Дунё янгиликлари

Лейбциг университетида Ўзбекистоннинг “Жаҳолатга қарши маърифат” ташаббуси тақдимоти ўтказилди
Илм-фан, таълим масаласи ҳар қандай мамлакатнинг истиқболини белгилаб берадиган, унинг тақдирини ҳал қиладиган ҳаёт-мамот масаласидир. Дунёнинг қудратли мамлакатлари тараққиётининг асосини ҳам фан ва технологиялар соҳасига қаратилган эътибор, таълим тизимига йўналтирилган инвестициялар белгилаб беради. Ушбу соҳада Германия, ҳеч шубҳасиз, жаҳоннинг энг илғор мамлакатлари сафида туради. Германия нафақат замонавий технологиялар соҳасида етакчи, балки ижтимоий-гуманитар фанлар, айниқса, шарқшунослик, қўлёзмаларни тадқиқ этиш йўналишида ҳам бой тажрибага эга.
 
Ўзбекистоннинг ГФРдаги элчихонаси ташаббуси билан Лейбциг университетининг Шарқшунослик институтида Германия ва Ўзбекистон исломшунос олимлари учрашуви бўлиб ўтди. Немис шарқшунос ва исломшунос олимларига Ўзбекистонда “Жаҳолатга қарши маърифат” йўналишида амалга оширилаётган, аҳамияти ғоят юксак бўлган ташаббуслар – Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти ҳақида маълумот берилди.
 
1409 йилда ташкил этилган Лейбциг университети Германиянинг энг етакчи таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Университет 14 та факультетдан иборат бўлиб, бу ерда фаннинг турли соҳалари бўйича 30 мингдан зиёд талаба таҳсил олади. Уларга 436 нафар дунёнинг етакчи профессорлари таълим беради. Университет таркибидаги Шарқшунослик институти ўз йўналиши бўйича Европадаги энг таниқли марказлар сирасига киради.
 
Учрашувда таъкидланганидек, ислом дини номидан турли ножўя хатти-ҳаракатлар амалга оширилаётган, дунё бўйлаб исломофобия омили тобора кучайиб бораётган бир вақтда кенг жамоатчилик, айниқса, ўсиб келаётган ёшларга исломнинг илм-фан, маданият, юксак инсоний ғояларга чорловчи таълимотини етказиш муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.
 
Германияда араб, инглиз, форс ва бошқа хорижий тилларни пухта ўзлаштирган, исломшуносликнинг долзарб масалалари бўйича замонавий тадқиқотлар олиб боришга қодир малакали мутахассисларни тайёрлаш тажрибаси ўрганилди. Лейбциг университетининг Шарқшунослик институти мисолида араб тилини ўқитишнинг энг сўнгги методлари тақдимоти ўтказилди. Университет профессорлари замонавий араб тилини ўқитиш бўйича яратилган дастурни ўзбекистонлик ҳамкасбларига тақдим этишга тайёр эканликларини билдирдилар.
 
Учрашувда Лейбциг университети профессорларининг мамлакатимизга ташрифини уюштириш, ҳамкорликда илмий семинарлар ўтказиш, ўзбекистонлик талаба ва тадқиқотчиларининг Лейбцигда таълим олишини ташкил этиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.
 
Германиялик олимлар Ўзбекистонда кўп асрлик тарихга эга диний таълим тизими, араб тилини ўргатишнинг анъанавий услубларига катта қизиқиш билдирди. Бинобарин, жаҳон илм-фани ва маданияти ривожига бемисл ҳисса қўшган буюк алломаларимиз мазкур самарали таълим тизимининг маҳсули, десак янглиш бўлмайди.
 
Шунингдек, ташриф давомида Германия миллий кутубхонаси, Грасси музейида ҳам учрашувлар ўтказилди. Мақсад – Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг бўлажак музейи ва кутубхонасини ташкил этишда жаҳоннинг энг илғор маданий муассасалари тажрибасини ўрганиш ва самарали қўллаш ҳисобланади. 
 
Манба: http://uza.uz
2171 марта ўқилди

Янгиликлар

Top