Дунё янгиликлари

Қозон шаҳрида журналистлар учун анъанавий ифтор маросими ўтказилди

Islam.ru хабарига кўра, Татаристон муфтийлиги Қозон шаҳрида журналистлар учун катта анъанавий ифтор маросимини ўтказди. Тадбирда Республика муфтийси Комил ҳазрат Самигуллин ва 100 дан ортиқ федерал, республика ва шаҳар ОАВ вакиллари ҳамда матбуот хизматлари ходимлари иштирок этди.

Меҳмонлар орасида ИА “Татаринформ” нинг бош директори Шамиль Содиқов, Татаристон Республикаси Президенти Матбуот хизматининг ўринбосарлари Лаззат Ҳайдаров ва Лилия Галимова, МТРК “Татаристон миллий ахборот хизмати” раҳбари Минназим Сафаров ва бошқалар ҳам бор эди.

Тадбирнинг расмий қисмини муфтий Комил ҳазрат Самигуллин очиб берди. У сўзида бундай муборак кунларда рўза тутишлик ҳар бир мусулмон учун жуда катта имтиҳон ҳисобланиб, ундан ўтиш орқали инсоннинг нафси ўзининг ёвуз мақсадлари устидан ғолиб бўлишлигини тантана қилади. Рўза тутган мусулмон учун хос мукофот берилади ва Рамазон ойида қилинган ҳар бир солиҳ амалнинг ажри бир неча баробар кўпайтириб берилади, деб таъкидлаб ўтди.

Сўнгра Татаристон мусулмонлари диний идораси Матбуот хизмати раҳбари Резеда Закирова журналистларга мурожаат қилиб, уларга Исломнинг анъанавий қадриятларини тарғиб қилиш ишларида кўрсатаётган ёрдамлари учун миннатдорчилик изҳор этиб, Татаристон мусулмонлари диний идораси Сизнинг ёрдамингиз билан жамиятда Ислом ва мусулмонларнинг ижобий қиёфасини шакллантиришга доимо интилиб боради, деб таъкидлади.

Ифторлик маросими сўнгида муфтий Комил ҳазрат Самигуллин журналистларни қизиқтирган бир қатор саволларга жавоб бериш билан бирга уларни шу йилнинг 25 май куни “Казань-Арена” ўйингоҳида ташкил қилинадиган 15 000 кишилик VII Республика ифторлик маросимига таклиф қилди.

ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими

1839 марта ўқилди

Янгиликлар

Top