Дунё янгиликлари

АҚШ университети талабалар учун умра сафари ташкил қилди

Қишки таътил давомида АҚШнинг нуфузли Гарвард университетининг 30 нафар мусулмон талабалари учун Макка ва Мадина шаҳарларига саккиз кунлик саёҳат уюштирилди. Бу ҳақда университет сайтига таяниб Ислом.уз хабар берди.

Тадбир ташкилотчилари Гарвард тарихидаги илк имом Халил Абдуррашид ва унинг рафиқаси Самиа Умар бўлди. Деярли барча харажатлар жамоат ташкилотлари ва кўнгиллилар томонидан қопланиши маълум қилинган.

Кўпчилик талабалар учун бу умра нафақат биринчи исломий зиёрат, балки АҚШдан хорижга илк сафар ҳам эди. Улар умра қилишдек имкониятдан баҳраманд бўлганлари учун улкан миннатдорчиликларини ҳамда бу уларнинг руҳан юксалишларига, иймонлари зиёда бўлишига сабаб бўлганини изҳор қилдилар.

«Мазкур сафар мен учун ўта ҳайратланарли бўлди, – дейди 21 ёшли Инжил Муҳаммад. – Ўнгим ва чапимда шу қадар кўп – 300 тадан зиёд кишининг намоз ўқиётганини кўриб, мен айнан тўғри йўлда эканимни ҳис қилдим. Гўё ўз уйимдагидек эдим».

Яна бир талаба Абдулазиз Банасей ўз ҳиссиётларини шундай ифодалади: «Миллионлаб мусулмонлар мендан аввал ҳам умра қилишган, мендан кейин ҳам қилишади. Бу фикр мени анча ўйга толдирди. Мен ҳамиша ўзимни диққат марказда деб билардим».

Бундан тўрт аср муқаддам, 1636 йилда асос солинган Гарвард университети АҚШнинг энг қадимги олий таълим муассасасидир.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати

2318 марта ўқилди

Янгиликлар

Top