Дунё янгиликлари

Муфтий ҳазрат халқаро форумда маъруза қилди

Париж шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро мусулмонлар форумида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари маъруза билан иштирок этдилар.
Муфтий ҳазратлари бугунги глобаллашув жараёнлари ўзининг салбий жиҳатларини ҳам намоён этаётгани, айниқса, ахборот хуружи ёш авлодга кучли таъсир этаётгани, ёшлар орасида ҳуқуқбузарлик, жиноятчилик ўсиб бораётгани ва буларга қарши ўз вақтида чора-тадбирлар қўллаш зарурлигини алоҳида қайд этдилар.
Бундай муаммоларни бартараф этишда, энг аввало, келажак авлодни дину диёнатли, имон-эътиқодли, савоб ва гуноҳни фарқлайдиган қилиб тарбиялаш, бу борада уламолар, дин пешволари, таълим-тарбия ишига мутасадди бўлган ҳар бир кишининг олдида турган долзарб вазифларни муфтий ҳазратлари таъкидладилар.
Дунёнинг кўп минтақаларида мусулмонлардан ҳадиксираш, исломофобия ҳолатлари кузатилаётганининг энг асосий сабабларидан бири Ислом динининг асл моҳиятидан бехабарлик эканини очиқладилар.
Муфтий ҳазратлари ҳозирги мураккаб даврда айрим кучлар мусулмонлар ўртасида тарафкашлик келтириб чиқаришга уринаётган шундай паллада бундай қарашларга имкон бермаслик, кескин қарши курашиш учун мўмин-мусулмонлар ўзаро ҳамжиҳат бўлиб яшашлари зарурлигини атрофлича баён этдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

3476 марта ўқилди

Янгиликлар

Top