржима заҳматлари ҳақида сўзлаб беришди. Ушбу хайрли ишга камарбаста бўлганлиги ва хизматлари нишонасини ўқувчиларга тақдим этилаётганидан беҳад миннатдорликларини билдиришди.

Тадбир сўнгида меҳмонларга мазкур китоблар ҳадя қилинди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Середа, 17 Январь 2024 00:00

“Қизим, сени яхши кўраман”

Ҳамма оталар ҳам қизларини яхши кўришади, фақат буни қизларига очиқ айтишмайди. Мен эса қизимга уни яхши кўришимни ошкора айтишни яхши кўраман. Унга табассум қилиб, қулоғига “Сени яхши кўраман болам” деб шивирлайман. Қизим бундан жуда хурсанд бўлиб кетади.

Бу ишни қизим 5 ёшлигида бошлаган бўлсам, бугун мана 10 йил вақт ўтди. Қизим 15 га тўлди. Лекин ҳар сафар бу гапни эшитганида ўзгача севинади. Кўпинча бу гапим хафа бўлиб ўтирган қизимнинг кайфиятини кўтариб юборишда қўл келади. Айниқса онасидан гап эшитган пайтлари ўзи олдимга келиб “Дада, менга айтадиган гапингиз йўқми?” деб жилмаяди. “Ҳа, бор, қизим” деб яна уни яхши кўришимни айтаман.

Ота эркак киши бўлса ҳам, оилада фарзандларига, айниқса, гулғунчадек ўсаётган қизларига ўз муҳаббатини изҳор қилиб туриши, уларга бўлган севгиси фақат қалбида қолиб кетмаслиги керак. Бу нарса қизларнинг меҳрга тўйиб ўсишларини таъминлайди.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
"Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

Янгиликлар

Top