Дунё янгиликлари

Ўзбекистон The New York Times'нинг сайёҳлик рўйхатига киритилди

The New York Times нашри 2019 йилда саёҳат қилиш керак бўлган йўналишлар рўйхатига Ўзбекистонни ҳам қўшди, бунда визасиз режим ва Буюк Ипак йўли бўйлаб чегараларнинг очилгани алоҳида устунлик сифатида қайд этилди. Бу ҳақда Кун.уз интернет нашри хабар берди.

"Қачонлардир Буюк Ипак йўли бўйлаб саёҳат қилишни истаган бўлсангиз, ҳозир бунинг айни вақти. Ушбу тарихий йўлнинг энг диққатга сазовор ҳудудларини ўз ичига олган Ўзбекистонда қатор ислоҳотлар кузатилмоқда", - дейилади манбада.

Шу ўринда расмий валюта айирбошлаш тизимининг такомиллашгани, авиачипталарни банд қилиш ва виза учун онлайн ариза бериш имкониятлари Ўзбекистондаги энг яхши ислоҳотлар сифатида эътироф этилган.

Бундан ташқари, Америка ва 100 дан ортиқ бошқа давлатлар фуқаролари учун 30 кун муддатга амал қилувчи визасиз режим алоҳида қайд қилинган.

"Ўзбекистон ва Қозоғистон сайёҳлар учун ягона виза устида ишламоқда. Минтақавий ва ҳаво ташувлари ҳам яхшиланди. Шу билан бирга, қўшни мамлакатлар билан чегаралар очилди, Марказий Осиё давлатлари пойтахтлари ўртасидаги парвозлар қайта тикланди ҳамда Тошкент ва Нью-Йорк шаҳарлари ўртасидаги рейслар сони оширилди", - деб ёзади The New York Times.

Бундан ташқари, нашрда Тошкентда нисбатан янги Hyatt Regency меҳмонхонаси сафига қатор бошқа халқаро меҳмонхоналар тармоқлари очилиши режалаштирилаётгани, илк тоғ-чанғи курорти ва янги туристик зоналар фаолияти йўлга қўйилиши кутилаётгани қўшимча қилинган.

The New York Times'нинг "2019 йилда саёҳат қилиш учун тавсия этилган йўналишлар рўйхати"дан шунингдек Панама, Тунис, Санта-Барбара (АҚШ), Лас-Вегас (АҚШ), Сальвадор (Бразилия), Нью-Йорк (АҚШ), Доҳа (Қатар), Батуми (Грузия) каби 52 йўналиш ўрин олган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2350 марта ўқилди

Янгиликлар

Top