Дунё янгиликлари

Малайзия Дин ишлари вазири Мужоҳид Юсуф Раво мамлакатда жума кунини “Жови ёзувни қўллаш куни” деб эълон қилди. Жови алифбоси асрлар давомида малай тилининг араб алифбосига асосланган ёзуви сифатида ишлатилиб келинган.

Вазир баёнотига кўра, жови хати миллий меросни тиклаш учун платформа вазифасини ўтаб беради. Чунки Малайзия ва Бахаса Малаю (малай тили) бу алифбони мамлакатлар ва кишилар ўртасидаги расмий алоқа воситаси сифатида қўллаб келади.

Жови хати араб алифбосидан малай тилини ифодалаш учун ишлаб чиқарилган. Бу хат Брунейдаги расмий икки ёзувнинг бири. Шунингдек, у Индонезия, Малайзия, Сингапур ва Филиппин каби давлатларда маълум даражада ишлатилади. Бу мамлакатларда Жови хати асосан, диний соҳада амал қилади. Жови хатида араб алифбоси ҳарфларига қўшимча олтита ҳарф мавжуд.

“ИншаАллоҳ, ушбу иш орқали биз ирқий келиб чиқишидан қатъи назар биз учун муҳим бўлган анъана ва маданиятимизни сақлаб қоламиз. Чунки жови нафақат малайларга тегишли, балки у бутун Малайзияга тегишли умумий меросдир”, деб таъкидлади вазир.

“Умид қиламизки, бу саъй-ҳаракатлар ушбу анъаналаримизни янада абадийлаштиради. Шунингдек, бу ишимиз бошқаларни ҳам жови ёзувини оммалаштириш ва кенг татбиқ қилиш ишларига ундайди”, деб қўшимча қилди вазир.

Аввалроқ вазир барча вакилликлар раҳбарларига жови хатида ёзилган исмлар ҳақидаги маълумотлар киритилган дастурни ишга туширишни ҳам ушбу ёзувни оммалаштириш учун қилган эди. Ўшанда диний соҳа ходимлари учун жума кунлари жови хатида ёзилган ёзувлар туширилган либосларда юришлари ҳақида қарор қабул қилинган эди.

Жови ушбу минтақада (Нусантара) Ислом кириб келгандан буён қўллаб келинган. У узоқ йиллар мобайнида малай тили учун стандарт ёзув сифатида ишлатилган. Бироқ вақт ўтиши билан у румий деб аталувчи лотин алифбосига ўз ўрнини бўшатиб берган.

Жумладан 1303 йилга тааллуқли Теренггану (Малайзиядаги штат) жадваллари жовини ишлатилганининг ёрқин мисоли бўла олади. Ўз вақтида лотин ёзуви бу ерларда 19 аср охирларига келибгина қўлланилган.

 

Интернет маълумотлари асосида Халқаро алоқалар бўлими ходими Масайитов САЙИДЖАМОЛ

тайёрлади

2177 марта ўқилди

Янгиликлар

Top