Дунё янгиликлари

Муфтий ҳазрат “ал-Азҳар”да нутқ сўзлади

Куни кеча, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ал-Азҳар университети катта мажлислар залида ал-Азҳар уламолари, шайхлари ва талабалари олдида араб тилида нутқ сўзладилар. Муфтий ҳазратлари Ислом оламининг маърифий марказларидан бири бўлган Миср юрти Қуръони каримда айнан шу ном билан бир неча марта зикр этилгани, бу унинг баракотига далил экани ва ушбу замин юзлаб саҳоба ва тобиъийлар ҳокини ўз бағрида сақлаётганига алоҳида тўхталдилар.
Шунингдек, Миср билан Ўзбекистонни боғлаб турувчи алоқалар жуда қадим тарихга бориб тақалиши, аллома Аҳмад ал-Фарғонийнинг Мисрдаги илмий фаолияти, Қоҳирадаги ўзбакия маҳалласи ўртасидаги минг йиллик қондошлик алоқалари ҳақида сўзладилар.
Муфтий ҳазратлари Ўзбекистон замини қадим маданият ўчоқларидан бири экани, дунё тарихида Мусулмон Ренессанси деб ном олган ўрта асрлар ва ундан кейинги даврларда Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан мутафаккирларнинг Ислом илмлари ривожига қўшган ҳиссалари дунё жамоатчилиги томонидан тан олингани ҳамда Бухоро, Самарқанд, Насаф, Фарғона каби заминларда етишиб чиққан алломалар Ислом илмлари ривожи учун жуда катта ҳисса қўшгани тўғрисида батафсил маълумотларни билдирдилар. Шунингдек, Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилганини алоҳида таъкидладилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бутун олам аҳлини ҳамжиҳатликда, илму маърифат устуворлигида яшашга даъват этиш баробарида мана шундай йўлда доимо ҳамкорлик қилишга тайёр эканини муфтий ҳазратлари йиғилиш иштирокчиларига изҳор этдилар.
Ушбу нутқ иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2558 марта ўқилди

Янгиликлар

Top